Эркин Воҳидов. Бизнинг одатлар (1970)

Одатлар халқ табиатининг кўзгусидир. Ҳеч бир халқнинг ҳеч бир одати айрим одамларнинг истак-хоҳиши билан, шунчаки бир ўткинчи ҳаваси билан дунёга келган эмас. Одатлар аслида эзгу ниятларнинг ифодаси сифатида, инсонларнинг бир-бирига меҳр оқибати намойиши сифатида туғилади, улар аслида халқ донишмандлигининг бир кўринишидир. Шунинг учун ҳам одатлар узоқ яшайдилар. Ҳатто замон-замонлар ўтиб бу одатлар янгича ҳаёт қоидаларига мос келмай қолганда ҳам бир неча ўн йиллар давомида яшаб келаверади. Масалан, доғистонликларда шундай одат бор. Бир уйда қиз бўйга етганда йигитлар қизлик уйнинг ҳовлисига папоқларини отадилар. Қиз папоқни қайтариб отса, йигитга кўнгли йўқлигини, агар олиб қолса, кўнгли борлигини, уйга таклиф қилганини билдиради. Бу одат қадим замонларда қиз билан йигит кўчада ўзларича кўришиш имконияти бўлмаган пайтларда дунёга келган, қиз қадрини улуғлаш, унинг қалби билан ҳисоблашиш ниятида туғилган. Лекин ҳозир ҳам, йигит билан қиз танишиб, киноларга бориб, танцалар тушиб бир-бирини обдон синаб турмуш қурадиган бўлганларида ҳам тўйга яқин йигит қизнинг ҳовлисига папоғини отмаса бўлмайди. Қизнинг ота-онаси, қавму-қариндошлари бусиз тўйга рози бўлишмайди. Папоқ отиш қизнинг шаъни учун керак деб ҳисоблашади. Бамисоли биздаги тўй куни қизнинг эшиги олдида сурнай чалиниши одат бўлгандай.

Бизнинг баъзи ўзбекча одатларимиз ҳам ўша қиз ўғирлаш, папоқ отишга ўхшаб эскириб қолган. Лекин қиз шаъни, йигит обрўси, ота-она орзуси деб ҳанузгача давом эттирамиз. Масалан, илгари замонларда қиз бола дунёга келгандан бошлаб, отани «холва» деб табриклашган кундан бошлаб, «қизни бешикка, молини тешикка», дегандек бўлажак келин учун керакли нарсалар — бир неча бош оёқ кийим, чойшаб, палос сингари нарсалар ғамлаш одат бўлган. Бу яхши ният билан қилинган. Лекин бизнинг замонда кийим-кечак у ёқда турсин, мебелларга бўлган урф ҳам йил сайин ўзгариб турган бир вақтда, қирқ, элликлаб кўйлак қилишлар, шундай тўқлик замонида етти маҳаллани хабарлаб ош беришлар ёки аёлларнинг тўйга ош хоми кўтариб боришлари ҳозирги турмуш тарзимизга ўтиришмайдиган одатлар. Лекин улар давом этмоқда. Биз бу одатларга ўрганиб қолганмизми, ҳар қалай ўзимизга унча билинмайди. Лекин четдан, бошқа халқлар иазари билан қаралса, ҳалиги папоқ отиш ёки қиз ўғирлаш каби ғайритабиий, кулгили бўлиб туюлади.

Албатта тўйларнинг чиройли тантана бўлгани яхши. «Тўй умрда бир бўлажак сийрак тантана» деган Ғафур Ғулом. Қудаларнинг бир-бирига иззат икроми, икки оиланинг яқинлашуви учун қилинадиган тадбирлар яхши. Булар янги қурилган оиланинг мустаҳкам бўлишини кўп жиҳатдан таъминлайди. Лекин бу яхши одатлар манманликка, бойлик намойишига айланса, албатта атрофдагиларнинг ғашини келтиради. Тонготар радиокарнайли базмларимизга наҳорги ош ашулалари уланиб кетса, бир хонадоннинг тўйи бир километр радиусдаги халойиққа уйқу бермаса, айниқса битта тўй бир оилани умрбод қарзга ботирса, энг ёмони, одат ҳукми турли йўллар билан қўшимча даромад топишга мажбур қилса, бўйнимизга таъналар юкини ортса, соғлиқни путурдан кетказса, бу одатнинг офатга айланганидир.

