Мен пойтахтимизда жойлашган катта бир олий ўқув юртида ўқийман. Таҳсил оладиган факултетим алоҳида бинода жойлашган. Унда бўлажак журналистлар, қаламкашлар, дўстларимнинг таъбирича, “ёзувчилар” таълим олади. Журналист аҳли табиатан ҳар нарсага қизиқувчан, ҳар ёқдан хабардор бўлишни хуш кўради. Агар у бундай “истеъдод”дан бенасиб бўлса, факултетимизга ўқишга кирганидан кейин у биринчи сессияданоқ ана шундай феъл-атворни ўзига «юқтириб» олади. Зеро, талаба муаллим айтган маълумотни қаэрдан бўлса ҳам топиши керак, бунинг учун у китоб титкилашга мажбур. Китобни қаэрдан олсин, ахир кутубхоначидан китоб олиш осон эмас-ку. Қолаверса, изланаётган китоб камёб бўлиши мумкин.
Шу сабаб талабаларимизнинг деярли ҳаммаси интернетдан хабардор, унинг қулайликларидан баҳраманд.
Факултетимиз биносида кўпчиликка машҳур “Пирамида” интернет-кафеси жойлашган. Куннинг исталган маҳали бу ердан бизникиларни, тўғрироғи, бизнинг факултетда ўқийдиган талабаларни топишингиз мумкин. Ўйлаб қоласан киши, шунча талаба интернетдан ҳар куни нима олади, нима иш қилади? Ҳар ҳолда, ҳеч ким, айниқса, талаба пулини бемақсад сарфламаса керак. Ўзи-ку, талабадан пул чиқиши қийин. Демак, интернет талабага қизиқ, фойдали эканки, қанчадан-қанча пулини аямай, шунга сарфлаб юборади. Хўш, бир фикр юритайлик-чи, талаба ўзи интернетда нима билан машғул бўлади?
Ана шу саволга жавоб топаман деб, жуда кўп талабаларни кузатдим, сўрадим, суриштирдим. Курсдошларимдан бири интернетда фақат электрон почта орқали дўстларига, ота-онасига хат ёзишини айтган бўлса, иккинчиси баъзи фанлардан керакли маълумотларни чиқариб олишини, яна бири эса қизиқчиликка у-бу нарсаларни титкилаб, шунчаки вақт ўтказиб ўтиришини айтди. Сизларни билмадиму шу охирги факултетдошимнинг интернетда қиладиган иши мени ўйлантириб қўйди. Қизиқ, бу шунчаки, кўча-кўйда айланиб юришмидики, ҳуда-беҳудага вақт ўтказилса?! Наҳотки, шу бола нима қилишини билмай, компютернинг экранига тикилиб, у-бу тугмачасини бос-и-и-б ўтирса?! Ахир, интернетда ўтиришда ҳам бирон-бир йўл-йўриқ бордир? Бир қизиқ сайт бор экан, унда етти ёт бегона одамлар бир неча дақиқа ичида бир-бири билан яқин дўст, сирдош, ҳаттоки, севикли инсон ҳам бўлиб кетиши мумкин. Бу сайтни мен олдиндан билардим. Ҳатто, қизиқиб ўзим ҳам бир пайтлар аъзо бўлгандим.
Сайтнинг номи – “Знакомства”!
Унинг мақсади дунёнинг исталган чеккасидан туриб, янги дўст орттирмоқчи бўлган кишиларга ёрдам бериш, бир-бирлари ҳақида маълумот тарқатиш, хуллас, шунга ўхшаш хизматлар… Бу турдаги сайтлар интернетда жуда кўп. Деярли ҳар бир давлатда ана шундай сайт бор. Журналист-талаба синчков бўлиши керак, дегандим. Биз бу масалага чуқурроқ киргимиз, тўғрироғи, ана шу сайт ҳақида фикр юритгимиз
келди.
Инсон табиатан янгиликка жуда ўч бўлади. Бу “меҳрибон” сайт кўрсатаётган хизматлар одамзоднинг янгиликка, янги бир суҳбатдошга бўлган эҳтиёжини қондиради. У сизга янги дўст, ҳаммаслак, сирдош, севикли ёр, балки, кўнглингизга ёқадиган рафиқа, умуман, қанақа таниш орттирмоқчи бўлсангиз, ўшанақасидан топиб бера олади. Лекин у ёғи нима бўлади, тақдирингиз… Умуман олганда, бугунги юксак технология эришган бу ютуқ кишини бағоят қувонтиради. Қаранг-а, сиз Ўзбекистонда, янги танишингиз дунёнинг бошқа бир чеккасида… ва сиз бемалол исталган мавзуда у билан хат орқали гаплашишингиз мумкин! Бу, ахир, мўъжизанинг ўзи-ку?!
