Аёлларни эъзозлаш, жамиятда уларга ўзларининг мос ўринларини бериш бизнинг нафақат фарзандлик, балки инсонийлик бурчимиз ҳамдир. Юртимизда, Шарқ мусулмон халқларида аёлларни ҳурмат қилиш, уларни нафақат моддий-жисмоний, балки маънавий ҳимоялаш анъанаси чуқур илдиз отган. Уларга кўрсатиш лозим бўлган олий ҳурмат намунаси пайғамбаримизнинг «Жаннат – оналар оёғи остидадир» ҳадисида ўзининг юксак эътирофини топган.
Аммо тарихни ўргансак, унинг аксарият даврида аёл шахси жамиятнинг иккинчи даражали тоифаси сифатида кўп бор таҳқирланганининг гувоҳи бўламиз. Яқин ўтмишда ҳам, масалан, ХИХ асрда бугун аёллар ҳуқуқи кенг эътироф топган Европа мамлакатларида аёл зоти ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум эди.
Тарихчилар инсоният ўтмиши ва ҳатто бугунини аёл-эркак муносабатларига кўра патриархат даври деб аташади. Маълумки, патриарх жамиятда эркаклар ҳукмрон бўлиб, аёл киши иккинчи даражали фуқаро ҳисобланади.
Меъёридан ошган озодлик
ХIХ аср охири ва ХХ аср бошига келиб, Ғарбда феминизм ҳаракати вужудга келди. Жамиятнинг илғор ва етакчи аёллари бошчилик қилган бу янги оқим заифалар жинсини патриархизм кишанидан озод қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Уларга кўра, аёл ва эркак ҳар жабҳа ва мақомда тенг бўлиб, бир жинсни ўртадаги жисмоний ва биологик тафовут боис, иккинчи жинсдан паст кўриш ёки ҳар иккисига жамиятда фарқли мақомлар бериш мутлақо нотўғри ва асоссиздир. Ҳаракат АҚШда кенг қулоч ёзиб, алалоқибат аёллар жамиятда эркаклар билан ҳар соҳада тенг ҳуқуқлиликни қўлга киритишлари билан якун топди. Феминистлар шунчаликка етиб бордиларки, аёлларнинг “кишан”лардан тўла озодликка чиқиб, эркин қуш бўлиб ҳар томонга учишлари оқибатида жамиятда “жинсий инқилоб” аталмиш янги маданий-ижтимоий ўзгариш юзага келди.
Улар никоҳни, оила қуришни инсон ҳуқуқларига зид ўтмиш сарқити деб аташга журъат топишди.
БМТ аёлларни ҳимоя қилади
Юқорида феминистлар аёл ва эркак ҳуқуқлари тенглиги борасида бироз ҳадларидан ошгани ҳақида фикр юритдик. Бу фараз Ғарб жамияти учун, эҳтимол, тўғри келар. Аммо айрим ҳудуд ва мамлакатларда аёллар ҳадларидан ошиш уёқда турсин, жамиятнинг қонуний аъзолари сифатида бирламчи ҳуқуқларини ҳам қўлга кирита олганларича йўқ.
Даврнинг масъул кишилари тўпланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) заифаларни ҳимоя қилиш масаласини янги мингйилликда қилиниши лозим бўлган энг муҳим саккиз вазифа қаторига киритди. Унинг ўта қашшоқлик ва саводсизлик муаммоларидан кейин учинчи ўринда тилга олиниши ҳам мавзунинг долзарблигидан далолат беради.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эга экани, уларга нисбатан жинсий камситишга йўл қўйилмаслиги эълон қилинганидан сўнг орадан 60 йил вақт ўтди. Бу олий қонун ҳужжатини қабул қилмаган, тасдиқламаган давлат бугун Ер юзида деярли қолмаган бўлса-да, лекин аёлларга тенг ҳуқуқли бўлиш учун етарли шароит яратиб бермаётган, балки амалда норасмий тарзда патриархал сиёсат юритаётган давлатлар, ҳукуматлар йўқ эмас.
2000 йили қабул қилинган Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари (МРМ) доирасида 2015 йилгача таълим тизимида эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга дунё миқёсида эришиш БМТ олдидаги бош мақсад қилиб олинди. Лекин бунга эришишнинг биринчи босқичи бўлган муҳлатда – 2005 йилгача бошланғич ва ўрта таълимда тенгликка эришиш масаласида фақат белгиланган саккиз мамлакатгина муваффақият қозона олди, холос. 113 давлатда эса вазият ҳамон ёмон. Дунё бўйича таълим олиш имкониятидан бебаҳра аҳолининг аксариятини ҳануз аёллар ташкил этмоқда. Парламент ва ҳукумат идораларида аёллар сонининг камлиги ҳам уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол қатнашишлари учун етарли шарт-шароит яратилмагани билан изоҳланади. Дунё давлатлари орасида фақат 20 мамлакатдагина Парламентдаги ўринларнинг 30 фоизи аёллар томонидан банд этилган (бу нисбатан яхши кўрсаткич), шу йилнинг январ ойидаги маълумотга кўра, 150 мамлакатнинг сайланган давлат раҳбарлари орасида фақат етти кишигина аёллардир. БМТга аъзо 192 давлатдаги ҳукумат раҳбарларининг ҳам фақат саккиз нафаринигина аёллар ташкил этади.
