Ўн саккизга кирмаган ким бор?

ёки кичик жамиятнинг катта масъулияти ҳақида

Ёшингиз нечада? Турмуш қурганмисиз? Оила деганда нимани тушунасиз?
Йўқ, бу сиз ҳар доим хушламайгина ёки аксинча — қизиқиб жавоб берадиган анкета саволлари эмас. Фақат мақолани бошлашдан олдин шу ҳақда билгимиз келди. Чунки…

Кичик жамият

Оилага берилган таърифлар орасида «жамият бўғини» ифодаси алоҳида эътиборга молик. Жамият оилалар билан бутун ва барқарордир. Шу боис, оилани кичик жамият деб ҳам аташ мумкин. Ушбу кичик жамиятнинг катта масъулиятлари борки, ҳали турмуш қурмаган ёшлар буни ҳис қиладиларми, йўқми – ҳамма гап шунда. Бу жамиятнинг бўлажак «фуқаро»лари ўз ҳақ-ҳуқуқларини, бурч-вазифаларини биладиларми? Ундаги қонун-қоидаларни-чи? Эртага бармоқ тишлаб қолмайдиларми?

Аллақачон «фуқаролик»ка ёши етган, лекин ҳамон бунинг масъулиятини ҳис қилмай юрган ёшлар қанча экан?

Оила, айрим ёшларнинг назарида, фақат эр-хотин муносабатлари, бола тарбиясидан иборатдай гўё. Баъзи қизлар уни турмуш ўртоғига хизмат қилиш, қайнона кўнглини олиш, фарзанд тарбияси билан шуғулланиш деб тушунсалар, айрим йигитлар бола-чақа боқиш ва рўзғор тебратиш деб ўйлайдилар. Қизиқ, муқаддас маскан дея тилга олинаётган оилага бу қадар енгил қарашнинг сабаблари нимада?

Жуфт қидириб…

Инсон яралибдики, оила бағрида. Турмуш қуриш – ҳаётнинг табиий қонуни. Ўзига ҳар жиҳатдан муносиб жуфт топиш – балоғат ёшига етган йигит-қизларнинг орзуси. Ахир, умр бўйи бирга ҳаёт кечирадиган, яхши-ёмон кунларда йўлдош бўладиган инсонни шунчаки танлаб бўлмайди-да. Бунинг учун, аввало, икки қалб бир-бирини тушуна олиши, асосийси, якдил бўлгандагина оила барқарорлигига эришиш мумкинлигини анг­лаб етиши лозим. Ана шундагина ушбу муқаддас масканга нисбатан ҳурмат ва масъулият ҳисси ортади.

…Бу йигитга бутун қариндош-уруғлар бир бўлиб қиз қидиришди. Ёши ўтиб боряпти, уйланиши керак. Кўп жойга боришди. Қиз томондагиларга тўғри келмади, шекилли, розилик беришмади. Совчилар ҳар сафар уйга «қуруқ» қайтишар экан, йигитнинг ота-онасидан такрор-такрор сўрардилар: «Яхши кўргани йўқми?»

Ўғилнинг бу билан иши ҳам йўқ. Уйланиши керакми – вассалом. Қиз топилса, бўлди. Ниҳоят, 5-6 та хонадондан ноумид қайтган совчилар бу гал очиқ чеҳра билан келдилар: «Тўйни бошлайверинг, келин топилди». Шу тариқа «Буниси бўлмаса, бошқаси» қабилида тутилган иш якун топди…

Ёш оиланинг кейинги ҳолати сизни қизиқтираётган бўлса керак. Бизни эса кўпроқ йигитнинг, шу билан бирга, унинг ота-онаси, умуман, катталарнинг бўлажак оилага бу қадар юзаки муносабатда бўлишлари ажаблантирди. Исталган қизга уйланиб кетаверадиган йигит эртага қандай қилиб рўзғор тебратиши мумкин? Майли, буни-ку бир амаллаб уддалар, лекин у оила масъулиятини ҳис қила олармикан? Ёки никоҳни фақат эр-хотин муносабатлари деб тушунганича қолиб кетаверадими?

