Ҳамид Норқулов. Қалтис ташланган бир қадам

Бу йигит ўзини таништиргач, “Ака, мен СПИД касалига йўлиққанман”, деганида, бир чўчиб тушдим. Ўзимни узоқроқ тутишга ҳаракат қилгандим, у эса вазиятни англагандек: “Қўрқманг ака, қўл бериб кўришганда, телефондан фойдаланганда, бирга овқатланганда, ҳатто бир ҳовузда чўмилганда ҳам юқмайди”, деди.

Унинг бу гапларидан бироз таскин топган бўлсам ҳам, барибир: “Менда нима иши бор экан-а?” деб безовталандим. У ўйларимни ўқигандек: “Бошимдан ўтганини гапириб берсам, газетага чиқарсангиз, токи бошқалар бу йўлдан вақтида қайтсалар”, деб ҳаётини ҳикоя қила бошлади:

— Мактабни битириб, ҳеч қаерга ўқишга топширмадим. Ота-онам савдода ишлар, менинг ҳам қанотларига киришимни хоҳлашар эди. Шундай ҳам бўлди. Савдодан бўш пайтларимда чўнтагимга уч-тўрт сўм солиб, ўртоқларим билан улфатчиликка ўргандим. Улфатчиликлардан бирида улар аввал ўзлари, сўнг менинг томиримга укол қилишди, роса “мазза” қилдик. Хуллас, яна бир марта, кейин яна… Шу тариқа бутунлай нинага ўтириб қолдим. Дўкондаги пулларга ўғриликка туша бошладим. Ота-онам сезиб қолиб, мени савдога йўлатмай қўйишди. Улар ишда бўлган пайтлари уйдаги нарсаларни арзон-гаровга сотиб, “оғу” учун сарфладим. Ҳамма нарсанинг чегараси бўлади, деганларидек, пул ҳам тугади, улфатлар ҳам изсиз йўқолди. Гиёҳвандликка муккамдан кетган эканман, “дори” тополмай уч кун ғужанак бўлиб ётиб қолдим. Шундан кейингина ота-онам нима гаплигини тушуниб етишди. Мен эса энди уларни ёмон кўрардим. Агар мени уришиб, керак бўлса, уриб йўлдан қайтаришганида, бу аҳволга тушиб, умрим хазон бўлмасмиди? Афсуски, ота-онам нуқул бойлик кетидан қувар, ҳеч нарса билан ишлари йўқ эди.

Анча даволандим, лекин тобора ҳолсизланиб, оғриқлар кучайиб бормоқда. Ҳар куни тонгда туриб, ҳол-аҳвол сўрагани кирган жажжи фарзандларимни кўриб, Худога нола қиламан: “Ўлим, бироз шошмай тур, болаларимнинг дийдорига тўйиб олай”.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйича 68 миллиондан ошиқ инсон ОИТС касаллигига чалинган экан. Афсуски, бу рақамнинг кундан кунга ўсиб бораётгани ташвишланарли ҳол. Шифокорлар ҳам менга ўнлаб тақдирлар ҳақида гапириб беришди…

Аввалбек билан Сайрамхонлар ҳам икки қиз, икки ўғил кўришди. Катталари қиз бўлгани учунми, тўй ҳаракати ҳам жуда эрта бошланди.

Куёвликка муносиб кўрилган йигит ва Гулмаъсуда расмий никоҳдан ўтиш учун ариза беришди. Шаҳар поликлиникасида тиббий кўрикдан ўтишди, аммо натижа кўнгилсизлик билан тугади. Гулмаъсуда ОИТС касаллигига чалинган экан.

Куёвга ҳам “Бўлажак турмуш ўртоғингиз касал, у узоқ даволаниши керак, сиз, яхшиси, бошқасига уйланинг”, деб айтишди. Ҳамма жанжал эса мана шундан кейин бошланди.

Ҳар иккала томон тўйга кетадиган харажатларни қилиб бўлган эди. “Нега касал қизингни бизга раво кўрдинг”, деб куёв томон қизнинг ота-онасининг кўзини очирмади. Ҳаммасига Гулмаъсуданинг енгилтаклиги сабаб эди. Бу қиз ёшлигиданоқ кўчани яхши кўрарди: дугоналари билан ўз маҳалласи қолиб, қўшни маҳаллалардаги тўйларга ҳам боришни канда қилмас, у ерда йигитлар билан рақсга тушишга, кайфичоғлик қилишга суяги йўқ эди. Шундай кунларнинг бирида бир йигит билан танишиб қолди. Аввалига кўча-кўйда, кейин кафеда учрашиб юришди. Аста-секин у билан ичишни ҳам ўрганди. Бир куни кайфи ошиб, номаълум жойда йигит билан тунаб қолди…

Шундан сўнг, йигит Қозоғистонга ишлаш учун кетиб қолган экан. Дўхтирлар қизнинг қандай касалликка чалинганини айтишганида, у даҳшатга тушди. Наҳотки, атиги бир мартагина бўлган яқин алоқадан шундай касалликни орттириш мумкин бўлса? Лекин қиз бу касаллик ҳақида умуман тушунчаси бўлмагани учун “Бир ой даволансам, тузалиб кетарман”, деб ўзини юпатди. Афсуски… Қани энди, унинг давоси бўлса, уни даволашнинг имкони бўлсайди…

Хўш, ОИТС қандай касаллик ўзи?

ОИТС деб аталган бу хасталик асосан икки даврга бўлинади, яъни одам организмида иммунитет танқислигини келтириб чиқарувчи вирус (ОИВ) ва ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми).

ОИТС — одам организмида иммунитет танқислигини келтириб чиқарувчи инфектсиянинг якуний давридир. Бунда организм ҳар қандай касалликка бардош бериш хусусиятини йўқотади.

Айтишларича, инфектсия юққан дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этади. Касалликнинг яширин даври 8-10 йил ҳисобланади. Лекин барибир ОИВ инфектсияси даври ОИТС даврига албатта ўтади.

Вирус инфектсияси юққан одамнинг қонида, эркакларнинг шаҳватида, аёлларнинг жинсий аъзолари чиқиндиларида ва кўкрак сутида бўлади. Шунинг учун ҳам вирус қуйидаги ҳолларда сўзсиз юқади: қон орқали, жинсий алоқа орқали ва инфектсия юққан онадан ҳомилага ўтиши мумкин.

Бу касалликни қандай даволаш мумкин, деган савол бутун жаҳон шифокору олимларини ўйлантириб турган муам­модир. Ҳозиргача бирорта фойдали вактсина ишлаб чиқилмаган. Дунёда ОИТСга қарши кураш чоралари кўрилмоқда, афсуски, талафот кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ.

Мақолани ёзар эканман, мен билан суҳбат қурган йигитнинг “Ўлим, бироз шошмай тур…” деган сўзлари хаёлимда айланаверди. Кўчага чиқдим, қуёш чарақлаб турибди, дарахтлардан маржон-маржон тутлар тўкилган. Ўриклар тилла рангига кириб қолган. Табиатнинг бетакрор гўзаллигини ич-ичимдан ҳис этдим. Ҳаммага умр тилагинг келади бу дунёда, ҳаммага бахт улашгинг келади. Қанийди…

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).