Бир суҳбатда биров санъат асарининг яхши-ёмонлиги ҳар кимнинг диди, таъби, ўша тобдаги кайфиятига боғлиқ деб қолди. Сиртдан қаралганда, бунга қарши бир нима деб бўлмайдиганга ўхшайди, лекин ҳақиқатда бу таъриф санъатнинг қалбига ханжар уради, унинг қанотини қайиради.
Санъат асари чақмоқ, мушак, камалак сингари лаҳзани обод қиладиган умри қисқа, мағзи пуч гўзаллик эмас, балки адабиётни безайдиган, умри боқий ва мағзи тўқ гўзалликдир.
30-йилларнинг бошида «Сўнгги кеча» деган бир фильм кўрган эдим. Бу фильм ўттиз йилдан бери эсимдан чиқмайди, бунга бирдан-бир сабаб фильмдаги қари бир ишчининг аломат образидир.
Инқилоб арафаси. Қуролли қўзғолон кўтарган ишчилар фабрикантни қўлга олиб мактаб биносига қамашади ва унга бир кекса ишчини қоровул қилиб қўйишади. Икки олам вакилларининг бу учрашувида томошабин ишчи чолдан тахминан шу сўзларни кутади: «Сен, текинхўр, йиллар давомида биз ишчиларнинг қонимизни сўриб келдинг, энди салтанатинг тугади, биз сен яратган оламга ўт қўямиз».
Бу ҳақ гап, бироқ ишчи бунақа гапларнинг яқинига ҳам бормайди, аксинча, шундай одамнинг тепасида милтиқ кўтариб турганидан хижолат, унга яқинроқ боргиси, умрида, эҳтимол, кўрмаган, кўрган бўлса ҳам, узоқдан қорасига кўзи тушган одамини яқиндан кўргиси, иложи бўлса, бой рўйхуш берса, у билан бирпасгина гаплашиб ўтиргиси келади. Бунга унинг қўлидаги милтиқ, қоровуллик бурчи эмас, бойнинг салобати халал беради. Бой тилёғламачилик қилиб сўз қотганда чол одам қаторига кириб қолгани, шундай одам сўз қотадиган бўлиб қолганига гердайиб ўзини йўқотади, бой бундан фойдаланиб: «Ҳаммамиз бир одаммиз-ку, мени қўйиб юбора қол», – деганидагина ўзига келади, бурчини эслайди ва қаршисида душмани турганини кўриб унга инқилобнинг содиқ солдати бўлиб қарайди. Бу инсоннинг қалбига чуқур қўл солиб, заргарнинг сабри-ҳафсаласию наққошнинг ҳунари билан оро берилган образдирки, бунақа образ асарнинг қаноти бўлиб, уни замондан-замонга, макондан-маконга парвоз қилдиради.
Бизнинг кинематографиямизнинг гўдаклик чоғларидаги асарлари, табиий, мана шу қанотдан ёлчиган эмас эди, шунинг учун бу асарлар узоқ парвоз қилолмади.
Лекин бу санъатимиз ҳозир ўсмирлик чоғидаёқ қудратли қанот пайдо қилаётибди. Деярли ҳамма картиналаримиз Иттифоқ доирасига парвоз қилаётгани, бир қанча картиналаримиз чет эл саҳнасига чиққанлиги шуни кўрсатади.
Янгидан-янги фильмларимиз қудратли қанотини ёзаётибди, булар жаҳонни айланиб чиқишига аминман.
1964 йил