Айни кунларда интернетда кенг тарқалган видеовируслардан бири Harlem Shake қисқа вақт ичида миллионлаб инсонларни ўзининг бемаънилик, беҳаёлик тўла гирдобига тортиб олди. Википедия энциклопедияси ёзишича, ярим дақиқадан иборат ушбу роликнинг аввалги 14-15 секундида бир иштирокчи ноодатий бош кийим билан рақсга тушади, айни дамда бошқа иштирокчилар ўз ишлари билан банд бўладилар. Шундан сўнг ҳамма иштирокчилар турли ноўхшов кийимларда ёки деярли яланғоч ҳолда тартибсиз ҳаракат қилиб, ноодатий усулда ҳавода ёки саҳнага қараб эротик позани намойиш этиб, рақс ижро этадилар.
Ўзларининг айтишича, булутли ҳавода бекорчиликдан нима қилишни билмаган австралиялик 5 нафар ўспирин юқоридагидек “рақс”ни ижро этишади ва 2013 йилнинг 2 февраль куни роликни Youtube га жойлашади. Қисқа вақт ичида ушбу ролик жаҳон бўйлаб тарқалиб, интернет фойдаланувчиларини “телба” қилади, унинг турли муқаллидлари юзага келади. Дунё бўйлаб, “Harlem Shake”нинг “оригинал” вариантини 40 000 000 киши, унинг пародияларини 500 000 000 дан ортиқ киши томоша қилган.
“Harlem Shake” телбалари дунёнинг турли жойларида турли флешмоблар ташкил этиб ушбу бемаъни рақсга ўйнаб, турли роликларни суратга олмоқдалар. Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида бир пайтнинг ўзида 70000 киши шу рақсни ижро этиб рекорд ўрнатишди (шаҳарда жами 400000 киши истиқомат қилади).
Инглизчадан таржимаси “Ҳарлемча жилпанглаш” бўлган ушбу рақс тури Нью-Йоркнинг Ҳарлем туманида яшовчи алкоголик Эл Би томонидан 80-йиллар бошида “кашф қилинган”.
Интернетда “Harlem Shake”ка тақлидан ўзбекистонлик ёшлар томонидан суратга олинган 50 дан ортиқ ролик тарқалган. Harlem Shake номи билан mover.uz да 220 дан ортиқ, mytube.uz да 50 та ролик ўрин олган. Ўзнетдаги энг машҳур ролик “Тошкентча Harlem Shake” ҳамда Корзинка супермаркетида тасвирга олинган ролик бўлиб, mover.uz да икки роликни 30000 дан ортиқ, mytube.uz да 4000 дан ортиқ киши томоша қилган. Биргина mover.uz даги “Harlem Shake” билан боғлиқ роликларни 250 000 киши кўрганлиги қайд этилган.
Энг ачинарли жиҳати аксарият “ўзбекона Harlem Shake”лар ўспиринлар, асосан, мактаб ва коллеж ўқувчилари, университет талабалари томонидан суратга олинган ва тармоққа жойлаштирилган. Роликларнинг мактаб синф хоналарида ўқувчилар томонидан ижро этилгани ҳайратлидир. Ҳатто айрим роликлардаги беҳаё қилиқлар ҳар қандай томошабинни бу каби ёшларнинг тақдири ҳақида ўйлашга мажбур этади.
