Мутахассислар фикрига кўра, ер юзининг муз билан қопланган қутб ўлкаларидан бошқа барча ерларида қалдирғочларнинг 79 тури, жарқалдирғочларнинг 86 тури яшайди. Ўзбекистонимизда қалдирғочлардан: қишлоқ қалдирғочи, туя қалдирғочи, шаҳар қалдирғочи ва сув қалдирғочи учрайди.
Ушбу нозик қушнинг бургут билан жангини томоша қилганмисиз? Мен кўрганман. Бу воқеа Американинг Глен Плей деган тоғли ўлкасида бўлиб ўтган эди. Ўша куни осмон беғубор, беш-олтита бургут учиб юришарди. Бургутлардан бири қалдирғочнинг полапонларини безовта қилган бўлса керак, унинг тепасида бир қалдирғоч бетиним айланиб бошини чўқилар ва зудлик билан тепага кўтарилар ва яна шўнғиб бургутнинг бошини тинмай чўқилар эди. Бургут қалдирғочнинг ҳужумларига умуман жавоб бера олмас ва ўзини қаерга қўйишни ҳам билмас эди. Бургутнинг гавдаси катта бўлгани учун қалдирғочнинг орқасидан тепага қувиб чиқиш даражасида эпчил эмасди. Ниҳоят бургут тезлик билан пастга шўнғиб, қалдирғочдан қочиб қутулиш йўлини топди…
Илк бора мен қалдирғоч билан олти ёшларимда мактабимиздан юз қадамча наридан оқиб ўтаётган анҳорга маҳлиё бўлиб ўтирганимда танишганман. Ўша куни бир нечта қалдирғоч галма-гал анҳор қирғоғига қўнишиб, уй қуриш учун унинг юмшоқ ерларидаги лойдан чўқилаб-чўқилаб тумшуқларига олишар ва бу лой ушоғини қайтадан ерга ташлаб, бошқа томонидан чўқилаб қайтадан оғизларига солишар эди.
Кейин тушунимча, шу тахлит ҳар бир лой ушоғини ийлаб, обдон пишитган экан. Ёшлигимдан ўртоқларимнинг бирортаси уйида қалдирғоч ин қуриб бола очганини кўриб қолсам, жуда ҳавасим келарди. Лекин нима учундир бизнинг уйимизга қалдирғоч ин қўймас эди. Мен бундан хафа бўлган чоқларим ҳам бўлган.
Фалакнинг гардиши айланиб, йиллар ўтгач, ўзимга ҳам оилам учун уч хонали уй солиш насиб қилди. Шу йили баҳор келиб, кунлар исигач, ойна ромлари табақаларини очиб қўйсак, янги уйимиз ичига ҳар замон бир-иккита қалдирғоч кириб айланишни одат қилиб олишди ва ниҳоят уларга кичикроқ бир хонамиз маъқул келди, шекилли, кираверишдаги чап бурчак тепасига ин қура бошлашди. Шу йили қалдирғочларнинг тўртта полапони учирма бўлди.
Қалдирғочларнинг полапонларининг парвариш қилишини кузатиб, кўп ҳайратли ҳолларни кўрдим. Эсимда қолгани — улар доимо полапонларини тагини тозалаб, ҳар хил чиқитларни ташқарига чиқариб ташлашар, ўз инларини қуришадиган бўлишса, иложи борича ушбу уйларни таъмирдан чиққан-чиқмаганини эътиборга олишар экан. Одамлар ўз уйларини таъмирлаш чоғи қалдирғочларнинг инларини ҳам бузиб юбориши бунга сабаб бўлган бўлса керак.
Қалдирғочлар полапонларини фақатгина овқат ва сув билан таъминламасдан, уларга учишни ҳам ўргатишганининг гувоҳи бўлдим. Бир куни бир қалдирғоч боласи ўзининг учирма бўлганига ишона олмай сўрининг симига қўниб ўтирарди.
Бир пайт ўша катта қалдирғоч “қани, кетимдан уч”, дегандек ишора қилиб, қаноти билан полапонни бир туртиб ўтиб кетувди, полапон сўри симини чангалидан қўйиб юбормай, боши ерга қараганча осилиб қолди. Бир оздан сўнг симни чангалидан бўшатиб, онаси кетидан учиб кетди.
Улар инларини ташлаб чиқиб кетишгач бир ой ўтиб, ҳовлимиздаги ток сўрига ўнтача қалдирғоч келиб қўнди. Бирмунча вақт нималарнидир ўзаро ғижирлашгач кетма-кет қалдирғоч ини турган хонага учиб киришди. Хона қалдирғочга тўлиб кетди. Ҳамма қалдирғочлар бирваракайига хонанинг ҳеч қаерига қўнмасдан, ичини уч-тўрт маротаба айланиб, гўё кўнгилларидаги барча эзгу тилакларини, миннатдорликларини изҳор қилиб, узоқ-узоқларга, жануб томонга учиб кетишди.
“Қишлоқ ҳаёти” газетаси, 2007 йил 20 ноябр