Пойтахтимиз Тошкентнинг кун сайин гўзал ва янада обод мегаполисга айланиб бораётгани фақат юртимиз меҳмонларини эмас, энг аввало, юртдошларимиз, шаҳримиз аҳолисини ниҳоятда мамнун этмоқда. Жумладан, пойтахтимизнинг барча кўчалари кенгайиб, йирик проспектлар — шоҳкўчаларга айланди. Улкан кўприк ва йўл ўтказгичларнинг қурилиши эса шаҳарнинг жуда кўп тураржой даҳаларини бир-бири билан қулай йўллар орқали туташтириш имконини берди.
Бу борада пойтахтимиз аҳли ва яқин-йироқдан келаётган меҳмонларга айниқса хуш ёқаётган бир жиҳатни айтиш керак. Бу Тошкент шаҳри аҳолисига эрта тонгдан то ярим кечга қадар беминнат хизмат қилаётган транспорт турларининг янгилангани, “Мерседес-Бенз” русумли хорижий гўзал автобуслар ёнига ўзимизнинг кўҳна Самарқандда ишлаб чиқарилган “Исузу” русумли ихчам ва қулай автобусларнинг келиб қўшилганидир.
Тасаввур қилинг, эрта тонгда ишга шошилаяпсиз, бекатга келиб тўхтаган автобусга ўн сония кечикдингиз. Кейингиси ҳам яна беш-олти дақиқадан сўнг етиб келади, бироқ шунисига илинсангиз зўр бўларди-да. Йўл четида туриб шу ҳақда ўйлаётганингизни сиз кечиккан автобус ҳайдовчси қаёқдан билдийкин, шундоқ ёнингизда тўхтаб, эшигини очиб турса-я!
Ҳа, бу онда-сондагина эмас, ҳар куни юз бериб турган оддий воқеа. Шундай чоғлар ўзининг доимий йўловчисини таниб қолган ҳайдовчиларга “Раҳмат!” дейишнинг ўзи камлик қилади.
Энди бошқа бир манзарани ҳам айтмасак бўлмас, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, бир куни автобусга чиқсам, чиптачи – тиқмачоқ гавдали ўсмир йигитча: “Ака, бўш жой бор-ку, ўтирсангизчи”, деб қолди. “Э, шарт эмас, ҳали-замон ёш болалими-кексами чиқиб қолар”, деб қўяқолдим. Бироздан сўнг у “қани, йўл ҳақини тўланглар,” – деб салон бўйлаб юра бошлади. Мен ойлик чиптани кўрсатдим, шунда у кўзимга ўқрайиб қараб, “Э, акагинам, бояги гапимни қайтариб олдим. Бўш ўринга пул тўлаганлар ўтиради”, деди-да ёнимдан ўтиб кетди. Бу гапни эшитиб энсам қотди. Тавба бундай муомалани, беписандликни қаердан ўргана қолдийкин? Қолаверса, мулоқот маданиятидан бехабар бундай ўспиринни жамоат жойида ишлашига ким рухсат берди экан?!
Йигитча ўз “фаолияти”да давом этаркан, патта олганларга: “Яшанг-е, акахон, бор экансиз-ку”, деб уларни мақтар, ойлик йўл чиптасини кўрсатганларга эса нохуш қараб қўяр, гоҳида эса “Ўргилдим шу проездной деган нарсадан,” деб ошкора уф тортиб қўярди. Уни зимдан кузатарканман, шу бола “ҳозир автобусдаги қанча одамни кўнглини хира қилаётганлигини билармикан”, дея ўйлардим.
Масалан, мен ўзим олий ўқув юртига кириш учун тайёрланиб юрган пайтларим эди. Лекин эрталабдан укам тенги боладан дакки эшитдим. Бу эса руҳиятимга таъсир қилди. Хўш, бошқаларга-чи? Тўғри, кимдир норози қараш қилди, кимдир минғирлади, лекин болакайга дашном берадиган топилмади. Андиша қилишдими? Эҳтимол ёш бола билан тенг бўлиб ўтиришни ўзларига эп кўришмагандир?
