Алексей Максимович Горький «Ёшлар билан суҳбат» деган мақоласида шундай дейди:
«Харид» номли ҳикояда сўз ўзига диван олмоқчи бўлган пулига завод учун цемент олган кекса бир ишчи тўғрисида боради. Бу ҳодиса кўп ҳам типик ҳодиса эмас, балки латифа. Кишининг ортиқча мато орттиришга бўлган ҳирсини қандай енгганлигини кўрсатиш фойдали, чунки илгари шахснинг ўз-ўзини мудофаа қилиш қуроли бўлган хусусий мулкчилик инстинкти ҳозир синфсиз социалистик жамият бўлишни истаган тузумнинг душмани бўлиб қолди. Аммо автор ўзи танлаб олган мавзунинг маъносини яхши тушунмаган ва бу ҳақда ҳикоя қилиб, фактнинг ростлигига, салмоғига ўқувчисини ишонтиролмайди».
Мана бундан кўринадики, адабий асарнинг майдонга келиши учун авторнинг ниятигина кифоя қилмайди. Авторнинг нияти маълум бир идеяни ташвиқ қилмоқ экан, уни ташвиқ қила билиши керак. Ташвиқ қила билишнинг асосий шартларидан бири эса ўқувчини ишонтира билишдир. Автор ёки персонажлар томонидан айтилган гапларга, асардаги деталларга, воқеаларга китобхон ишонмаса, ҳатто шубҳа қилса ҳам асарнинг қиммати қолмайди.
Фараз қилайлик, биз спектаклда ўтирибмиз. Саҳнада 70—80 яшар бир чол бирон ёвуз қўли билан ўлдирилган ўғлининг тобути устида фарёд чекаётибди. Биз, албатта, таъсирланамиз, чолнинг қайғусига қўшиламиз. Ёвузга нисбатан қаттиқ душман кайфиятда ўтирамиз. Борди-ю шу пайтда «чол» (артист)нинг соқоли (грими) тушиб кетса нима бўлади? Ҳеч шубҳасиз шу картинанигина эмас, бутун спектаклнинг таъсири йўқолади. Ҳолбуки, агар чолнинг соқоли грим эканини ўзимиз яхши билганимизни эътиборга олсак, бу соқолнинг тушиб кетиши, анчайин бир қусур.
Мана шунга ўхшаш ҳикоя, повесть, роман ва умуман ҳамма жанрда бўлган адабий асарга автор томонидан киритилган сохта деталь, ҳатто бир сўз ҳам бутун асарнинг таъсирини йўқотади.
М. Абдуллаевнинг колхозлаштириш тўғрисида ёзган «Қилич» деган асарида шундай бир эпизод бор: асарнинг қаҳрамонларидан бири бўлган Қаландар кечаси кўчада кетаётганда бир тўда муштумзўрлар қўл-оёғини боғлаб, бир уйга олиб киришади.
«… Бек дарвозани очди. Ташқаридан келган киши:
— Келтирайми? Ё бўлмаса шу ёққа тузлай берайликми? — деди мағрурона.
Меҳмонхонага кириб келган Бек:
— Узоқ яшанг сиз, Сафарбек, келтирилсин.
Ўн беш минутлик вақт ўтмаган ҳам эди, оғзи, кўзи, қўл ва оёқлари боғланган бир киши келтирилди. У кишининг кўзи очилиб, оёғи ечилди. Шу онда у, ўз кўзларига ишонмай бошлади. Нима деб сўзлашини билмади.
— Қаландар, қалайсиз?
— Мен ҳеч нарса тушуна олмадим. Бу қандай гап, бу қандай ҳол?
Букри сўз бошлади:
— «Дўстим» Қаландар, сиз менинг гапларимга қулоқ солингиз. Сизнинг олдингизга қўядиган икки масаламиз бор. Шуларга кўнсангиз биз билан бирга бўласиз. Бўлмаса тақдирга тан беришга мажбурсиз.
— Хўш, эшитайин-чи…
— …Шундай қилиб, қишлоқда муштумзўр йўқ, дейсиз ва бу сўзингизни амалга оширасиз. Сизга ёрдамлашувчилар кўп. Уқдингизми? Шунингдек, бундан сўнг бизлар билан бир фикрда бўласиз. Нима десак шунн қиласиз. Мана шу икки шартимизга бўйсунсангиз, севгилингиз ҳам сизники бўлади…
— Нега индамайсиз? Рози бўласизми?