Эҳтимол, оила масъулиятини қай даражада ҳис қила олиш жуфт танлаш билангина ўлчанмас. Аммо бутун умрингни боғлаётган инсон ким ва у билан мустаҳкам оила қура оласанми-йўқми – шу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўриш керак-ку!

«Никоҳгача бир-бирини кўрмасдан бахтли яшаб кетган ёшлар қанча» дея эътироз билдиришга шошилмай туринг. Ҳаммасини тақдирга тўнкаш тўғримикан? Оила ўз номи билан муқаддас. Турмушнинг ўзига яраша оғир-энгилликлари бор. Ёш йигит-қизларни унга тайёрлаб бориш, ҳеч бўлмаса, оилага юзаки қарамасликларини тушунтириш яхши эмасми?

Чимилдиқ орзуси

Республика «Оила» илмий-амалий маркази директори ўринбосари, педагогика фанлари номзоди, дотсент Даврон Холиқовнинг бу борадаги фикрлари сизга ҳам асқотиб қолар:

– Оила авлодлар давомийлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Унинг муқаддаслиги сабабларидан бири ҳам шунда. Ёшларнинг оилага тайёргарлик кўриб бориши унинг мустаҳкам, ҳавас қилгулик даражада бўлиши сабабларидан биридир. Турмуш қураётганда шаръий ва қонуний никоҳда ҳам келин-куёвга оила ва никоҳнинг муқаддаслиги ҳақидаги мажбурият юкланади. Асосий мақсад эса муқаддас саналган бу масканга ёшлар шунчаки муносабатда бўлмасдан, масъулият билан ёндашишларини таъминлашдир.

Афсуски, ҳозир айрим ёшларда бу борада чала хулоса ва хом фикрларгина бор, холос. Назаримда, ёшлар оила қуришга у қадар шошилмаяптилар. Баъзи бир ёшларда шарм-ҳаёнинг кўтарилиб бораётгани бунинг бир сабаби бўлса керак. Илгарилари йигит ва қиз унаштирилганларидан кейин 3-6 ой муддатда бир-бирларини синаш мақсадида учрашганлар. Бу учрашув яширин тарзда, одамлар кўзидан йироқда бўлган. Шундай бўлса-да, ортиқча ҳаракатлар, беҳаёлик ва ахлоқсизликка йўл қўйилмаган. Бу эса уйланишга, висолга иштиёқни кучайтириши табиий. Чимилдиқ орзуси уларни ўткинчи ҳою ҳавасларга берилмасликка ундаган. Ахир, муқаддас гўшага пок ва эзгу ниятлар билан кириш бахти нақадар тотли. Кўчада ялаб-юлқашиш ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

Ҳозир-чи? Ғарб турмуш тарзининг ёшлар онгига салбий таъсири натижасида оила, эр-хотин муносабатларига путур етмоқда. Энди улар уйланиш борасида ҳам ғарбликларга тақлид қилишга ўтиб кетдилар. Никоҳсиз турмуш қуриш ҳоллари рўй бермоқда. Хиёбонлардаги «ошиқ-маъшуқлик», тунги клублардаги дискотекалар, бир лаҳзадаги танишувлар ёшларда «ҳирсий муҳаббат»нинг устун бўлишига олиб келмоқда. Шу сабабми, айрим йигитларда уйланмасликка иштиёқ пайдо бўлмоқда. Турмуш қурмасдан ҳам яшаш мумкин, деган ўй уларни уйланишга «шоширмаяпти».

Оила, аслида, чин муҳаббат асосига қурилиши керак. Лекин ёшлар ўзларидаги ҳиссиётни чин муҳаббат деб қабул қиладиларми? Йўқ, бу кўпинча шунчаки ҳавасдан бошқа нарса эмас. «Бир қарашда севиб қолибди» деган гапларни эшитган бўлсангиз керак. Бунда фақат ташқи қиёфа назарда тутилади. Бу ҳам оила мустаҳкамлигига тўсиқ бўладиган омиллардан биридир. Кузатувларимиз натижасида маълум бўлдики, келин ёки куёв танлашда ота-оналар, биринчи навбатда, «номзод»нинг саломатлиги ва тарбиясига эътибор қаратадилар. Чунки улар кўпни кўрган ва бу борада маълум тажрибаларга эга. Ёшлар эса ҳали ғўр. Шунданми, ёш йигит-қизлар бўлажак умр йўлдошининг бойлиги ва чиройига «учадилар».