Бир сафар дўcтим билан автобусда кетаётганимда, чиптачи унинг ҳужжатларини текшириб: “Коллежни битирганингга бир ой бўпти, ўқувчилик чиптанг ўтмайди, қани пул тўла-чи”, деб туриб олгани, дўcтим бўлса жон-жаҳди билан мактабни битирганлар коллеж ёки лицейга киргунларича, у ерни тамомлаганлар олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари тамом бўлгунича ўқувчи ойлик йўл чиптасидан фойдаланишлари мумкинлигини тушунтиришга урингани ёдимга тушди. Бугун эса бундай дилхиралик ўз бошимга ҳам тушди. Сир эмаски, сўнги йилларда ҳар бир соҳада туб ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бермоқда. Жумладан, кўзни қувонтирадиган кенг ва равон йўллар, кўприклар солиниб, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилмоқда. Президентимизнинг 2008 йил 6 февралдаги “Тошкент шаҳрини йўловчи автобуслар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тармоқдаги ислоҳотларни бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳужжатга асосан 2008 йилнинг ўзида 200 та “Мерседес-Бенз” русумли автобус харид қилинди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 6 майдаги “Тошкент шаҳрини автобуслар билан қўшимча таъминлаш чора–тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ яна 200 та “Мерседес-Бенз” автобуси харид қилинди. Сўнгги русумдаги бундай қулай ва шинам автобуслар шаҳарнинг йўловчи гавжум йўналишларида аҳолига намунали хизмат кўрсатиб келаётир. Бугунги кунда “Тошавтобустранс” акциядорлик компанияси корхоналари тасарруфида 1 595 та автобус мавжуд бўлса, шундан 924 таси “Мерседес-Бенз” русумли автобус, 558 таси эса Самарқандда ишлаб чиқарилган, ҳар томонлама қулай “Исузу” русумли мидибусдир. Аҳолига транспорт воситаларидан фойдаланишда янада қулайлик туғдириш мақсадида ойлик йўл чипталари ташкил этилгани кун давомида бир неча транспорт воситаларидан фойдаланадиган йўловчилар, айниқса ўқувчи ва талаба ёшлар учун жуда қулай, албатта. Лекин, айрим чиптачи ёки ҳайдовчи акаларимиз уларни “ёқтиришмайди”, ўз муносабатларини яширишмайди ҳам. Ажабланарли ҳолат: нима улар йўловчиларни шахсий автобусларида олиб кетишмоқдами? Ахир, автобус давлатники, улар эса бор-йўғи ёлланма ишчи.
Кўпчилигимиз иш жойига автобусда борар эканмиз, демак кунлик фаолиятимиз ҳам айнан шу ердан бошланади. Намунали хизматдан кайфиятимиз кўтарилади. Аммо тескариси бўлса-чи? Ҳар тўкисда бир кемтик деганларидек, ушбу соҳа вакиллари, хусусан ҳайдовчи ва чиптачиларнинг аксарияти ўз касблари ва вазифаларига сидқидилдан ёндашмаётганликларини кўп жойларда кўрамиз. Масалан, аксарият йўналиши бир-бири билан кесишувчи автобусларда “йўловчи талашиш” ҳолатлари рўй беради. Яъни бирор бекатда керагидан ортиқча туриб қолиб, изидан йўли шу йўналишда кесишувчи бошқа автобусни кўрган ҳайдовчи тезликни оширади. Орқадан келаётган автобус ҳайдовчиси ҳам басма-басига тезликка зўр беради. Қарабсизки ажабтовур “пойга” юзага келади. Баъзида ҳайдовчининг ўзидан олдинги рейсда кетаётган касбдоши билан телефонда ғижиллашаётганини, кўчавори гаплар билан бақир-чақир қилаётганига гувоҳ бўламиз. Бу сўзларнинг салбий таъсирини қўя турайлик. Йўловчи талашиш, “пойга” қўйишлар қандай ҳодисаларга олиб келишини айтиб бўладими? Автобусда кекса отахону, онахонлар, ёш болали аёллар кетаётган бир пайтда, автобуснинг озгина қалтис ҳаракати ҳам нохушлик келтириб чиқариши мумкин-ку! Инсонлар тақдири билан ўйнашишга журъат қилиш учун одам қай даражада масъулиятсиз бўлиши керак?
Куни кеча 65-автобусга чиқдим. Аслида у Хадра бекатидан, “Ганга” магазини томон бурилиб, Абай кўчаси орқали, “Пахтакор” бекати томон ҳаракатланиши керак эди. Лекин автобус Хадра бекатига етганда чиптачи: “Ганга”га борадиганлар тушсин”, деб қолди. Кузатиб турсам, икки киши ҳайдовчи ва чиптачидан нолиганча тушиб кетди. Автобусдаги бир аёл: “Нега белгиланган йўлдан юрмайсизлар”, деб норозилик билдирса: “Бизга Навоий кўчасидан юриш қулайроқ”, деб важ кўрсатди. Ахир, бу нима деган гап? Наҳотки, ҳайдовчилар ўз билганларича йўналиш танлашса, ўзбошимчалик қилишса?
