Илёс Фозилов. Ватандошлар билан мулоқот (1979)

Макка сафари хотираси

Ватан меҳри, Ватан муҳаббати!.. Инсон учун Ватандан азиз, Ватандан қимматли, мўътабар нарса борми дунёда?! Ватан тупроғи — кўзларга тўтиё. Бу абадий эътиқод айниқса чет элга сафар қилганингда қалбингни ҳаяжонга солади, Ватан соғинчи бутун борлиғингни қамраб олади. Ана шунда бир маҳаллар турли сабаблар билан ватанидан жудо бўлганлар тақдирига, аҳволига ачиниб кетасан киши. Маккага сафар қилганимизда ана шу туйғуни яна бир бор ҳис этдик.

Маккага йўли тушганлар одатда у ердаги ватандошларига ҳар хил совға-саломлар, фотосуратлар, хатлар олиб борадилар. Бу совға-саломлар қанчадан-қанча қувончларга, учрашувлар ва суҳбатларга сабаб бўлади. Баъзи бир танишдошларимиз кўпроқ биз билан бирга бўлгилари, нима биландир бизга кўмак бергилари келади. Кўплари ватанга қайтиш орзу-истаклари борлигини ҳам изҳор этадилар. Биз ҳам ҳар сафарги учрашувда очиқ юз, ширин сўз билан муомалада бўламиз…

Биз Маккага тун ярмида етиб бордик. Буни қарангки, эрталаб нонушта пайтидаёқ ватандошларимиздан беш-олти киши биз турган ҳовлига келишди. Раҳбаримиз Юсуфхон акадан тортиб ҳаммамиз уларни ҳурмат-тавозе билан қарши олдик, юқорига таклиф қилдик. Юсуфхон ака билан Шамсиддинжон мезбонлик қилишди. Дастурхонни безатишга ҳаммамиз ўз ҳиссамизни қўшдик. Патир нон, бўғирсоқ, писта-бодом, майиз, ёнғоқ, асал қўйилди дастурхонга.

— Азиз дўстлар, қани, дастурхонга марҳамат,— деди Юсуфхон ака. Меҳмонларга ҳар жойдан Тошкент пиёласида чой узатилди.

— Сизларнинг чойларингиз ҳам ўзгача, ажойиб,— деди меҳмонлардан бири.

— Чой Самарқандда қадоқланган, марҳамат, ичинглар,-деди кулиб Юсуфхон ака.

— Қалай, эсон-омон, соғ-саломат келдиларингизми? Эл-юрт, ёру биродарлар тинч-омонми?

— Раҳмат, ҳаммаларингизга юртимиздан салом келтирдик.

— Раҳмат, барча дўсту биродарлар омон бўлсинлар,— деди ўтирганлардан бири.— Энди мен бу ерда ўлтирганларни сизларга таништириб қўяй. Аввал ўзимдан бошлаб қўя қолай. Мен Абдураҳмон ҳожи — асли Андижонданман. Ватандан келиб қолганимизга яқин 60 йиллар бўлди. Бу киши Тошпўлат қори — Қўқондан. Хўш, Ҳожи Сиддиқ домла — Марғилондан, Абдухолиқ махсум — Намангандан, Оқилжон тўра — Тошкентдан, Аҳмаджон ҳожи — Самарқанддан. Бу ўзбекларнинг Маккага келиб қолганларига қарийб 50—60 йил бўлган. Биз келган вақтларда йўл қийинчиликлари кўп эди. Туяда келганмиз. Энди у гаплар қаёқда дейсиз. Ҳар ҳолда, унчалик қийналмадингларми?

— Йўқ, раҳмат, яхши келдик. Фақат ҳаво иссиқроқ экан.

— Ҳозир қиш мавсуми. Ҳаво иссиқлиги жуда борса 40 даражага етади. Ёзда бўлса 50—55 даражагача чиқади,— деди Аҳмаджон ҳожи,— Маккада қиш бўлмайди, қор, ёмғир ёғмайди. Ҳамма фасллар ёздек ўтади. Биргина Тоиф Шариф деган шаҳар бор. Ўша ерда ҳаво нисбатан салқинроқ бўлади. Шунинг учун кўпчилик муҳожирларимиз Тоиф Шарифда истиқомат қилишади.

