Абдулла Орипов. Усмон Носир ҳақида сўз (1983)

Аёнки биз тенги авлод Усмон Носирни кўрган эмас. Лекин шоирнинг ижодий йўли, ҳаёти ва тақдири барчамизга яхши маълумдир. Унинг умри ғоят долғали ва шарафли тарихий даврга дуч келди. Мамлакатда социалистик ўзгаришлар батамом қарор топаётган йиллар, ўзига хос қийинчиликлар, энг муҳими, янги замоннинг сурури шоир ва граждан сифатида Усмон Носир авлодини шакллантирган омиллардир. Шоир ҳақида сўз юритишга, энг аввало, унинг ижоди асос бўлади. Замондошларининг хотиралари, турли савиядаги тадқиқотлар, тушунтиришлар ёхуд фаразлар шоир ижодидан келиб чиқадиган бевосита таассуротни сира ўзгартиролмайди. Шу маънода бизнинг қаршимизда Усмон Носирнинг ўзи, унинг ижоди ягона ва асл манба сифатида турибди.

Хўш, шоир ижоди билан танишиб чиққанда бизда уйғонадиган биринчи таассурот нима? Усмон Носир, шубҳасиз, йирик истеъдод эгаси. Шу ўринда умуман шоирлар ҳақида баъзи хулосаларни, муқоясаларни айтиб ўтсак ўринли бўлар. Ҳа, адабиётда ҳамиша икки тоифа ижодкорлар давр суриб келганлар. Улардан биринчиси, таъбир жоиз бўлса, косиблардир. Косиблар кимлар? Улар шеъриятда умуман қандай мақомда намоён бўладилар? Адабиётдаги косиб фақатгина ўз истак ва орзуларига кўра, балки тирикчилик тақозоси туфайли ёхуд ном қозониб яшаш иштиёқида қўлига қалам олади. Баъзилари эса бу соҳага мутлақо тасодиф туфайли аралашиб қолган омадсиз меҳнаткашлар бўлиб чиқади. Нима бўлган тақдирда ҳам, қанчалик яшовчан бўлса-да, адабиётда косиблик унинг соҳибига обрў келтирган эмас. Иккинчи тоифа эса, қалб амри билан ижод қилувчи, ўзи ёққан алангада ўзи қоврилувчи, чексиз машаққатли меҳнатдан ҳузур ва ҳаловат олгувчи, қисқаси, ижодни қисмат деб билгувчи шахслардир. Уларни кўпинча туғма истеъдод эгалари деб ҳам аташади. Туғма истеъдодни, албатта, фақат стихиядан иборат ҳолат деб тушуниш нотўғридир. Ҳақиқий қалб эгаси ўз фуқаролик даражасини, билим ва қувваи ҳофизасини муттасил кенгайтирган ҳолдагина тарих учун зарур санъаткорга айланиши мумкин. Биз бугун сўз юритаётган шоир Усмон Носир табиатнинг бениҳоя муруввати туфайли дунёга келган ана шундай истеъдод эгаси эди.

Усмон Носир деганда биз кимни тушунамиз. У шундай истеъдод эгасики, бамисоли теккан жойини куйдиргувчи оловдир. Шоирнинг ғоят қисқа умрига назар солган киши жуда узоқ ўйларга толиши шубҳасиздир. Чунки бу чақмоқдек умрда бениҳоя катта имкониятлар ёниб кетганлигини кўриб ва ҳис қилиб турасиз. Усмон Носир улуғ ва абадий шеъриятнинг дийдасидан оқиб улгурмаган шабнамдир, у ҳали қаҳқаҳага айланмай лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир. Унинг шеърлари кўз каби тирик, жонли, тутқич бермас ҳаёт пораларидир.

Боғларга намозгар салқини тушди,
Гуллар нам баргини қайирди аста.
Офтоб ҳам сув ичар тоғлардан пастда,
Лоладек қип-қизил ўт-шафақ ўчди.

