Менинг муҳаббатим

Дунёдаги энг яхши кўрган инсоним билан роса йиғлашдик. Ҳа, мен жонимдан ортиқ севган инсоним мени мендан-да кучлироқ севади, буни унинг ҳар нафасидан сезиб тураман. Унинг сўзлари мени янгидан ҳаётга келтиради. Биргина қўнғироғимни қанчалик интиқлик ила кутишини, мени ўйлаб йиғлашини, мени деб ҳатто тунларидан бедор қолишини тасаввур ҳам қила олмайсиз.

Мен унга совға қилган арзимас нарсани ҳам ҳаммага достон қилади, уни мен берганим билан фахрланади, менинг ҳар бир муваффақиятларимдан боши кўкка етади.

Ундаги муҳаббатни сўз билан таърифлашнинг иложи бормикан? Меҳр-муҳаббатнинг бундан ортиқ кўриниши бормикан? Мен эса уни у ардоқлагандек ардоқлай оламанми? Нега менсиз яшай олмаслигини, ҳафтада атиги бир мартагина қиладиган қўнғироғимни интизор кутишини нега ҳис қилмайман? Ёки мени ўйлаб егани ичига тушмаётганлиги, мудом йиғлашини нега тушунмайман? Нега бир оғиз ширин сўзимни ундан қизғонаман?

Ахир унинг шаънига тонналаб олқиш ёғдирса арзийди-ку! Ёки шундайин ишбилармон бўлиб кетдимми? Баҳонани қаранг: “Ишлар кўпайиб кетиб телефон қила олмадим”. У ёқдан жавоб келади: “Ўтган ҳафтадан бери телефонга зор термуламан. Ҳар бир қонғироққа илинж ила қулоқ тутаман, чоршанба кутдим, шанба кутдим… телефон ҳам кўзимга дунёдаги энг ёмон махлуқдек кўриниб кетди”. Ва ниҳоят душанба куни телефон қиламан: гўшакдан унинг дунёда тенгсиз овози эшитилади. У йиғлар эди… Мен ҳам йиғладим…

Мен сизни ҳаммадан яхши кўраман – ОНАЖОН!

Давронбек Тожиалиев