Эркин Воҳидов. Шеър қадри (1982)

Шеърни ҳеч ким бировдан ўрганиб ёзмайди, ҳеч ким бировга шеър ёзишни ўргатолмайди. Лекин шеърий иқтидори бор бўлган бошловчига маҳорат сирларини ўргатувчи устоз керак. «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар» деган халқ мақолининг шеърий ҳунарга ҳам дахли бор. Матбуот саҳифаларида босилаётган сон-саноқсиз шеърларни ўқиганда шеърият уёқда турсин шеърий нутқнинг ибтидоий қоидалари вайрон бўлаётганини сезиш қийин эмас. Ростини айтганда, ҳамма вақт ҳам истеъдод эгаси бўлган ҳақиқий шоирлардан кўра ноқобил ҳавасмандлар кўпроқ бўлган. Лекин ҳеч қачон шеър бунчалик ўз қадр-қийматини йўқотмаган бўлса керак. Шеърият деб номланувчи муқаддас даргоҳ бедарвоза шаҳар бўлиб қолди.

Биз матбуот саҳифаларини ҳавасмандликка кенг очиб қўйдик. Бу масаланинг иккита нозик томони бор. Биринчидан, яхши ният билан қўлига қалам олган, ватани, халқи меҳри билан ҳаяжонга тушган, ўз қалб туйғуларини оқ қоғозга туширмоқ истаги билан кечаларни бедор қилган ҳар бир йигит-қиз ҳар томонлама таҳсин ва мададга лойиқ. Бизнинг инсоний нуқтаи назаримиз шуни тақозо қилади. Иккинчи томондан эса, бир яхши йигитнинг эзгу орзусини рўёбга чиқариб минглаб, миллионлаб ҳақиқий шеърият мухлисларининг эътиқодини дарз кетказиш мумкин.

Ёш ёзувчилар билан ишлаш бўйича олиб борилаётган кўлами беқиёс кенг — матбаа, нашриёт, ижодий уюшмаларнинг фаолиятида ана шу икки зиддиятли, аммо бир япроқнинг икки томонидай бир бутун бўлган дунёқарашлар ўртасида сезилмас кураш бор.

Лекин биз қанчалик шафқатли бўлмайлик, ҳаваскорнинг бошини силашга, инсоний яхшилик қоидасига кўра яшашга уринмайлик — адабиёт ўзи жуда бешафқат. Ҳаёт-ку яхши йигитларнинг, мулойим қизларнинг бошини силаши мумкин, лекин қайсар шеърият учун хушфеъл, эзгу ниятларнинг ўзи камлик қилади.

Учта хотин қишлоқ йўлида гаплашиб кетишяпти:

— Менинг ўғлим доктор бўлса керак, — дейди биринчиси, — нега десангиз, ҳозирдан қайси касалга нима дорилигини айтиб беради.

— Менинг ўғлим бухгалтер бўлса керак, — дейди иккинчиси, — нега десангиз, ҳозирдан ҳисоб-китобни яхши кўради.

— Менинг ўғлим шоир бўлса керак, — дейди учинчиси, — нега десангиз, ҳозирдан ёлғон гапиради.

Икки аёлнинг гапида ҳақиқат борми-йўқми билмадим, лекин учинчи аёлнинг гапида жуда нозик ҳақиқат бор.

Гар деса Фузулий, ки гўзалларда вафо вор,
Алданмаки, шоир сўзи албатта ёлондур.

Ҳа, шоир сўзи ёлғондир деган гап жуда қадимдан қолган. Ривоят қиладиларки, Нўширвони одил шоирларни ҳузурига чақириб айтибди: «Бу не бетавфиқликки, сиз шоирлар мендек одил шоҳ давронида ёлғон шеърлар ёзасизлар? Ҳеч замонда ошиқнинг оҳу фиғони саҳрога ўт қўядими? Қиз боланинг киприги ўқ бўлиб ошиқ йигитнинг кўкрагига санчилармиш. Бу гапга ким ишонади? Хуллас, шу бугундан бошлаб ким ёлғон шеър ёзса боши дорда, мулки талонда».

Шу фармондан кейин узоқ вақт ҳеч ким шеър ёзмай қўйди. Ниҳоят бир шоир шундай шеър ёзди:

Тонг отса юлдузлар сўнар осмонда,
Хўрозлар қичқирар Мозандаронда.
Халафда кечқурун қуёш ботади,
Кечаси одамлар ухлаб ётади.

