Ҳамид Олимжон
Бундай кескин савол кўпчиликка эриш туюлиши мумкин, албатта. Лекин шундай саволни кўндаланг қўйиш пайти келган аллақачон. Мутахассис олимлар, яъни фольклоршунослар ушбу саволга: “Эртак – ҳамиша керак!” дея жавоб беришлари турган гап. Бироқ масаланинг иккинчи томони: “Эртакларнинг ўзи ҳақиқатга айланиб бораётган ҳозирги шиддатли тараққиёт даврида эски эртакларга нима зарурат бор?” дея эътироз билдирадиганлар ҳам озмунча эмас.
Камина эса бу ўринда болалар учун эртак-достонлар ва насрий эртаклар ёзувчи бир ижодкор сифатида ўз фикр-мулоҳазаларимни билдирмоқчиман, холос. Узил-кесил хулоса чиқариш ниятидан йироқман, зеро, бу – мутахассисларнинг вазифаси.
Ҳаммамиз болалигимизда ўзбек халқ эртакларини тинглаб ва ўқиб улғайганмиз, жаҳон халқ эртаклари билан танишганмиз. Дунёқарашимиз шаклланишида уларнинг хизмати улкан бўлгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Аммо ҳозирги ёшларга қараб ҳайрон бўламиз – болалар нега эртак ўқимай қўйишди? Нима, яхши эртак китоблар камми? Йўқ, етарлича босилиб турибди. У ҳолда, гап нимада бўлиши мумкин?
Шу масалада кўпчилик билдирган даслабки фикр шуки, ҳозирги шиддаткор даврнинг боласига эртак тинглаб ёки ўқиб ўтириш учун қизиқиш, сабр-тоқат, қунт, вақт етишмайди. Бу мулоҳазада жон бор, албатта. Келинг, уни атрофлича кўриб чиқишга бир уриниб кўрайлик.
Ақлини танигандан бери самолётда бемалол учиб юрадиган болага учар гиламнинг нима қизиғи бор? Телевизор турганида ойнаижаҳон ҳақидаги эртакка на ҳожат? Интернет тармоғига уланиш орқали исталган фильм, тасвир, маълумотни компьютерга, қўл телефонига юклаб олиш имкони эса, ҳатто Аловиддиннинг дўсти – сеҳрли чироқнинг қули бўлган Жинда ҳам йўқ эди.
Мана шундай бой ва таъбир жоиз бўлса, техник тараққиёт туфайли чексиз имкониятларга эгалик қилаётган ҳозирги давр боласи анъанавий халқ эртакларини ўқимай қўйса, ажабланадиган жойи борми? Тўғри, гўдакнинг мурғак онгини биринчи бўлиб эртаклар яхшилик ва ёмонлик нималиги билан таништиради. Бироқ замонавий мултфильмлар, болалар учун яратилаётган эртак фильмларнинг мақсади ҳам айнан ана шу – эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни кўрсатишдан иборат эмасми?
Шу ўринда бир муҳим жиҳатни кўриб ўтайлик. Олис мозий билан яқин ўтмишнинг муштарак хусусияти – тараққиёт сустлиги эди. Ҳатто ХIХ асрда ҳам ҳаёт осойишта кечар, кунлар бир хил осудаликка тўла, вақт ниҳоятда имиллаб ўтаётгандек туюлар ва бу борада унинг I асрдан фарқи деярли кам эди. Минглаб йиллар мобайнида яратилган анъанавий фольклор намуналарида бу ҳолат акс этмай қолмасди. Ана шу сабабли ҳам эртак, достонларда воқеалар жуда секин ривожланади.
Бу – биринчи сабаб. Иккинчи сабаб шуки, ўтмишда бола онгининг идрок қилиш қобилияти ҳам ўз замонасига монанд ҳолда осойишталикни тақозо этган.
Ҳозирги шиддатли давр боласининг онги ҳам шунга муносиб равишда воқеалар тезкор ривожланишини талаб қилади. Космик даврга хос учқурлик туя карвонларининг бир маромдаги суст ҳаракатини кўтара олмайди, асло. Буни тушуниш учун эртак фильмлару мултфильмларни кузатишнинг ўзиёқ кифоя.
