Мабодо, ҳайкалтарошлардан танишингиз йўқми? Нима қиласиз дейсизми? Хотинимнинг ҳайкалини ясатаман! Ие, нега куласиз? Нима, бизнинг маликаи Дилором бунга арзимайдими? Топган гапингизни қаранг. Тириклигида ҳайкал қўйиш лозим бўлса, бизнинг хўжайинга, йўғ-е хотинга қўйиш керак.
Нега ҳайрон бўласиз? Хотинимнинг жонимга қанчалар оро киришини билсангиз эди. Афсуски буни тасаввур қила олмайсиз. Келинг, хотинимга қайси каромати учун ҳайкал ўрнатмоқчи эканлигимни айтиб берай. Токи кўнглингизда менга нисбатан шу ҳам ўзимизнинг эркакларданми ўзи, деган савол қолмасин.
Аввало, хотин акамиз чўнтагимизга қўриқчи итдек вафодор. Бир сўммас, бир тийинни ортиқча сарфлашимга йўл қўймайди. Қандай қилиб йўл қўймайди дейсизми?
Масалан, улфатлар билан чойхонада «бешта-бешта» қиладиган бўлсак хотин қўлимга ўзи ҳиммат қилган пулни тутқазиб тайинлайди: «Гапга тушиб кетмай яхшилаб овқатланинг яна ош тугаб қолгунча лаққиллаб ўтирманг. Лаллайиб ўтираверсангиз, сўхтаси совуқ улфатларингиз ароқни кўпроқ ичиб қўйишади. Пул қўшдингизми, иложи борича кўпроқ ичинг. Кайфингиз ошиб қолмаса, аяб ўтирмайман. Вапше, ўша пайтавақулоқ улфатларингизни капейкага олмайма-у, одамлар биз ҳақимизда ғалатироқ фикрга бормасин деб, қўшилиб юриб туринг дейманда».
Кўрдингизми? Шундай раҳмдил, эрининг пулига ғамхўр хотинни яна қаердан топиш мумкин. Шу боис чойхонада ўтирсам, иложи борича еб-ичишга ҳаракат қиламан. Тўғри, баъзида хизматда туриб хотиннинг топшириғини бажаролмасам… Йўқ-йўқ. Сиз ўйлагандай, бошимда ёнғоқ, чақмайди. Фақат… хафа бўлади-да!
Биласиз, табиатан юмшоқ, кўнгли бўш одамман. Хотиннинг қовоғини уйиб, нариги хонада ёлғиз ётишига чидолмайман. Дарҳол кўйлакми, тилла занжирми совға қилиб, пулни беҳуда сарфлаганим учун кечирим сўрайман. Билсангиз, бизнинг хотин спидометрга ўхшайди. Агар бирор нарсада сал ҳаддимдан ошгудек бўлсам ё томоқ қириб, ё илоннинг кўзидай чиройли кўзлари билан огоҳлантириб қўяди.
Конкрет мисол борми?
Бор. Яқинда машинамни сотмоқчи бўлдим. (Аслида хотиним олиб бергану лекин менинг номимда). Улфатларимдан бири харидор бўлди. «Жон оғайни, айтган нархингизга пича етмади. Бир ойда келтириб бераман», деб роса ялинди. Кайф устида хўп деб юборибман. Аммо эрталаб лафзимни эслаб, юрагим товонимга тушиб кетди. Ахир, хотин нима дейди?
Тушдан сўнг улфатим машинани олиб кетмоқчи бўлди. Хотиннинг, «Пулини тугал олмагунимизча машина жойидан қўзғалмайди», деган амридан сўнг машинани бериб юборармидим. У деб баҳона қилдим, бу деб баҳона қилдим. Қани кўна қолса. Баҳоналаримни бита-битта чипакка чиқариб, мени бурчакка қисиб келаверди. Нажот излаб аланг-жаланг қилиб турганимда жонимга хотин оро кирди.
– Менга қаранг, – деди у, – пулини тўлиқ бердингизми?
– Йўқ, озгина қолган, – деди улфатим довдираб. – Бирор ҳафтада олиб келаман, келишганмиз…
– Унақаси кетмайди, – гапни чўрт кесди хотин. – Мен хотинчалиш гапларни ёқтирмайман. Қолганини олиб келасиз, машинанинг калитини оласиз…
Шўрлик бир менга, бир хотинимга тикилиб турди-да, довдираганича кўтарилди… Ортидан қараб, “Хафа бўлди”, деб ўйладим. Сўнг “хафа бўлса ўзига. Машинани олгандан сўнг қолган пулни беришига ким кафолат беради”, деган ўй калламга келдию халоскоримга миннатдорона нигоҳ билан “раҳмат”, дедим.
Агар айтаверсам бундай мисоллар кўп. Уйга кимдир мендан қарз сўраб келса, сўроқни хотин қилади. «Қачон қайтарасиз? Гарантия борми? Кечикиб қолсачи? Аниқми? Майли берамиз!» Шундан сўнг мен пулни чиқариб бераман. Бордию хотинимнинг қарз сўровчидан кўнгли тўлмаса, «Бериб турардик, лекин адасига ҳам пул керак бўлиб турувди» ёки шунга ўхшаш бошқа бирор баҳона топиб эшикни очиб қўяди. Мен эса меҳмонни кузатиб қўяманда, қарғанаман. “Юзи қурсин. Қарз олишга-оладию қайтаришга келганда йўқ бўлиб кетади. Бермай бирам яхши қилдик-ки, ўзим айланай сиздан. Сиз ноёб хотинсиз”.
Хуллас, қўйингки, болаларни ҳам онангга айтаман, деб қўрқитаман. Оиламиз билан олди берди қиладиганлар фақат хотин билан гаплашади. Ўйлаб кўрсам, анча-мунча ташвишлардан озодман. Бозорни хотин қилади, меҳмонни хотин кутади, ҳаттоки охирги пайтларда наҳорги ошларга ҳам хотин бориб келяпти, катта ўғилнику ўзи уйлантириб тинчитди.
Энди айтинг-чи, шундай хотинга нега ҳайкал қўймаслигим керак?
Тунов куни бир улфатим, “Ҳўв, фалончи, кўзингни оч, хотинингни бошингга чиқариб юбординг-ку», деб қолди. Ғаламис, бахтимни кўролмай ичи куйиб кетяпти. «Чиққан бўлса, ажаб бўпти. Чиқса менинг устимга чиқади, сизникигамас, ўргулай», деб узиб олдим.
Бу гапни ҳамиша ҳамма вақт айтаман.
– Ҳақиқийқий эркакдай яшашимга шароит яратиб берган хотинимга минг рахмат!