Нўширвони одил ҳеч бир ёлғони йўқ, бошидан-охиригача ҳақиқат бўлган ушбу шеърни ўқиб елкасини қисди, бошини қашлади ва яна фармон берди: «Шоирлар ўша ўзининг ёлғонини ёзаверсин».

Шундан, «Шоир сўзи ёлғондур» деган гап қолган, шундан Фузулий: «Алданмаки, шоир сўзи албатта ёлондур», — дея лутф қилган.

Шеъриятнинг ана шу «ёлғонида» жуда чуқур ҳақиқат, сеҳрли ҳақиқат бор, буюк ишонтириш кучи бор. Ақл бовар қилмас бир қонуниятга кўра кишилар жўн айтилган рост сўзга эмас, ўша «ёлғон»га ишонади.

Нега энди мен шеъриятнинг зукко билгичлари ўлтирган бу йиғинда адабиётнинг ибтидоий қонуни, алифбоси бўлган бу гапни, ҳаётий ҳақиқат билан бадиий ҳақиқат муносабатини айтиб турибман? Негаки, минг афсус, биз кўп ҳолларда, ҳатто тўқсон фоиз шеърларимизда шу қонуниятга амал қилмаймиз, «Кечқурун Халафда қуёш ботади» деб ёзамиз.

Мана «Шарқ юлдузи» журналида турли вақтда босилган иккита ўртоқлик ҳазили. Бири кўзга кўринган олимга:

Ўйчан олим, ишчан олим,
Лабзи ҳалол муаллим.

Тўғри гапми? Тўғри гап. Ҳақиқат. Биз ўша олимнинг ишчанлигини, ҳалоллигини биламиз. Энди савол: Агар бу рост гап бўлса — нимаси ўртоқлик ҳазили? Ва аксинча, бу гап ҳазил бўлса, қочирим бўлса, демак, олимнинг ишчанлиги, ҳалоллиги шубҳа остига олинган бўлади? Бундан чиқадики, бу ҳазил эмас, тўғри шеър. Энди шу икки сатрни тўғри шеър сифатида таҳлил қилайлик. Мантиқ нуқтаи назаридан қараб чиқайлик.

Ишчан олим деган сўзга тушуниш мумкин, Лекин нега ўйчан олим? Ўйлаш, фикрлаш олимликнинг шарти-ку! Бу гап худди шеър ёзадиган шоир, ашула айтадиган хонанда деганга ўхшамайдими?

Иккинчи сатрда олимнинг муаллимлиги ҳақида хабар берилади. Муаллим сифатида олимга қандай шарҳ бериш мумкин? Яхши муаллим, уста муаллим, меҳрибон, борингки, талабчан муаллим, қаттиққўл муаллим — дейиш мумкиндир. Лекин нега энди «лабзи ҳалол» муаллим? Лафзи ҳалол деб ваъданинг устидан чиқадиган одамни айтадилар. Олим муаллим сифатида қандай ваъда берди-ю, ўша ваъдасининг устидан чиқди? Ҳар юз бош талабадан ўнтадан кандидат етиштираман деб ваъда қилдими?

Икки сатргина шеър. Бор-йўғи етти сўз. Етти дона сўзда ўн хил мантиқсизлик. Беихтиёр русча «еще» сўзини «ишчо» деб ёзиб уч ҳарфли сўзда тўртта хато қилган ўқувчи кўз олдимга келади.

Энди яна бир ўртоқлик ҳазилини кўрайлик. Гулчеҳра Жўраевага:

Лирикаси «ёр-ёр» гўзал,
Яратмоқда достону ғазал.
Ўз-ўзига талабчанки у,
Бўлиб борар ижоди тугал.

Бу сатрларни таҳлил қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ — фақат яна ёдингизга соламан:

Халафда кечқурун қуёш ботади…

Бундай жўн, саёз, бадииятдан йироқ сатрлар аҳёнда учраса майли эди. Матбуотимиз, радио-телевидениемиз, китобларимиз саҳифаларини бундай ноқобил назмбозлик тўлдириб юборди. Кеча биз баҳорги сойлар деб мақтанган оқим бугун селга айланди. Бу офатдан қутқаринглар дея бонг урадиган даражага етдик. Шеъриятни бу офатдан якка шахслар қутқариши қийин. Ҳамма бир бўлиб курашиши керак. Бу ҳақда айниқса танқидчи олимларимиз, ўша «ишчан» ва «ўйчан», ўша «лабзи ҳалол» олимларимиз жиддий ўйлашлари лозим.

1982