Қимор ортидаги қиёмат

Таназзул йўли

Қишнинг изғиринли кунлари кириб келганди. Қишлоққа оқшом чўка бошлади. Бу пайтда аксар одамлар дам олиш илинжида уйига, оиласи бағрига қайтаётган бўлади. Бироқ, Равшан бошқалар сингари оиласи бағрига эмас, балки синфдош дўстлари билан Комилнинг уйига, яъни ўтиришга кетаётганди. Айнан шу кечада юз берадиган воқеалар Равшаннинг ҳаётини кескин ўзгартириб юборишини ким ўйлабди дейсиз.
Синфдошларининг катта-кичик бўлиб остонасидан кириб келганини кўрган Комил, уларга пешвоз чиқаркан, ҳар бири билан қучоқлашиб кўришгандай бўлди. Аслида бу йигитлар қарийб 4-5 йил аввал мактабни тамомлашганди. Шу боис улар ойда бир тўпланиб, отамлашиб туришга келишиб олишганди. Уларнинг аксарияти оила қурган, Равшан кабиларнинг эса ҳаттоки иккитадан фарзандлари ҳам бор эди. Ҳамма йиғилиб бўлгач, дастурхонга ярим косадан иссиқ овқат тортилди. Одатда, кўп давраларда бўладигандай, булар ҳам овқатланишдан олдин «яримта-яримта» қилиб томоқ ҳўллаб олишга ҳам улгуришди. Шундан сўнг биринчи шиша бўшамасдан иккинчисини бошлашарди. Тез орада уй ичини сигарет тутуни-ю, ширакайф бўлиб қолган йигитларнинг тушуниб бўлмас ғала-ғовур гаплари тутиб кетди. Бу даврада Тоҳир исмли йигит ҳам бўлиб, ёмон хулқи, қиморбозлиги билан аллақачон бутун қишлоққа танилиб бўлганди. У, ўз одатига кўра, бошқаларга бир қараб чиқди-да, овозини баландлатганча: — Бир-биримизга термулиб ўтираверамизми? Келинглар паловхонтўра пишгунча қарта ўйнаб ўтирамиз, – деб таклиф ташлади. Бу гап зерикишдан эснаб ўтирган йигитларга мойдай ёқиб тушди. Бирин-кетин Тоҳирнинг атрофига тўпланиша бошлашди. Бу қимор эди. Табиатан ёмон, юз тузилиши ҳам кишида қандайдир қўрқув туйғусини уйғотадиган Тоҳир ўртага кўпроқ пул тикар экан, бошқаларни ҳам шундай қилишга даъват этарди. Тез орада ўйин шу қадар қизидики, қиморда иштирок этмаган одамнинг ўзи қолмади. Ютқазган курашга тўймас деганларидек, кимдир бир сафар ўртадаги ҳамма пулни ютиб олса, кўп ўтмай чақасигача бой бериб қўяр, қизишганидан бирор шеригидан қарз олиб, яна бу хосиятсиз ўйинга қўшилишга интиларди. Лекин қиморнинг ўзгармас бир қонуни бор: кимдир мутлақо ғолиб бўлиши керак. Шу боис омадсизлар даврани тарк этгач, қарта ва ўртадаги талайгина пул қиморбоз Тоҳиру ўзиданда ғурурини баланд қўйгувчи Равшан ўртасида қолганди. Бундай ҳал қилувчи паллада кимнинг қўли баланд келиши ҳаммани бирдай қизиқтираётган эди. Бундай давраларни кўравериб кўзи пишиб кетган Тоҳир қаршисида турган ғурурли, аммо тажрибасиз Равшанга менсимасдан қараб қўяркан, ўзича гап қотгандай бўлди. Бу қимор туфайли бир оиланинг таназзулга юз тутишидан далолат эди.

