Ғафур Ғулом. Бизнинг саломимиз (1958)

Тошкент Осиёнинг кўркли ўрнида
Қадим тарихи бор, муаззам шаҳар.
Ўз эрки, қудрати, жамоли билан
Камолин оламга беролур хабар.

Ўзбекистоннинг буюк пойтахти севикли Тошкент шу кеча-кундузда ер юзи халқларининг назари — диққатида турибди. Бу ердан тўрт қитъа: Осиё, Африка, Австралия, Европанинг карвон йўли ўтади. Узоқ Индонезиядан, Бирмадан тортиб Мисргача, Ганагача, Мельбурндан тортиб, Суриядан тортиб, Деҳлидан тортиб Москва орқали Брюсселгача узоқ сафарларнинг катта бекати Тошкентдир. Ҳар куни Тошкент аэродромидан ўнлаб рейсларда ҳавога кўтарилган «Ту — 104» самолёти Ханой, Деҳли, Кобил, Улан-Батор, Пхеньян шаҳарларини мўлжалга олиб парвоз қилади.

Ер юзидаги эрксевар халқларнинг умиди, ишончи, орзуси тинчлик-омонлик ва биродарликларнинг улуғ маркази бўлган шонли пойтахтимиз Москвадан Шарққа қараб бориладиган йўлларнинг йирик бекатларидан бири — бизнинг Тошкентдир.

Бир-бирини севган ёшлар «Фалон боғда учрашамиз», деганларидек, бир-бирига муштоқ бўлган йироқ-йироқ ўлкалик қадрли дўстлар «Фалон вақтда, фалон соатда Тошкентда учрашамиз», деб ваъда берадилар.

Бу ерда асосий ерлик халқ ўзбек, рус, тожиклардан ташқари болгар ишчиси, Миср деҳқони, ҳинд рассоми, Бирма давлат арбоби, цейлон тўқувчиси, афғон ўқитувчиси ва бошқа-бошқаларни ҳар кун ҳар соат учратишингиз мумкин.

Тинчлик ва омонлик, биродарлик пойтахти Москванинг кичик асл нусхаси бўлган ўзбек пойтахти Тошкент — чинакам эрк, озодлик, самимий дўстлик, беғараз меҳмондўстлик, гуллар, чаманлар, боғлар, бўстонлар, ёшлик, бардам навқиронлик, ҳур фикр, озод сўз, истак ва ҳаракат шаҳридир.

Ўғлимизни севсангиз — тўй муборак, уй муборак, қизимизни севсангиз — тилла қўнгироқли қирқ нор туяда сепи тайёр, суҳбатлашмоқчи бўлсангиз — салқин сойнинг лабида, сада тубида, ипак гилам устида бир сиқим ош, бир пиёла кўк чой, ипак белбоғли, чуст дўппили икки йигит таъзим билан сизга мунтазир.

Бизнинг Тошкент ана шунақанги жонажон шаҳар! Яқинда бу ерда Осиё ва Африка мамлакатлари халқларининг тантанали кинофестивали бўлиб ўтди. Бу ерда Япония, Корея Халқ Демократик Республикаси, Индонезия, Ҳиндистон, Мўғулистон, Бирлашган Араб Республикаси ва бошқа бир талай давлатларнинг санъаткорлари ўз ижодларини жаҳон бўйлаб намойиш қилдилар. Биз Ўрта Осиё ва мовароуқофқозлик халқлар: ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, озарбайжонлар, грузинлар, арманлар, туркманлар ва бошқалар ҳам ўз маҳоратимизни намойиш қилдик. Осиё ва Африка давлатларидаги халқларнинг бу кинофестивали чинакамдан халқларнинг биродарлик, дўстлик гурунгига айланиб кетди. Бу ерда йиғилган вакиллар ўз халқларининг чин умиди ва орзусини баралла ифода қилдилар. Бу умид ва орзу ер юзининг тинчлик ва омонлик шиори эди.

Шунда, бизнинг Тошкентимиз, биргина Тошкент эмас, Ўзбекистонимизнинг ҳамма ери — энг йирик шаҳарларидан тортиб, энг кичик қишлоқларигача ёппасига байрам тусини олди. Халқимиз чинакам меҳмондўстлик ҳунарини кўрсатди.

Ҳозир бу ерда Осиё ва Африка халқлари ёзувчиларининг конференцияси давом қилмоқда. Ўз асарлари билан жаҳон халқлари ўртасида муносиб шуҳрат қозона олган улуғ шоирлар, адиблар бу ерга йиғилганлар. Кишилик руҳининг инженерлари бўлган бу ёзувчилар ўз халқларининг бутун ҳаётий кечирмаларини, жаҳоний орзу ва умидларини, ер юзида тинчлик ва омонлик, халқлар ўртасида дўстлик, биродарлик ҳақидаги ният ва ишончларини конференция минбаридан оламга барала айтмоқдалар… Эрксевар буюк ҳинд халқининг чин ўғилларидан бири бўлган Гопал Халдар конференцияда мағрур бошини тик тутиб нутқ сўзламоқда. Яқиндагина империализмнинг қонли панжасидан озод бўлган Бирлашган Араб Республикасининг вакили ўз қаҳрамон халқларининг мустабид жаҳонгирлар зулмига қарши олиб борган курашларининг эпизодларини айтиб бермоқда.

Дўстлар топишган; бир-бирлари билан ижодий ҳамкорлик, эндиги вазифалар масаласини ҳал қилмоқдалар.

Конференциянинг умумий руҳи ер юзида тинчлик, империализмга қарши қатъий ва сўнгги кураш, халқлар ўртасида бузилмас дўстлик, биродарлик, бир-бирларига самимий, беғараз ёрдам руҳида бормоқда.

Шу кунларда севимли пойтахтимиз Тошкент ғоятда гўзалдир. Кундузлари-ку гўзал, кечалари кундуздан афзалдир. Шундай шарафли, истиқболи ёруғ бир кунда ўзбек халқининг севган ҳажвий журнали ўзининг юз мингларча ўқувчилари, ижодий коллективи номидан конференцияга йиғилган осиёлик ва африкалик барча ёзувчи, шоир, адибларга чин қалбидан салом йўллайди ва шу саломини ўз халқларига биэнинг номимиздан етказишларини илтимос қилади.

«Муштум» номидан қул қўйдим: Ғафур Ғулом.

“Муштум”, 1958 йил, 13-сон