Ўзбек халқи тарихининг энг қора саҳифаларидан бири саналган, бироқ узоқ йиллар мобайнида ижтимоий-сиёсий сабабларга кўра ўрганилмай келинган мардикорликка олиш воқеаси ҳақида сўз юритилдими, бас, ушбу мискин қўшиқ хотирангиз қатидан қуйилиб келаверади:
Поездингни жилдирган,
Ўтхонаси билан дўнгалаги,
Двинискага кетишди
Мард йигитларнинг бир бўлаги.
Кўшиқ яқин мозийнинг аламангиз кулфатлари, доғули замоннинг зулми туфайли юрти сабил бўлганлар тўғрисида сўзлайдир. У ҳақ ва Адолат талаб бўлиб чиққан улуснинг аччиқ аъмолидан афғондир. Кўнгли яримта халқимиз мазкур қўшиқни ғамзада кунларнинг хотири сифатида дилда зўр алам ва армон билан куйлаб келган. Ва нола баробарида шу элнинг эртаси бўлмиш болаларига ҳам ўргатган. Зеро, барча замонларда ҳам аждодларнинг фоже қисматларидан сўйлагувчи қўшиқларни унутиш гуноҳ каби саналган. Надоматлар бўлсинки, маънавий карахтлик даврида халқнинг аччиқ қисматидан куйлагувчи қўшиқлар ўз-ўзидан қувноқ лапарларга эврулди. Энди юқорида айтганимиз, «Мардикорлар қўшиғи» ҳам сохта нағма билан ижро этилаверади. Бу не кўргиликки, ҳар сатридан изтиробнинг аччиқ ёшлари томиб турган қўшиқни сохталаштирсалар. Бу не кўргиликки, ота-боболарнинг руҳларини чирқиллатиб қарсак ила муқом этсалар. Қўшиғини, қўшиқларини унутган юртнинг қисмати қандай кечади?..
Шукрларким, дўзахий унсурлар ошиғи олчи жамиятимизнинг харобазорларига эсаётган қайта қуриш насимлари фикратдаги моғорларни бир қадар сидиргандай. Карахтлик бутун вужудини тарк этаётган бугунги авлод халқ тарихидаги мискин ва шодон қўшиқларидан нечоғлик узилиб қолганини англаб етди. Ва англаш ҳамиятида маънавиятида вужудга келган ҳаромолуд бўшлиқни тўлдириш учун бугун эл тарихи ҳақидаги ҳар бир муждани зўр ҳаяжон ила ўрганмоққа тутинди. Бу ўз навбатида ҳар бир тарихчига катта масъулият юклайди. Куйида тўхталмоқчи бўлган мавзуйимиз 1916 йилги мардикорликка олиш воқеалари тўғрисида. Сизга аён ва ноаён бўлган тарих ҳақида. Таассуфки, тарихимиз саҳифаларидаги кўпгина воқеалар яқин ўтмишнинг буқаламун мафкурасининг таъсири оқибатида ўз равшанлигидан айрилган. Лекин имкон қадар тарихий ҳақиқатга шак келтирмай ижод қилганлар ҳам бор эди, албатта. Буларнинг бари давр ва шахсларнинг фожиасидир.
1916 йилги Туркистон ва Қозоғистонда бўлиб ўтган халқ қўзғолони тўғрисида П. А. Ковалёв, Ҳ. Т. Турсунов, М. Ғ. Ваҳобов каби тарихчилар ёзишган. Халқ қўзғолонининг сабаблари, хусусияти ва ҳаракатлантирувчи кучлари тўғрисида маълум бир тўхтамга келганлар. Бироқ мазкур муаррихларнинг асарлари ўз даврининг бирёқлама қарашларини ифода этади. Аммо бу уларнинг хизматларига асло соя солмаслиги керак. Маълумки, тарихий воқеаларни ўрганишда ҳеч ким охирги нуқтани қўя олмайди. Ҳар бир авлод ўз аждодларининг кечмишидан ўзича хулоса чиқазишга, ўзига хос ёндашишга ҳақли.
Шу ҳақиқатни англаган ҳолда ўлкамиз тарихининг энг чигал, зиддиятли ва ёрқин саҳифаларидан бири бўлмиш 1916 йилги халқ қўзғолони ҳақида фикр юритиш учун ўзимизда бир журъат сездик. Бундан қарийб етмиш беш йил муқаддам юртдошларимиз зўрлаб олиб кетилган бепоён Ўрисиянинг ҳудуди бўйлаб, кўнгилда зўр илинж ила сафарга чиқдик.