Ёшлар, умуман, юртдошларимиз шу каби нотўғри тушунчаларга берилмасликлари, уларда оила масъулиятини кучайтириш мақсадида марказимиз томонидан турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Республикамизнинг барча вилоятларида, пойтахтимизда ўтказилаётган давра суҳбатлари, учрашувлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар шулар жумласидандир.

Маҳаллаларда жамоатчилик асосида ташкил этилган «Ота-оналар университети» машғулотлари орқали оила тарбиясини такомиллаштириш, ота-оналарнинг маънавий-маърифий, тиббий-демографик, ижтимоий-ҳуқуқий билимларини оширишга эришиш мақсад қилиб олинган. Ушбу университетдаги машғулотлар 36 соатга режалаштирилган бўлиб, курс якунида ота-оналар билими тест мезонлари асосида баҳоланади. Бундан ташқари, никоҳдан ўтаётган ёшлар учун ҳар бир ФҲДЁ бўлимлари қошида 32 соатлик «Оила дорилфунуни курси» ташкил этилган. Бунда дастлабки энг зарурий билимлар берилади. Оилавий муаммоларни енгиб ўтиш йўллари ҳақида айтиб ўтилади. «Ёш оила мактаби» ушбу курс­нинг узвий давоми бўлиб, унда қайнона-келин, қайнота-куёв, эр-хотин муносабатлари, фарзанд тарбияси ҳақида ёшларга сабоқ берилади. «Якшанба мактаблари» курсида эса оиласида жисмоний имконияти чекланган фарзанди бор ота-оналарга йўл-йўриқлар кўрсатилади. Машғулотларни оилашунос олимлар, жамоатчи лекторлар – ҳуқуқшунослар, тиббиёт ходимлари, педагоглар, психологлар олиб борадилар.

Шунингдек, марказимиз томонидан ёшларга методик тавсиялар берилади. «Оила кутубхонаси», «Ёш оила кутубхонаси» рукнларида рисолалар, маслаҳат шаклидаги буклетлар, турли илмий мақолалар чоп эттирамиз. Буларнинг барчаси – фуқароларимизда, айниқса, ёшларда оила масъулиятини кучайтириш, ёш йигит-қизларнинг ушбу муқаддас даргоҳ ҳақида кенгроқ тушунчага эга бўлишларини таъминлаш, уларни оилага тайёрлаб бориш мақсадида ташкил этилган.

Ишончни асранг!

Ёш келин-куёв ўртасидаги бир-бирига ишонч туйғуси оила мустаҳкамлиги шартларидан ҳисобланади. Ишонч бор ерда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат бўлишига шубҳа йўқ. Ўз жуфтига ишонмаслик оқибатида барбод бўлган оилалар камми?

Ачинарлиси, ҳали турмуш қурмасдан туриб бу туйғунинг асирига айланиб қолган ёшлар оз эмас. Йигитлар қизларга ишонмайдилар ёки аксинча. Икки тараф ҳам бир-бирларига шундай айблар тақайдиларки…

Шунданми, жуда кўп ёшларнинг ўзларига муносиб жуфт топа олмай боши қотган. Йигит қизнинг шунча йил «беҳуда» юрмаганидан шубҳаланади, қиз эса унинг қиз бола «дўст»лари кўплигидан ташвишда. Бу ҳолда қандай оила қуриш мумкин. Мана айтиб ўтилган сабаб(ёки баҳона)лар:

Йигит: «Шаҳарда ўқиган экан. Шу пайтгача тинч юрмаган бўлса керак. Уни тергаб-уришадиган одамлар узоқда бўлса. Хоҳлаганини қилади-да».

Қиз: «Кўпчиликдан эшитдим, нечтаси билан юрган экан. Тўйдан кейин ҳам бу одатини ташламаса керак».