Ҳожи Сиддиқ домла сўзга аралашди:

— Бундан бир неча муддат аввал айримларимиз Покистонда, Афғонистонда, Туркияда, Эронда бўлдик, кўпларимиз Ҳиндистонни ҳам кўрдик. Лекин ҳеч қайсисини ўз ватанимизга ўхшата олмадик.

— Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига, деб шуни айтади-да,— деб кулди Абдухолиқ махсум,— Эсимизда бор, юртимизда тўрт фаслни тўлиқ кўрардик… Эҳ… бу ёқларда-чи? Қайда дейсиз, Эҳ, ватан бошқача бўлар экан. Ҳаммамиз ватанни орзу қиламиз. Баъзилар уйланмасдан умр ўтказмоқдалар. Уйлансам, шу ерда қолиб кетаман, деб ўйласалар керак-да.

— Шунақа дейсизу, тирик жон, Ватанга қайтишнинг иложи бўлавермасдан кетини ўйлар экансиз. Мана бизлар уйландик, бола-чақа орттирдик, мол-дунё топдик. Мундоқ қараганда, камчилик йўқдек. Лекин кўнгил жойида эмас, нимадир муҳим нарса етишмайди. Кўзимиз ватанда, ўсиб-унган жойга не етсин. Киндик қони тўкилган, она сутини эмган жойингни соғинар экансан. Йўл очилсаю қушдек учсак деймиз.

— Нон берган, туз берган ватанни қўмсаб, бағримиз кабоб бўлди,— деди Оқилжон тўра.— Кишининг ватани бўлмаса кўнгли яйрамас экан. Еганинг ичингга тушмайди. Инсонга бундан ёмон хўрлик йўқ… Ёшликда киши унчалик фарқига бормас экан. Ёшингиз ўтган сари ватансизлик жуда қаттиқ сезилар экан. Ўйлаб-ўйлаб дунёга келганингга ҳам афсусланасан киши. Ҳар бир инсон ўз ватанида яшаши керак эканда… Қизиқ, болаларимиз шу ерда туғилган бўлса ҳам уларни: «Бухоролик» деб аташади. Бу билан бизнинг бегона эканлигимизни пешонамизга тақ этиб ургандек бўлишади…

— Хафа бўлманглар, юртга келинглар, юрт эшиги сизлар учун ҳамма вақт очиқ,— деди Шамсиддинхон меҳмонларга таскин бериб.— Она юртинг омон бўлса, ранги рўйинг сомон бўлмас, деган ўзбек мақоли бор. Ватанимиз кун сайин гуллаб-яшнаяпти. Турмуш фаровон, Маданият, илм-маърифат, техника, қишлоқ хўжалиги гуллаб боряпти…

Ватандошлардан бири чуқур уҳ тортиб, кўзига ёш олгандек титроқ овозда илова қилди:

— Мана шу яқин йилларда ақли, илми, обрўси баланд қариндошларимиздан Усмон ҳазрат, Нажмиддинхон тўра, Абдулла домла, Абдусалом ва яна бир қанчалар «Ватан-ватан» деб дунёдан ўтдилар. Армонда кетишди улар. Наманганлик Абдунаби қори бўлса, ўла-ўлгунча «юзим қора бўлди» деб юрди. Чунки она-Ватанда еттита боласини қолдириб келган экан-да…

Ўртага оғир сукунат чўкди.

— Мен бир нарсага ҳайронман. Бундоқ бориб, юртни кўриб келсаларииг бўлмайдими?— деди Шамсиддинхон жимликни бузиб.— Юртимизга ҳар йили Покистондан, Эрондан, Афғонистондан, Суриядан, Ҳиндистондан, Германиядан, ҳатто Америкадан қардошлар келиб, бир-икки ой дам олиб кетишади. Касал бўлсалар бепул даволаниб ҳам кетадилар…

Суҳбатимиз охирлай деганда яна янги меҳмонлар келиб қолишди. Аввал келганлар ижозат сўраб, ўринларидан туришди. Совға-саломлар бериб, уларни кузатдик.