Яна бир гап. Тўй қилган ота-она, ўз фарзанди учун осмондаги ойни олиб совға қилишга тайёр. Юлдузларни териб марварид қилиб осишни истайди. Зеро, ота-онанинг моли тугул жони фарзандга фидо. Лекин нима учун биз ҳадяларимизни кўз-кўз қилишимиз керак? Барча қариндош-уруғ, қўни-қўшни аёлларни чақириб — мол ёйиб, — мана мен фарзандимга бундай қилдим, келинимга ё куёвимга шундай совғалар юборяпман, деб мақтанишимиз керак?

Азиз ва муҳтарама оналар! Сизнинг эзгу ниятларингизни бутун дунё оналари тушунади. Қайси она ўз фарзандининг қадри бошқаларникидан кам бўлишини истайди? Қайси она ўз фарзанди бахтини кўз-кўз қилишни истамайди. Аммо ўзингиз яхши биласизки, бизнинг замонда бахт, қадру қиммат мол-дунё билан ўлчанмайди. Шундай экан, нега энди сиз фарзандингиз, бўлажак келин ё куёвингизга атаб умр бўйи йиққан нарсаларингизни мол тахлар қилиб, сеп ёйди қилиб ҳаммага кўз-кўз қилишингиз керак? Ахир сиз йиққан нарсаларга тенг мол-мулки бор одамлар ҳам, йўқ одамлар ҳам бўлади-ку. Беш қўл баробар эмас. Не-не бошида эри йўқ, қўл учида кун кўраётган, маошини у ойдан бу ойга зўрға етказадиган аёллар бор. Улар сиз кўз-кўз қилган молларни кўриб сизнинг бахтингиз учун-ку севинар, лекин уз фарзандлари учун юраклари зил кетмайдими?

Биз оталар худди сиз каби ўз боламиз учун дунёни бериб юборишга тайёрмиз. Сизнинг орзу ҳавасингиз бизнинг ҳам орзу-ҳавасимиз:

Нима бор мен учун фарзанддан азиз,
Арзир ҳар сўзига жон фидо этсам.
Дунёда нимаки бўлса энг лазиз
Фақат унинг учун муҳайё этсам.
 
Кипригига зарра қўнмаса қайғу,
Бахти комил бўлса, толеи бекам.
Кўрса мен кўрмаган шодликларни у,
Етса мен етмаган ниятларга ҳам.
 
Лекин у бир умр бўлмай ошино,
Тириклик деганнинг қайғу дардига,
Била олармикин надир бу дунё,
Ета олармикин ҳаёт қадрига?

Биз мана шуни ҳам ўйлашимиз керак. Бир неча йилга етгулик ҳамма нарсани бадастур қилиб қўйсак, ёш келин-куёвга интилиш йўлини беркитмаймизми? Меҳнат қилиб топилган нарсанинг қадрига етиш туйғусини ўлдирмаймизми? Ота-оналари шунча совға тайёрлаган, ўзи ҳам бир дунё сеп билан келган келинни куёв йигит энди нима олиб бериб хурсанд қилиши мумкин! Ахир ҳаётнинг қизиғи интилишда-ку!

Мен шундай тўйни биламан. Икки бадавлат оила бир-бирига қуда бўлди. Йигитнинг ота-онаси ёш оилага янги кўп хонали квартиранинг калитини совға қилдилар, мингга яқин одам чақириб, бир неча мингни тўй дастурхонига тўкдилар. Келиннинг ота-онаси ўша кўпхонали квартирани айтиб тугатиб бўлмайдиган мебеллар, гиламлар, кўрпа-тўшак, чиннию биллур асбоблар билан тўлдирдилар. Келиннинг сепини, куёвга қилинган совғаларни кўрган аёллар бир йилгача эс-ҳушларини йўқотиб бошларини сарак-сарак қилиб юрдилар. Лекин келин-куёвнинг тотув ҳаёти бир йилга бормади. Можарога нима баҳона бўлди, билмайман, лекин сабаб, ўйлайманки, тўқликка шўхлик, икки бадавлат ва манман оиланинг болалари бир-бирига бўйин эгмаганида ва асосийси ёшларга ҳаётнинг қизиғи қолмаганида.