Бирор сўз айтишга ботина олмайсиз. Оғиз очдингизми, шу каби «айб»ларни қалаштириб ташлашади. Аслини олганда, бу масалага юзаки, кўр-кўрона ёндашишдан бош­қа нарса эмас. Лекин ҳаётда шундай бўляпти. Нега қизлар йигитларга ишонмай қўйишди? Нега йигитлар уйланиш олдидан ўта эҳтиёткор бўлиб қолишяпти? Саволлар кўп. Жавоб эса…

Инсон, аввало, ўзига ишониши керак. Ундан олдин бошқага ишониш ҳақида ўйлаб ўтирмаса ҳам бўлади.

Буюм эмас, жуфт танлаяпсиз!

Оила, унга тайёргарлик, муносиб жуфт излаш ҳар бир йигит-қизни ўйлантириб, ташвишга солаётгани рост. Бўлажак умр йўлдошининг кимлигига қизиқиш уларни йиллар оша етаклаб келяпти. Бир умрлик йўлдош топиш шунчаки иш эмас-да. Ёшларнинг бу борадаги фикрларини тинглаб кўрдик.

– Тўғрисини айтсам, оила масъулияти, турмушнинг ўзига хос оғир-энгил томонларини энди тушуниб етаяпман, – деб гап бошлади биз суҳбатда бўлган талаба қиз. – Аммо бу борада ҳали бир аниқ тўхтамга келганим йўқ. Бўлажак турмуш ўртоғим билан дунёқарашларимиз мос келишини, бир-биримизни тушунишимизни жуда истайман. Мен бирор кийим ёки бошқа буюм танлаётганим йўқ. Кўчада сайр қилиб юрадиган ҳамроҳ ҳам қидирмаяпман. Тақдиримни бир умрга боғлайдиган, ҳар доим ёнимда йўлдош бўладиган инсон ҳақида ўйлаяпман. Ҳаётимни ишониб топшира оладиган, асосийси, мени тушунадиган киши билан турмуш қура олишим мумкин. Тенгдошларим ҳам оила қуришга шунчаки бир иш деб эмас, масъулият билан ёндашишларини истардим.

Хулоса (эмас!)

Республика «Оила» илмий-амалий маркази томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасида ҳозирги пайтда оилаларнинг ажралиб кетиши сабаблари ўрганиб чиқилди. Ушбу сабаблардан энг кўп қайд этилаётгани эса, эр-хотин дун­ёқарашининг бир-бирига мос келмаслигидир. Бундан ташқари, улар орасида иқтисодий муаммолар, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликкка берилиш, ўзаро ҳурмат йўқолганлиги, қайнона-келин ўртасидаги зиддиятлар ҳам бор.

Хўш, ёшларни оилага тайёрлаб бориш учун нима қилмоқ керак?

– Энг аввало, фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтириш керак, – дейди Д. Холиқов. – Ёш авлодга болалигиданоқ ота-оналарнинг назоратини кучайтириш лозим. Бундан ташқари, ота-оналарда бола тарбияси, оилавий турмуш ҳақидаги билимлар етарлича бўлиши талаб этилади. Тарбиячининг ўзи ҳам тарбияли бўлсин, деган гап бор. Шундай экан, энг катта тарбиячи ҳисобланган ота-оналарнинг ўзлари бу борада ўрнак бўлишлари лозим. Таълим тизимида оилавий турмуш сабоқларини тажрибали, ўз оиласи билан бошқаларга ибрат бўла оладиган мутахассислар ўтиши мақсадга мувофиқдир.

Булар – мутахассис фикрлари. Тўғри, таълим жараёнида ёшларга оила, унга тайёргарлик, оила аъзоларининг бурч-вазифалари ҳақидаги билимларнинг бериб борилиши уларнинг келгуси ҳаётларида катта аҳамиятга эга. Аммо шу ўринда таъкидлаш жоизки, айримлар оилага тайёргарлик деганда кўпроқ физиологик жиҳатларга эътибор қаратишади. Оилага маънавий тайёргарлик-чи?

Мақолани ўқиб тугатмасданоқ фикр билдиришга навбат кутаётган бўлсангиз, сўз сизга!

Беҳзод Фазлиддин, “Маърифат” мухбири