Янги келган ўзбеклар уч киши эди. Булардан бири менинг эски қадрдон дўстим Тўйчи Али бойвачча эди. Унинг ёнида келганларнинг бири Намангандан, иккинчиси Ўшдан экан. Улар ўз таниш-билишларини суриштиришди, Уларга ҳам совға-саломлар бериб хурсанд қилдик. Тўйчи Али бойвачча мени уйига таклиф этди. Мен: «Ҳожати йўқ, овора бўлманг», деб узр сўрадим. Лекин у сўзида қаттиқ туриб олди. «Сизни келасиз, деб беш-олтита дўсту ёрларимизни айтиб кўйганман. Бунинг устига уйда беморимиз ҳам бор. Сизга кўрсатмоқчи эдик», деди. Йўқ деёлмадим, кечроқ бораман, дедим.

Бизга уй берган Шайх Зайни Кушак аввал ўзининг тўрттала хотинидан бўлган бемор болаларни, кейин ҳажга келган бемор мусофирларни кўрсатди. Беморлар шу қадар кўпки, енгилгина кўздан кечириб ҳам улгуролмайсан. Беморларни бепул кўриб, бепул дори берганим учун касаллар ёғила бошлади.

Тушдан кейин касал ётган айрим ўзбекларнинг уйига олиб кетдилар. Мен улардан: «Нега бу қадар касаллик кўп?» деб сўрадим, «Бизда умуман докторлар етишмайди,— деб жавоб берди улар.— Борларига ҳам ҳар ким етиша олмайди.» Уларнинг айтишича, тиббий ёрдам учун жуда кўп пул талаб қиладилар. Моддий томондан қийналган одамлар жуда кўп, дорилар қиммат. Дорихоналар хусусий кишилар қўлида бўлиб, дориларни истаганча пулга сотадилар. Бир дона аспирин 5 риал туради. Саудия Арабистонида беморлар у ёқда турсин, ҳатто туғилган ва ўлганлар ҳам ҳисобга олинмайди. Бу мамлакатда сил, безгак, трахома, тери касалликлари, тиф, дизентерия йил бўйи учрайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, Саудия Арабистонида 1970 йилда 6,8 минг ўринли 47 касалхона (1 минг кишига 0,9 ўрин), 206 диспансер, 303 медицина пункти хизмат қилган. 1969 йилда 1,5 минг врач, (11 минг кишига 1 врач) 353 стоматолог, 594 фармацевт, 2 мингга яқин медицина ҳамшираси ишлаган.

Саудия Арабистонида врачлар ва фармацевтлар Эр-Риёдда тайёрланади. Бу мамлакатда 7 та медицина билим юрти мавжуд. Давлат бюджетининг 2,9 проценти соғлиқни сақлаш ишларига сарф этилади. Ана шу боисдан бемор ватандошлардан ва зиёратга келувчилардан бир соат ҳам бўшаш мумкин эмас. Беморлар тупроқ бўлиб ёғилади.

Кеч соат 6 ларда аранг бўшаб, Шайх Зайни Кушак ҳовлисига келдим. Кўп ўтмай дўстим Тўйчи Али бойвачча ҳозир бўлди.

Маккада ҳаво жуда иссиқ. Қуёш нурлари найза бўлиб бошга санчилади гўё. Ҳаво дим, нафас олиш машаққат. Осмон тиниқ, тангадек булут кўринмайди. Осмонда лочинлар чарх уриб учади. Макка кўчалари зиёратчилар билан лиқ тўла. Шов-шувдан қулоқлар том битади, одамлар чумоли бўлиб ўрмалашади. Ҳавонинг иссиғи ва тиқилинчдан қора терга ботиб кетдим. Тилим қақраб айланмай қолди. Одамларни суриб-итариб зўрға бир четга чиқиб олдик. Бошим айланиб, кўзим тиниб ерга ўтириб қолганлигимни ўзим ҳам сезмабман. Дўстим биринчи кўринган машинани тўхтатди. Йўлга тушдик. Қайси кўчага кириб, қайси кўчадан чиққанимни сезмадим. Ниҳоят биз ўтирган машина узоқ юриб, олдига сув сепилган эшик ёнида тўхтади. Эшик олдида ўйнаб юрган болалар мен билан саломлашиб кўришдилар.

— Булар менинг болаларим,— деди Тўйчи Али бойвачча.

— Яхши болалар экам, офарин!