Анъанавий халқ эртакларини яратиш қай пайтга келиб тўхтаб қолди? Бу саволга фольклоршунослар аниқроқ жавоб бера олишса керак. Лекин ҳар қалай, мазкур жараён билим манбаи сифатида китоб кенг тарқалгани билан узвий боғлиқ эканлиги аниқ. Оммавий ахборот воситалари ниҳоятда кенг кўлам касб этган, замонавий интернет тармоғи бутун ер юзини қамраб олган ҳозирги даврда анъанавий халқ эртакларини яратишга эҳтиёж йўқлиги эса ўз-ўзидан аён.
Мана, энди навбат эртакчи ёзувчиларга ҳам етиб келди. Ака-ука Гриммлар, Ганс Христиан Андерсен каби адибларнинг ижоди анъанавий халқ эртакларини мутлақо янги босқичга олиб чиқди, уларга жон бағишлади, оҳор берди, деб айтиш мумкин. Буни янги давр, тараққиёт тақозо этган эди. Халқ эртакларига хос шартлилик хусусияти сақланиб қолгани ҳолда, бадиий эртакларда образлар кучайди. “Ишонч – куч, ишонтириш эса санъатдир”, деган нақл бор. Анъанавий эртаклардаги: “Ишонсанг – шу, ишонмасанг – ўзинг биласан” қабилидаги муносабат ўрнини воқебандлик, динамика эгалладики, бу ишончлиликни янада орттирди.
Анъанавий эртаклар гўё бировдан эшитилган бўлса, ёзувчилар бадиий эртакларни баайни ўзлари кўргандек қилиб ҳикоя этишарди. Яъни ишончлилик кучайгани бадиий эртакларни халқ эртакларидан бир поғона юқорига кўтариб, адабий асарлар даражасига яқинлаштирди, деб айтиш мумкин.
Айни ана шу хил фикр-мулоҳазаларни ўзбек бадиий эртакчилигига ҳам татбиқ этса бўлади. Шеърий ёки насрий шаклда бўлишидан қатъи назар, бу жанр ўзига хос мураккаб ривожланиш йўлини босиб ўтди. Шу ҳақда атрофлича ва асосли муҳокама юритиш фольклоршунос мутахассисларнинг вазифаси эканлигини, камина мазкур мавзуда ўз тушунчаларимни, шу соҳада ижод қилувчи бир қаламкаш сифатида шахсий кузатишларимни баён этаётганимни яна бир бор таъкидлаб ўтаман.
Мен юқоридаги фикр-мулоҳазаларим билан бадиий эртакчилик анъанавий халқ эртакчилигининг ўрнини эгаллайди, фольклор йўқолади, демоқчи эмасман, асло. Жаҳон илмий-фантастик адабиёти инсоният юлдузлардан юлдузларга кўчиб юрувчи олис келажакда ҳам ўзига хос космик ривоят, эртакларга эҳтиёж туғилишини башорат қилмоқда. Бу фикр, айниқса, замонавий фольклоршунос мутахассисларга жуда ёқиб тушишини аввалдан сезиб турибман.
Энди асосий мавзуимизга – ҳозирги ёшлар нега эртак ўқимай қўйганига қайтайлик. Болалар шоири сифатида менга ҳам бу саволни кўп беришадики, унга жавоб излаб ўйланишларим маҳсули сифатида қўлга қалам олиб, ўз мушоҳадаларимни ўртага ташлашга жазм этдим.
– Хўш, чиндан ҳам ҳозирги болалар нега эртак ўқишмайди?
– Чунки ҳозирги, аниқроғи, яқин ўтмишдаги эртакларнинг аксари қисми шеърий услубда ёзилган.
Ўзим болалар шоири бўла туриб, ўзимга қарши чиқаётганим ғалати бўлиб кўринса, ажабмас. Начораки, бу мен англаб етган аччиқ ҳақиқат. Шу боис болалар учун насрий эртаклар ёзишга ўтдим. Сабаби – эртак-достон қанчалик ажойиб бўлмасин, болани, аввало, ўйноқилиги, оҳангдорлиги билан ром қилади. Натижада, бу жиҳат устун келиб, айтилмоқчи бўлган мақсад-ғоя унинг соясида қолиб кетади. Бинобарин, эртак-достоннинг таъсир кучи ҳам шунга яраша.
Насрий эртак эса боланинг фикрини чалғитадиган юзаки жазибадан холи, гўдак бутун диққат-эътиборини асосий ғояга қаратади. Уни ўзига аста-секин, оҳиста сингдириб борадики, бу жараёнга халақит берувчи бошқа нарсалар йўқ. Бундан ташқари, насрий эртакнинг шеърий эртакка нисбатан таъсир кучи анча узоқроқ давом этиб, боланинг дунёқараши шаклланишига сезиларли даражада туртки беради. Балки шу сабабли ҳам одам болалигида ёдлаган шеърларига кўра ўқиган насрий эртакларини кўпроқ эслаб қолади.