Ғурурнинг ғурбати

—Хўш, ўғил бола. Ўйинни давом эттирамизми?
—Ҳа, — деди Равшан жаҳл аралаш. Чунки Тоҳирнинг менсимаганча «ўғил бола» деб пичинг қилиши унинг иззат-нафсига тегиб кетди-да, қўшимча қилиб хотинимгача бўлса ҳам ўйинга тикаман деб юборганини ўзи билмай қолди. Бу гапдан ҳамма бирдан сергак тортиб, Равшанга саволомуз тикилиб қолди. Айтган гапи нотўғри эканлигини билган Равшан ҳам бу сўзни қайтиб олмади. Яна ўша ғурури йўл қўймади. Бу нарса рақиби Тоҳирга шу қадар ёқиб тушдики, вазиятдан фойдаланиб:
—Эшитдиларинг-а, йигитлар. Эркак киши сўзидан қайтмайди. Агар қайтса…
—Биламан, — деди Равшан. Гап битта. Тамом.
—Ў-ҳў, кўрамиз ҳали. Қўллари қаэргача етаркин, — деб яна пичинг қилди Тоҳир.
Шиддатли, айни пайтда бир бегуноҳ аёл тақдири билан боғлиқ бўлган қимор бошланди. Даврадагилар ҳар иккисининг ҳаракатидан кўз узолмай қолганди. Ҳаммага шу керакдай, бирортаси туриб, «тўхтатинглар шайтоннинг бу ўйинини» демасди. Ҳеч қачон, ҳеч кимга вафо қилмаган пул дам Тоҳирга, дам Равшанга ўтиб турарди. Ўйин шу тарзда давом этар, Равшан эса бемаврид айтган сўзини ўйлаб асабийлашганча, гоҳ ўртадаги пулга, гоҳ қўлидаги қарталарга қарайверарди. Зора, бир сафар каттароқ «очко» чиқиб қолса-ю, ютиб, бу хижолатчиликдан тезроқ қутулса. Унинг бу қадар асабийлашиши виждонсиз Тоҳирга жуда қўл келди. Қарталарни сузаркан, ҳеч кимга сездирмаган ҳолда иккита туз қартасини оёқлари орасига яшириб қўйди. Бу сафар қўлида ўттиз «очко» борлигини кўрган Равшан бироз тин олди-да, «кошкийди, шу билан ундан устун келиб, ўйиндан чиқиб кетсам», деб ўйлади.
—Мана, ўттиз «очко».
—Ҳм. Қўлинг баланд эканда. Ахир бу «очко» ким учундир, албатта, катта сон-да.
—Чайналмасдан очиғини айтавер.
—Пулдан қўлингни торт. Кўриб ол, яхшилаб. Ўттиз икки «очко».
Равшан музлаб қолгандай бўлди. У бу ўйинда ҳамма пулларини бой бериб қўйганди. Бу эса энди ваъдага мувофиқ ўз хотинини ўйинга тикиш дегани эди. Тубсиз хаёллар билан овора бўлиб қолган Равшанни Тоҳирнинг бўғиқ, истеҳзоли овози ўзига келтирди.
—Хўш, йигитча. Қалайсиз. Энди навбат хотинингизгами? Агар шу ўйинда ютиб олсангиз, рафиқангиз ўзингизга қолади. Аксинча бўлса, бағрингиздан чиқиб атиги бир кеча бизни хурсанд қилса, бўлади, – деди Тоҳир. Пайти келса, туққан онасини ҳам сенлаб гапирадиган жирканч Тоҳирнинг айни паллада сизлаб хотини ҳақида оғиз кўпиртириб гапириши Равшаннинг шу қадар жаҳлини чиқардики, ўзи билмаган ҳолда:
—Шу қўлда ҳам ютсанг, хотиним бир кеча сеники бўлсин, деб юборди.
—Мана бу ҳақиқий ўғил боланинг иши. Лекин, ваъда-ваъда. У шундай деркан, бир зум Равшаннинг рафиқаси Муқаддасни кўз олдига келтириб кўрди. У Равшан уйланганида уйига бир-икки борганди. Ўшанда Муқаддаснинг хушбичим қомати, оппоқ чеҳрасию, бўрсилдоқ кўкракларини кўриб, зимдан тамшаниб қўйганди. Ўша ҳирси яна пайдо бўлди-ю, Муқаддаснинг кўкракларига бир кеча бошини қўйиб ётгандай бўлди, ўзича. Улар бундай кескин ўйинда бир-бирларидан шубҳаланишмасликлари учун қартани бошқа одам сузиб берди. Шундай бўлса-да Тоҳирнинг қўли баланд келиши шубҳасиз эди. Чунки оёқлари остига қистириб қўйган иккита туз қартаси энди фойда берарди. Қарталар жуда эҳтиёткорлик билан сузилди. Ҳамманинг вужуди бир қулоғу бир кўзга айлангандай эди. Равшан олдидаги қарта доналарини қўлига олганча, аста очаркан, беихтиёр нималардир деб пичирлар эди. У қўлларидаги йигирма «очко»ни кўргач, шалвираб қолгандай бўлди. Рақиби билан ҳам тортишиб ўтирмади. Бунга ҳожат ҳам қолмаганди. Қартани ўртага ташлаганча, бошини икки қўллаб чангаллаб қолди. Қиморбоз Тоҳирда эса кўзбўямачилик билан келган иккита туз ва ўн рақамли қарта, жами ўттиз икки «очко» бор эди.