Тунис таълим вазирлиги томонидан ушбу рақс маънавий ва диний туйғуларни масхара қилгани учун тақиқланди. Мисрдаги эҳромлар ёнида рақс ижро этган талабалар тарихий обидаларга беҳурматлик қилгани учун ҳибсга олинди. Пенсилваниянинг Саскуэханн университети футбол командасидан 11 футболчи “Harlem Shake” рақсини ижро эта туриб, жинсий алоқа ҳолатини акс эттиргани учун жамоадан четлатилди. Нью-Йорк хоккей жамоаси ечиниш хонасида ярим яланғоч ва бир иштирокчи қип-яланғоч ҳолда ушбу рақсга ролик ишлагани учун ўйинлардан четлатилди. АҚШда 30 нафар ўқувчи “Harlem Shake” рақси орқали расизмни тарғиб қилгани учун мактабдан ҳайдалди. Бу мамлакатда айни шу рақс сабаб 100 дан ортиқ ўқувчи ва талабаларнинг ўқув юртларидан четлатилгани ҳақида хабар берилди. Шунингдек, 15 нафар олтин кони ишчилари иш жойларида ушбу рақсни ижро этгани учун ишдан четлатилиб, умрбод олтин қазиш учун лицензиялари бекор қилинди. Бу каби хабарларни ҳар куни оммавий ахборот воситаларидан ўқимоқдамиз.
Шу кунларда кўпчилик зиёлиларни ранжитаётган ушбу муаммо ҳақида зиё аҳли нима дейди? Оммавий маданият дея ғарбона тарғиб асосида тарқатилаётган шу каби «вирус»лардан ким манфаатдор? Бундан мақсад нима? Ёшларимизнинг шу каби бемаъни одатларга берилишларига ким сабабчи? Бундай номақбулчиликларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Турсунали Қўзиев, маданиятшунос:
— Бу каби аксилинсоний кўринишдаги ҳаракат жаҳон оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлиши билан зиёлилар аввалига ҳайрон бўлишди. Бугунги кунда жаҳондаги энг тараққий этган давлатлардаги беқарорлик, ўша жамиятларда ҳукм сураётган эртанги кунга ишончсизлик туфайли юзага келган маънавий инқирозлар у ердаги саросимага тушган ёшларни чалғитиб қўйди. Бундай ҳаракатлар умуминсоний қадриятларга мутлақо зид, манқуртликнинг янгича бир кўринишидир.
Инсоннинг эстетик диди, маданияти учун ҳеч қандай изоҳлаб бериш мумкин бўлмаган, ваҳший ҳайвонот оламига ҳам ёт бўлган бундай ҳаракатлардан хориждаги баъзи доиралар манфаатдор бўлиб, улар ҳали оқ-қоранинг фарқини англаб улгурмаган ёшларни чалғитиш учун турли аксилмаънавий технологияларни ишлаб чиқишмоқда. Тобора илдиз отаётган бу каби одатлар умуминсоний қадриятлар у ёқда турсин, оддий инсоний маданият тушунчаларига ҳам тўғри келмайди. Буюк алломалар, жаҳоннинг ғурури бўлган маданият пешволарининг ворислари ва авлодлари бўлган ўзбек ёшлари ичида ҳам тақлидчилар пайдо бўлишини изоҳлаш қийин.
Бугун ёшларга таълим бераётган ҳар бир педагог, ўз фарзандининг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, мутахассислар бунга қайтадан, яна бир бора жиддий эътибор билан қараши зарур. Ёшларимиз эса, баркамол шахс бўлиб етишишлари учун яратилган шароит ва имкониятларга нисбатан ўз муносабатларини чин юракдан, самимий намоён этишлари керак. Улар нафақат ўзлари, балки ён-атрофидаги тенгдошларини ҳам ҳатти-ҳаракатларига бефарқ бўлмасликлари зарур.
Жалолиддин Ҳамроқулов, Тошкет ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири, Тошкент шаҳар “Новза” жомеъ масжиди имом хатиби:
— Оммавий маданият – ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, ғараз ғояларни тарқатиш, бунинг ортидан бойлик орттириш, халқларнинг бир неча минг йиллик анъана ва қадрятлари, турмуш тарзини маънавий илдизларидан қўпоришгача олиб борувчи салбий иллатдир.
