Абдулла Қаҳҳор. Шижоат ҳақида (1963)

Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир. Санъат асарида яхшини яхши деб одамларга ибрат қилиш, ёмонни ёмон деб одамларни ундан жиркантириш учун шижоат керак бўлса, шижоат ҳалолликни талаб қилади. Шунингдек, шижоатсиз ҳалолликнинг ўзи ўлик сармоядир.

Ёзда Фарғона водийсининг Бағдод райони марказидаги китобхонлар йигирма чоғли ёзувчини номма-ном айтиб, учрашувга таклиф қилишди. Учрашувдан кейин колхозларда адабий суҳбатлар ўтказдик, далаларни кездик. Бир колхоз даласида ғалати боғча-яслини кўриб қолдим. Бу «тарбия ўчоғи» каттакон тут остига жойланган бўлиб, ерга палос маъносида эски брезент тўшалган, теваракка бир қанча беланчак тортилган. Боғча-яслининг бутун жиҳози шундан иборат. На стол, на стул, на ўйинчоқ… Бунинг устига болалар ўзи тарбияга муҳтож бир аёлнинг қўлига топширилган. Орамизда бу ҳолдан ғазабланмаган одам қолмади. «Тарбия ўчоғи» манзарасини ҳар тарафдан суратга олдик. Бизни кузатиб юрган колхоз раиси, район раҳбар ходими «тарбия ўчоғи»ни сезмаслик учун ўзларини четга олишди. Барибир икковини таъна-дашномларга кўмиб ташладик.

Яна бир гуруҳ ёзувчиларимиз Мирзачўлнинг Гулистон районидаги бир колхозда ясли-боғчага яқин ерга ҳар хил дори тўкиб қўйилганини кўриб, бутун республикани бошларига кўтариб шовқин солишди.

Биз бояги «тарбия ўчоғи» хусусида унақа қаттиқ шовқин солмадик, ҳатто оддий бир фельетон ҳам ёзмадик, чунки сурат олинаётган вақтда раис билан раҳбар ходимнинг ўзини чеккага олгани — уялгани, икковига берган дашномимиз етарли, деб ўйладик. Ҳақиқатан, кейин келган хабарларга қараганда, район ҳукумати ясли-боғчаларни яхшилаш ҳақида талай чоралар кўришипти.

Орадан кўп ўтмай ҳамроҳларимиздан бир шоир ҳамманинг ғазабини келтирган ўша «тарбия ўчоғи»дан илҳомланиб — ийиб, «Колхоз яслисида» сарлавҳали бир сонет ёзиб марказий газетада бостирди.

Биз дашном берган, биздан кейин эҳтимол жавобгарликка тортилган ва уятга қолган раҳбар ходим бу сонетни ўқиб нима деди экан? Раиснинг бу қилмиши бирон мажлисга солинган, ҳамма уни бир оғиздан қоралаган бўлса ҳам ажаб эмас. «Сонет» тўғрисида шу мажлиснинг қатнашчилари нима деди экан?

Улуғ Навоий ҳақ-ҳаққониятга келганда, вазирлик либосини ечиб ташлаб «қора халқ» қучоғига отилган, Фурқат ёлғончилик уяси бўлмиш бойларнинг юзига «туф» деб шеър ёзган, Чехов билан Короленко ҳаққониятсизликка қарши норозилик юзасидан академик унвонидан воз кечган эди-ку! Короленко ўзи маҳбус бўлгани ҳолда, чор ҳукуматининг бутун бир халққа зулм ўтказаётгани тўғрисида баланд товуш билан қичқирган, М. Шолохов ноҳақ халқ душмани унвони тақилган кишиларни ҳимоя қилган эди-ку! Буларнинг ҳаммаси мазкур ёзувчиларнинг гражданлик шижоати талант кучидан кам бўлмаганини кўрсатмайдими?

Шолохов ва Вурғун, Полевой ва Лацис, Шчипачёв ва Абашидзе, Симонов ва Авезов, Твардовский ва Гамзатов, Антокольский ва Бровка, Прокофьев ва Капутикян, Погодин ва Корнейчук, Федин ва Ойбек сингари юзлаб ёзувчиларнинг минглаб асарлари рус адабиётининг жаҳон доирасига чиқиб олганлиги шуни кўрсатади.

Марказий газеталаримизнинг бирида бир қанча ҳикоялар босилиб чиқди. Буларнинг бирида кўчадан ўтиб кетаётган бир киши ариққа йиқилиб тушган болани кўриб қолади-ю, онасига топширади; бирида трамвайга тушиб билет олмаган бир чол эртасига иккита билет олади. Биринчиси бепарво ота-онага таъна ва бошқа ота-оналарни огоҳлантириш мақомидаги бир хабар, совет кишисининг характерига хос воқеа эмас, чунки «онгли совет кишиси» ўрнида онгсиз бир гўдак бўлганда ҳам, дод солиб ёрдамга одам чақирар, боланинг жонига ора кирар эди. Иккинчи ҳикоянинг эса хабар бўлгудай ҳам ҳоли йўқ, чунки кондукторсиз трамвайлар, троллейбуслар, сотувчисиз магазинлар, будкалар, ҳатто кассирсиз кассалар мавжуд бўлган бир шаҳарда чолнинг бу қилмиши диққатга сазовор ҳодиса эмас.

