Илм пулга сотиладими?

Хўш, биз илм деганда нимани тушунамиз? Маълумки, дунё бошидан оёғигача — жумбоқ. Ана ўша жумбоқлар эшигига тушадиган калит илмдир. Бу калитга эга бўлмоқ учун эса одам бир қадар покланмоғи жоиз. Мабодо, илм ишига пул аралашса, мазкур ҳолатнинг ўзи залолат ботқоғи томон етакламоғи бор гап. Залолат инсон боласини ўзлигидан мосуво қилади. Мамлакат инқироз жари ёқасига яқинлашади. Алҳол, элу юрт тақдирини олимлар белгилайдилар. Ҳадиси шарифда, олимлар пайғамбарларнинг ворисидир, деб бежизга айтилмаган. Илм кишилари мол-дунёга майл қўйдими, шу аснода ўз вазифаларининг тескарисини бажара бошлайдилар. Яъни халқни гумроҳлик сари етаклашади.
“Жаҳон адабиёти” тахламларини варақлаб ўтириб, “Кўланкадаги Россия” (2003 йил, 5-6-сон) сарлавҳали мақолага кўзим тушиб қолди. Мақолада қуйидаги гаплар диққатимни тортди: “Агар институтларнинг ўқитувчиларига маош тўланмаса ҳам ҳечқиси йўқ — улар, барибир, ишга қатнайверадилар, чунки уларнинг таъмагирлик ва порахўрлик билан топадиган маблағларининг манбаи битмас-туганмасдир. Шуни ҳам айтиб қўяйки, менинг танқидий мулоҳазаларим, биринчи навбатда гуманитар факултетларга тааллуқли. Техникавий ва бошқа факултетларда вазият ўзгача бўлиши ҳам мумкин, лекин бу ўзгачалик кўланкадаги ўқитувчилик фаолиятининг кўламига алоқадор бўлади, холос”.
Озод Обид таржимасида эълон қилинган мазкур мақолада порахўрлик, таъмагирлик системасининг “қурилиши”, иш жараёни асосли далиллар воситасида фош этилади: “…Ҳозир абитуриентларнинг ота-оналари репетиторларга шунчаки машғулот ўтагани учун эмас, олий ўқув юртига киришга кафолати учун ҳақ тўлашга тайёрлар. Айни ана шу кафолат пулга арзийди. (Баъзи бир ўқув юртларида репетиторлик учун алоҳида пул олишади, институтга кириш учун алоҳида олишади, чунки бу репетитор кириш имтиҳонлари таркибига кирмай қолиши (мумкин), бундай ҳолларда репетитор ҳамкасабалари билан бўлишишга мажбур бўлади). Амалда ҳар бир факултетда “фаол” ўқитувчиларга институтга олиб кириши лозим бўлган абитуриентларнинг миқдори аввалдан белгилаб қўйилади…”
Демак, бу ҳали порахўрликка асосланган машина ғилдирагининг илк силжиши экан. Ундан сўнг эса “… ҳар қайси сессия даврида совға-саломлар туҳфа этиш жараёни бошланади. Бунинг натижасида давлатнинг таълим тизимида учига чиққан порахўр ва бу жиноят учун деярли жазоланмайдиган ўқитувчилар гуруҳи пайдо бўлади, оқибатда икки пулга қиммат мутахассис ёшлар юзага келади. Бундай ёшлар кўланкадаги иқтисодиёт бобида биринчи сабоқларни олий ўқув юртида олади”.
Юқоридаги иқтибосларни бежизга келтирмадик. Боиси, бу қабилдаги “кўланкадаги тадбиркорлик” фақатгина Россия олий таълим тизимига хос эмас, балки айни вақтда собиқ иттифоқдош республикаларнинг аксарияти айнан ўша иллатни бошдан кечираётир.
Тарихдан маълум — жадидлар жамиятдаги ислоҳотларни замонавий усулдаги мактаб ва олий таълим тизимидан бошлаганлар. Иқтидорли болалар танлаб олиниб, ҳомийлик асосида хорижий мамлакатларга ўқишга юборилган. Гоҳида уларни маҳаллий бойлар пул билан таъминлаб туришган ҳам. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакат ободлиги эди. Ҳа, айнан илм воситасида мамлакат гуллаб-яшнайди. Чунки ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади. Кадрларни эса олий ўқув юртлари етиштириб беради.
Россия олий таълим тизими нуқсонларию, хорижий мамлакатлардаги илғор ютуқларни чеккага суриб қўйиб, ўзимиздаги манзараларга бир қур назар ташлайлик. Сўз аввалида мисол келтирмоқчиман. Ўз соҳасининг профессори, таниқли иқтисодчи олим билан анчадан бери танишман. У киши санъат, адабиёт шайдоси. Шу боисдан тез-тез мулоқотга киришиб турамиз. Ўша инсон ҳожатбарорлиги билан ҳам танилган. Биров ниманидир илтимос қилса, йўқ дея олмайди. Кунлардан бир кун йўл-йўлакай фалон институтга кириб ўтадиган бўлдик.
