От! – бу шундай жонивор эканки, агар унга ўз меҳрингни бериб парвариш қилсанг, у ҳам сендан ортиқ меҳр қўяр экан. Ота-боболаримизнинг отга таъриф беришганида «агар, кимда-ким отни тушида кўрса, ўнгида у одам албатта яхшилик кўради. От бу эркак кишининг қаноти, яқин дўсти, у ўз умрининг 3/2 қисмида эгасига, яшаётган хонадонига соғлиқ ва қут-барака тилайди» деб айтишган. Бу гапларнинг ҳақиқатга нечоғлик яқинлигини уйида от боққанлар жуда яхши билишади.
Биламизки, илгаридан бу жонивор одамларнинг яқин кўмакдоши бўлиб келмоқда. Масалан, қишлоқларда отга арава қўшиб ўз ишларини битиришса, яна узоқни яқин қилиш учун ҳам бепул транспорт воситаси сифатида фойдаланилади. Аммо орамизда шундай кишилар борки, улар бу жониворни авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий кўпкари ўйинлари учун боқиб парвариш қиладилар.
Шу ўринда савол туғилади. Инсон билан тили йўқ онгсиз жонивор дўст бўлиши мумкинми?
Сизларга бир-бирига ўз меҳрини берган инсон ва унга яқин дўст бўлиб қолган Жийрон ҳақида сўзлаб берсам.
Жиззах вилоятининг сўлим Бахмал туманида яшовчи Ҳамдамбой исми тилга олинса, у исм билан бирга нафақат туман, вилоят, қолаверса қўшни вилоятларда яшаётган, қўлини кўксига уриб, мен эркакман, деган кўпкари ишқибозининг кўз ўнгида манглайида оқи бор бир қизил жийрон от ҳам намоён бўлади.
У киши отбоз бўлган, қўлидан жуда кўп отлар ўтган. Аммо сўнгги оти — Жийронни болалигидан меҳр билан тарбиялаб парвариш қилди. Жонивор жуда тез вояга етиб, уч ярим ёшдан кўпкари туша бошлади. Унинг оёқлари бақувват, гавдаси ҳам катта эди. Кўзлари эса чақнаб турарди. Ёш бўлсада, Жийрон кўпкарида ўз ўрнини топа билди.
Яхши отнинг ўзига мос ҳалол, бақувват, чайир чавандози бўлса…
Норжигит полвон! – деса одамлар исми жисмига мос бир чавандозни билишарди. Бу чавандоз билан Жийрон гўё бир-бири учун яралгандек эди. Чавандознинг ютуғи шунда эдики, у отни овозга ўргатди. От ҳам товушга монанд полвон ердан улоқни кўтариши билан ҳа, … деганида чамаси 100 отлар орасидан отилиб чиқиб кетиб тўғри чорбоққа келарди.
Норжигит полвон бизнинг қишлоқлик чавандоз эди. Ана шу бобомиз Жийрон билан қанчадан-қанча кўпкари мусобақасида қатнашмади дейсиз. Бу от бир тўйнинг ўзида ҳаттоки 8-9 мартагача ҳалол соврин олиб одамларнинг олқишларига сазовор бўлган.
1997 йил 10 июн Жийрон учун кўпкари қийинчиликларидан ҳам оғирроқ азобли кун бўлди. Чунки, бутун меҳрини, cадоқатини берган эгасидан ажралиб қолди. Отни эгар-жабдуқлаб ташқарига чиқариб боғлаб қўйишди. У бўлса нима бўлаётганини аллақачон билган экан.
Жонивор қозиғини гир айланиб, кишнаб, кўз ёш тўкдики, унинг кўз ёшлари мисоли дарё каби оқди.
Бобога жаноза ўқилаётганида, отнинг сукут сақлаганини ва кўзидан оққан ёшини кўрган одамлар бу жониворнинг эгасига кўрсатган ҳурмати ва садоқатидан ҳайратланиб, ёқа ушлашди.
Тобут ердан кўтарилиши билан, яна овози оламни бузгудай кишнаб, нолалар чекиб, шу тарзда эгасини сўнгги йўлга кузатди.
Жийроннинг бобомизга қилган энг катта хизмати шу бўлдики, тўрт тоғнинг ўртасига Ҳамдамбой номини чиқарди.
Умурзоқ Ҳамдамов,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факултети талабаси