— …
— Гапиринг, «дўстим».
— Мен сира тушунолмаётирман. Менинг қўл-оёқларим нега боғлиқ.
— Сен бандисан, банди, сен ҳозир ўзингни қафас ичида деб ҳис эт.— Букри чўқиб олди».
Масала равшан: Қаландар шу икки шартга кўнса тутқунликдан озод бўлади. «Кўндим» деса бас, чунки олдига қўйилган ҳар икки шартни ҳам ҳозирнинг ўзида бажариш, яъни кўнганлигини амалда кўрсатиш мумкин эмас. Агар кўнмаса ўлдирилади. Энди Қаландар нима қилади? Мана:
«Қаландар телбаланиб:
— Ювиндихўрлар… — дейди унга.
— Атайлаб сени тириклай кўмиш учун беш метр чуқурликда ер қазилган. Сўзла, ё «хўп» деб, ё «йўқ» деб айтишинг мумкин. Бўлак йўл йўқ сенга, — деди Букри жиддий йўсинда.
— Хом сут эмган эканман. Кўзларим кўр экан. Оқ билан қорани ажрата олмас эканман.
— Бошинг ёш, ука, нима қарорга келдинг?
Сафарбек дод урди.
— Киши, — деди Қаландар бақириб, — бир марта дунёга келади. Мен бир сўзли кишиман. Мени бир сўзли бўлишга ўргатган эдилар. Бу ўгитлар ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.
— Секинроқ, — деди Сафарбек.
— Заҳар сочма, чаён.
Кўзларини хонасидан чиқариб:
— Белгиланган ерга кўмилсин,— деди амирона».
Шундай қилиб муштумзўрлар Қаландарни тириклай кўмиб ташладилар.
Энди ҳар бир китобхон бериши мумкин ва муқаррар бўлган бирмунча саволларни ўртага ташлайлик.
1) Қаландар бекорга ўлиб кетмаслик учун қўйилган икки шартга ўзини кўнган кўрсатиб, ёлғон ваъда берса муштумзўрлар уни озод қилармиди?
Ҳеч шубҳасиз озод қилар эди, чунки:
а) Қаландарнинг кўниши, берган ваъдаси ростми, ёлғонми эканини ҳозирнинг ўзида синаб кўриш мумкин эмас.
в) Уни кўндириб, ваъда олгандан сўнг қўйиб юборилмаса, бу икки шартнинг маъноси қолмайди.
2) Қаландар уларга ёлғон ваъда бериб, қутулганиданг сўнг, воқеани бориб айтгани ишончли кишилар топа олармиди?
Қишлоқда бир эмас минглаб ишончли кишилар бор эканини билмаса, кимга ишониб, муштумзўрларни «ювиндихўрлар» дейишга жасорат қилди?
3) муштумзўрлар Қаландарнинг алдаш эҳтимоли бор эканини нима учун сира хаёлларига келтирмадилар.
Бундай эҳтимолни кўзда тутмаслик учун уларда ҳеч қандай асос йўқ. Бу сохта воқеанинг иштирокчилари ҳам китобхонга сохта одамлар бўлиб кўринади.
Ёзувчи «М»нинг «Донгдор йигит» деган ҳикоялар тўпламида бундан ҳам сохта бир нарса ҳикоя қилинади. («Хотин» ҳикояси.)
Қишлоқ Советининг раисига кўчада паранжилик бир хотин учраб, босмачилар рўзғорини талаб, уйига ўт қўйганини ва кўчада қолганини арз қилади. Раис уни ўз уйига таклиф қилади. Раиснинг хотини бу хотинни яхши қарши олади. Ярим кечагача иккови гаплашиб ўтиради.
«Улар бир қанча вақтдан сўнг қатор ўрин солиб ётишади. Ётар олдида кампир Рухсор (раиснинг хотини) холага илжайиб туриб деди:
— Сиз, қизим, айланай, бемалол ухлайверинг… Болангиз йиғласа ўзим тебратиб ухлатиб қўяман…
…Ой чиқди… Бешикда ётган бола йиғлади, кампир терватмади шекилли, Рухсор холанинг ўзи ўрнидан турди… Бир вақт ялт этиб кўзини очди ва бешикнинг ўнг томонида, алоҳида ўринда ётган «хола»сиға кўзи тушди-ю, оз қолдики, додлаб юборса. (Ҳалиги кампир ухлаб қолган. А. Қ.) Ўша дока рўмол бошдан тушиб кетган, ясама қўйилган сочлар рўмол билан уймалашиб пастда ётибди. Ўша баланд кўкракларда икки думалоқ латта-путталар ҳам ўз ўрнида эмас. Камзул тугмаси ечилиб кетгани, бир ханжар билан бир тўппонча кўриниб турипти… Хотин эмас, бир забардаст эркак, кампир эмас — босмачи экан».