— Яқинда Хоразмга бориб келдим, — деди у, фалончи (воҳада анча таниқли одам — Б.Р.) қаттиқ илтимос қилиб юборди. Ўғли сессия имтиҳонларини топшира олмабди — ёрдам керак экан…
Иқтисодчи акамиз умр бўйи ҳалол яшаб келаётган одам. Бировдан бир сўм таъма қилганини эслолмайман. Лекин ичкиликка сал иштиёқманд — қизишиб олгач, баҳсу мунозарага киришиб кетади. Илтимос қилган бойвачча нари борса қуйиб бергандир… Хуллас, икковимиз институт сари йўл олдик.
Ҳар хил талабаларни кўрганмиз. Лекин… институт эшиги ёнида ўзига бино қўйиб, башанг кийинган талабаларга кўз тушгач, масала моҳиятига етгандай бўлдим. Тўғри, уларнинг орасида илмга иштиёқмандлари ҳам бордир. Аммо такаббурона қадам ташлашлар талабанинг кимлигини фош этиб тургандай гўё…
Анча домлалар ҳожатбарор акамизнинг шогирдлари экан. Қуюқ салом-аликдан сўнг мақсадга кўчилди.
— Баҳосини қўйиб бераман, — дейди домла пешонаси тиришиб. — Бир-иккита дарсга қатнашсин ахир?! Машғулотларга умуман келмайди. Қаерда ялло қилиб юришини худо билади?!
Икковлон ўша бойваччанинг ўғлини излаб кетдик. Отаси пойтахтдан шинамгина уй сотиб олиб берган экан. Ёнида онаси парвона. Камтарингина жувон. Ўғил эса уяли телефонни қўлдан қўймайди. Ҳеч ким билан гаплашгиси йўқ.
— Домлаларингни танийсанми ўзинг, — деди ҳожатбарорнинг жаҳли чиқиб. Ўғил “йўқ, танимайман” деди. Қаранг, ростдан ҳам машғулотларга қатнашмас экан. Домлалар умуман дарсда иштирок этмайдиган талабага баҳо қўйишдан оғринади-да, ахир?
Илмга меҳри йўқ унинг. Пул бор, мол-дунё бисёр. Эркатойлик шу даражадаки, бобоси тенги одамни, таниқли олимни назарига ҳам илмаяпти. Бу ўз навбатида ўша бойвачча шахсиятининг инқирози эмасмикан?
Яқинда бир мақола ўқидим. АҚШга сафар қилиб келган тележурналист уммон орти давлатларидаги олий ўқув юрти ҳақида мулоҳаза юритибди. Ўша ўқув юрти хусусий экан. Яъни бир миллиардерники. Хотини мазкур олийгоҳда ўқитувчи бўлиб ишларкан. Уларнинг якка-ю ёлғиз ўғли худди ана шу университетга уч йилдан бери ҳужжат топшириб, киролмаётган экан. Қаранг, ота бир оғиз гапирса — ҳамма иш ҳал бўлади-қўяди. Бироқ ота кириш имтиҳонларига аралашмаган. Ўзбек журналисти бунинг боисини сўрайди. “Менинг шахсий манфаатимдан Америка манфаати устунроқ” дея жавоб қайтаради миллиардер ота.
Яна бир мисол. “Ўқитувчи” нашриётида Доимо Раҳмонбекова деган мусаввир хизмат қилган. 1989 йилда у турмуш ўртоғи билан бирга — уям рассом — Парижга йўл олади. Даставвал иқтисодий жиҳатдан бирмунча қийналишади. Сўнг шахсий кўргазмасини кўрган француз бойларидан бири санъатига ошуфта бўлиб қолади ва уларга ҳомийлик қила бошлайди. Ўша бойваччанинг беш фарзанди бор экан-у, болаларига парво қилмаскан. Фарзандлари норози қиёфада ота ҳузурига киришибди. “Мен бу бойликларни ўзим тер тўкиб топганман. Сизларга бир цент ҳам бермайман. Ўзларингиз меҳнат қилинглар. Лекин талантли кишиларни рағбатлантираман. Талантли одамларга албатта ҳомийлик қилмоқ жоиз. Негаки, талантни рўёбга чиқариш нафақат бир миллатга, бутун башариятга фойда келтиради”, дебди ота.
