Ғафур Ғулом. Суянгудай тоғларим бор (1965)

Мирмуҳсин ҳақида

Шу йилнинг ўзида беш ўзбек ёзувчисининг олтмиш ёшга кирганликлари нишонланиб, юбилейлари ўтказилди. Булар — Ойбек, Уйғун, Собир Абдулла, Назир Сафаров, Фатҳуллин ўртоқлар. Шоирамиз Зулфияхоним бўлсалар эллик ёшга кирдилар, яқинда юбилейларини ўтказамиз. Орада яна озгина фурсат ўтади, саломатлик бўлса, ўзбек адабиётида навбат кутиб турган азамат, навқирон, заҳматкаш ижодкор бир бўғин ҳадемай бир ўрмондаги текис қарағайлардек элликка кириб боради. Булар: Ҳамид, Асқад, Мирмуҳсин, Туроб, Рамз, Саид Аҳмад, Шукрулло ва ҳозирча ёдимдан кўтарилган бошқалари.

Юқоридагиларни, мабодо оқсоқол ёзувчиларимиз, десак, иккинчи бўғинни, қорасоқоллар, деймизми, наслимиз ва адабий хазинамизнинг гавҳарлари деймизми, бирор жўяли таъриф топилиб қолар…

Дарҳақиқат, мен бу иккинчи бўғин тўғрисида гап борса, қирқ азамат ўғилнинг отасидай, ўзимда қалбим тўла ғурур сезаман.

Баъзи-баъзида ҳамма кишиларга хос қиттайгина тушкунлик, ўз ижод якунидан норизолик, умр ўтиб кетаётганидан афсус сингари туйғулар ваҳим солса, шу укаларимнинг соғу саломат ижод қилиб турганликлари билан ўзимга далда бераман. Суянгандай тоғларим бор, деб қувонаман. Давомим бор, деб қалбимга тасалли бераман. Шу соғлом ижодий плеяданинг пўлат занжирдай мустаҳкам силсиласида бир кўзанак бўлиб шоир Мирмуҳсин туради.

Бу шоир адабиётда туғилгандан буён ўз муборак касбига ихлос билан, тинмағурлиги билан, асаб даражасидаги содда, ҳақиқийлиги билан, қаноати билан ажралиб туради.

Дуруст, баъзи танқидчилар: унинг баъзи шеърларида лирика кам, деб камситгандай бўлиб юрадилар. Гап замонга, халққа энг зарур гапни ўз вақтида айта олишда.

Унинг «Уста Ғиёс» поэмаси Улуғ Ватан урушндан сўнгги қишлоқ ҳўжалигимизни қайтадан тиклов давридаги маъқул асардир.

Бизнинг адабиётимизда халқ оғзаки адабиёти ва Дурбек, Лутфий, Навоийлар бошлаган достончиликларни ҳисобга олмаганда, янги замон мазмунидаги романчиликда Мирмуҳсиннинг «Зиёд ва Адиба»си биринчи манзум романдир. Бу жанрда Мирмуҳсин қанчалик муваффақ бўлди, бу энди адабиёт танқидчиларининг мўътабар фикрларига мунтазирдир.

Ўзинг шоир ё адиб бўлишинг мумкин, аммо бир гуруҳ шоир ва адибларнинг ижод саройида саройбон бўлиб туришинг ғоятда мушкул ва масъулиятли вазифадир. Мирмуҳсин «Шарқ юлдузи» журналида роппа-роса ўн йил редактор бўлиб турди. Шундай катта даргоҳда шунча муддат масъул бўлиб туриш унга билдирилган катта ишонч белгисидир.

Сўнгги йилларда у республикамизнинг йирик ва кекса журналларидан «Муштум»га редакторлик қилиб келмоқда.

Устидаги вазифаси ва масъулиятлари ғоятда чўнг бўлишига қарамай, у тинмай ижод қилмоқда. Сўнгги йилларда у «Жамила» повести, «Араб ҳикоялари», «Чиниқиш» романи, «Чўри» тарихий повестлари, бир талап ҳажвий ҳикоялар, кўп-кўп яхши шеърлар ёзди.

«Совет Узбекистони»нинг бу саҳифасидаги асарлари ҳам унинг янги ижодий маҳсулотларидан кичик намуналардир.

Ишқилиб, ҳаммамиз омон бўлайлик, замондошларимизнинг муносиб қиссаларини тарихда қолдириш учун ижод қила берайлик. Шояд замондошларимиз воситасида ўзимиз ҳам улуғ халқимизнинг ғоят катта тарихида ҳисобга кириб қолсак.

“Совет Ўзбекистони”, 1965 йил 21 октябрь