Энди жаҳон болалар адабиётига ҳам бир назар ташлайлик. Жанни Родарининг “Желсомино ёлғончилар мамлакатида” номли эртак-қиссаси ҳали-ҳануз дунё болаларининг севимли асари бўлиб келмоқда. Америкада Марк Твеннинг қаҳрамонлари Том Сойер билан Гекльберри Финнга ҳайкал ўрнатилган. Дания пойтахти Копенгагендан эса Ганс Христиан Андерсеннинг “Сув париси” ҳайкал тимсолида намоён бўлиб турибди. Шу биргина мисолнинг ўзиёқ эртак бадиий асар эканлигидан яққол далолат бермаяптими, ахир?
Ўзбек адабиётида Худойберди Тўхтабоев болаларга бағишлаб нафақат эртак-қиссалар, ҳаттоки эртак-романлар ҳам ёзиш мумкинлигини ўз ижодида ҳар томонлама кўрсатиб берди. “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими” асарларини ўқиб, улғайган одамларнинг эндиликда неваралари замонавий шум бола – қувноқ Ҳошимжоннинг саргузаштларини улкан иштиёқ билан кузатиб боришади. Бу болалар анъанавий халқ эртакларини ўқишмас, балки. Аммо-лекин Ҳошимжон тимсолида ўзларини, атрофдаги ўртоқларини, бағоят таниш ҳаётни кўриб турганлари аниқ.
Энди, мана сизга бир савол, муҳтарам ўқувчи. “Желсомино ёлғончилар мамлакатида” ёки “Сариқ девнинг ўлими” эртак-қиссалари, мабодо, шеърий услубда – достон шаклида ёзилганида шунчалик довруғ қозонармиди, ўнлаб йиллар синовидан муваффақият билан ўтиб, сақланиб қолармиди? Боболар билан набираларини ўзига бирдек ром эта олармиди?
Ёки Зоҳир Аълам қаламига мансуб “Афандининг қирқ бир пашшаси”, Анвар Обиджоннинг Аламазон ҳақидаги эртак-қиссаларини мисолга олиб кўрайлик. Бу ўринда ҳам шу асарларни эртак-достон шаклида, яъни шеърий кўринишда умуман тасаввур қилиб бўлмайди. Ва гап ушбу эртак-қиссаларда асосий ғоядан ташқари қўшимча фикр-ғоялар ҳам борлигида, уларни эса эпик жанрдан бошқа жанрлар қолипига сиғдириб бўлмаслигининг ўзидагина эмас.
Мазкур мисолларда ҳамма гап ёзувчилар ўз олдиларига қўйган мақсадни имкон қадар тўлароқ ва атрофлича ёритиб боришга қодир бўлган шакл ҳамда услубни топа билганларида. Ғояларини замонавий болаларнинг онг-шуурига қай тариқа сингдириш йўлларини топа олганларида.
Яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Қай даражада ажойиб бўлмасин, ҳар қандай шеърий эртак ёки достонда шоир ўзи хоҳласа-хоҳламаса, ўйноқилик, оҳангдорликка асосий эътиборини қаратишга мажбур. Бу эса асар ғояси иккинчи ўринга тушиб қолди демакдир. Ўқувчи бола ижодкор унинг диққатини нимага тортса, ўшанга эргашади. Бинобарин, “ташқи безак”ка маҳлиё бўлиб, асарнинг ички мағзи-моҳиятига етарлича эътибор қаратмаса, ғояни эслаб қололмаса, у айбдор эмас мутлақо.
Насрий эртак эса ортиқча жимжималардан холи бўлиб, бола диққатини асл моҳиятга йўналтиради, асосий ғояни унинг идрокига оҳиста ва изчиллик билан сингдириб боради.
Энди яна бир ўйланг. Одамлар фильм кўришга баъзан бир-икки соат вақтларини қизғанишади-ю, нега энди ойлаб ва ҳатто йиллаб давом этувчи сериалларни кўришга, албатта, вақт топишади? Ўзбек телевидениесига сериаллар эндигина кириб келган даврни бир эслаб кўринг-а! Агар янглишмасам, дастлаб Бразилиянинг “Канизак Изаура” ва Мексиканинг “Оддий Мария” сериаллари намойиш этилганди.
