Ғафур Ғулом. Қалбимга — қардошларимга (1962)

Жон ўртоқлиги, виждон ўртоқлиги, имон ўртоқлиги ва кишиликка хос бутун имкон ўртоқлиги.

Шу ният белгисида ақлу идрок баркамолдир, ҳаёт безаволдир.

Мен-ку шу ёзма сўзимнинг охирида инсонларнинг инсонларга бўлган қардошлик, биродарлик, дўстлик, юксак камолоти тўғрисида айтаман. Айтажак сўзим саратондаги меҳнаткаш манглайининг теридан ҳам покиза. Агар шу сўзимни Улуғ Ватан уруши йилларида ёзсам, етимнинг кўз ёшидан ҳам покиза, дердим.

Қардошликнинг қадрини улуғ ўзбек шоирамиз Зебунисо бегим бундай тасвир этади:

Китобхонаи олам варақ-варақ жустам,
Хати ту дидаму гуфтамки, муддао инжост.

Яъни: бутун оламдаги китобларни варақ-варақ қидириб чиқдим, кўнглимдаги муддао топилмади. Аммо сен ёзган бу хатни ўқидуму излаган муддаом шу эди, дедим.

Тонг отиб турибди! Менинг ёшимдаги кишилар бу соатларда аллақачон уйғониб, ювиниб-тараниб, қалбларида каттакон кундузининг бошланғич бахтини, саодатини режалаб турган бўладилар. Бизнинг мўйсафидларимиз ҳамиша тонготарни яхши ниятлар билан кутадилар. Ёш болалар, набиралар мактабга, боғчаларга жўнаши керак. Газ ўчоқдаги сут қайнаб-тошиб кетмадимикан, фалон ўғилга қаймоқ ёқармикан, фалончисига асал чой берсакмикан? Кичкинтойга лимон чой бераман. Қайноқ сут билан лимон тўғри келармикак? Ёппасига ширгуруч яхши. Оз-озгина сарёғ қўшиб берсанг, ҳаммасига бўлади. Танаффусгача бўлган дарс соатларида болалар толиқмайди.

Ёки: бугун Аҳмадали қизини куёвга чиқармоқчи эди, тўёнага нима қилсам экан? Ота-бобо замони эмаски, бир кийим атлас ё бўлмаса тўртта чойнак, олтита коса қилиб қутилиб кетсам. Яхшиси, кенг, экранли битта телевизор… Шояд келин-куёв шу экранда мени ҳам гоҳ-гоҳ кўриб турса…

Ёки: шу янги йил ўрталарига бориб, ўртанча ўғил аспирантуранинг иккинчи курсига ўтади, уйлантирсак ҳам бўлар…

Тонготарда фаровон, меҳнаткаш оиладаги бир отанинг жаҳоний олам-олам орзуларини минг-минг шаклда тасаввур қилиш мумкин.

Бир уяга дон ташиган чумолилар, бир инга бол ташиган асаларилар шаклан бир-бирларига ўхшасалар ҳам, умумниятлари битта бўла туриб, шахсий мазмунча айрим-айрим оламдирлар.

Менинг қардошларим, дўстларим, биродарларим — биз ҳаммамиз гражданлармиз. Жуда каттакон дастурхоннинг ўришларимиз, арқоқларимиз. Биримиз олиммиз, биримиз босмахонада газета чиқарамиз. Биримиз кишиларимизни озода қилувчи фаррошмиз, биримиз қўлимизда жўнгина қўштиғ милтиқ билан бировни отмасак ҳам, халқ мулкини, яъни ўз мулкимизни ҳимоя қиламиз — кеча қоровулимиз. Биримиз кимёвий янги ўғитларнинг ижодкори академикмиз, биримиз коммунистик меҳнат бригадасида оддий пахта теримчимиз. Чунки шу пахтадан турли-туман мато тўқилади, ўзим кияман, болаларим кияди, элу юрт кийинади. Бутун иттифоқдош қардошларим кийинади, жаҳон кийинади. Инсонликнинг шарафли, покиза хислатларидан бири шуки, у кийим-бош билан юради. Биримиз ғаллакормиз, биримиз тегирмончи, биримиз нонвой, аммо ҳаммамиз ҳам шу нонни еймиз.

