Абдулла Қаҳҳор. Пақир қўмондонлари (1963)

Ёз фаслида, бир туман марказидаги китобхона йигирматача ёзувчини ном-баном айтиб, учрашувга таклиф қилди. Учрашувдан кейин жамоа хўжаликларида адабий суҳбатлар ўтказдик, далаларни кездик. Бир жамоа хўжалиги даласида ғалати бир боғча-яслини кўриб қолдик. Бу «тарбия ўчоғи» каттакон тут дарахти остига жойлашган бўлиб, ерга палос маъносида эски брезент тўшалган, теваракка бир неча беланчак тортилган. Боғча-яслининг бутун жиҳози шундан иборат. Бунинг устига болалар ўзи тарбияга муҳтож бўлган бир кампирнинг қўлига топширилган. Ичимизда бу ҳолдан ғазабланмаган одам қолмади. Раисни таъна-дашномга кўмиб ташладик. «Тарбия ўчоғи»ни суратга олдик… Бизни кузатиб борган район раҳбар ходими хижолатдан бошини кўтаролмай қолди.

Бу нарса, шубҳасиз, фельетонбоп бир факт эди. Лекин ҳеч ким фельетон ёзмади. Эҳтимол, ҳамма ҳам колхоз раисига берган дашномимиз, район раҳбар ходимларининг хижолат тортгани кифоя деб ўйлагандир. Орадан кўп ўтмай ҳамроҳларимиздан бири шу «тарбия ўчоғи»дан илҳомланиб — ийиб «Колхоз яслисида» сарлавҳали бир сонет ёзиб рўзномага берди.

«Қуш уясида кўрганини қилади», деган гап бор, лекин на ўзбек адабиёти тарихида, на рус адабиёти тарихида бу шиорга таълим бўладиган ҳеч қандай факт кўрган эмасман. Аксинча, Навоий ҳақ-ҳақиқатга келганда вазирлик либосини ташлаб халқ қучоғига отилган, Фурқат ёлғончилик ва риё уяси боёнларнинг юзига «туф» деган, Чехов билан Короленко ҳаққониятсизликка қарши норозилик юзасидан академиклик унвонидан воз кечган, Короленко ўзи маҳбус бўлгани ҳолда чор ҳукуматининг бутун бир халққа зулм ўтказаётганлиги тўғрисида баланд товуш билан қичқирган. Шолохов шахсга сиғиниш даврининг энг даҳшатли кунларида ноҳақ халқ душмани унвони тақилган кишиларни очиқ ҳимоя қилган. Буларнинг ҳаммаси мазкур ёзувчиларнинг гражданлик шижоати истеъдод кучидан кам эмаслигини кўрсатади.

Бояги «тарбия ўчоғивдан илҳомланиб — ийиб сонет ёзган шоирнинг бу қилмиши сиртдан кўринганига қараганда чуқурроқ иллатдир.

Маълумки, шахсга сиғиниш даврида бутун пропаганда қуроли, жумладан адабиётнинг ҳам ҳар бир сўзи «доҳий»нинггина эмас, маҳаллий доҳийчаларнинг ҳамма иши, ҳар бир «ҳадис»и тўғри ва оқилона эканини тасдиқ ва исбот қилиши керак эди. Шу қолипда ёзилган асарлар нақадар ғариб ва нотавон бўлмасин, расмий доира ва доирачаларда таҳсинга сазовор бўлар, адабиётда машъал қилиб кўтарилар эди. Шунинг учун ёзувчи ҳаёт ҳақиқатига юзма-юз келишдан мумкин қадар қочишга, бу ҳақиқатга лоақал ёнбошдан қарашга, ўшанда ҳам кўзи тушганини ўз ҳолича эмас, бўяб кўрсатишга мажбур бўлар эди. У вақтда ҳаётимизнинг иллатлари ҳақида минг мулоҳаза билан айтилган ярим, ҳатто чорак ҳақиқат ҳам «сиёсий хато», «типик эмас», «пасквиль», «воқеликни қасддан бўяб кўрсатиш», «душман тегирмонига сув қуйиш», «ютуқларимизни кўрмаслик», ҳоказо ва ҳоказолар ҳисобланар, бу таъналардан биронтасини эшитган ёзувчи фақат таъна эшитибгина қолмас эди. Бу йўл кенг ўқувчилар оммаси билан ёзувчилар орасини бузишга, халқ кўзида адабиётни бебурд қилишга олиб борар эди.

