Эркин Воҳидов. Сергей Есенин (1980)

Ёшликда орттирилган дўст умрнинг кўрки, қалбнинг суянчиғи бўлади. Киши шодлигини ҳам, дардини ҳам аввало у билан баҳам кўргиси келади, ҳар гал учрашганда бамисоли ёшликнинг беғубор оламига қайтгандек бўлади. Тасаввуримда Сергей Есенин шеърияти менинг шундай — ёшлик дўстим. У билан мен талабалик йиллари танишиб қадрдон бўлиб қолганман. Эсимда, иккинчи курс студенти эдим. Пахта теримига хашарга чиққан кунларимиз ишдан сўнг ётоқда, хира чироқ нурида ярим кечагача есенинхонлик қилар эдик. Ўшанда «Эрон тароналари»нинг бир қанча шеърлари ўзбек тилига таржима қилинди.

Мана, ўша кунларга ҳам ўттиз йилга яқин вақт бўлди. Бу фурсат ичида мен Есенин ижодига кўп марта қайтдим. Унинг китоблари ўзбек тилида уч бор оммавий нусҳада чоп этилди. Баъзи шеърлар ўзбекча қўшиққа айланди.

Сергей Есенинга ҳар гал мурожаат этганимда ўша талабалик йиллари, қадрдон пахтазор ёдимга тушади. Шоир сўзларини чаноқлардан тортиб олаётгандек бўламан. Димоғимга пахта ҳидига омухта рус ўрмонларининг таниш ҳиди урилгандек бўлади.

Одатда шоир таваллуд санасини нишонлаганда «у тирик бўлганда фалон ёшга кирар эди» деган сўзларни айтишади. Мен негадир Сергей Есенинни тўқсон ёшли чол сифатида кўз олдимга келтиролмайман. У дунёга чақмоқдек келиб кетди. Лаҳзадек умрида бор нурини сочиб, бутун борлигини намоён қилди. Есенин барча мухлислари тасаввурида ўттиз ёшли ўт юрак йигит, туйғулари тизгин билмаган ёш шоир бўлиб қолади.

1980