Табиийки, болалар аввалига бироз ранжишган. Кейин эса пул топиш йўлини излаб кетганлар. Ва ниҳоят отанинг нақадар ҳақлиги исботини топган: уйли-жойли бўлишгач, фарзандлар отага миннатдорчилик билдиришади. Мабодо ота болаларини моддий жиҳатдан тўла таъминлаб қўйганида эди ўша ёшлар пулнинг қадрига етишмасди, етук шахс сифатида шаклланмас эди. Мана сизга турмуш фалсафаси!
Бизда қанақа? Фарзандни боқишдан тортиб, ўқишигача, уйли-жойли қилишгача ота-она гарданида. Бола ақлини таниганидан кейин ота-онасини шу ишга мажбур, деб ўйлайди ва унда яшаш учун кураш салоҳияти шаклланмай қолаверади.
Юқорида зикр этилган француз миллиардери ҳақидаги ҳикояни менга Доимонинг онаси, таниқли педагог олима Қумри Абдуллаева ҳикоя қилиб берган эди. “Қизимизга ҳомийлик қилган одам рафиқаси билан Тошкентга келди. Миннатдорчилик тариқасида уйимизга таклиф қилгандик — бунақа нарсаларга эътибор қилмас эканлар. Меҳмонхонада туришди. Тинмай саёҳат қилдилар — ҳатто Орол бўйларигача”, — дейди опа. Французларнинг ҳаёт тарзи шундай: улар Ақл ва Вақтнинг қадрига етишади.
Илм билан пул аралашдими, бу миллат инқирозининг бир нишонаси. Қуш уясида кўрганини қилади, дейдилар. Болалик даврларимизда ўқитувчиларнинг нон ейишини тасаввур этолмас эдик. Наздимизда ўқитувчи фаришта эди. Ана шунинг учун ҳам идеал инсон сифатида ўқитувчини танлаганмиз. Маълум даражадаги ҳақиқатпарварлигимиз шу идеал хосиятидандир.
Бугунги кунда ҳам шундаймикан? Гоҳо очиқчасига таъмагирлик қилаётган муаллимлар ҳақида эшитамиз. Биз ўқиган пайтларда баъзи ўқитувчилар ҳатто байрам арафасида ёзган откриткаларимизни ҳам қайтариб беришарди. “Бунинг ўрнига дафтар ол, ўчирғич, қалам ол — ўзинг учун ишлат”, дея койишарди. Ҳозир-чи? Ремонт учун — пул. Парда учун — пул. Супурги учун, гул учун — пул. Зиёфатлар учун… Муаллимларга эса алоҳида совға-салом… Ахир, бунақа алфозда жажжи фарзандларимиз идрокида “ҳамма нарсани пул ҳал қиларкан-да”, деган тушунча муҳрланиб қолмайдими?
Олий ўқув юртларининг баъзиларида эса таъмагирлик урф тусини олган. Айниқса, сессия имтиҳонлари маҳалида айрим домлаларнинг кўзида нафс учқунлари ёлқинланади. Бир ҳамкасбимиз ҳикоя қилади: “фалон институтда она ва қиз талабаларга сабоқ бераркан. Имтиҳонни қизи оладиган бўлибди. Қўлида уяли телефон. Совға-салом очиқчасига… Қиз онасига сим қоқармиш: “Ая, бир студент кофейник обкепти, баҳосини қўяверайми?” Она “кофейник уйда тиқилиб ётибди. Бошқа нарса опкесин. Баҳосини қўйма!” — дермиш”.
Афсуски, бу гап латифа эмас. Яна бир ўқув юртида эса имтиҳон пул билан нархланаркан. Талабалардан бири “Мен синовга яхши тайёрланганман. Менам пул беришим керакми?” деса домласи “сенга лъгота бор — сал камроқ тўлайсан”, дермиш. Буни ҳам тўқиб чиқаришмаган, албатта.
Сал “инсофлироқ” домлалар эса таъмагирликнинг ниқобланган шаклини ўйлаб топишибди. Аввал талабани имтиҳондан йиқитишаркан. Сўнг эса “репетитор ёллаб, тайёрлансанг бўлмайдими?” дейишаркан. Талаба “Кимни ёлласам экан, домла?” деса ўзини таклиф этишади. Қарабсизки, таъмагирлик мутлақо сезилмайди. Домла репетитор сифатида пул олаверади-да!
Яна бир тоифаси имтиҳон-синовлар олдидан талабаларга китоб тарқатишади. Ўзиникини ёки бирор танишининг китобини. Талабалар ўша китобларни домла белгилаган нархда сотиб олишга мажбур. Кўнишмаса имтиҳондан “қулашади”.
Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг: талаба контракт пулини тўлайдими, домла чўнтагини тўлдиришга ҳаракат қиладими… бундан ташқари тирикчилик, ижара ҳақи, деган гаплар ҳам бор. Шўринг қурғур талаба бу эҳтиёжларни қондириш учун пулни қайдан топади?!