Маълум бўлишича бу «забардаст эркак» қишлоқ советининг раисини ўлдириш учун кампир қиёфасида кириб келган ва… ухлаб қолган.
Бу афсонага авторнинг ўзи, албатта, ишонмайди, аммо нима учундир китобхонни ўзидан гўл ҳисоблайди.
Мана шундай нарсаларнинг адабиётга нима алоқаси бор?
Бундай нарсалар адабиётга энди қадам қўйиб келаётган ёшларни ҳам янглиштиради, чунки улар аксари «ёмон нарса бўлса босилармиди» деган ақидада, унга эргашадилар. Бунга мисол қилиб, редакцияга келадиган кўп ҳикояларни кўрсатиш мумкин.
Ёш авторлардан бири каттакон бир повесть ёзибди. Бунда «А»нинг қизини «В» ўғирламоқчи бўлади. Қиз қочиб кетади. «А» «В»дан қизим қани деб сўрамайди. Воқеа мана шу асосда қурилган. Энди биз автордан борди-ю «А» бориб «В» дан қизини сўраса нима бўлади деб сўрадик. Автор худди «А»ни пишиқтириб қўйгандай, «сўрамайди» деди. Сўраши мумкин ва мумкингина эмас, зарур эканини англатганимизда «шуни ўйламабман» дейди.
«М» деган автор саводсиз бир хотин қандоқ савод чиқарганлиги тўғрисида ҳикоя ёзибди. Бу хотиннинг эри онгли ишчи, атрофидаги хотинларнинг ҳаммаси саводли. Хотин савод чиқаришга мажбур бўлиб қолади, лекин бу мажбурият нима денг? — эрига келган бир хатни ўйнашдан келган деб гумон қилиши. Хотин у хатни эрига кўрсатмай яшириб қўяди ва савод мактабига қатнаб, олти ойдан сўнг ўзи ўқийди. Энди китобхон савол бериши мумкин: хўш, савод чиқариш учун ўзида бошқа ҳеч қандай мажбурият сезмаган бу хотин нима учун олти ой ўзини қийнайди? (Эри ўқигин деса: «Мен ўқиб шаҳар сўрармидим?» дейди). Нима учун мазмунини билишга бунчалик қизиққанини бировга ўқитиб кўра қолмайди?
«Е» деган автор бундай ҳикоя ёзган: бир хотин эрининг идорасига бориб, эрига бугун кинога борайлик, сиз фалон жойга боринг, кутиб тураман деган мазмунда хат қолдиради. Эри хатни олиб, ким ёзганини билмайди ва «Жонон бирор қиз менга ошиқ бўлса керак» деб хатда айтилган жойга боради-да, шарманда бўлади.
Хотини-ку эрини синаш ё алдаш ниятида хатни бошқача қилиб ёзган эмас, эр нима учун шунча йил бирга турган хотинининг хатини танимайди? Ҳолбуки, хотин ўз хатини эри танишига сира шубҳа қилмаганлиги сабабли имзо ҳам қўймаган. Турган гап, воқеани бунга асослаб бўлмайди, асослаш керак экан, эри унинг хатини танимаслигига ўқувчини аввал ишонтириш керак. «Эри унинг хатини танимас эди» деб қўя қолиш билан ҳам бўлмайди.
Айрим авторлар ўз асарларида бўлган бу хилдаги сохталикларга сабаб қилиб, ўзларининг ёшликларини, тажрибасизликларини пеш қиладилар. Фикримизча, бунда айбни «ёшлик», «тажрибасизлик»ка тўнкаб бўлмайди. Бу бепарволик, китобхонни ҳамиша кўз олдида тутмаслик, масъулият ҳис қилмасликнинг натижаси.
Ёзувчининг бирпас китобхонни унутишга ҳаққи йўқ.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» журнали, 1940, 4-сон