Кейинги пайтларда шаҳар жойларида ана шундай танишув кенг ривожланиб кетганки, бу ҳам айрим ёшларнинг ўзига хос “хобби”сига айланган. Хориж филмларида кўрсатилишича, у ёқларда бундай йўл билан танишиб, оила қуриб кетаётганлар жуда кўп. Шунга яраша, турли товламачиликлар ҳам ана шу “беайбгина” сайтнинг хизматлари ортидан содир бўлар экан. Шукрки, бизда бундай нохуш ҳоллар ҳали қулоғимизга чалингани йўқ. Умуман, сайт бир қарашда кишининг маънавий ҳордиқ олиши учун беминнат хизмат қилади. Лекин ҳар нарсанинг яхши томони бўлгани каби, бу беминнат хизматнинг ёмон томони ҳам бор экан. “Знакомства” сайти чегара, ҳудуд билмайди. Бас, шундай экан, у халқларнинг тийнати (менталитети), миллий дунёқараши билан ҳисоблашмай, ҳаммага бирдай хизмат кўрсатаверади.
Келинг, шу фикримизга кенгроқ изоҳ берайлик. Сиз сайтдан унга аъзо бўлган бирор-бир кишининг шахсий варақаси, яъни анкетасини кўрмоқчи бўлсангиз, аввало, сайтнинг рўйхатидан ўтишингиз керак. Бунинг учун шахсиятингиз, ташқи кўринишингиз, соҳангизни аниқлаб берувчи бир қатор саволларга жавоб беришингиз ва хоҳишингизга қараб (шунда сизга бошқалар билан танишиш йўли осонлашади) суратларингизни жойлаштиришингиз лозим. Кейин ана шу жавобларингиз, суратларингиз сизнинг шахсий варақангизда намоён бўлади. Қисқаси, у сизнинг юзингизни кўрсатади. Унда сиздан биз учун ўта шахсий ва ўта махфий ҳисобланган маълумотлар сўралади. Масалан, терингиз қора ёки оқлиги, баданингизда татуировка ёки персинг мавжудлиги ҳақида ва бошқа бир қатор айтиб ҳам, жавоб бериб ҳам бўлмайдиган саволлар мавжуд. Худога шукрки, бугун бундай мавзулар ҳақида юзма-юз суҳбатлашиш аксарият ўзбекларни ерга қарашга, сал бўлса-да, қизаришга мажбур этади. Анкетани тўлдирасизу ўша заҳоти сайтнинг янги аъзоси сифатида сайтнинг биринчи саҳифасида савлат тўкиб турасиз. Қонун жиҳатидан буларни бирон-бир ножўя ҳаракат, деб айта олмаймиз. 18 га тўлган ҳар қандай шахс ана шу сайтга аъзо бўлиши, унга ўзи ҳақидаги хоҳлаган маълумотни жойлаштириши, қолаверса, истаган одами билан танишиши мумкин. Лекин муаммо шундаки, аввало, бу сайтга аъзо бўлганларнинг ҳаммаси ҳам 18 га тўлиб улгурмаган бўлиши, ўзини сохта равишда ёши каттароқ қилиб кўрсатиши мумкин. Шундай қилишяпти ҳам. Иккинчидан, бу сайтга ҳар ким турли мақсадда аъзо бўляпти. Баъзилар тўғри маънода танишишни ният қилган бўлса, яна баъзилар ана шу сайт орқали пул топиш мақсадини кўзлаган.
Қандай қилиб?
Камина бу саволга ҳам жавоб топишга уриндим. Танишмоқчи бўлган қизлар рўйхатига қарайдиган бўлсангиз, унда деярли 60 – 70 фоиз қизнинг исми ёки тахаллуси алоҳида қизил ранг билан ёзилган. Бу “яхши қизлар анкетаси” дегани. Қизиғи шундаки, улар орасида ўзбек қизларининг сони ҳам анчагина. Кишини жалб қилувчи жойи шундаки, исмларнинг ёнида баъзан ярим-яланғоч, баъзида қип-яланғоч қизларнинг суратини кўришингиз мумкин. Бундан ҳам қизиғи, айримлари чет эллик фотомоделларнинг сурати бўлса, баъзилари – ўзлариники! Бундай суратларни кўрган ҳар қандай эркак шу қизнинг анкетасини кўрмасдан қўймайди, анкетада аксарият ҳолларда рус тилида шундай ёзилган бўлади: “Менга МТС ёки Унителнинг экспресс-карточка рақамларини ёзиб юборсанг, сенга қўнғироқ қиламан ва яхшилаб ҳаммасини келишиб оламиз”, “мен пул учун ҳамма нарсага тайёрман”, “яхши дам олишни истасанг, менга қўнғироқ қил”.
Булар очиқ-ойдин зинога чақириқлардан бошқа нарса эмас. Қизларимизнинг мақсади нима эканини тушуниш осон. Демак, бу қизлар шундай йўл билан пул топишга ўтиб олишган.