Ё ҳаёт, ё мамот

Равшан ўша куни уйига тун ярмидан оққанда кириб келди. Ўтириш қачон тугадию, уйига қандай етиб келганини билмайди. Фақатгина қаршисида Муқаддас пайдо бўлиб, эрининг қўлтиғига кирганча уни уй ичига етаклаётганда ўзининг қай аҳволда эканлигини англаб етгандай бўлди. «Бечора хотиним. Сени ғурур деб не кунларга солиб қўйдим-а. Кошкийди буни билсанг. Қанийди сенга буни ўзим айтиб беролсам. Эй Оллоҳим, Оллоҳим. Мени бўлмаса-да, оиламни ўз паноҳингда асра. Охирини бахайр айла», — деганча ўринда узала тушганча ётиб олган Равшан хотинининг «кийимларингизни алмаштириб олинг» деб қилаётган меҳрибончиликларига заррача ҳам эътибор бера олмасди. У тун бўйи ухлолмасдан Муқаддасни бу офатдан қандай қилиб сақлаш борасида ўйлаб чиқди. Ниҳоят, бир қарорга келди. Уни бир зумга ҳам остона ҳатлатиб кўчага чиқармаслик керак. Шундагина бу воқеалар вақт ўтиши билан унут бўлиши мумкин. Эрталаб нонушта қилиб ўтиришаркан, эрининг авзойи бир аҳволда эканлигини кўрган Муқаддас оғиз жуфтлаб энди гапирмоқчи эди, Равшаннинг ўзи бу сукунатни бузди:
—Бугундан бошлаб ҳеч қаэрга чиқмайсан.
—Нега энди? — ажабланиб сўради Муқаддас.
—Шундай қилмасанг бўлмайди.
—Бирор жўяли сабаби борми, ахир?
—Йўқ. Чиқмагин дедимми, чиқмайсан. Гап тамом. Айтганимни қилсанг, ўзингга яхши бўлади, —деганча шарт ўрнидан турганча ташқарига чиқиб кетди. Эрининг нега бундай ўзгариб қолганини тушунмаган Муқаддас, ожизаларча бошқалардан рашк қилаётгандир-да, деб вазиятни яхшиликка йўйиб қўя қолди. Одатдагидай, Равшан ишга кетар, Муқаддас эса уй юмушлари билан банд бўлар эди. Кунларнинг бирида Муқаддас ўз онасининг мазаси йўқлигидан дарак топгач, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ахир қиз бола онасига куйинмаса, муштипарга ким ачинарди. Шу боис ўша куни эртароқ қозон осиб, ош дамлади-да, бир коса ошни онамга деб рўмолчага тугиб ҳам қўйди. Эрим ишдан қайтгунча бирров кўриб келаман, деганча тугунчани кўтариб ташқарига отилди. Шошилганча кўча бошига етиб борганда, нариги муюлишда уч-тўртта эркакнинг қораси кўринди. Дастлаб, Муқаддас изғиринли қиш оқшомида куртка, телпак кийиб олган бу эркакларни танимади. Бир кўнгли безовталанди-ю, бироқ шайтон ҳай бериб, ўша кўчадан ота уйимга тезроқ бораман деб улар томон яқинлашди. Муқаддас уларни янада яқинроқдан кўрар экан, булар эрининг синфдош ўртоқлари эканлигини кўриб, шубҳалари ўринсиз эканлигини англади. Аслида, бу кишилар айбсиз айбдор Муқаддасни ёлғиз учратиш учун неча кунлаб шу ердан кетмаётган Тоҳир ва унинг ўзи сингари жирканч ҳамроҳлари эди. Тоҳир тобора яқинлашиб келаётган Муқаддасга сохта табассум билан пешвоз чиқаркан, ўзича Равшаннинг қаэрда