Эркин Воҳидов. Қўшиқ умри пойидор (1980)

Қадим замонлардан шеърият билан мусиқа бир онанинг икки эгиз фарзанди каби ўхшаш ва яқин, бир зарварақнинг икки саҳифаси каби туташ ва бир бутун бўлиб келган. Ҳали китобат санъати дунёга келмаган замонларда, одамлар харсанг тошга шакллар чизиб юрган пайтларда халқнинг дарди, армони бўлган шеърият мусиқа қанотида парвоз қилиб юрган.

Рудакий ва Ҳофизнинг, Навоий ва Фузулийнинг ўлмас байтлари ҳам халқ орасига қўшиқ бўлиб тарқалган, қўшиқ қанотида минглар, миллионлар юрагига кириб борган.

Неча асрлар давомида сайқал топиб камолат чўққисига кўтарилган шеърий ва мусиқий санъатимиз меросини йиғиш, ўрганиш, тартиб бериш бениҳоя олижаноб ватанпарварлик меҳнатидир.

Улуғ Навоий ўзигача яшаган ва ўзига замондош бўлган шоирларнинг байтларини йиғиб «Мажолисун нафоис» тузди ва унутилишга маҳкум бўлган девонларнинг ҳам дурдоналарини олиб авлодлар мулкига айлантирди.

Буюк Саъдий Шерозий халқ донишмандлигининг нодир намуналарига ўз истеъдоди шуъласи билан сайқал бериб «Гулистон» ва «Бўстон»лар яратди.

Гёте, Пушкин, Лев Толстойлар халқ оғзаки ижодиётининг тенгсиз билгичлари ва тўпловчилари бўлганлар.

Ўзбек халқининг улкан алломаси Юнус Ражабийнинг мусиқа санъати борасида қилган меҳнати ҳеч бир муболағасиз буюк устозлар меҳнати билан баробар туради.

Олим, санъаткор, мусиқа арбоби Ражабий ўз номини тириклигидаёқ тарихимиз саҳифаларида қолдирди.

Санъатга бахш умрнинг ажиб мўъжизаси бор,
У дунёни тарк этса, ундан дунё қолади.
Одам умри сарҳадли, қўшиқ умри пойидор,
Навосоз юракларда ўлмас наво қолади.

1980