Энг яхши тарбия, аммо…
Германиялик мутахассисларнинг таъкидлашича, энг яхши тарбия бу зукко ва комил ота-она томонидан ўз фарзандига берилган тарбиядир. Чунки ота-она олдида фарзандига таъсир этиш имкониятлари бошқалардан кўра энг кўп ҳисобланиб, бу вазифани адо этишда ҳам улар ўзларидаги бор меҳрни ишга солади.
Қолаверса, баркамол ота-онанинг бош мақсади фарзандларининг илмли бўлишлари учун муҳит ҳамда шароит яратиб беришга қаратилади ва улар ҳар қандай шароитда ҳам вақт ажратиб, болаларининг таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланадилар. Шу нуқтаи назардан “Баркамол ота-она – сифатли таълим, мустаҳкам оила» мутаносиблигига эришиш ҳар қандай соғлом жамиятнинг мақсадидир. Аммо бугун олий маълумотли, комил ота-оналар сони ҳар қанча кўпайиб бораётган бўлишига қарамай, дунё педагогларининг хавотири ҳам шунчалик кучайиб бормоқда. Чунки кейинги ўн йил ичида ота-оналарнинг ўз фарзандлари тарбияси учун ажратаётган вақтлари тобора қисқариб бормоқда. Бунинг сабаблари сифатида никоҳсиз туғилиш ҳолатларининг ортиб бориши ва ажрашишларнинг кўпаяётгани қанчалик ташвишли ҳолат сифатида эътироф этилаётган бўлса, ота-оналарнинг ишга ҳаддан ортиқ берилиб кетиши натижасида фарзандлари билан бирга бўлишга вақт топа олмаётганлиги ҳам энг жиддий сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Муаммо нимада?
Ишдан ҳориб келган ота ёки онани ҳамда ҳориш нималигини билмай ота-онасининг ишдан келишини интизорлик билан кутиб ўтирган кичкинтойларни бир кўз олдингизга келтиринг-а. Бундай пайтда ошхона юмушларига киришиб кетган она ва телевизор каналидан бирор дам олиш дастурини қидираётган ота болаларининг уларга халақит бермаслигини қанчалик исташса, жажжилар эса энг яқин дўстлари – ота-оналари билан биргаликда дарс тайёрлашни, бирор қизиқарли мавзуда мулоқот қилишни ва ўйинлар ўйнашни шунчалик хоҳлашади. Бола кўнглидаги ана шу маънавий истаклар амалга ошмай қолган кундан эътиборан эса, энг яқин ҳамкори ота-она эмас, компютер бўлиб қолаётган ва унга муккасидан кетиб, ипсиз боғланиб қолаётган ва ҳис-туйғулари ўтмаслашаётган болакайлар кўпайишининг яна бир сабаби юзага келади. Шу ўринда эса, ёзувчи инглиз олими Тимоти Уинтернинг мавзуимиз давоми бўла оладиган мана бу фикрлари билан ҳам танишинг:
«…Ота-оналарнинг иши шунчалик кўпайиб кетаётганидан овқатланиш вақти ҳам ўз қатъийлигини йўқотиб, консерва очиб ейиш ишига айланиб бормоқда. Аслида у бутун оила аъзоларини меҳр ришталари билан бир-бирига боғлайдиган ва орзиқиб кутиладиган фурсат бўлиши керак. Афсуски, бунинг иложи бўлмаяпти. Чунки ота-оналар эрталаб фарзандлари уйғонмасдан туриб ишга отланадилар ва уларни кутиб-кутиб ухлаб қолганларида кириб келадилар. Натижада, оила аъзоларининг уйга ва бир-бирига тегишлилик ҳисси йўқолиб бормоқда. Айни чоғда болалар уйни тарк этади. Чунки улар ўзларини уйда ҳеч нарса ушлаб турмаётгандек ҳис этадилар».
Аҳвол шу тарзда давом этар экан, ўринли савол туғилади:
Қандай йўл тутиш керак?
Ота-оналарнинг иш билан банд бўлиб, фарзанд тарбиясига вақт ажрата олмаётганликлари бизнинг жамиятимизда ҳам мавжудлигидан кўз юма олмаймиз. Талайгина қоракўзлар оталарининг дам олиш куни қачон келишини ҳисоблаб юришлари ҳам бу фикримизнинг энг оддий далили бўла олади. Японияда эса, журналистлар бундай далилларнинг турли-туманини келтиришга тайёр. Чунки уларда мазкур муаммо кўлами бизга нисбатан бир неча маротаба кенг бўлиб, анча ташвишли аҳволга келиб қолган. Ҳаттоки, маълумотлар, таътилсиз ишлаш натижасида касб касаллигига учраб, умрига зомин бўлаётган япон фуқаролари сони ортиб бораётганини ҳам кўрсатмоқда. Аммо улар мазкур муаммони бартараф этиш учун “Иш тарзимизни шундай тартибга солайликки, токи фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланишга ҳам имконимиз бўлсин. Акс ҳолда 20 – 30 йил ўтиб ота-она тарбиясида кемтиклиги бўлган бу фарзандларимиз топган-тутганимизни йўқ қилиб, бугунги меҳнатларимизни ҳам чиппакка чиқариши мумкин”, дея қарамоқда.