Наҳотки, интернет, хусусан, “Знакомства” айнан ана шу мақсадда ихтиро қилинган бўлса? Ана шу ва шунга ўхшаш саволлар билан интернет бўйича етук мутахассис, университетимиз ўқитувчиси Бердақ Байимбетовга мурожаат қилдик:
– Интернет, хусусан, биз айтаётган “Знакомства” сайти одамларнинг маънавий дам олиши, ҳаётга иштиёқини кучайтириши, уларда қизиқувчанлик ҳиссини уйғотиши билан бирга, баъзи ҳолларда кишиларнинг тақдирини ҳал этишга ҳам хизмат қилади. Хорижлик бир нечта дўстим ана шундай танишув сайтлари орқали ўзаро топишиб, турмуш қуришган, баъзилари шунчаки, бирга умргузаронлик қилиш учун ўзига яқин бир одам топган, ишқилиб, бунақанги сайтлар Ғарб ҳаётида жуда фаол. Умуман, бу сайтнинг кишига хуш ёқувчи жиҳатлари кўп. У асосан, руҳан суст, ёлғиз, ҳаётнинг қақшатқич зарбаларига дош бера олмай, тушкунликка тушиб қолган инсонларга кўпроқ кўмак беради, уларнинг руҳини кўтаради. Масалан, баъзилар ўз ташқи кўринишидан уялиб, ҳеч ким билан гаплашмай, алоқа қилмай, ҳаттоки, уйларидан чиқмай ҳам қўйишади. Шу пайтда, у ўтирган жойидан истаган инсони билан танишаверади ва унинг ташқи кўринишини ҳеч ким кўрмаслиги, кимлигини билмаслиги, унинг айбларидан бехабар бўлиши мумкин. Баъзилар табиатан жуда уятчан, ўз фикрини баён эта олмайдиган, ҳиссиётларини ошкор қилолмайдиган бўлади. Лекин кўнглидаги фикрларини бировга ошкор қилмаса, инсоннинг эркинлиги, фаоллиги сусая бораверади. Демак, инсон қалбидагини бировга ошкор қилмаса бўлмайди. Шу пайт унга интернетда орттирган таниши яқин сирдош бўлиб қолади. Хуллас, “Знакомства”нинг инсон руҳиятига ижобий таъсири жуда катта. Сайтнинг бу хислати хорижлик баъзи фирибгарларга жуда қўл келади. Улар кишининг руҳияти орқали бой жаноб ва хонимларни тузоққа илинтириб, қонунан турмуш қуриб, мол-мулкига шерик бўлиб олишади. Хуллас, сайтнинг икир-чикирлари жуда кўп…
Устозимизнинг фикрлари “Знакомства”ни оқлаб ҳам, қоралаб ҳам юбормади.
Келинг, яхшиси, бу сайтнинг миллий маънавиятимизга таъсири ҳақида мулоҳазамизни давом эттирайлик. Бизда қизларнинг бегона бир йигит билан гаплашиб туриши ҳам уят ҳисобланади. Шубҳасиз, бу бир неча асрлар бағрида юксак маънавият, комил ахлоқ мезони сифатида шаклланган қараш. Тўғри-да, синглингиз, опангиз, борингки, қўшни қизнинг нотаниш бир йигит билан гаплашиши ғурурингизга тегади, ошкор рашкингизни келтиради. Иложи борича, уни тергашга, назорат қилишга интиласиз. Лекин, афсуски, сиз ҳеч қачон унга яхши ака, яхши ука бўлиб кўринмайсиз. У секин-аста ана шундай қилиқларини сиздан беркита бошлайди. Энг яхши йўлини топади – “Знакомства”да танишиб, бемалол сирлашади. Ҳеч ким билмайди, эшитмайди, кўрмайди… Бу ҳолат Ғарбда шаклланган “Кўнглингга келганини қил” шиорининг амалига айланиб кетади. Демак, синглингиз ё опангиз сизга, оиласига, қолаверса, бутун миллий тийнатимизга зид иш билан шуғуллана бошлайди. Бу эса бир умр яхшиликка чақирадиган ота-онанинг неча йиллик тарбияси парчаланаётганидан дарак эмасми? Бир қарашда, бизнинг хавотиромуз мулоҳазаларимиз кимгадир пашшадан фил ясаётган кишининг фикрларига ўхшаб кўринаётгандир. Лекин барча катта муаммолар ана шундай кичик, майда масалалардан пайдо бўлади. Қизларимизнинг ота-онасидан яширинча кимлар биландир танишиши, дардлашишининг, балки, бугун унчалик хавфли томони йўқдекдир. Афсуски, ўша бизга замонавий ҳаётни тарғиб қилаётган интернетда пайдо бўлган нотаниш муҳит, ёт ғоя, биз учун батамом янгича дунёқараш кейинги ижтимоий ҳаётимизга таъсир кўрсатмай қолмайди. Қолаверса, бу ҳолат буюк миллатимизнинг аср-асрлик маънавияти дарз кетаётганидан дарак бермаяптимикан?! Албатта, қандай яшаш ҳаммамизнинг ўз хоҳишимиз, ҳуқуқимиз. Бироқ биз учун ҳар куни дуога қўл очиб турган ота-онамиз, камолимизни тилаб дуо қилаётган бобо-момоларимиз буни хуш кўрармикан? Буюк-буюк аждодларимизнинг руҳи поклари-чи?!
Ўйлаб кўринг, азиз тенгдошлар!
Шоҳрухбек Олим