Тўй билан боғлиқ одатларимиз ичида чорлар ва қуда чақириқ деб аталган, ҳар бири ўзига хос тўйчиқ бўлган маросимларимиз бор. Бу — эркак, аёл қудаларнинг, ҳар икки томон яқинларининг бир-бири билан танишуви учун қилинган, ўз вақтида яхши ниятга қурилган одат. Лекин ҳозирги замонда, шуларнинг ортиқчалиги сезилмоқда. Авзало ҳозирги қудаларнинг кўпчилиги тўйгача ҳам бир-бирларини таниб-билиб, ҳатто борди-келди қилиб юрган одамлар. Аввал таниш бўлмаганлари ҳам тўй муносабати билан яқинлашиб оладилар. Қўшимча танишувга эҳтиёж йўқ. Иккинчидан, одамларнинг вақти зиқ, тўйлар кўп бўлган ҳозирги пайтда тўй устига тўйчиқлар қилиш жоизмикин? Агар шундай учрашишга эҳтиёж бўлса, тўйдан кейин қудалар ўзлари эр-хотин бўлиб бир-бирлариникига борсалар бўлаверади. Тўғрисини айтганда, ҳозирда на келин томон, на куёв томон қуда чақириқ қиламан, ёки қуда чақириққа бориб тўн кийиб келаман деган орзу-ҳавасни қилмайди. Бу ҳар икки томон учун ҳам, ҳар икки томоннинг яқинлари учун ҳам ортиқча чиқим, ортиқча уриниш, ортиқча вақт сарфлаш, фақат одат бўлгани учунгина қилинадиган тадбир.

Мен шу сўзларни айтиб турибману бир нарсани ўйлайман. Менинг ҳам бўйи бўйим билан бараварлашиб қолган фарзандларим бор. Кўнглимда уларнинг орзу-ҳаваси ҳам йўқ эмас. Тақдир бизни шундай яхши кунларга етказса, ихчам, чиройли тўй қиламиз, ортиқча дабдабали маросимлардан воз кечамиз деган ниятимиз бор. Ният қиламизки, у пайтгача тўй қоидаларимиз ўзи тартибга тушиб қолар, баъзи ортиқчаликларни инкор қилиш, бизларга, ёки келажак авлодларга қолмас. Бунинг учун халқимизда кўпни кўрган зукко одамлар бор. Бунинг учун доно, фаросатли, ҳар томонни ҳисоб-китоб қиладиган, эркакларни йўлга соладиган аёлларимиз бор. Вақт келарки, тўйларимиз ортиқча борди-келдисиз, фақат шодлик ва бахт тантанаси бўлиб қолар. Шунда бугунги қилаётган сарфу харажатларимиз, ноўрин одатларимизни кулиб-кулиб эслармиз.

Бир шеър:

ТУЙ ОҚШОМИДА

Икки ошиқ ўхшар юлдузлар аро
Учиб юрган ёндош сайёраларга,
Севги фазосида улар бор танҳо,
Не парво ердаги овораларга.
 
Улар биздан олис қилмоқда парвоз,
Сомон юлдузлари нуқра поёндоз.
Сиз эса янгалар, таванда шоввоз
Чучвара уясиз тоғораларга.
 
Уларнинг қалбида илоҳий туйғу.
Қудрати олийга турар рўбарў.
Сиз эса нотиқлар, сизга не қайғу,
Ҳадеб панд ўқийсиз бечораларга.
 
Севги — япроқларнинг шитирлашидир,
Севги — юлдузларнинг шивирлашидир.
Севгида самовий оҳанг яхшидир,
Сиз карнай улайсиз ноғораларга.
 
Интизор жонларга беринг ал-амон,
Муҳаббат аршида урсинлар жавлон,
Сен эй, гўзал синглим, ошиқ укажон,
Оқ йўл саодатли ситораларга.

1979