Киши кўнглида гина, жавобсиз саволлар қолмасин экан. Бас, пайдо бўлдими, бартараф этилмаса, ўз-ўзидан таъсир кучини ошириб бораверади. Севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик бу ҳолатни “Жиноятнинг узун йўли” рисоласида қуйидагича таърифлайди: “Бу худди ер остида куч тўплаётган вулқонга ўхшайди. Ҳамонки вулқон куч тўплар экан бир кунмас-бир кун портлайди. Фарзандингизнинг портлаши қандай бўларкин? Сизга қараб бақириб берадими ёки уйдан чиқиб кетадими? Учинчи йўлдан Худонинг ўзи асрасин…”
Бу ҳолат ўқитувчи ва ўқувчи, ака-ука, опа-сингил, дўсту дугона… хуллас кишилар билан кишилар ўртасида рўй бериши мумкин. Биз бугун бу зиддиятнинг ота-она ва фарзанд ўртасида содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатлари ҳақида мушоҳада юритмоқчимиз.
ХОҲЛАМАГАН ЭДИМ…
Ўз отасига қўл кўтарган йигит афсусланди… Келинг бир оз изоҳлашга уринайлик. Воқеа аввалида ота ўғлини қишлоқдан шаҳарга олиб келади. Бозор-ўчарга ўргатиб, катта бозордан битта раста ҳам олиб беради. Кўп ўтмай бозордаги обрўсини оширишни истаб қолган ўспирин спорт тўгарагига қатнай бошлайди. Вақт ўтиб отасидан-да кўпроқ пул топишга ўрганади. Ҳақини бемалол ортиғи билан ажратиб олишга одатланади. Отасининг мақтовлари эса уни руҳлантириб бораётганди. Шу орада “ўғилча” бир йигитни ярим жон қилиб қўйиб, панжара ортига тушиб қолди. Ота: “Ўзининг топгани ўзига” қабилида иш тутиб, ўғлини тезда чиқариб олди. Хулласки, эркатойлиги ортганидан-ортган ўғил арзимаган пул сабаб отасини ҳам калтаклашга тушди. Лаблари қимтинганича кўзларидан ёш томчилаётган ота ҳасратини кимга айтсин? Фақат ёшлигида ичкиликка ружуъ қўйиб, падари бузрукворини ранжитган йилларини алам билан хотирлади. Ўғилнинг важи ҳамон илгаригидек: “Ҳеч нарсани тушунишни истамайди, хоҳламаган эдим, ўзимни тутолмай қолибман”.
Воқеа баёнини шу ерда тўхтата қолай.
Суҳбат чоғида ёшроқ йигит отасидан нолиган оҳангда ўз мулоҳазасини билдирганди. Ўшанда даврада ўтирган бадавлат бир кишининг унга берган танбеҳини кўп ёдга оламан: “Ҳеч қачон бундай гапирмагин. Агар мумкин бўлса эди, отам раҳматлик билан бир мартагина суҳбатлашиш учун бор давлатимни, қолган умримни ҳам ҳадя қилардим. Нима бўлганида ҳам ота-онангнинг тириклигида қадрига етиб яшагин”.
МEН АЙБДОР ЭМАСМАН-КУ…
Зиёли оила хонадони. Ота ҳам, ўғил ҳам — педагог. Ўғил институтни тамомлаб, мураббийликни бошлаганига 4-5 йилдан ошган. Бироқ ичкиликка муккасидан кетган. Ота-онанинг танбеҳларини гап деб билмайди. Ёшлигидан ҳеч ким раъйини қайтармаганига ўрганиб қолган-да. Гувоҳ бўлганим — кайфу сафодан маст ўғил отасининг икки оғиз танбеҳига шундай жавоб қайтараяпти:
— Нима мен сизларнинг фарзандларингиз бўлганимга айбдорманми? Ўзларингиз пиширган ош, нима бўлса ҳам чидашга мажбурсизлар.
Она суҳбатга аралашди:
— Келиннинг олдида ҳам шу гапларингни такрорлайверасан-ми?
— Мен нима қилибман, сизлар шундай тарбиялагансизлар. Муҳитни сизлар яратгансизлар-ку, ахир. Менда нима айб…
Ҳа, унинг энди “суяги” қотди. Энди у ўз сўзларини ҳам, ҳаракатларини ҳам хато ҳисобламайди. Шунча гаплардан сўнг ҳижолат бўлиш қаёқда? Кўчага отланаркан: “Келмай қолсам, хавотир олмасдан, бемалол ухлайверинглар”, — дея пардали-пардали гапириб, чиқиб кетди.
Она нолиб қолди. Ўғли ўртоғининг тўйида маст бўлиб қолиб, жанжал қилибди. Ажратмоқчи бўлганида ўзига ҳам (ўғлининг қўлларидан) мушт тушибди. Айтишича елкаси кўкариб, бир ҳафта оғриб юрганмиш. Аввало, кўнгилларимизда “вулқон” пайдо бўлмасин экан. Пайдо бўлибдими, тезда “зарарсизлантириш” керак, акс ҳолда кун келиб портлаши тайин.
КЎЗ ЮМУҚ БЎЛСА-ДА…
Энг яхшиси, “вулқон” портлашининг олдини олиш эмас, унинг вужудга келишига йўл қўймасликдир. Дилларимизда дилхиралик, зиддиятларни бутунлай йўқотиб покиза яшашга интилайлик. Вужудингизда оғриқ турса, кўзларингизни юмганингиз билан у унут бўлмайди-ку. Бу зиддият фақат ота-она билан фарзанд ўртасидагина учрамаслигини таъкидлагандик. Барча зиддиятлар, жанжалу тўполонлар замирида ҳам, барча гўзалликлар, эзгуликлар замирида ҳам кўнгил кечинмалари ётади. Кўнгил эса ғоятда нозикдан-нозик. Биргина сўз, биргина нигоҳ, биргина ҳаракат билан у кўнгилни вайрон этиш, ёинки шод этиш осон. Ранжитганингда ўзингнинг ҳам дилинг хуноб бўлади. Ранжиган кўнгилни овлашни истаб қоласан. Агар хурсандчилик бахш этсанг, ўзинг ундан-да кўпроқ шодланасан. Демакки, кўнгиллар вобаста. Жалолиддин Румий таъкидлаганидек: ”Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил”.
Азиз Норқулов,
“Маърифат” газетасидан олинди.