…Оқпошшонинг Олмония билан бошлаган уруши мамлакатда етилиб келаётган зиддиятларни янада чуқурлаштирди. Уруш ҳамманинг бошига бирдайин кулфат уруғини сочди. Кундан-кун минглаб одамларни ўз домига торта бошлади. Чор қўшинига пешма-пеш янги кучлар сафарбар қилинаверди. Империя танг аҳволга туша бошлагач, Оқпошшо ва унинг маъмурлари 1915 йили Давлат Думасида «бегона халқ»ларни ҳам ҳарбий хизматга чақириш керак, деган масалани ўртага қўйди. Мустамлакачилик сиёсатининг ҳадини олган чор ҳукумати бу борада Туркистон генерал-губернаторлигидан «бегона аҳоли»ни ҳарбий хизматга олиш мақсадга мувофиқми ёки йўқми деган масалада фикрини сўрайди. Чор империясининг аҳволи оғирлигига қарамай, Туркистон муваққат генерал-губернатори Мартсон 1915 йилнинг 20 августида Бош Кароргоҳга юборган хатида «ерли аҳолини ҳарбий хизматга чақириш мутлақо мумкин эмас», чунки бу тадбир амалга оширилса, халқ ўртасида ғалаёнлар бўлиши мумкин, дея таъкидлайди.
Чор мустамлакачиларининг бундай хавфсираши бежиз эмас эди, чунки ўлкадаги миллий зулм шу қадар кучайган эдики, алам-ситам жонидан ўтган мазлумлар истаган пайтда уларга қарши исён кўтаришлари аниқ бўлиб қолганди. Шу ишончсизлик ва хавфсираш натижасида чор ҳукумати Туркистон, Қозоғистон ва бошқа ўлкалар ерли аҳолисини ҳарбийга сафарбар этишдан воз кечишга мажбур бўлди. Бироқ доғули, айёр ҳукумат вакиллари шошилинч янги режа ишлаб чиқдилар. Мазкур режага кўра Туркистон, Қозоқ ўлкаси ва бошқа шу сингари миллий мустамлака халқларини фронт ортидаги ҳарбий ишларга олиш мўлжалланган эди.
1916 йил 25 июнда подшо Николай II нинг «Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги қўшин ҳудудида ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бошқа ҳар қандай ишларга жалб этиш тўғрисида»ги фармони олийси эълон қилинди. Фармонга мувофиқ уруш мобайнида «бегона халқлар» аҳолисининг 19 дан 43 ёшгача бўлган барча эркакларини ҳарбий манфаат учун турли ишларга мажбурий сафарбар қилиш буюрилган эди. Подшо фармонига биноан сафарбарлик Астрахан, Сибир губернияларида, Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Оқмулла, Шамай, Еттисув, Урол, Тўрғай, Закаспий вилоятлари ҳамда Кавказ ортининг мусулмонлар яшайдиган қисмида ўтказилиши лозим бўлган.
Фармон нафақат ерли аҳоли, балки чор аёнлари учун ҳам кутилмаган иш бўлди. Аммо улар тез орада ўзларини ўнглаб олиб, сафарбарлик ишларини намунали ўтказишни Ватан ва Подшо олдидаги бурчлари деб билдилар. Туркистон ўлкасининг генерал-губернатори А. Н. Қуропаткин мардикорликка олишга ўз муносабатини қуйидагича баён этганди: «Кирқ-эллик йил мобайнида Ўрисия қарамоғидаги собиқ Ўрта Осиё хонликларидаги ерликлар ўрис найзалари ҳимоясида тинч ҳаёт кечирдилар, ривожландилар ва бойидилар. Ватан учун оғир дамларда талаб этилаётган мардикорлар шубҳасиз етказиб берилади».
220-буйруққа кўра чақирилувчиларнинг миқдори 200470 нафар киши қилиб белгиланди. Мардикорликка сафарбарлик ишлари 1916 йилнинг сентябридан бошлаб юборилди.
Икки томонлама зулм исканжасида қолган оддий халқ бу сафарбарликни зўр қайғу ва нафрат билан қаршилади. Бунинг устига кулфат мавридсиз келганди. Деҳқон йил бўйи етиштирган ҳосилини йиғиштириши, қоронғу қишга бола-чақасининг ризқини ғамлаши зарур эди. Подшонинг амру фармони замона ғанимларини четлаб ўтиб, фақат камбағалларга куч кўрсатди. Устига-устак маҳаллий амалдорлар мардикорлар рўйхатини тузишда турли адолатсизликларга йўл қўйдилар. Хуллас, авомнинг сабр косаси қалқиди. Йиллар мобайнида тортган жабр-ситамларнинг оғриғи бир бўлиб, халқнинг дилидан исён янглиғ отилиб чиқди.