Ҳар бир покиза ниятли меҳнаткаш киши ўзи қилаётган меҳнатини улуғлайди.

Шу ерда нарвон ҳақидаги ҳикоя эсимга тушиб кетди: нарвоннинг юқори поялари қуйи пояларига таъна қилган экан, яъни: «Сен қуйи пояларсан, инсон сенга биринчи лой оёқлари билан босади, мен юқориман». Шунда шоир Машраб шу нарвондан чиққан ёғоч овозни эшитиб, нарвонни айлантириб қўйибди. Юқори поялар қуйига, қуйи поялар юқорига кўтарилибди. Лекин ўрта поя ҳамиша ўртада қолаверибди. Яъни араб мақолида «Хайрул умури авсатуҳо» — ўрта даражада яшамоқ; имкониятинг бўла туриб, ўзингни хор тутмаслик керак, имкониятим бор, деб кеккайиб кетмаслигинг керак. Ҳар бир ишнинг ўрта даражаси яхши. Сенинг қўлингда бўлган шу имкониятингнинг манбаи қаерда? Шуни билишинг ва виждон билан рўзғор тебратишинг керак.

Азиз қардошларим, дўстларим, ақл ва заковат, меҳру шафқат кишининг кимлигини сўрамайди. Инсон бўлса, бас! Эсимни таниганимга эллик йил бўлган бўлса, озмунча ҳам дўст-ўртоқ орттирмадим. Ҳамма ўртоқларим — меҳнаткаш кишилар. Биз ҳам инсонларга хос улфат, яхши шеър, музика, муҳаббат, қўшиқдан холи эмасмиз.

Эллик йиллик меҳрибон ва шафқатли қардошлик йўлида чоғимиз етгунча бир-биримизни сийладик. Амма дилнинг катта-кичик томирлари бўлар эмиш. Шу дилим томирларидек ўртоқларим кўп.

Мен қардошлик ҳақида гапириб туриб, ўз уйим, ака-укаларим, қариндош-уруғларим, маҳалла-кўй, баланд-қуйидаги қардошларим тўғрисидаги сўзларни кичкина сўзимнинг катта киравериши, деб ёздим.

Киши кишига дўст, ўртоқ ва биродар. Шу мақоламни ёзиб турган чоғимда, ёшлигимизнинг энг булоқдек қайноқ пайтларини бирга ўтказган ўртоғим Шоаҳмад Шораҳмедов ёнимда эди. Мен — шоирман, у — тез ёзар стенограф. Бир замонлар бола эдик. Мозорхоннинг, тепасида варрак учирардик. Кейин Бароқхон мадрасасида ўқидик..

Икки муҳаббатли ёшлар теракларга хатларини ўйиб қолдирганидек, бизнинг ёшлигимиз ўзимиздан ўсиб кетди.

Эллик йил мобайнида кўп дўстлар, қардошлар, биродарлар орттирдим, дедим.

Алексей Максимович Горькийни тирик кўрган кишиман. У киши менинг муаллимим эди.

Владимир Маяковскийдан таълим олганман. Лоҳутийнинг кўп асарларини ўзим таржима қилганман. Самад Вурғун укам эди. Гурбахш Сингх (ўғли, қизи билан) бизнинг оиланинг азиз меҳмонлари. Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат, Мирзо Турсунзода, Николай Тихонов, Константин Симонов, Алексей Сурков, Мухтор Авезов, Берди Кербобоев, Наири Зарян, Собит Муқонов, Ғабит Мусрепов қардошларим бўлади. Ленгстон Хьюз, Файз Аҳмад Файз, Садриддин Айний, Георгий Леонидзе, Галактион Табидзе, Ираклий Абашидзелар менинг умр йўлдошим Муҳаррамхон қўлидан бир пиёла чой ичиб кетган кишилардир.

Жаҳон паспортли гражданман. Чунки ниятим покиза.

Менинг қалбимдаги катта тасалли шундан иборатки, орзу ва манфаатлари, келажакка бўлган умидлари бир хил бўлган жонажон Ватаним оиласидаги ҳар бир киши менинг қардошимдир.

“Ўзбекистон маданияти”, 1962 йил 30 декабрь