Болалар хурсанд бўлишиб, бизни қуршаганча ҳовлига киришди. Чақирилган меҳмонлар иккинчи қаватда экан. Зинадан кўтарилдик. Ичкарига киришимиз билан мендан олдин келган меҳмонлар гур этиб ўринларидан туришди. Ҳамма билан бирма-бир кўришиб чиқдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. Кичикроқ меҳмонхона, қизил гилам тўшалиб, атрофига шоҳи кўрпачалар солинган, пар ёстиқлар қўйилган. Ўртада хонтахта, турли ноз-неъматлар. Қўлга сув қуйилар зкан, мезбон дўстим ўнғайсизлик билан:

— Жойларимизни зиёратга келувчиларга бериб, меҳмонхонамиз кичиклик қилиб қолди,— деб узр сўради.

— Зарари йўқ. «Нинадек тор ер, дўстлар билан кенг майдон бўлур, кенг ер душман билан зиндон бўлур», деган ўзбек мақолини эшитмаганмисиз?

— Тўғри-тўғри,— деб кулишди бошқалар.

— Раҳмат, доктор, мени хижолатдан чиқардингиз.

— Қани, дастурхонга марҳамат.

— Ижозат берсаларинг, меҳмонларни таништириб ўтсам,— деди чой ичиб ўлтирганимизда Тўйчи Али бойвачча ва дастлаб мени таништирди.— Бош меҳмонимиз, менинг ота қадрдоним, ватандошим Илёс ҳожи… Хўш… Булар эса ўзимизнинг шу ердаги ватандошлар; Абдуҳамид Маҳдум — Намангандан, Усмон ҳожи Эшон — Андижондан, Абдукарим ҳожи — Қўқондан, Абдуваҳоб қори — Самарқанддан, Собиржон домла — Марғилондан, Ҳошимбой ҳожи — Бухородан. Бегона одам йўқ. Фақат ватандошлар, тортинмасдан ўлтиринглар.

Мен Тўйчи Али бойваччаникига асал олиб келган эдим. «Ватандан табаррук» деб дастурхонга қўйдим. Меҳмонлар асални мақтаб-мақтаб ея бошлашди.

— Она юртнинг асали юртнинг ўзидек азиз эди, севиб ейишдик,— деб кулди Абдукарим ҳожи. Асал тамом бўлиши билан товуқ кабоби келтирилди.

— Қани, товуққа марҳамат,— мулозамат қилди мезбон.

— Овқатлар етарлик. Қани энди яхши ашуладан бўлса,— деди кимдир Тўйчи Али бойваччага қараб. Тўйчи Али бойвачча магнитофон мурватини буради. Навоий, Лутфий, Огаҳий, Увайсий, Бобир ғазаллари билан айтиладиган рост, дугоҳ, наво, бузрук мақомидан куйлар янграй бошлади. Зебуннисо бегим ғазали билан айтиладиган «Самарқанд ушшоғи» ижро этилаётганда:

— Шуни бир мириқиб эшитайлиг-а,— деб қолди Абдуваҳоб қори Самарқандий.— Жаҳонга номи кетган Улуғбекнинг ватани — Самарқанд, кўклар билан ўпишган мадрасалар…

Ашула тинглаб ўтирар эканмиз, санъат ва санъаткорлар устида сўз кетди.

— Ўзбек мақомларини ўзбек халқининг олтин сандиғи, деса бўлади,— Ватанни соғинган чоғларимда шу куйлар билан жоним таскин топгандек бўлади,— деди Тўйчи Али бойвачча.— Хафа бўлган пайтларимда музикадан бошқа дилкаш тополмайман.

— Яхши, бу мақомлар бу ёқларда ҳам топилиб турар экан,— дедим мен.

— Э, қаерда дейсиз,— деди Тўйчи Али бойвачча афсус билан.— Мен буларни Истамбулдан олтинга сотиб олиб келганман. Яна мақом ёздириб келиш учун бу йил ҳам Истамбулга, Афғонистонга, Покистонга бориб келмоқчиман. Ҳақиқатан дунёга келиб, нима кўрдик?!.