Кўзғолон алангаси бутун Туркистонни қамраб олди. Жиззах, Самарқанд, Андижон ва Фарғона музофотидаги аҳоли мавжуд тартибга қарши исён туғини баланд кўтарди. Ўша қўзғолонлар хусусида Ҳ. Турсунов ўз асарларида кенг тўхталган. Туркистонликларнинг бундай бош кўтаришини кутмаган чор мустамлакачилари қўзғолонни аёвсиз бостира бошлайдилар. Шаҳарларда жазо тўда ва бўлинмалари оч бўридай изғир ва янги-янги қурбонлар билан ўз нафсини қондирар эди. Ана шундай фожеалардан энг даҳшатлиси Жиззахда бўлиб ўтади. Мардикорлик олишга норози бўлган халқнинг қўзғолони шафқатсизларча бостирилади. Ҳарбий қисмлар эски Жиззахга ўт қўйиб, ер билан яксон қиладилар. Минглаб жиззахликлар ёш-қари демай казак қиличлари чопқинига учрайди. Эски шаҳар нуфузи бошпанасиз қолиб, қишлоқма-қишлоқ саргардон бўлади. Харбий қисмлар ўтган қишлоқларда отиб ўлдирилган мурдалар ва дорларда шамдай қотган марҳумларгина қоларди, холос. Бу ваҳшийликлар халқнинг қалбини ларзага солади. Унсизгина, лекин тишларини қайрабқайраб мунгли қўшиқ тўқийдилар.
Тахта кўприк битдими?
Николай подшо ўтдими?
Жиззах шаҳрин вайрон қиб,
Муродига етдими?
Фожеанинг кўлами ниҳоятда беқиёс эди. Оқпошшонинг авахталари маҳкумлар билан тўлиб кетди. Дала судлари қўли-қўлига тегмай исёнчи «туземец»ларни турли жазоларга ҳукм қиларди. Хуллас, бош кўтарган йигитларнинг боши кесилиб, мушфиқ оналарнинг оҳи осмонга ўрлаб қолаверди. Жами 79885 одам қирғинга учраган эди.
Минг тўққиз юз ўн олтинчи йилнинг 16 сентябрида Туркистондан Ўрисияга қараб мардикорлар ортилган биринчи темирйўл карвони жўнатилди. Яқинда юз берган фожеалардан карахт бўлиб қолган йигитларни поезд шитоб билан номаълумлик қаърига олиб кетаётганди. Ғам-кулфатдан дийдаси қотаёзган мардуми бечоралар ўзларини кутаётган аччиқ қисматдан бехабар эди. Поезд шитоб ила Туркистон заминидан узоқлашаркан, юрагининг бир парчаси шу муқаддас хоку туробда қолаётган мардикор йигитлар унга сўнгги бор тўйиб-тўйиб қараб қолмоқда эди. Тақдир тоши улоқтирган йигитлар 1916 йилнинг октябрь ойи бошларида Ўрисия империясининг ғарбий ҳудудларига етиб келдилар. Мардикорлар подшо фармонига биноан Украина, Белорусиянинг Ғарбий ва Ғарби-Жанубий вилоятларидаги саноат корхоналари, ҳарбий истеҳком қурилишларида, ўрмонзорларда ишлашга мажбур эдилар. Бундан ташқари мардикорлар Ўрисиянинг саноат марказлари бўлмиш Москов, Петроград, Киев, Харьков, Одесса, Курск, Псков, Қозон, Орёл, Рязан, Нижний Новгород, Тула, Брянск, Екатеринбург, Оренбург, Екатеринослав, Запорожье, Батуми, Тифлис каби шаҳарлардаги машинасозлик, паровозсозлик корхоналарида ҳам фаолият кўрсата бошладилар. Белоруссия, Кубан, Бессарабия ўрмонларидаги энг оғир юмушлар уларнинг гарданига тушган.
Сарғайиб кетган ҳужжатларда абгор бўлган мардикорларнинг қисмати тўла-тўкис ўз аксини топган.