Илмнинг шу тариқа пулга чақилгани ёмон. Бир жиҳатдан талабалар китоб ўқишга ўзларида мажбурият сезишмайди. Пул бўлса бас-да! Иккинчидан эса домлалар малакасини ошириб бориш, талабага илм бериш масъулиятидан мосуво бўлади. Охир-оқибатда маънавиятга худди шу олий ўқув юрти остонасидан дарз етади.
Хўш илм соҳасидаги порахўрликларни йўқотмоқ учун нима қилмоқ керак? Маълумки, Истиқлолдан сўнгги вақтларда олий таълим тизимида бир қанча ислоҳотлар ўтказилди. Тест синов шакли шуларнинг энг асосийсидир. Бинобарин, тизимнинг ўзгариши айрим нафси ҳакалак отган домлаларнинг “қора тадбиркорлиги”га узил-кесил нуқта қўймоғи даркор эди. Шундай бўлди ҳам. Аммо… бойвачча ота-оналар ҳамон эски давр ақидаси билан яшамоқдалар. Уларнинг наздида — ҳамма нарсанинг йўли бор. Ўзига ишониб болаларини институт сари йўлламоқдаларки, фарзанд қобилиятию иқтидори билан уларнинг тариқча иши йўқ. Бу ҳолга эътироз билдирувчи фарзанд камдан-кам топилади. Агар талаба илмга чанқоқ бўлса, ўз устида мунтазам равишда ишлаб борса, домла таъмагирлик қилишга ботинолмайди. Ҳатто талабани ҳурмат қилишга мажбур бўлади ҳам. Аслида лоқайдлигу бепарволикнинг очиқ-ойдин намоён бўлиши талабаларга нисбатан ҳурматсизликдир.
Шу ўринда мисол келтирмоқчиман. Дорилфунунда таҳсил кўрган чоғларимизда бир профессор бизга сабоқ берарди. Каттакон портфелини кўтариб келарди-да, муштига йўталиб, мавзуга умуман алоқаси йўқ гаплардан оғиз очарди. Масалан, отасининг обкомда ишлагани, талабалигида эрталабки нонуштага қандай овқат тайёрлагани ҳақида… Чидаб тинглардик. Шу йўсинда фурсат ўтаверди. Охир-оқибат “портлаш” рўй берди — Улуғбек Раҳимов деган курсдошимиз даст ўрнидан турди-да “Узр, домла… Бизга бу гапларингизнинг умуман қизиғи йўқ. Дарсингизни ўтсангиз-чи, ахир?!” деди. Домла бир зум талмовсираб қолди. “Сенга осмондаги ойни узиб берайми?! Аслида менинг ишим йўл-йўриқ кўрсатиш. Ёз адабиётлар рўйхатини! Бундан буёғига ўзларингиз тайёрланиб келасизлар!” деб ўдағайлади. Аммо аудиториядаги луқмаларни эшитиб, попуги пасайди. Навбатдаги дарсда домланинг биздан ҳайиқиброқ турганига гувоҳ бўлдик.
Тасаввур қилинг: аудиторияда муайян тайёргарликка эга, домлалардан илм-фандаги янгиликларни шарҳлашни сўрайдиган талабалар ўтирибди. Ўткир нигоҳлар остида домла ҳар бир хатти-ҳаракатини ўйлаб йўналтиришга интилади. Гоҳида лаёқати бундайроқ бўлса, совуқ тер босиб кетади. Зотан, “талаба” атамасининг маъноси ҳам “талаб қилмоқ”, яъни илм толибидир. Инчунун, талаб қилишга домлалармас, кўпроқ талабалар ҳақли. Ана ўша даражага етмоқ учун эса пухта тайёргарлик жоиз. Ўқиб-ўрганмоқ лозим. Агарда талаба ўзига қаттиқ ишонса, уни ҳеч қачон имтиҳон-синовлардан “қулатиб” бўлмайди. Шундай экан, мазкур иллатларнинг бир учи талабаларга, уларнинг ота-оналарига тақалиши ҳам аниқдир.
Истиқлол учун ота-боболаримиз ўз жонларини аямаганлар. Бугун биз шу улуғ саодатга эришдик. Не-не тўкилган қонлару курашлар эвазига қўлга киритган озодлигимизни қадрлашимиз лозим. Зотан, Беруний, Аз-Замахшарий, Форобий, Мирзо Улуғбек авлодлари бўлатуриб, айрим ўқув юртларидаги ҳақиқий илм йўлидан тойишларни кузатиб бепарво бўлиш буюк сиймолар руҳига ҳурматсизлик эмасми? Демак, миллат келажагини ўйлайдиган ҳар бир инсон ўша иллатлар томирини узиб ташлашга масъулдир.

Б.РЎЗИМЕТОВ
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 44-сонидан олинди.