МРМ қабул қилинган санадан шу кунгача бўлган вақт оралиғида аёллар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида жиддий чора-тадбирлар, глобал лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, 2003 йили қабул қилинган Руанда Конституциясида Парламентда камида 30 фоиз ўрин аёллар учун берилиши белгилаб қўйилди. Шу боисдан бугун Руанда дунёда аёллари қонун чиқарувчи органда энг кўп (48 фоиздан зиёд) жой эгаллаган 5 мамлакатнинг биринчиси бўлиб турибди (ундан кейинги ўринда Шветсия (47 фоиз), Куба (43,2 фоиз), Финляндия (41,5 фоиз) ва Аргентина (40 фоиз) туради). 2006 йил Қувайт тарихида биринчи маротаба аёллар мамлакат Парламенти сайловларида иштирок этди. 1991 йилдан ҳозиргача ҳар йили 25 ноябрдан 10 декабргача дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида “Жинсий зўравонликка қарши 16 кунлик ҳаракат” оммавий йиғинлари ўтказилмоқда. Улар режасидан аёлларга нисбатан зўравонлик ишлатиш ҳолатларини камайтириш бўйича ўтказилиши кўзланган турли тадбирлар жой олган.
«Қалбимизнинг қўри сизлар…»
Хотин-қизлар юртимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Ўзбекистон таълим тизимининг бошланғич ва ўрта таълим босқичларида ўғил ва қиз болалар ўртасидаги миқдорий тафовутлар деярли сезилмайди. Олий таълимда қизлар нисбати 1995 йилда 25 фоизни ташкил қилган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 45,3 фоизга ўсган. Фан доктори унвонига эга бўлиш учун тадқиқот олиб бораётган аёллар сони ҳам мамлакатимизда йил сайин ошиб бормоқда. Уларнинг сони 1995 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2005 йилда 37,1 фоизга етган.
Таълимдаги жинсий тенглик Конституция билан кафолатланган. 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонунда ҳам касб танлаш ва барча ўқув юртларида таълим олиш бўйича эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқли экани таъкидланган.
Мамлакатимизда аёлларнинг сиёсий фаолиятда иштирок этишлари даражаси ҳам ошиб бормоқда. Янги жорий этилган квоталар тизимига кўра, сиёсий партияларнинг қонун чиқарувчи ва вакиллик органларига кўрсатувчи номзодлари умумий сонининг камида 30 фоизи аёллар бўлиши керак. Ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 21 нафари (18 фоиз) ва Сенат аъзоларининг 15 нафари (15 фоиз) аёллардир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери аёл кишидир. Суд органларида эса аёллар вакиллари 22,7 фоизни ташкил қилади.
Юртимизда Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ҳисобланади. Мамлакат бўйлаб қарорлар қабул қилиш жараёнида аёллар иштирокини кучайтириш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмиталари раҳбарлари ҳам вилоят ҳокимлари ўринбосарлари вазифасини бажариб, улар маҳаллий даражада хотин-қизлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун масъулдирлар.
Ҳукумат қатор қонунлар ва миллий дастурлар, шу жумладан, Ўзбекистонда аёлларнинг аҳволини яхшилаш стратегияси ва устувор соҳаларини белгилайдиган Миллий ҳаракат платформасини (1998-2005) қабул қилган. Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилингани, шу асосда аёллар учун янги иш жойларини яратиш ҳисобига уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятларини рағбатлантиришга қаратилган тегишли дастурнинг ишлаб чиқилиши ҳам юртимизда аёлларга бўлган давлат даражасидаги юксак ҳурмат-эътибордан далолатдир. Дастурда, шунингдек, аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий фаолиятдаги иштирокини кучайтириш чораларини амалга ошириш ҳам назарда тутилган.
Хулоса
Ҳануз дунёнинг айрим ҳудудларида аёлларга нисбатан адолатсиз муносабат, камситиш, бир хил иш учун эркакларга нисбатан кам ҳақ тўлаш, жинсий зўравонлик каби ҳолатлар давом этяпти. Қул қилиб сотиш каби инсон савдоси можароларининг қурбони ҳам, асосан, аёллар…
Шундай экан, Хотин-қизларни ҳимоя қилиш борасида БМТ раҳбарлигидаги глобал, ҳукуматларнинг миллий ҳамда шахсларнинг индивидуал чора-тадбирлари давом этади…
Беҳзод Мамадиев
“Маърифат” газетасидан олинди.