Ғарб давлатларида эркак билан эркак, аёл билан аёл ўртасидаги никоҳ – ҳайратланарли ҳодиса бўлмай қолаётганлиги назар тутилса, «оммавий маданият» тарғиб этаётган маънавий тубанликлар, беҳаёликлар, қабоҳатлар нақадар чуқурлашиб кетганлигини тасаввур этиш қийин эмас.
Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун аввало киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимизни она ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Ана шундагина турли ёвуз ниятли кимсаларнинг биз учун мутлақо бегона бўлган пуч ғоя ва даъволаридан сақланган бўламиз.
Муқаддас Ислом дини инсониятга икки дунё бахт-саодатини таминлаш учун юборилган диндир. Унинг таълимотлари бешта мақсадни: инсон ҳаёти, ақли, дини, насли ва молу мулкини муҳофаза қилишни ўз ичига олган. Оммавий маданият айни мана шу мақсадларга қарши ғоявий таҳдид ҳисобланади. Ҳозирги кунда оммавий маданиятнинг бирламчи зарари инсониятни буюк аждодларимизнинг асл маънавий қадриятларини менсимасдан, балки уларни эскилик сарқити деб қараб, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солаётганлиги жуда ачинарлидир.
Шу билан бирга оммавий маданият жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва инсонни ўзлигини йўқотишигача олиб боради. Бундай ёмон иллатлар таъсирига тушиб қолган кимсаларга нисбатан бошқалар бефарқ бўлмасликлари, балки улар ҳам оммавий тарзда курашишлари шарт. Шунда қолганлар ҳам бундай кишилар туфайли турли ёмон иллатларнинг зарарли оқибатларига дуч келмайдилар. Бу ҳолатни қуйидагича тасвирлаш мумкин. Икки қаватдан иборат бўлган кеманинг иккинчи қаватидаги кишилар тепадагиларни безовта қилмасдан сув олиш мақсадида ўз қаватларини тешмоқчи бўладилар. Агар тепадагилар уларни тек қўйиб берса, улар ҳам ўзлари ҳам ҳалок бўлишади. Агар уларни бундай қилишдан қайтарсалар барчалари эсон-омон манзилларига етиб олишади. Ота-боболаримиздан бизга бой мерос бўлиб сайқал топган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар биз учун бебаҳо меросдир.
Ҳозирги давр замонавий ахборот алмашинуви ва глобаллашув жараёни ўзининг таъсири кўрсатмоқда. Дунёнинг бир бурчагида бўлган янгиликни тарғиботи, ахборот алмашинуви, янгиликлардан тезда хабардор бўлиш албатта ижобий ҳолат. Лекин кириб келаётган ахборот оқими халқимиз учун фойдалими? Глобаллашув жараёнида турли ахборотлар маънавиятимизга етказиши мумкин бўлган таҳдидни қандай қилиб бартараф этиш мумкин. Умуман олганда оммавий маданиятни маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатлари ахлоқий бузуқлик, зўравонликнинг салбий оқибатларини тўла англаяпмизми? Жамиятнинг маънавий юксалишига раҳна солаётган бундай таҳдидларга қарши кураш фақатгина юксак маънавият билан амалга оширилади. Бу йўлда таълим-тарбия, маънавий-маърифий тарғибот айниқса, оиланинг ўрни аҳамиятли. Зеро, таълим-тарбия оилада шаклланади.
Муқаддас динимизда зино жинояти қораланиб ҳаром қилиниши билан бир қаторда зинога олиб борувчи ва унга сабаб бўлувчи нарсалар ҳам ҳаром қилинган. Зинога олиб борувчи сабабларнинг бири “кўз зиноси”дир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради”, дея огоҳлантирганлар.
Бундан ташқари фаҳшни тарғиб қилувчи фильмларни кўриш, мана шундай ҳаракатларни тасвирга олиб тарқатиш ер юзида фисқу фасод, ёмонлик ва фаҳшни ёйишга киради. Аллоҳ таоло бундай қабиҳ ишлардан қайтарган.
“Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар.” (Нур сураси 19 оят).