Ғафур Ғулом. Атоий эмас, Отойи (1959)

Газетамизнинг шу йил 14 январь сонида ўзбек классик шоири Отойининг филология фанлари кандидати Эргаш Рустамов томонидан нашрга тайёрланган асарлари тўғрисида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган кутубхоначи Ҳ. Акобирова ва филология фанлари кандидати М. Мирзаевнинг «Отойи эмас, Атоий» деган бир мактублари босилиб чиқди. Бир эмас, икки гражданин (гражданин бўлганда ҳам — бири хизмат кўрсатган кутубхоначи, бири кандидат, олим) редакцияга мурожаат қилар эканлар, мактубларини босмай бўладими?! Фикр алмашув ва лозим бўлиб қолганда, чалакам-чатти, хато мулоҳазаларга ҳам қулоқ солинади-да, тўғриси айтилади, аниқ фикр енгади, ҳоким бўлиб қолади.

Гап классик шоиримиз Шайхзода Отойи тахаллусининг ўзаги бўлган қадим-қадим турк халқининг «ото» сўзи устида боради. Мактуб эгалари: «Отойи» эмас, чунки ўзбекларда «ото» деган сўз йўқ, «ота» бор, «ота» сўзига «ёйи нисбат» билан («ёйи нисбий» эмас — Ғ. Ғ.) «йи»ни қўшиб бўлмайди. Демак, шоирнинг тахаллуси арабларнинг «ато» сўзидан тузилган «Атоий»дир, демакчи бўладилар.

Қадим-қадимлардан буён туркий тилда сўзловчи халқлар форси «падар» маъносида бўлган сўзни «ота» эмас, «ото» деб ёзганлар ва шундай ўқиб келганлар, шундай талаффуз қилганлар. Агар мактуб эгалари айтгандай бўлса, Шайх Саъдий Шерозий ҳам саводсиз бўлиб қолади-ку. У ўзининг «Гулистон» асарини Отобек Саъд Зангига бағишлайди, Отабекка эмас. Қадим ўзбекларда «ўнг қўл вазир», «сўл қўл вазир» мазмунидаги «ўнг ото-лиқ», «сўл отолиқ» сўзларини ҳам «ўнг оталик», «сўл оталик» деб айтишга тўғри келади. Ёки гўдак ўғилларни эркалаганда-ку «отохоним», «отом ўғлим», дейиларди. Агар бу сўзлардаги «о»ни «а»га айлантирганда талаффуз эркинлиги бузилади.

Тўғри, «ото» деб айтиш ҳозирги ўзбек имлосига мос эмас, аммо, қадим туркий халқлар, шуларнинг ичида қадим ўзбеклар ҳам ўзларидаги тил хусусиятлари ва талаф-фузларига кўра «ото», «оно», «бобо» деб ёзганлар, шундай деб ўқиганлар.

Ўзбек тили тарихини ўрганишда ёки ўзбек классикларининг асарларини оммага тақдим қилишда халқларга, хусусан ўзбек адабий тилига хос хусусиятларни, ўзбек ва турк халқлари тилларидаги орфографик ва фонетик талабларни ҳпсобга олиш шарт ва ўтмишдаги «ото»ни ҳозирги «ота»га алмаштириш керак эмас эди.

СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг Ленинграддаги қўлёзмалар фондида сақланаётган 22 рақамли яккаю ягона қўлёзмада (бу қўлёзмадан олинган фотокопия Ўзбекистон Фанлар академияси А. С. Пушкин номли Тил ва адабиёт институтининг классик адабиёт бўлимида сақланмоқда) шоир тахаллуси, тақризчиларимиз даъво қилганларидек «айн», «итқи» ва «алиф»дан иборат араб сўзи «ато» (яратмоқ, пайдо қилмоқ, бахш этмоқ) дан эмас, «алиф», «те» ва «алиф»лар билан ёзилган ўзбек сўзи «Ото»дан олиниб, «Отойи» шаклида ёзилган. Ҳатто девондаги 130 ғазалда алифнинг устига «мад» (чўзиб, «о» тарзида ўқиш кераклигини қайд қилувчи араб имлосидаги махсус белги) қўйилган. Китоб XVI асрнинг биринчи ўн йилларида ёзилган (1505 йилда кўчирилган, деб тахмин қилинади). XV асрда яшаган бу котиб шоир Шайхзода билан замондош бўлади, яъни ўзига «Отойи» деб тахаллус қўйган шоир ва унинг девонини кўчирган котиб ўз замонасининг илмларидан етук баҳраманд бўлган, араб, форс, туркий луғатларини мукаммал билган, пашша қанотича хатога йўл қўймайдиган киши бўлади. Улар ўз туркий сўзларининг эшитилиш, ёзилиш ва талаффуз қоидаларини яхши билган, ўзбек, турк сўзи «бол» (асал)ни форсча «бол» (қанот) дан яхши фарқ қилган олнмлардандир.

Араблар туркий луғат бўлган «хотун» сўзини «ҳавотунон», «хавотин» шаклида жам қиладилар ёки форсча «сирка» ва «ангубин» сўзларидан тўқима «сиркангубин», мураббони «сиканжабин» деб арабийлаштирадилар. Бу билан бу сўзлар арабники бўлиб қолмайди.

