Улуғ адиб, улуғ шоир, драматург, ҳикоянавис Робиндранат Тагорнинг ҳинд адабиёти тараққиётида хизмати катта.
Тагор эски бенгал поэзиясининг лирик шаклларини такомиллаштирди, унга жило берди, бу шаклнинг аломат намуналарини яратди.
Тагор бенгал адабиётига Европа адабиётининг қудратли шаклларини олиб кирди, ўрнатди, мустаҳкамлади, унинг романлари бенгал адабиётидагина эмас, умуман, ҳинд адабиётида янгилик, тараққиёт босқичи бўлди.
Тагор бенгал адабий тилини жонли тилга, бенгал адабиётини оммага яқинлаштирди.
Улуғ санъаткор, улуғ киши, улуғ ҳинди адабиётни одам боласининг ғам-кулфатига барҳам бериш, ҳинд тараққиёти ва Ҳиндистон қудратининг ўсиши йўлидаги асосий тўсиқ бўлган кастачиликни ўртадан кўтариб ташлаш, ҳиндини пачоқ ва нотавон қилаётган мустамлакачилик шароитига қарши курашга йўналтирди.
Ҳиндистонда инглиз мустамлакачилиги салкам икки юз йил ҳукмрон бўлди, салкам икки юз йил мамлакатни ғорат қилди. Мустамлакачилик фақат мамлакатни ғорат қилмайди, ундан ҳам ёмонроғи, одамларни, халқни руҳан ғорат қилади, шундай қиладики, қул ҳаётини кечираётган, инсонга номуносиб ҳаёт кечираётган одамда шу ҳаётга қарши норозилик, исён руҳи буткул сўнади. Ҳиндистонга борган киши ҳатто ҳозир ҳам миллион-миллион одамлар кўчада туғилиб, кўчада оламдан ўтаётганлигидан ҳам кўра уларда шу ҳаётга қарши норозилик руҳи бўлмаганига кўпроқ ҳайратда қолади.
Бу ёмон! Урушда вайрон бўлган иморатни тиклаш осон, лекин мустамлакачилик қўл-оёғини боғлаб тақдир ҳукмига топширган одамни бу фалокатдан халос қилиш қийинроқ!
Ўша вақтларда ҳинд зиёлилари орасида пайдо бўлган ҳар хил оқимлар, жумладан, муҳтож киши муҳтожлигини ўзи сезмаса муҳтож эмас деган ақидани олға сургувчилар, сиёсий кураш ўрнига турли ислоҳотлар ўтказиш йўлини тутганлар мана шунинг оқибати бўлиб майдонга келган эди.
Тагор ҳикояларида мустамлакачилик ҳукмдорларидан, бенгал мансабдорларидан кулади, инглиз ҳукмдорларининг золимлигини кўрсатиб беради. «Гора» романининг марказида эса Ҳиндистонни мустамлака тузумига қарши оёқлантириш қасдига тушган оташин ватанпарвар образи туради.
Жаҳонда қўзғолган озодлик насими Тагор юртида ҳам елиб қолди. Ҳинд халқи уйғониб, мустамлака тартибини Ҳиндистонга қайтармаслик учунгина эмас, бу маломатли маразни ер юзидан буткул кўтариб ташлаш, яъни урушга қарши тинчлик учун курашаётибди. Бу курашда Тагор бутун ҳинд халқи билан бирга, ҳинд зиёлилари билан қўлни қўлга бериб ҳамкорлик қилаётибди.
Биз бугун, ватанпарвар улуғ ҳинди Рабиндранат Тагорнинг туғилганига 100 йил тўлган кунда буюк дўстимиз ҳинд халқига, унинг зиёлиларига бу курашда ғалаба устига ғалаба тилаймиз.
1964 йил