Ғафур Ғулом. Адабий оила (1965)

Кишилар умид билан оила қурадилар. Келажакдан тоғ-тоғ орзулари бўлади. Йигитлар, қизлар ўз муносиб жуфтларини қидирадилар. Терешкова билан Андриакнинг муносиб жуфтлиги ҳаммага мақбулдир.

Адабиёт тарихида ҳам бундай садоқатли жуфтлар кўп. Шоирамиз Саида билан адибимиз Саид Аҳмадларнинг ҳаётий иттифоқи ҳам шундай маъқул жуфтликнинг намунасидир.

Кичкинагина самимий бу оила баҳамжиҳат адабий ижодкорлик хусусияти билан кўпчиликнинг таважжуҳини ўзига тортган заҳматкаш бир ячейкадир.

Яқингинада, 15-20 йиллар илгари адабиётимиз ўзининг етук шоирларини қўмсаб кутарди. Улар халқимиз орасидан халқимизнинг улуғ ижодкор тафаккурини ифода қилғувчилар сифатида бугун мавжуддирлар.

Ҳозирги сўзим Саида тўғрисида, чунки бу шоирагинанинг шу вояга етиб келувида каминанинг ҳам озгина мураббийлиги бўлган. Саиданинг биринчи китобини ўқиб, «Қизингиз ёзди» деб ном қўйиб берганман. Халқимизнинг Саидага қилган яхши нияти бекор кетмади. У хотин-қизларга хос назокат, ифордай татимли лирикаси билан дилларимизни эркалаб, ҳордиқларимизни ёзиб, меҳнатга рағбатимизни тоблантирадиган, идрокимизни гўзалликлар томон етаклайдиган, фаҳмли шоирамиз бўлиб етишди.

Энди Саид Аҳмад тўғрисида. Куни кеча бир даста «Муштум» қўлтиқлаб, менинг уйимдан Абдулла Қаҳҳорникига, уникидан меникига қатнаб, бирор жўяли маслаҳат қидириб юрган Саид Аҳмад бугун бақувват сатирик, юморист ёзувчимиз бўлиб етишди.

Бировни кулдира олиш учун ўзинг кула билишинг, кулгининг қай сўзда, қай феълдалигини излаб топишинг, кулгининг қадрига етишинг, кулгининг оддий ҳаётдаги баланд даражасини фаҳмлашинг, беозор кулгилар билан кишиларнинг ҳаётини ғам-ғуссадан озод қилишинг ва кулгининг бир талай бошқа хусусиятларини сеза олишинг шарт. Сатирик-юморист ёзувчи айниқса халқ ҳаётининг энг кичик икир-чикирларини билиши, бийрон тилга, мунтазам ва нозик дидга эга бўлиши лозим.

Эллик ёшга кирган киши оз деганда ўзидан илгариги яна эллик йилнинг жамулжами, бир асрда ўтган ҳодисаларни, ўз халқи тарихини мукаммал билиши керак. Гарчанд Саид Аҳмад Николай замонасидаги қози, порахўр, элликбоши, бой-қулоқларни кўрган эмас. Лекин ғоят синчков табиати билан ҳаммасини билиб олган. У бирон миршаб-городовой устидан кулмоқчи бўлса, тип-тириги, шоп-шалопи билан кўз олдингизга келтириб қўяди. Мен Саид Аҳмадни замонамизнинг пешқадам ҳикоянавислари сафида кўраман.

Саид Аҳмаднинг майда сатирик-юмористик ҳикоялари ғоят ҳаётийдир, жозибадордир, эсда қоладиган, эсга тушганда кулиб юрадиган ўзимизнинг ҳикоялардир. У яқинда қаламини жиддий нарсалар устида ҳам синаб кўра бошлади. «Уфқ» деган роман ёзди. Бу роман иккинчи жаҳон уруши йилларидан олинган мусибат кунларининг қиссасидир. Бу романда у қанчалик муваффақият ва ка-мэлотларга эришган — танқидчиларимизнинг мўътабар сўзларига мунтазирмиз. Ҳар ҳолда, бу китоб ўзбек адабиёти хазинасида бор.

Мен тотув, бахтиёр, ижодкор, ширингина бу адабий оилага кўпдан-кўп равнақ ва камолот тилайман.

“Совет Ўзбекистони”, 1965 йил, 15 август