Марказий рўзномаларнинг бирида бир ҳикоя босилиб чиқди. Қаттиқ совуқ. Кўчадан ўтиб кетаётган бир киши ариққа тушган ёш болани кўриб қоладию уни қутқариб онасига топширади. Бу ҳодиса бепарво онага таъна ва бошқа оналарни ҳушёрликка чақириш мақомидаги бир хабар. Муаллиф бу ҳодисадан «совет кишисининг қиёфасини кўрсатадиган» ҳикоя ясайди. Ҳолбуки, ўлаётган болани кўра туриб индамасдан ўтиб кетадиган инсон зотини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу «онгли совет кишиси» ўрнида онгсиз 3—4 яшар бола бўлганда ҳам дод солиб одам чақирар, боланинг жонига ора кирар эди-ку, деган гапни муаллиф хаёлига ҳам келтирмайди. Яна бир қанча «шингил ҳикоялар»да бошқа бир муаллиф трамвайга тушиб чипта ололмаган чол эртасига иккита чипта олганлиги, харидорлар магазинчидан ўтиб қолган бир неча тийинни еб кетмасдан қайтариб берганликлари ва бошқалар ҳақида гапиради, шу билан совет кишиларининг қиёфасини кўрсатмоқчи бўлади.

Маълумки, шахсга сиғиниш даврида одамга ишонч йўқ, ҳатто бир оила аъзолари бир-бирига шубҳа кўзи билан қарар, совет кишисининг қиёфаси, унинг энг яхши хислатлари мана шу ишончсизлик, шубҳа остига кўмилган эди. Шунинг учун шахсга сиғиниш шароитида одамнинг одамга ишончини, анчайин одамгарчилигини кўрсатадиган бирор ҳодиса каттакон воқеа бўлиб кўринар эди. Эсимда бор: қишлоқдан шаҳарга келган бир одам бировдан фалон кўчани сўрайди. У одам келгиндини эргаштириб бориб кўчани кўрсатади. Шу нарса «совет кишисининг қиёфасини кўрсатадиган» факт сифатида рўзнома саҳифасидан яқин бир подвал жой олган эди.

Биз ҳозир янги шароитда совет кишисининг ҳақиқий қиёфасини шахсга сиғиниш харобалари орасидан тортиб олиш ўрнига ҳануз анчайин ҳодисаларни воқеа қилиб кўрсатамиз, олов турган ҳолда ўт қидириб чақмоқ чақамиз. Шахсга сиғиниш ҳаётимизда ҳозир баъзи одамлар чамалагандан кўра каттароқ ва чуқурроқ из қолдирди. Шахсга сиғиниш даври қанчадан-қанча одамларни жонидан, номидан жудо қилгани устига ундан ҳам кўпроқ кишиларнинг кўксига хатар ва хавотирлик туйғусини қамаб кетди.

«Колхоз яслисида» совет кишиларининг қиёфаси ҳақидаги ҳикоялар қабилидаги асарлар шуларга мос тушадиган танқид, айниқса, буларга матбуотимизнинг муносабати, адабий жамоатчилигимизнинг лоқайд қараши ўзбек адабиётининг ҳануз шахсга сиғиниш таъсири заҳридан қутилмаганини кўрсатади. Бу ҳол ҳайвонот боғчасида икки юз йил занжирбанд бўлиб, занжир узилгандан кейин ҳам яна юз йил қозиқ атрофидан йироқ кетиш мумкин бўлиб қолганини пайқамаган, етаклаганда ҳам юрмаган филни эслатади.

Адабиётимиз, афсус, минг афсуски «қозиқ»дан ҳамон йироқ кетолмаяпти, шахсга сиғиниш оқибатларини одамларнинг дилидан, тафаккуридан қувиб чиқариш, мамлакат ҳавосини шахсга сиғиниш заҳридан буткул тозалашда жамиятимизга кўмак беролмаётипти, Бунга кимдир халал бераётганга ўхшайди. Лекин бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб қаралса, ўзимиз халал бераётибмиз. Бизда ўша гражданлик шижоати камлик қилаяпти, деган хулосага келади киши.