Тарбиянинг қанчалик муҳимлигини яна бир бор англатувчи бу қараш албатта ҳар қандай ишбилармон ота-онани ҳам тегишли хулоса чиқаришга ундайди. Суҳбатдошимиз педагогика фанлари доктори, профессор Қумри Абдуллаэванинг эътирофича, биз ҳам ўзимизга хос шароитдан келиб чиқиб шу ва шунга ўхшаш бир қатор хулосаларни амалий ишларимиз қаторига қўшишимиз лозим:
Маҳаллий шароитимизга эътибор берадиган бўлсак, мактабгача таълим муассасаларига қатнайдиган фарзандаларимиз маълум маънода таълимнинг илк ва содда кўринишларидан баҳраманд бўлмоқда. Аммо кўпмингсонли МТМга қатнамаётган 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларимиз-чи? Уларга уй шароитида берилаётган оилавий таълим-тарбия қониқарли аҳволдами? Кузатишларимга таяниб айтадиган бўлсам, бу масала қониқарли аҳволда эмас. Жумладан, аксар ҳолларда вақти етарли бўлган уй бекалари ҳам бола тарбиясига жиддий муносабатда эмас. Негадир улар болаларининг усти бутлиги, қорни оч ёки тўқлиги ҳақида кўпроқ ўйлашади-ю, аммо таълим-тарбия ҳақида қайғураётгани ярқ этиб сезилмайди.
– Яқинда узоқ қишлоқлардан бирида яшаётган хонадонда бўлдим, – дейди яна бир педагог суҳбатдошимиз Муҳтарама Жовлиэва. – Аввалига ёшгина болакай салом-аликсиз у ёқ-бу ёққа ўтаверди. Сўнгра бизнинг олдимизга келиб онасига талпинди. Эътиборимни тортган мурғаккина гўдакка қараб ёшини сўрадим. У уялдими гапирмагач, онаси жавоб берди.
– 6 ёшда.
– Вой, мактабга борар экансан-да? Санашни ўрганаяпсанми?
Саволимга болакай индамади, аммо унинг ўрнига ёш она хотиржам жавоб берди.
-Менинг ортимдан такрорла, деб санашни ўргатмоқчи бўлсам, ҳеч айтганимни қилмайди. Бу туришда мактабда иккичи бўлиб қолади-да.
Педагог бўлганим, доимо шу ҳақда ўйлаганим учунми ёки бўлмаса дилимдаги оғриғим қўзғагандек бўлдими, ичимда бир нарса чирт этиб узилгандек бўлди. Тўғрироғи, фарзандида бошланаётган илмсизликдан қайғурмаётган ва бунга хотиржам қараётган онадан хафа бўлдим. Боланинг тарбияси шу тарзда давом этса, унинг келажаги нима бўлади? Ахлоқи, тарбияси-чи? Қаэрдадир ишлаб вақт тополмаганидаку, бошқа гап дердик. Аммо боласининг тарбияси билан шуғулланиши учун вақти етарли-ку. Бундай оналарга гулдек болаларининг ахлоқи ва тарбиясиданда муҳим яна қандай юмуш бўлиши мумкин? Шундан сўнг бу ҳақда узоқ ўйланиб юрдим. Назаримда, бошқалар тарбияга вақт тополмай чора қидираётган бўлса, биз маълум бир тоифадаги вақти бор оналаримизнинг ва албатта, оталаримизнинг фурсат бўлганида юзага келадиган вақтларини фарзандлари билан мазмунли ва фойдали ўтказишлари ҳақида ўйлашимиз керак.
Хулоса
Айрим ота-оналар ҳар қандай иш шароитида ҳам фарзандаларига вақт ажратишнинг уддасидан чиқади. Ишхонадан туриб уйга қилинган бир зумлик қўнғироқ ҳам кўпроқ ҳол-аҳвол сўрашга ўхшаб кетсада, аммо бу ота-онанинг фарзанд тарбияси билан боғлиқ муносабатида муҳим ўрин тутади. Энг муҳими эса, бу ҳолатлар ота-онада ҳам, фарзандда ҳам оилага тегишлилик ҳиссини кучайтиради ва меҳр ришталари мустаҳкамланишига кўмаклашади.
Биз суҳбатда бўлган ота-оналарнинг кўпчилиги улар ташкил этган иш тартиби фарзандлари тарбияси билан шуғулланиш учун халақит бермаслигини айтган бўлса, бундай эмаслигидан нолиганлар ҳам камчиликни ташкил этмади. Шундай экан, ота-оналарнинг фарзандлари таълим-тарбияси билан шуғулланиш учун ажратаётган вақтлари ҳақида ўйлаб кўришига зарурат бор. Қолаверса, бу ҳозирча иш тартиби билангина боғлиқ бўлиб кўринса-да, аслида ота-она, фарзанд, оила ва жамият келажаги билан боғлиқдир.
Зебо Намозова,
«Маърифат» мухбири