Келинг, ҳали ҳам классик шоиримизни ўз оти билан «Отойи» деб айтаверайлик. Араблаштиришнинг ҳожати йўқ.

Ҳар ҳолда бир нарсага иқрор бўлиш керакки, мен ҳам, сиз ҳам ҳурматли мактуб эгалари, машҳур олим, шарқшунос, турколог, лингвист, академик, професссор А. Н. Самойловичдан ҳам яхшироқ билмасак керак. Бу марҳум атоқли («отақли» ёки «отоқли» эмас — Ғ. Ғ.) совет шарқшуносининг бир неча ўн йиллар мобайнида олиб борган чуқур илмий текширишлари натижасида ёзган «Чагатайский поэт XV века Атаи» сарлавҳали мақоласида ҳам шоирнинг 260-ғазалида кўрсатилганидек, ўз тахаллуси шаклида, мактуб эгалари даъво қилгандай «عطاىى» шаклида эмаслигини исбот қилади (ўқинг: «Записки коллегии востоковедов при Азиатском музее Академии наук СССР», том II, выпуск 2, Ленинград, 1927, стр. 257—274; ёки профессор Фитратнинг 1928 йилда Ўзнашр томонидан босилган «Ўзбек адабиёти намуналари» деган тўпламнинг биринчи жилдини қаранг, 151—158-бетлар).

Бу олимлар классик шоиримиз Шайхзоданинг тахаллуси «عطاىى» — «Атоий» эмас, балки туркий «ото» сўзидан «Отойи» «آتايى» эканини қайд қиладилар. Биз ҳам шундай деймиз.

«Тегирмон тоши» деган ўзбек сўзини мажбурий равишда «такорим ул-атвош» деб жам қилишга уринишдай бемаънилик ҳеч қачон «илм» деб ҳисобланмайди.

Энди «ёйи нисбат», «ёйи масдар» каби «йи», «ий»ларни аниқлаб бериш тилчиларимизнинг иши, мен тилчи эмасман. Лекин мактубдаги «уқтириш» тўғри эмас.

Шоир Отойининг таржимаи ҳолидан шу нарса аниқки, шоирнинг ота-боболари насаб жиҳатидан бир-икки бўғин орқали Аҳмад Яссавийга бориб туташади. Шоирнинг мозори Тошкентнинг шимолидадир. Бу мозорлар ҳали ҳам бор. Революциягача катта зиёратгоҳ бўлган ерлар. Шоир Отойи шимолий Туркистоннинг (Чимкент, Сайрам, Туркистон, Ийқон, Ўтрор) қайси бир еридадир туғилиб, кейин маърифат қидириб қадим пойтахтимиз Ҳиротга (Ҳирига) бориб, шу ерда турғун бўлиб қолган бўлса керак. У Шоҳрух ва Улуғбеклар даврида яшаган, ижод қилган. Унинг ўз исми ҳалигача маълум эмас. Яссавий бошлиқ Туркистон шайхларининт авлодидан бўлганлиги учун лақаби Шайхзодадир. Шоирнинг сўзидаги ўта тиниқ ўзбеклик шимолий Туркистон ўзбекларининг шевасини эслатади. Унинг 260 лирик газалидан 109 таси аруз вазнларига мос тушадиган халқ қўшиқлари вазнлари билан ёзилгандир. Асарларига тил томонидан шоир Аҳмад Яссавийнинг кучли таъсири бор. Менинг сўзим — шу. Шоирнинг тахаллуси «Атоий» эмас, «Отойи»дир. Юқоридаги «ото» сўзининг ёзилиши, талаффузи, эшитилиши тўгрисидаги даъвомизни оқлаш учун шоирнинг бир ғазалини келтирамиз:

Десангким: «Жон сипар қилғил, Отойим!»
Турубмен ушмуноқ, ўлдур, от, ойим!
Қулингмен соқласанг, жоним боринча,
Агар соқламасанг сен бил, сот, ойим!
Неча сархуш эсанг ҳуснинг майиндин
Вафо жоми майиндин ҳам тот, ойим!
Бақосиздур бу беш кун умри фоний,
Боқайин ой юзунга бот-бот, ойим!
Фалактин ўткарурман меҳринг ўқин,
Десангким: «Қайдасен, оё, Отойим?»

Шу шеърда арабча «عطاىى» («Атоий») тахаллусини на мазмуни, на шакл, на талаффуз ва на қофия жиҳатидан ишлатиб бўлади. На форс адабиётида ва на ўзбек классиклари ичида араб сўзи «ато»дан ясалган «Атоий» тахаллусидаги биронта шоирни учратамиз.

Муҳтарам мактуб эгалари «қатъий» фикр юритишдан аввал шоирнинг Ленинграддаги 22 рақамли девони қўлёзмасини; жилла қурса, бу қўлёзманинг Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти классик адабиёти секторида сақланаётган фотокопиясини бир кўздан кечиришлари керак эди.

“Ўзбекистон маданияти”, 1959 йил 21 январь