Шаҳримиз кундан-кунга чирой очиб, йилдан-йилга яшариб бормоқда, кенг кўчалар кечалари ҳам кундузгидан ойдин. Бу, албатта, машиналарнинг кечки маҳал бемалол ҳаракатланишларига имкон беради. Кўпчилигимиз қоронғи тушгач, яна бир кунги иш фаолиятимизни якунлаб уйга ошиқамиз. Автобусимиз тезроқ келсаю уйимизга етиб олсак, деймиз. Бир неча кун аввал кечки пайт соат саккиз яримларда бир бемор танишимни кўриб қайтаётганимда Тиббиёт академияси бекатида тахминан икки соатлар чамаси автобус кутиб қолдим. Кузатиб турсам, 10, 28, 82, 116-йўналишлардаги автобуслар шаҳар марказидан одам олиб келяпти, аммо орқага қайтмаяпти. Фақатгина 116-автобус қайтди. Унинг хоҳлаган бекатида тўхтаб, хоҳлаганда тўхтамаслиги кишини таажжубга соларди. Энг ачинарлиси манзилга етмай, йўлнинг ярмида ҳайдовчи: “Гаражга боришимиз керак”, деб йўловчиларни тушириб юборди. Ҳолбуки “Тошшаҳартрансхизмат” маълумотларига кўра 82-автобус соат 21 гача, қолган 28, 10, 116-йўналиш автобуслари соат 22 га қадар ҳаракатланиши керак экан.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва йўловчиларга маданий хизмат кўрсатиш мақсадида, қандай чора тадбирлар кўрилаётганлигини билиш учун “Тошавтобустранс” акциядорлик корхонасининг бўлим бошлиғи Ҳабибулло Исматуллаевга мурожат этдим:
— Шаҳримизда йўловчиларга намунали хизмат кўрсатиш мақсадида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари соат 8 дан 10 гача, кейин соат 16 дан 18 гача, бунга қўшимча равишда, ҳар ойнинг биринчи ўн кунлиги давомида турли рейд мониторинг ишларини олиб бормоқдамиз, — деди у. — Ўтган йили декабр ойида ДАН ходимлари билан шаҳримиз бўйлаб автобусларнинг меъёрий тезликда ҳаракатланаётганлигини назорат қилиш мақсадида ҳаракат хавфсизлиги ойлиги ташкил этилди. Бундан ташқари, ҳар уч ойда аҳолидан тушаётган шикоятлар ўрганилиб, муаммоларни бартараф этиш чораларини излаймиз. Булардан ташқари маҳалла ва мактабларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар амалга оширилмоқда. Бироқ малакали ҳайдовчи ва чиптачиларнинг етишмаслиги, биз учун энг муаммоли масалалардан бўлиб қолмоқда. Ҳайдовчи ва чиптачилар ўртасида келиб чиқаётган турли кўнгилсиз ҳолатларнинг замирида ҳам кўпинча айнан шу муаммо ётади. Ҳайдовчиларнинг ўзлари бу каби муаммоларга йўловчи камлиги, улар эса кундалик “план” топширишлари кераклигини баҳона қиладилар, ваҳоланки ташкилотимиз йўловчи қатновига қараб энг мувофиқ кундалик “план” ишлаб чиқилган.
Кўриниб турибдики, корхонамиз томонидан ҳайдовчи ва чиптачилар фаолиятини назорат қилиш зарур даражада йўлга қўйилган. Лекин юқорида айтилган “пойга”ларнинг юзага келиши, чиптачи ва ҳайдовчиларнинг қўпол муомаласи кўпроқ уларнинг маънавий дунёси саёзлиги ва ўз бурчларини унутиб қўяётганлиги оқибатида келиб чиқяпти, дейишимиз мумкин.
Суҳбатдошим фикрларини мушоҳада қилиб, уйга қайтарканман, яна автобусга чиқишга тўғри келди. Бу сафар қандай ёқимсиз гап-сўзлар эшитаркинман, деган нохуш бир ҳиссиёт ҳам йўқ эмас эди менда. Ажабо, ҳайратланарли ҳолат: чиптачи мени жилмайиб қарши олди. Ҳатто, “Марҳамат бўш жойга ўтиринг”, дея мулозамат ҳам қилди. “Опа, менда ойлик йўл чиптаси” десам, мулойим боқиб, “Тушунарли, марҳамат, жойингизни эгалланг”, деди ва нарироқ кетди. Йўловчилардан бири чиптачига, фалон бекатга етганимизда бизни огоҳлантириб қўйсангиз, деган эди, “Хўп, бўлади, хавотир олманг, биз бекатларни эълон қилиб борамиз”, деди. “Кейинги бекат Сағбон Тушадиганлар, марҳамат, тайёрланиб туринглар”, деди. Бурчакдаги ўриндиқда ўтирганча хаёл суриб кетарканман, эрталабки ғўр ўспирин билан манави хушмуомала, ўз касб маҳорати ва маданиятини пухта эгаллаган “чиптачи опа”ни ўзимча таққослаб кўрдим.
Буни қарангки, ҳайдовчи ҳам автобусни бир маромда бошқариб боряпти. Эрталабки каби “пойга” ёки бирор бекатда ортиқча туриб қолиш ҳолатлари ҳам йўқ. Ўз-ўзидан руҳиятимда қандайдир кўтаринкилик сеза бошладим. Тунда ҳам сутдек ойдин кўчаларга қараб, эзгу амалларни бажаришга ўзимда рағбат туя бошладим. Кун бўйи тик оёқда хизматда бўлган чиптачи ўз ишини билиб қилар айни чоғда тетик руҳи, қувноқ кайфиятини бошқаларга юқтириб борарди.
Хаёллар оғушида эканман, бир маҳал чиптачининг: “Ҳурматли йўловчилар, сўнгги “Пахтакор” бекатига етиб келдик. Сизларга оқ йўл тилайман!” деган самимий сўзларидан ўзимга келдим ва енгил кайфиятда автобусдан тушдим.
Миракбар Одилов
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 19