Адабий муҳитимизда шахсга сиғиниш деган илоннинг вишиллашини эслатадиган совуқ, ниҳоятда совуқ бир шивирлаш бор. Бу шивирлашлардан ҳосил бўлган босинқи ғовурга диққат билан қулоқ солсангиз, айрим товушларни илғаб олишингиз мумкин: бири шахсга сиғиниш даврида нима бўлйб ўлимдан қолган, кейин оқланган, ҳатто партия сафида бўлган кишиларимизнинг ҳақиқатан гуноҳсиз қамалганлигига, энди тўлиқ оқланганлигига шубҳа туғдирмоқчи бўлса, иккинчиси шахсга сиғиниш даврида барбод бўлган йигирманчи йиллар адабиётимизнинг тарихини тиклашни, шахсга сиғиниш даврида ҳалок бўлган адабиёт аҳлининг хотирасини абадийлаштиришни ҳам ҳазм қилолмайди; бири адабиётимиз тарихини тиклашга ҳаракат қилган кишиларимизни қора рўйхатга ёзишни истаса, бири шахсга сиғиниш жафосини чеккан ёзувчиларимизнинг адабиётда ўз истеъдоди ва меҳнатига яраша ўрин олишига ғашлик қилади, уларни илож ва имконият топилса четга сургиси келади.

Ҳамма гап шундаки, ҳеч биримиз бу одамларни ёриққа солиб кўришни, мақсадини халқ олдида айтишини талаб қилгани ҳафсала, тўғрироғи журъат қилолмаймиз. Шу шивирлашлар адабий муҳитимизда асабий кайфият, ишончсизлик, карахтлик туғдиради.

Шахсга сиғиниш замонида адабий муҳитимизда бир тоифа одамлар пайдо бўлган эди. Булар шовқин солиб айтадиган гапларининг тахминий қолипи шулар эди: «Ёзувчининг бу хатоси тасодифий эмас», «бу нарсалар бизнинг ҳаётимиз учун типик эмас» (булар ҳаётимиздаги кўп иллатларнинг жон сақлаб қолиши учун яхши шароит туғдириб берди), «совет китобхони бундар асарларга зор эмас», «ёзувчи воқеликни бузиб кўрсатади», «ёзувчи тушунмайди», ҳоказо ва ҳоказо. Буларнинг асар ҳақида катта марҳамат билан айтадиган гапи «ёзувчи ҳаётни тўғри акс эттиришга уринади»дан нари ўтмас эди.

Иккита мисол буларни характерлаб беради.

Ҳукумат қарори билан бир қанча моллар қирқ фоизга арзон қилинди. Шу тоифа одамлардан бири бир китобда «қиймат беҳикмат эмас, арзон беиллат» деган мақолни кўриб қоладию китоб муаллифига даҳшатли савол билан мурожаат қилади: «Хўш, ҳукумат қарори билан арзон қилинган молларнинг иллати нимадан иборат?!» Ўшалардан яна бири уруш мавзуида ёзилган бир китобда «полк Брянск ўрмонларигача бўлган қарийб юз эллик километр масофани жангсиз босиб ўтди» деган гапни кўриб қолиб эси чиқиб кетади: «Сталин душман бир қарич ерни ҳам жангсиз ташлаб кетмайди» деган-ку, бу ёзувчи фронт ҳаётини бузиб кўрсатишга қандай журъат қилди экан?!»

Бундай мисолларни яна кўплаб кўрсатиш мумкин. Булар ҳозир латифадай туюлади, лекин латифа эмас. Ўз вақтида киши бунақа одамлардан фақат ичида кулар эди, холос.

Қадим замонда туну кун ҳаммага амру фармон бериб юрган бир мансабдор мансабидан бекор бўлибди. Мансабдор ҳар ёнга бош уриб иш чиқаролмаганидан кейин, ниҳоят хуморини ёзадиган бир машғулот топибди: маҳалладаги ҳовуз бўйида қалин кўрпача солиб ўтириб олибдию, пақир кўтариб келган ҳар бир кишига «Пақирингни торт! Пақирингни торт!» деб амру фармон бериб ўтирар экан.

