Ҳаммасига ўзим айбдорман. Балки ўша аёлларга салом бериб ўтганимда улар билан тортишмаган, икки кунлаб асабим бузилиб юрмаган бўлармидим. Лекин бекордан-бекорга ортимдан гапиришлари, пастга уришлари алам қилди…
Мусофирчилик экан, пайти келса бир уйдан бошқасига кўчишимизга тўғри келади. Яшаётган квартирамизнинг эгаси “энди электр учун ўзларинг тўланглар” деган гапидан кейин мен ҳам тўнимни тескари кийиб олдим. Ахир бошида бундай келишмаганмиз, одам деган лафзида туриши керак-да. Хуллас, лаш-лушларимизни бир неча подъезд нарида яшайдиган оғайнимника қўйиб турадиган, янги уй топгунимча аёлим боламни олиб ота-онасиникига бориб турадиган бўлди. “Камбағал бўлсанг, кўчиб кўр”, деб беҳуда айтишмаган ота-боболаримиз. Ўзимиз кичкинагина оиламизу, нарсаларимиз бир дунё. Қўлимга бешик, яна бир-иккита сумкани олиб пастга тушдим. Қўшни подъезд олдида беш-олтита хотин гаплашиб ўтиришган экан. Ёнларидан ўтиб кетишим билан улардан ёши каттароғи гапириб қолди:
– Булар кўчиб келаверади-кўчиб кетаверади, безор қилди ҳаммаси…
Музлаб қолдим. Нима, мен у аёлнинг уйига кўчиб келиб, уникидан кетяпманми? Унга қандай оғирлигим тушяпти? Тўғри, “мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан”, дейишган. Лекин ҳар сафар кўчиш менга оғир ботади. Ўзи бошимдаги ташвиш етиб, ортиб турган бўлса, ҳозирги гап эса нақ юрагимни тешиб ўтгандай бўлди, кўнглим ёмон оғриди.
Қолган нарсаларни эр-хотин таший бошладик. Ҳар сафар ўтганимизда, битта бемаза гап эшитамиз.
– Қайси қўшни булар? – сўради ёшроқ бир жувон.
– Э, қўшни эмас-э…
– Ҳайрон бўлдим-а боядан бери нима ташивотти булар деб.
Асабим адои тамом бєлди. Охирги нарсаларимизни ташлаб қайтаётган эдик. Аёллар ўтирган жойга яїинлашгач, хотинимнинг гапини шарт бўлдим-да, озимни атайин баландлатиб дедим:
– Ҳадисда “Ғийбат зинодан ҳам оғир гуноҳ” дейилган…
Боядан бери чакаги тинмаётган ғийбатчи аёл дарқол сергак тортди:
– Нима деди?
– Ғийбат зинодан ҳам оғир гуноқ, дейди, – жавоб қилди ёнидагилардан бири.
Чидаб туролмай, шарт ортимга бурилдим.
– Ҳа, гапим оғир ботдими?
– Нима?!
– Гапим оғир ботдими деяпман.
– Нима демоқчисиз? Кимсиз ўзи?
– Нима демоқчилигимни жуда яхши тушуниб турибсиз. Боядан бери орқамиздан оғзингизга келганини гапириб ётибсиз-ку! Кап-катта хотин уялмайсизми?
– Ҳечам-де, биз тоза ҳаво олиб ўтирибмиз холос, сиз билан неча пуллик ишимиз бор.
– Қўйсангиз-чи, кар эмасман-ку. Сизга нима ёмонлигимиз тегди? Қишлоқи-қишлоқи дейсиз, қишлоқданлигимни қаэрдан била қолдингиз? Ё сизга ўхшаган шаҳарликлар одаму, қишлоқликлар одам эмасми?
Аёл жаҳлим чиққанини кўриб довдираб қолди. Ёнидагилар бошини хам қилиб олишган бўлса-да, у сир бой бергиси келмас, айтган гапларидан тониб турар эди:
– Унақа деганим йўқ!
Бу аёлга гап гапириш бефойда эканлигини фаҳмлаб, узоқлаша бошладим.
– Ҳа, билиб қўйинглар, ғийбат зинодан ҳам ёмон гуноҳ, уялсаларинг бўларди.
Ҳатто эртасига ҳам ўзимга кела олмадим. Кечқурунги воқеа ҳеч хаёлимдан кўтарилмасди. Ўзимча ўша ғийбатчи аёлни ҳам, унинг гапини маъқуллаб ўтирган шерикларини ҳам айблар эдим. Қанақа аёллар экан булар? Ўтган-кетганнинг асабини бузиб, ярим кечасигача лақиллаб ўтиришади-я. Пайғамбаримиз кўчада ўтиришдан қайтаришганини билишмайди шекилли. Ғийбат қилишлари-чи, ўлимтик гўшт ейиш билан баробар-ку бу!
Орадан бир неча кун ўтгачгина бу воқеанинг асл сабабини топгандай бўлдим. Бошқаларни гуноҳкор қилиш жуда осон, жаҳлни бир ёнга йиғиштириб ўйлаб қарасам, асл айбдор ўзим эканман. Мен ҳам ғийбат қилишда ўша аёллардан қолишмайман-ку. Бир кунгина олдин яқин танишимнинг орқасидан нималар гапирмаган эдим? Ўтган йили ҳам худди шунга ўхшаш жанжалга дуч келовдим. Аммо ўшанда ҳам ўзимни оппоқ санаб, ақл юргизмаган эканман. Ғийбатнинг қанчалар оғир гуноҳ эканлигини била туриб, тилимни ҳеч тия олмайман. Яратганнинг адолати ҳақ, мана, қилган ёмонликларимнинг натижаси. Кеч бўлса ҳам хатоимни англаб етдим: энди ҳеч қачон ғийбат қилмайман. Кўзимни очиб қўйганига шукур…
Аброр Адҳамзода