Бу каби сатрлар Усмон Носирнинг умуман шеърий қиёфасини, поэтик оҳангини белгилайди, десак хато бўлмас. Усмон Носир нималарни куйлаб ўтди? Унинг идеали нима эди? Усмон Носир қолдирган адабий мерос бизга шу ҳақда гувоҳлик берадики, у ўз сафдошлари қаторида янги даврга ичдан танқидий қаради. Шеърларида ўксик болалик йилларини ёки кескин курашларда қатнаша олмаганлигини гапириши шоирнинг ижтимоий нуқтаи назари ҳақида тўла тасаввур беради. У ёзади:

Кеч туғилдим, аммо қола олмадим
Икки бўлак йўлнинг Аросатида.
Ҳар бир сўзим синфий,
Фалсафий фард,
Синфий онг ётади фаросатимда.

Ушбу сатрлар, албатта, шоирнинг иқрорномасидир. Айни пайтда шуни эслатиб ўтмоқ лозимки, ҳаётнинг теран қатламларига эндигина кириб бораётган Усмон Носир ҳали уни батамом тадқиқ этишга улгурмаган эди. Ҳар қандай катга ва ўзига хос истеъдод эгаларида бўлгани каби унинг ҳам бетакрор услуби мавжуд эдики, биз бу услубда бирмунча романтик кайфият устунлигини кузатамиз. Аслида ҳам, ҳаётдаги воқеа ва ҳодисаларни тадқиқ этиш ўша воқеа ва ҳодисаларни шеърхонга такрор айтиб беришдангина иборат эмас. Ҳаёт ҳодисалари қалбимизда уйғотадиган таассуротлар ва кайфиятларни ифодалаш шеъриятда гражданлик маъносини билдиради. Шунга кўра, ҳаёт нечоғли ранг-баранг бўлса, шоирнинг ундан орттирган таассуротлари ҳам шу қадар ранг-барангдир. Агар шоир бир шеърида тирикликнинг чексиз машаққатларидан дили озор топган шикаста зот сифатида кўринса, сира ҳам ажабланмаслик керак. Одам боласи то ҳануз номукаммал экан, то ҳануз ёруғ идеаллар учун кураш олиб борар эканмиз, инсонлар феъл-атворидаги қусурлардан бир лаҳза ҳам кўз юммаслигимиз шарт. Афсуски, ёвузликнинг шакл-шамойили жуда ҳам турфа, кўриниши ғоят ранг-барангдир. Масалан, биргина ичиқоралик, машъум ҳасад қанчадан-қанча истеъдод эгаларининг бошига кулфат солмаган. Биз бундай ҳолларда нарсаларни ўз номи билан атаб, кулфат учун тарихдан бурун машъум кимсаларни дадил айблашимиз зарур. Усмон Носирнинг латиф ва самимий, гоҳ эса ўйчан, лекин ҳамиша мароқли шеъриятини кўздан кўчирган киши ҳар қалай теран ўйларга чўмади. Шоирга умр вафо қилиб, агар у узоқроқ яшаганда бизга нечоғли қадрли асарлар яратиб бериши мумкин эди, деган фикр хаёлимиздан кечади. Унинг бизга қолдирган ҳозирги мавжуд меросидан ҳам ажиб бир қониқиш ҳосил қиламиз. Усмон Носир шеърларини ўқиганимизда баъзи шоирларнинг мудроқ ва ғализ ижодиёти тарих учун нечоғли нозарур эканлигини пайқаб қоламиз. Бу ҳам Усмон Носир ижодининг авлодлар учун ибратли жиҳатларидан биридир. Биз бугунги кунда Усмон Носирнинг таржимонлик фаолиятини ҳам зўр мамнуният билан тилга оламиз. Улуғ рус адабиётининг иккита энг кўркам достони — “Демон”, “Боғчасарой фантани” унинг таржимасида жаранглаб турибди. Биз Усмон Носирни қадрлаймиз. Чунки у шеъриятнинг табаррук, муқаддас даргоҳида анвойи бир чаманзор, сира хазон бўлмайдиган мўъжаз боғ яратиб кетди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1983 йил, 18 март.