Шахсга сиғиниш даврида команда бериб ўрганган кимсалар ҳозир, бояги мансабдор сингари, «пақир қўмондони» бўлиб қолган бўлса ҳам, ҳар нечук ҳозир ҳам ўзини қўмондон ҳисоблайди. Мансабдорнинг қилмиши кишининг кулгусини қистатади холос, лекин шахсга сиғиниш харобасининг синиқ-парчалари бўлмиш «пақир қўмондонлари» одамларнинг ғазабини келтиради. «Пақир қўмондонлари» ҳамма вақт тухумдан тук қидиради, майдонга келган ҳар бир асарни тирноқлаб, ҳидлаб, иложи бўлса ёзувчининг бошига чертиб кўришни, булардан ўзига обрў орттирадиган бирор нарса топишни, лоақал асарни шубҳа остида қолдирадиган ҳар хил имо-ишоралар қилишни, чала-ярим гаплар айтиб, миш-мишларга озуқ беришни ўзининг муқаддас бурчи ҳисоблайди.

«Пақир қўмондонларивнинг кўзида ёзувчи уларнинг ҳукмини кутиб қора курсида ўтирган гуноҳкор, китобхон, томошабин эса боғча ёшидаги болалар!

Саҳнада порахўр пора бераётган одамни алдаш учун «Мен порадан ҳазар қиламан, поранинг юзи қурсин!» дейди. «Пақир қўмондони» шу ерда ҳозир: «Юзи қурсин? Сўз пул тўғрисида кетяпти, пулда бизнинг гербимиз бор-ку, бу қандоқ бўлди!?»

Сўз пул ҳақида эмас, пора ҳақида кетаётганлиги билан унинг иши йўқ, ишқилиб илмоқ топилса, бас… Шоир «болалигимда оёқяланг кўчаларда югуриб юрар эдик… Ҳозир болам ёмғирда кўчага чиқса хавотир бўламан, бу ёмғир томчиларида фалокат атом таъсири йўқмикин» деб шеър ёзипти, «пақир қўмондони» эътироз билдиради: «Бу шеърни босиб бўлмайди, одамлар ёмғирда ишга чиқмай қўйиши мумкин».

Ишга борадиган одамлар, камида етти синф маълумотга эга, атом нима эканини булар мендан яхшироқ билади, бундан ташқари давлат ҳеч қачон меҳнаткашни тақдир ҳукмига ташлаб қўймайди, деган гап «пақир қўмондони»нинг хаёлига ҳам келмайди.

1963 йил

Устод Абдулла Қаҳҳор 1963 йилда «Шижоат ҳақида» деган мақола ёзган эдилар. Кейинчалик, шахсга сиғинишнинг кули кўкка совурилиб унча-мунча гапларни баланд овоз билан гапирши имконияти туғилгач, бу мақолани қайта кўриб чиқиб, баъзи бир ўзгартишлар киритган ва унга «Пақир қўмондонлари» деб ном қўйган эканлар. Мен яқинда бу мақолани ҳужжатгоҳдан топдим ва ойнома мухлислари ҳукмига ҳавола қилмоқдаман.

Устод ҳаёт бўлганда ва мустақиллик шабадаси ҳилпираб турганини кўрганда қанча-қанча янги асарлар ёзиб, ўз мухлисларини хурсанд қилар эдилар.

Баъзи бир одамлар айтганидек, Абдулла Қаҳҳор ҳеч қачон бировнинг топшириғи билан асар ёзган эмаслар. Уларнинг бутун орзу-армонлари ичларида қолиб кетди, Бунинг исботи ён дафтарларига битилган қуйидаги қайд:

«Ёзувчилик қийин иш бўлиб қолди. Тарихда от қолдирай десанг, замондошларинг юзингга қора суркайди, замондошларим юзимга қора суркамасин десанг, тарих юзингга қора суркайдиган гапларни гапиришга мажбурсан!»

Устод ҳеч қачон маддоҳлик қилмаган, мунофиқ ҳам бўлмаган. Ҳамиша адолатпарвар, ҳақиқатгўй езувчи сифатида ном қозонган ва халқ ардоғига сазовор бўлган эдилар.

Кибриё ҚАҲҲОРОВА