Ўртадаги суҳбатимиз Абдуҳамид Маҳдумга ёқмасди шекилли, у ижирғаниб ўтирарди. Охири у суҳбатни бошқа томонга бурмоқчи бўлди:

— Ватанни кўп мақтаяпсизлару,— деди Абдуҳамид Маҳдум,— лекин ҳар хил «миш-мишлар» юради бу ерларда. Тўғри, биз ватандан узоқдамиз. Бироқ юртимиз ҳақидаги мана шу миш-мишларни эшитавериб қулоғимиз битади. Қайси бирисига ишонишингни ҳам билмайсан киши.

— Қанақа гаплар экан, эшитайлик,— дейишди ўлтирганлар.

— У ерда, ватандаги одамлар ниҳоятда камбағал эмиш. Кийимлари ночор! Одамлари бошқа миллатлар ҳисобига кўпаярмиш. 70 сўмлик ишга фақат ўзбеклар қабул қилинар эмиш… Умуман шунақа гаплар…

Шу пайт кўпчилик менга кўз ташлади. Мен Абдуҳамид Маҳдумнинг гапларига жавоб айтдим.

— Дунёда нима кўп, миш-миш кўп. Одам ўз кўзи билан кўрмаганидан кейин миш-мишга ҳам ишониши мумкин. Аслида аҳвол сиз айтганча эмас. Мана, масалан, мен инқилобдан олдин туғилганман. Бир оилада уч ўғил эдик. Орамизда бир дона пахталик чопон бор эди. Зарур бўлган вақтда навбат билан кияр эдик. Инқилобдан кейин, мана, ўқидик, уйландик, оила туздик. Оила бошлиғи бўлганимга 46 йилдан ошди. Мана ҳозир бир ўзимда 7—8 та пальто, 8—9 та костюм, 10—12 жуфт оёқ кийими бор. Бошқаларда ҳам шундай. Эҳтимол 1—2 та кўп ёки кам бўлиши мумкин. Жуда кўпининг кераги ҳам йўқ-ку ўзи!.. Ана энди ўзингиз шундан билаверинг биздаги аҳволни. Ёки сизларда бундан ҳам кўпми?! Маош масаласида ҳам гап очдингиз. Бизда ҳар бир кишининг ўз ихтисоси бўйича оладиган ўртача ойлиги 160 сўмни ташкил этади. Мукофотлар ва бошқа имтиёзларни қўшиб ҳисоблаганда иш ҳақи ойига 212 сўмдан 219 сўмгача етади. Бундан ташқари, касал бўлганлар текин муолажа қилинадилар. Яна бунинг устига касаллик вақти учун ҳам тўла ойлик тўланади. Э-э, айтган билан адо бўлмайди бундай эзгу жиҳатларни. Мабодо, сиз айтгандек камбағал бўлса, қаердан орттириб кассаларга минг-минглаб пул қўйишади?.. Булар фақат бизнинг моддий бойлигимиз. Яна энг керакли маънавий бойлигимизни айтмайсизми? Инсонлик қадр-қийматини айтмайсизми? Мана, фақат 1978 йил ичида СССРда 11 миллион кишининг уй-жой шароити яхшиланди. 1,4 миллион ўқувчига мўлжалланган умумий таълим мактаблари, қарийб 600 минг ўринли мактабгача тарбия муассасалари, 65 минг ўринли касалхоналар, бир сменада 123 минг кишини қабул қиладиган амбулатория, поликлиника муассасалари қурилди. Ҳозирги вақтда мактабларимизда ўн миллионга яқин бола ўқийди. Доимий мактабгача тарбия муассасаларида ўн беш миллионга яқин бола тарбияланмоқда. Илмий ходимлар сони салкам бир ярим миллион кишини ташкил этади. Ўзбекистон Фанлар Академиясида юзга яқин фан доктори, салкам мингта фан номзоди тадқиқот ишлари олиб боряпти. Бутун жумҳуриятимиз бўйича эса, икки юз чамаси илмий-тадқиқот институти мавжуд бўлиб, 16 минг илмий ходим фаолият кўрсатиб турибди.

Ҳозир Ўзбекистон олимлари асарларининг учдан бир қисмини чет элдаги илмий муассасалар сотиб олмоқдалар. Академиямизнинг кутубхонаси 39 давлатга 6 мингдан кўп нашрларни юбориб туради. Мана бу — бизнинг маънавий бойлигимиз. Биз айниқса ана шу бойлигимиз билан фахрланамиз.

