Очиғи, мен устоз Ғафур Ғуломнинг шахсиятини у киши ҳақида хотира ёзгулик даражада яхши билмайман. Лекин кичик бир тафсилотни айтиб ўтмоқчиман, токи у дилимда қолиб кетмасин. 1965 йил баъзи ўртоқларнинг таклифи билан телевидение орқали бир шеъримни ўқидим. У “Юзма-юз” деб аталарди. Эртасига қандайдир воқеа сабаб бўлиб Ёзувчилар уюшмасига боришимга тўғри келди. Уюшма у маҳалда Хадича Сулаймонова номли кўчадаги бир бинода жойлашган (у иморат ҳозир бузилиб кетган), йўлаги нимқоронғи эди. Ёзувчилар уюшмасининг ўша вақтдаги раҳбари Комил Яшиннинг қабулхонаси олдида турардим. Дафъатан қабулхона эшиги очилиб, остонада Ғафур Ғулом домланинг сиймоси кўринди. Бошларида дўппи, бир елкаси сал кўтарилган домла ўктамлик билан чиқиб келарди. Мен ўша заҳоти ўзимни бир бурчакка урдим. У ерда қисинганимча Ғафур акадан кўз узмай туравердим. Домла шундоқ ёнимдан ўтаётганларида қимтина-қимтина салом берганим хотирамда. Ғафур ака тўхтадилар. Бир муддат менга тикилиб туриб:
— Кеча телевизорда шеър ўқиган бола сенмисан? — деб қолдилар.
— Ҳа, — дедим.
Ғафур ака елкамга қоқдилар-да:
— Ёзавер, ўғлим, — дедилару, ўша ўктам қадам билан йўлларида давом этдилар.
Мен, албатта, Ғафур Ғуломни аввал ҳам турли йиғинларда жуда кўп кўрганман. Умуман, биз ёшлар Ғафур Ғулом ёхуд бошқа устоз адибларимиз қатнашадиган мушоиралардан, мажлислардан сираям қолмасдик. Ўтиришга жой етишмас, уларнинг сўзларини биз тик туриб эшитардик. Лекин Ғафур ака билан, боя айтганимдек, ҳаётимда бир мартагина, шундоқ яқиндан, бир оғиз бўлса-да, гаплашганман. У дамлар мен учун бир умр унутилмас дақиқалардир. Иккинчи маротаба эса (орадан бир йил ўтгач) устознинг табаррук тобути қошида “Алвидо устоз” шеъримни ўқишимга тўғри келди. Ҳа, табиат қонуни шунақа экан…
Мен устоз Ғафур Ғулом суҳбатида иштирок эта олмаганлигимни кейинроқ ёзилган “Баҳор” номли шеъримда бирмунча ўкинч билан қайд этиб:
Суҳбатдош бўлмадим, ким эдим зотан, Тавоф ҳам қилмадим гулшан маконинг,тарзида ифода этганман.
Ғафур Ғулом ҳақида кейинги йилларда кўплаб хотиралар ёзилаётир. Бу, албатта, зарур! Бу, албатта, у зотни кўрган ва билган одамларнинг тарих олдидаги шарафли бурчларидир. Лекин баъзи хотираларни ўқиганимда бир ҳол менга сал эриш туюлади. У ҳам бўлса, баъзи мемуарларда устоз Ғафур Ғулом негадир хотира ёзувчи муаллифнинг услубида гапира бошлайди. Ҳолбуки, Ғафур Ғуломнинг сираям такрорланмас нутқий услуби, манераси бор эди.
Юқоридаги ҳол, балки, хотиранавис ёзувчининг ортиқча эҳтиросга берилиб кетганидан бўлса керак…
Мен ушбу гапларни устоз Ғафур Ғуломни яхши билган кишилар учун эмас, балки кейинги йилларда туғилиб ўсган шеърхон дўстларим учун ёзмоқдаман. Зеро, адабий авлодларнинг давомдорлигида кўз илғамас бир ҳалқанинг ҳам ўз ўрни бўлиши мумкин.
“Ёш ленинчи”, 1983 йил, 17 май.