эканлигини сўраган бўлди. Аммо Муқаддас жавоб беришга улгурмади ҳам. Орқа тарафдан келган икки забардаст қўл унинг оғзини юмганча, нарироқда турган машина салони томон етаклади. Муқаддас на бақира олди, на вазиятни тушуна олди. Ниманингдир таъсиридан ҳушини буткул йўқотиб қўйганди. Машина бир зумда қоронғулик қўйнига сингиб кетди. Фақат бу мудҳиш воқеанинг тилсиз гувоҳи сифатида Муқаддаснинг қўлидан тушганча, чилпарчин бўлиб синган сопол коса қолганди.
Муқаддас ўзига келганда, кун аллақачон ёришиб кетганди. У аввалига қаэрда ётганини билолмай бироз ўнғайсизланиб турди-да, ўз уйида эмаслигини билгач, қўққисдан ўрнидан туриб кетди. Шундагина ўзининг қип яланғоч ҳолда эканлигини англаб етди. Тушуниб етди-ю, беихтиёр ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима учун эри ташқарига чиқармаётгани миясида чарх ура бошлади. Топталган ва хўрланган бир аёл сифатида дод солиб йиғлади. Бироқ унинг зорланишларига қулоқ солгувчи бирорта жонзот йўқ эди. Шу тарзда нима қилишини, эрининг, оиласининг олдига қандай қайтишни билмаётган шўрпешона аёл кеч тушгунга қадар ширин ҳаётини издан чиқарган шу наҳс хонадан чиқиб кетолмади. Унинг учун кейинги кўргуликларни кўриб яшашдан ўлим афзалдай кўринди. Тун ярмидан оққанда уйига қайтиб борди. Сўнгги бор норасида гўдакларини кўриш учун ичкари кирди. Ширин ухлаётган болаларини қучмоқчи бўлдию, ботинолмади. Ўз ётоқхонасида эри йўқлигини кўргач, мени излаётган бўлса керак, деб ўйлади. Бор кучини тўплаганча оғил тарафга борди. Токчаларнинг биридан узун, эски, аммо қалин арғамчи топиб олдида, ориятнинг зўридан ўзи учун ўзи сиртмоқ ясади. Кўп ўтмай, ҳамма-ҳаммадан ризолик сўраб, оёғи остидаги столни тепиб юборди…
Эртаси куни бу хонадонда гўё қиёмат-қойим бўлди. Тез орада қариндош-уруғ, маҳалла-кўй йиғилди. Муқаддаснинг ўзини ўзи нега ўлдирганини эри Равшандан бошқа ҳеч ким тушунмади. Тушуна олмади. Майитни тушдан сўнг сўнгги манзилга жўнатишди. Қабристон узра яна бир дўнглик-қабр пайдо бўлди. Муқаддасни изғиринли қиш куни тупроққа берган халқ тезда ортга қайтди. Бироқ Равшан бу мозорни кечга қадар тарк этолмади. Гул хотинининг ўлимига сабабчи бўлганлиги учун унсиз йиғлади. Кечга яқин чексиз осмон узра оппоқ қор ёға бошлади. У ҳаётнинг шундай зулматли тунларини ёритмоқчи бўлгандай шиддат билан ёғарди. Бир зумда марҳумлар хиёбонида баланд-паст бўлганча қорга бурканган қабрлар кўзга ташлана бошлади. Равшан шундагина ўрнидан туриб, мажолсиз ортга қайтди. У бир нарсани ўйлаётган эди. Руҳан ўлган бўлса-да, аммо шу ёшданоқ етим қолган болалари учун яшаши керак эди. Яшашга мажбур эди. Қора тун бағрини ёриб оппоқ қор ёғар эди.

Аминжон Халилов