Бизда миллат ажратиш йўқ. Ҳамма миллатлар ака-укадек иноқ яшайди. Худди бир оиладек, бир-бирлари билан аҳил, иттифоқ. Бизнинг шиоримиз дўстлик, ростгўйлик, поклик, одиллик, камтарлик. Адолатсизлик, текинхўрлик, қаллоблик, кишининг киши томонидан камситилиши бизга бутунлай бегона. Буюк рус ёзувчиси Чехов: «Инсонда ҳамма нарса: юзи ҳам, кийими ҳам, қалби ҳам, фикри ҳам гўзал бўлмоғи лозим», деган эди. Биз ўз ҳаётимизни ана шу сўзларга қиёсласак бўлади. Энди ҳалиги миш-миш тарқатувчиларга келсак, ё улар лақма, ё аламзада, қалби кўр одамларнинг иши бу!

— Гап тагини гап очади,— деди боядан бери ўйланиб ўтирган Усмон ҳожи ота.— Кейинги Олмон урушида мен Парижда тижорат билан шуғулланар эдим. Гитлер навбати билан Францияга ҳужум бошлади. Бир ярим ой ичида Франция душманга таслим бўлди. Шундан кейин кўп ўтмай улар Советларга уруш бошладилар. Ниҳоят 4 йил давом этган қаттиқ қирғин урушда Гитлер мағлубиятга учради. Фашистлар Парижга яқинлашганда халқ ҳаяжонга тушиб қолади. Ўзига тўқ катта бойлар шошилинч равишда уй-жойларини ташлаб Америкага қоча бошлайдилар. Франциялик машҳур артист Дидро Дени қочиш олдидан хотини, яқин дўстлари ҳамроҳлигида машҳур жарроҳ, профессор Делакруа билан хайрлашиш учун унинг уйига борадилар. Улар профессор Делакруага, бирга кетайлик, деб таклиф қиладилар, Бироқ у очиқ жавоб бермайди. Дидро Дени қочишга ҳозирлик кўриб, охири тун ярмида профессорга телефон қилади: «Биз кетяпмиз, истасангиз, бирга кетайлик», деб илтижо қилади. Бироқ профессор Делакруа жавобни қисқа қилади:

— Кўзимнинг оқу қораси ёлғиз ўғлим эди, у биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлди. То шу кунга қадар, ўғлим ватан учун қурбон бўлган, деб фахрланиб ўзимга таскин бериб келардим. Мана бугун ватанимиз хавф остида қолди. Бу даҳшатли фожиага асло чидай олмайман. Майли, бора беринглар, ватандан ҳам жудо бўлсам, унда менинг нимам қолади?!.

Дидро ноилож трубкани қўйиб қўйди ва пароходда кета туриб дўсти профессор Делакруанинг ўзини-ўзи ўлдирганлиги хабарини газетадан ўқиб, ҳайрон бўлади… Ватанпарварлик шундай бўлади. Шунинг учун мутафақкир шоир Алишер Навоий: «Инсон тирик экан, ўз ватани учун курашмоғи лозим», деган эди. Совет кишилари Ватанни душмандан сақлаб қолиш учун 20 миллиондан ортиқ қаҳрамон ўғил-қизини қурбон берди. Бундай шавкатли Ватанга олқишлар бўлсин. Очиғини айтганда, биз ватандан узоқда бўлдик. Аслида ватанда туриб ватан мудофаасида баравар бир жон бир тан бўлишимиз муқаддас бурчимиз эди. На чора, тақдир экан, биз қўлга қурол олиб душманга қарши курашмаган бўлсак ҳам, хайрихоҳлигимиз билан ватандошлар сафида турдик. Шунга ҳам шукур қиламиз…

Усмон ҳожи отанинг гапи тугалиши билан Тўйчи Али бойвачча магнитофон қулоғини бураб сегоҳ мақомидан «Адашганман» куйини қўйди. Ўтирганлар бошларини эгиб жим қолдилар. Шу топда Бобурнинг икки сатрини хаёлан ўқидим:

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиқ бўлди…

Мен шу ондаёқ ўз ватанимни аллақачон соғинганимни ҳис этдим.

Илёс Фозилов,

доцент, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач

“Шарқ юлдузи” журнали, 1979 йил 8-сон.