Ҳозирги кунда юртимизнинг деярли барча туман ва шаҳарларида чойхона ва пивахоналар, турли спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи кафе, ресторанларни учратишимиз мумкин. Яқин дўст ва қадрдонларнинг бир пиёла чой устида дийдорлашиши, ширин суҳбатлар қуришига нима етсин! Дунёда кўпдан бери юз кўришмаган қадрдонларнинг учрашувидан ҳам ёқимлироқ учрашув бўлмасак керак. Аммо шуниси ҳам борки, бу каби масканларга йиғилаётган ёш-яланг ҳар доим ҳам меъёр деб аталган олтин қоидага амал қилавермайди…
Улуғ адибимиз Абдулла Қодирий ибрати ила мозийга қайтиб иш кўрадиган бўлсак, аслида чойхоналар асрлар давомида жамиятнинг муҳим муаммолари ҳал этиладиган, ёши улуғ инсонлар машварат ва кенгаш ўтказадиган маскан бўлиб келган. Одамлар шунчаки вақт ўтказиш учун эмас, билъакс, элу юрт тақдирига дахлдор масалаларни ҳал этиш учун йиғилган, бу масканга. Шу билан бирга у нафис мажлислар – қўшиқ ва аския базмлари ўтказиладиган жой вазифасини ҳам бажарган.
Афсуски, сўнгги пайтларда чойхоналаримиз ўзининг тарихий вазифасидан узоқлашиб, кўпроқ бекорчи вақт ўтказиш воситаси бўлиб қолди. Чойхона ва пивахоналардаги ҳолатни холис кузатган одам фикримизга қўшилиши табиий.
Ичкилик – умр заволи, барча ёмонликларнинг онаси, деймиз. У келтираётган офат-балоларга бот-бот шоҳид бўлиб турибмиз ва бу ҳақда такрор ёзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Айрим пайтларда чойхонаю ресторанларнинг тинчлигимиз ва осойишталигимиз кушандаси – ичкилик уяси бўлиб қолаётгани ташвишга солади. Хавотирни икки ҳисса оширадиган жиҳати, чойхона ва пивахоналарнинг асосий мижозлари сафида ёшлар кўпайиб бормоқда. Ҳали ҳаётнинг пасту баландини кўрмаган ёшлар бўш вақтининг аксар қисмини ошхўрлик ёки пивахўрликка сарф этаётганига нима дейсиз!
Ачинарли бўлса-да, қайд этиш лозимки, бу каби жамоат жойларида жанжалли ҳолатлар ҳам тез-тез учрамоқда. Арзимаган нарсадан чиққан жанжаллар баъзида жиноят содир этилишига олиб келмоқда. Матбуотда эълон қилинаётган мақолаларда ўзаро жанжаллашиб қолган ўспиринларнинг бир-бирига оғир тан жароҳати етказгани, ҳаттоки пичоқ ва шунга ўхшаш совуқ қурол ўқталгани ҳақида аҳён-аҳёнда ўқиб қоламиз. Таассуфки, гулдек умрини хазон қилиб гиёҳвандлик ва ичкиликвозлик домига тушиб қолаётган ёш-яланг кўпинча чойхонаю пивахоналарнинг доимий мижози бўлиб чиқади.
Улуғ маърифатпарвар адиб, жадид зиёлиларининг етакчиларидан бири Мунавварқори Абдурашидхонов ўтган аср бошларида изтироб ва таассуф билан: «… миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бугун миллатни ёдларидан чиқариб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва фивахоналарга сарф этмакдадурлар”, деб ёзади. Жамият тараққиётига тўсиқ бўлиб турган муаммони кўтарган маърифатпарвар ўз ўрнида уни келтириб чиқарган омилни ҳам изоҳлайди: “Ёшларнинг бу йўлга кетишларига асосий сабаб уларнинг ўқимаганликлари, жаҳолат зулматида қолганликларидир”. Бу надоматомуз сўзлар Мунавварқори ҳам барча жадидларимиз цингари, энг аввало, миллат истиқболи, ёшлар иқболини ўйлаганидан далолатдир.
Афсуски, буюк маърифатпарвар куйиниб ёзган ушбу оғриқли муаммо бугунги кунимиз учун ҳам бегона эмас. Айни пайтда миллатининг тараққиёти ва равнақини эсидан чиқарган баъзи ёшлар ўз ғайрат ва шижоатини бекорчи йиғинларда ўтириш ва кайфу сафо қилишга сарф этаётгани ачинарли. (Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва тамаки маҳсулотларига ружу қўйиб, аёл деб аталган нозик хилқатга доғ тушираётган хотин-қизларларимиз ҳақида ёзиш эса жуда ҳам оғир).
Фарғона водийси ва Тошкент шаҳрида “ош”, “шанбалик”, “гап”, “куёв оши” цингари ўтиришлар кенг тарқалган. Ачинарли тарафи шундаки, бу каби ўтиришлар бир ҳафта-ўн кунда такрорланаверади ва ёшларимизнинг қимматли вақти беҳуда сарф этилишига сабаб бўлади. Кузатишларга асосланиб айтиш мумкинки, бу каби гап-гаштакларда мулоқотнинг асосини маънисиз суҳбат ёки ғийбат ташкил этади, баъзида эса “карта” ўйини ва қиморбозлик авж олади. Вақтини ҳавога совуриш ўрнига ёшларимиз китоб мутолааси билан шуғуллансалар, юртимиз ва бутун дунёда юз бераётган ўзгаришлар ва янгиликлардан бохабар бўлишга интилсалар, газета ва журнал ўқисалар, бир сўз билан айтганда, тараққиётимиз учун янада кўпроқ хизмат қилиш борасида фикр юритсалар, мақбул эмасми!
Халқимизда “Буюклик суяк суради” деган гап бор. Турон заминидан кўплаб алломалар, фозилу фузалоларнинг етишиб чиққани, улуғлик силсиласи асрлар давомида узилмасдан давом этиб келаётгани бу фикрнинг ёрқин исботидир. Менимча, чойхона ва пивахоналардаги ҳуда-беҳуда ўтиришлар суяк сураётган буюкликка раҳна солувчи зарарли одатлардан ҳисобланади.
Халқимизнинг суюкли адиби Тоҳир Малик суҳбатлардан бирида: “Биз тарбияни тор тушунамиз, кўпинча вақт тарбиясига бееътибормиз. Айрим оталар чойхонада соатлаб ўтириб, вақтини совуриши мумкин, лекин фарзандига 5-10 дақиқа ажратишга вақти етмайди” деган эди.
Ҳақиқатан ҳам, соатлаб чойхона ва пивахоналарда вақт ўтказаётган оталар, телеекранлардаги сериаллардан бош кўтармаётган оналар ҳам йўқ эмас. Тарбияси эътиборсиз қолган фарзандлар эса кўпинча Интернет кафеларида турли руҳдаги кинолар кўриш, компютер ўйинлари билан иккинчи маротаба қайтарилмайдиган фурсатини ўтказмоқда.
Умримизнинг ҳар бир дақиқаси – ғанимат. Кун давомида недир бир эзгу иш қилсак, бу билан умримизга мазмун бахш этган, миллат тараққиётига ҳам оз бўлса-да ҳисса қўшган бўламиз. Гўзаллик, бунёдкорлик ва ижодий янгиликлар учун берилган ҳаётимизни фойдасиз ишларга сарфлашдан олдин бир лаҳза ақлимизни ишга солайлик.
Азиз газетхон, бу борада сизнинг қандай мулоҳазаларингиз бор?
Абдуқаҳҳор Раҳимов,
“Ҳуррият” газетасидан олинди.