Мабодо, ёдингизда бўлса, бу ҳол ўзига хос “эпидемия”га айланиб қолган эди. Навбатдаги сериал одатда кечки пайт, нима учундир одамлар ишдан қайтадиган вақтда намойиш этиларди. У бошланишига бир неча дақиқа қолганида Тошкент кўчаларида автобус-троллейбус тўхтаб қолар, йўловчиларнинг ярми ҳайдовчиларга эргашиб, бекатдаги ошхона, дўкон, кафе, барларга кириб сериални кўрса, қолган ярми бақириб-чақириб, жиғибийрон бўлиб ўтирарди. Бу хил ялпи “тартибсизлик”ка жуда кўп бора шахсан гувоҳ бўлганман, бу қадар ишонч билан гапиришимга сабаб шуки, ўша “жиғибийронлар” орасида ўзим ҳам бор эдим-да!
Бир ярим соатлик фильм қаҳрамонларни томошабин қалбига олиб киришга улгура олмайди, албатта. Ҳаётни, кундалик турмушни бор мураккаблиги ва майда-чуйда тафсилотлари билан тасвирловчи, инсон руҳиятини нақ кўнгил тубига қадар очиб берувчи сериалда эса ана шу имконият бор. У қаҳрамонни томошабин қалбига олиб киради, таниш-қадрдонга, энг яқин кишиларидан бирига айлантириб қўяди.
Ўша “эпидемия” давридан бир ярим ёшли, сочлари жамалак қизалоқни эслаб қолганман. Тили эндигина чиқа бошлаган гўдак акалари, опаларининг исмини ҳали тўлиқ айтолмасди. Бироқ Мексика сериалларидаги мураккаб номларни, мисол учун, “Исидора Коварубио де Лос-Ланос” сингари исмларни биронта ҳарфида янглишмай ва яна урғуни жой-жойига қўйиб, бийрон-бийрон тилда такрорлаганлари ҳали-ҳануз кўз ўнгимда…
Мавзудан сал четлашдим, узр. Бундан мақсад эртак-достонга нисбатан насрий-бадиий эртак ўқувчига баайни сериалдек кучли таъсир ўтказишини кўрсатиш эди. Достондаги мавҳум умумий образ насрий-бадиий эртакда жонли одамга айланиб, бола юрагига кириб боради. Гўдакнинг кўз ўнгида ўзининг иллат-фазилатларига эга бўлган, росманасига куйиниб-суюниб юргувчи бир таниш, қадрдонга айланиб қолади.
Бола бундай эртакни чанқоқлик билан бош кўтармай ўқийди. Ундаги ижобий образларга тақлид қилгиси келади. Салбий образларга ўхшаш кимсаларни кундалик ҳаётда кўриб қолганида, улардан узоқроқ юришга уринади. Бу ҳол ота-она бераётган тарбияга яна бир муҳим қўшимча эмасми, ахир?! Ана сизга насрий-бадиий эртакнинг узоқ давом этгувчи таъсир кучи!
Ҳозирги 13-14 ёшли боладан сўраб кўрсангиз, 7-8 ёшларида ёдлаган шеърларини эслолмайди, аммо ўқиган эртакларини ҳали унутганича йўқ. Энди шу 13-14 ёшида ибратомуз насрий-бадиий эртакларни ўқиса, бу ёғи бир умрга эслаб қолиши тайин. Зеро, бу паллада гўдакнинг онги ва қалби ниҳоятда зийрак, сезгир, унга кучли таъсир кўрсатган нарса буткул муҳрланиб, ҳеч қачон ўчмайди.
Мен шулар тўғрисида кўп йиллардан буён ўйлаб юрардим, масалага ҳар томонлама ёндашиб кўриб, ўзимча қандайдир йўл излардим. Бир неча йиллар аввал ноширлар достонларга қизиқиш қолмагани ва аксинча, насрий эртакларга талаб ортиб бораётгани, лекин улар йўқлиги ҳақида куйиниб сўзлашганида эса аҳдим қатъийлашиб, тамомила насрий ва ҳатто бадиий эртаклар ёзишга ўтдим. Бу шунчаки бозор талабига бўйсуниш эмас, балки узоқ вақт етилиб келган ички эҳтиёжнинг ниҳоятда юзага чиқиши, якуний маҳсули бўлди. Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан ўзингиз ҳам тегишли хулоса чиқариб оласиз, дея умид қиламан…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1-сон