Маълумки, совет кишисининг қиёфаси, унинг энг яхши хислатлари айрим шахслар томонидан ишончсизлик, шубҳа остига кўмила бошлаган шароитда одамнинг одамга ишончини, анчайин бир одамгарчилигини кўрсатадиган анчайин бирон ҳодиса катта воқеа бўлиб кўринар эди. Эсимда бор, қишлоқдан шаҳарга келган бир киши бировдан фалон кўчани сўрайди. У одам келгиндини эргаштириб бориб ўша кўчани кўрсатиб қўяди. Шу ҳодиса «совет кишисининг қиёфасини кўрсатадиган воқеа» сифатида газета саҳифасидан ярим подвал жой олган эди. Ҳозир бунақа гаплар, юқорида айтилган ҳикоялар ҳаётимизни билмаган одамларда кўнгилсиз таассурот қолдиради, билган одамлар кўзида эса ёзувчини кулгига қўяди, унинг ҳаёт сиртида сирғаниб юрганлигини, ҳаётга чуқурроқ қарагани шижоат қила олмаганини, кўриш, пайқаш, таҳлил қилишдан кўра уйдирмачиликни хавфсизроқ машғулот ҳисоблаганини кўрсатади.

Ҳаётимизнинг айрим пайтларида иллатлар ҳақида минг мулоҳаза билан айтилган баъзи бир камчиликлар ҳам «типик эмас», «сиёсий хато», «душман тегирмонига сув қуйиш», «туҳмат» ва ҳоказо ҳисобланарди. Бу ҳол ўтмиш сарқитларининг яшашига, ҳатто урчишига қулай шароит туғдириб берган эди. Ҳозирги даврда ҳаётимизга доғ соладиган ўтмиш сарқитлари— худбинлик, ҳаромхўрлик, мансабпарастлик ва бошқа иллатларга қарши курашни биздан коммунизм қурувчиларининг ахлоқ кодекси талаб қилаётипти.

Лекин биз иллатларга қарши курашар эканмиз, бир. томондан, иллатни баҳона қилиб ҳаётимизни қоралашга уринадиган кишиларга йўл бермаслигимиз, аввалда димиқиб қолган ва энди очиқ ҳавода хурсандлигидан ўйноқлаб «полизни бузадиган» кишиларни танқид қилишимиз, иккинчи томондан иллатларга қарши курашда бизга халал берадиган кишиларга зарба беришимиз керак.

«Новий мир» журналининг 12-сонида босилган Александр Яшиннинг «Вологодская свадьба»си менда кўнгилсиз таассурот қолдирди. Тўғри, мен рус қишлоғи, рус қишлоқ ҳаётини билмайман, шунинг учун Александр Яшинга айб тақолмайман. Лекин шуни айтаманки, «Вологодская свадьба»нинг аллақайси сатрлари орасидан Чеховнинг «мужиклари» мўралаб турипти. Яшин қаерда табассум, қаерда истеҳзо билан гапирганини тезда пайқаб бўлмайди. Рус колхозчилари ўзбек колхозчиларидан қолоқроқ эканига унча ишонгим келмайди.

Адабий ваҳимачиликдан ҳануз қутулмаган шубҳа бандалари тухумдан тук қидиради, майдонга келган ҳар бир асарни тирноқлаб, ҳидлаб, иложи бўлса ёзувчининг бошига чертиб кўришни, булардан албатта нуқсон топишни, лоақал асарни шубҳа остида қолдирадиган ҳар хил имо-ишоралар қилишни, чала-ярим гаплар айтиб, миш-мишларга озиқ беришни ўзининг касби ҳисоблайди. Бу хилдаги шубҳа бандалари учун ёзувчй уларнинг ҳукмини кутиб қора курсида ўтирган гуноҳкор: китобхон, томошабин эса боғча ёшидаги болалар!..

Саҳнада порахўр пора бераётган одамни алдаш учун: «Мен порадан ҳазар қиламан, поранинг юзи қурсин», дейди. Шубҳа бандаси шу ерда ҳозир: «Сўз пул тўғрисида кетаётипти, пулда бизнинг гербимиз бор-ку, «юзи қурсин» деган гапни томошабин қандоқ тушунади!».

Саҳнада мачитнинг имоми маст бўлиб учиб ётипти, унинг ўйнаши киради. Шу пайт мачитдан азон товуши эшитилади-ю, фисқ-фужур кейинга қолади. Шубҳа бандаси бу ерда ҳам ҳозир: «Динга қарши курашаётган вақтимизда саҳнадан азон айтилиши қандоқ бўлади?»

Сўз пул ҳақида эмас, пора ҳақида кетаётгани, одамларни бутхонанинг жоми христиан, азон мусулмон қилмагани билан буларнинг иши йўқ! Баъзан буларни ҳимоя қиладиган одамлар ҳам топилади: «Бу одам сенинг ғамингни еяётипти, ҳар бир икир-чикирга ёпишиб хархаша қиладиган кишилар ҳам топилади», дейишади. Ажабо, ўша «ҳар бир икир-чикирга ёпишиб хархаша қиладиган» шубҳа бандаларини адабий, сиёсий ҳаётимиздан супуриб ташлаш ўрнига нима учун ёзувчини ўшаларга мослаштириш керак экан!

Бу тоифа одамларга бирон мансаб тегишидан Оллоҳнинг ўзи сақласин!

1963 йил