Чор маъмурларининг 390-сонли махфий барқиясида қайд этилишича, мардикорларнинг чақириғини уюштириш бемаврид ва фойдасиз бўлган. Чунки туркистонликлар мазкур жойларга асосан кузда олиб келинганди. Усти юпун мардикорларнинг оғир касалликларга чалиниб, ўлат тарқалиши хавфи чор маъмурлари учун ортиқча ташвиш туғдирар эди. Иқлим шароитининг кескин ўзгариши, оғир иш ва ҳаёт кечиришнинг машаққати туркистонлик йигитларнинг соғлиғига таъсир этди.
Мусофир мардикорларнинг тарқатилишини кузатадиган бўлсак, улар сон ва тармоқ жиҳатидан турлича, умуман жўнатилган мардикорлар 500—1000 кишилик жамоа асосида жойлаштирилиши лозим эди. Бироқ пала-партишлик туфайли бунга эътибор берилмаган. Масалан, Курск губерниясидаги Теткин қанд лавлаги корхонасида 100, Сум машинасозлик корхонасида 80, Харьков шаҳридаги Мельгозе машинасозлик корхонасида 118, Гельферих-Заде корхонасида 202, Харьков паровозлик корхонасида эса 149, Сартан шаҳридаги маъдан корхонасида 450 нафар мардикор ишчи меҳнат қилган.
Чор маъмурларининг хулосасига кўра, туркистонликларнинг иш қобилияти паст бўлиб, бир ўрис ишчиси 3—4 мардикорнинг ўрнини босган. Беписандлик билан айтилган бу баҳо мардикорларнинг чеккан заҳматларини тан олмаслик эди. Тўғри, уларнинг аксарияти малакаталаб ишларда ишлай олмасди, лекин барча оғир юмушларни бажариш туркистонликларнинг зиммасида бўлган.
Улар аксарият ҳолларда қора ишчи ўрнида фойдаланилган. Мусофирларнинг иш ва турмуш шароити билан ҳеч ким қизиқмасди. Ана шундай эътиборсизлик ва беписандлик натижасида Харьков шаҳридаги Гельферих-Заде корхонасида ишлайдиган мардикорлардан ўн нафари қўл ва оёқларини совуққа олдириб қўяди. Юқори маҳкамаларга берилган кўрсатмаларда қайд этилишича, мазкур корхона ихтиёридаги аксарият мусофир мардикорлар камқонлик ва юрак касалликлари билан оғриган. Бундан ташқари, ётоқхоналарда яланг оёқ юриш оқибатида барча мардикорлар йўтал орттириб олишган. Айниқса, сентябр воқеаларидан кейин корхона ишчи кучига эҳтиёж сезди. Шу талаб ва эҳтиёж қондириш мақсадида, бу ерга 100 га яқин ўзбек юборилади. Уларнинг ҳам 67 нафарида юрак хасталиги бор эди. Қорхона маъмурияти ўзбек ишчиларига ваҳшиёна муносабатда бўлдилар. Шу сиёсат қурбони сифатида бечора мардикорлар бир кечаю кундузда 16—18 соатлаб оғир жисмоний меҳнат қилганлар. Эвазига эса бир кунда атиги 75 тийин ҳақ олишарди. Иссиқ кийимлар билан таъминланмаган ўзбек ишчилари 22—25 даражали қаҳратонда очиқ ҳавода ишлаб, қўл-оёқларини совуққа олдиришган. Мардикорларнинг оммавий шамоллаши, аъзоларини совуққа олдириш оқибатларига корхона маъмуриятининг эътибори қаратилганда, улар беписандгина қилиб: «Маъмурият мардикорларни кийинтириш мажбуриятини ўз зиммасига олмаган», деб қўя қолишган.
Харьков паровозсозлик корхонаси тасарруфидаги мардикорларнинг аҳволи бундан-да аянчли бўлган. Ўрис бўлмаган миллатларнинг беморлари учун корхона маъмурияти алоҳида шарт-шароитсиз ётоқхона ажратиб, уларни тиббий ёрдамсиз қолдирган. Бу ҳол ҳеч кимни ажаблантирмаган ҳам. Ўзбеклар, туркманлар, қозоқлар ва бошқа шунга ўхшаш ўрис бўлмаган халқ вакиллари батамом ҳуқуқдан маҳрум эдилар. Уларни турли корхона корчалонлари истаган пайтда зўрлик билан олиб кетаверар эди. Масалан, Фарғона вилоятининг Ўш уездидан берган Юсуфжон Юнусов арзномасида маъмурларнинг ана шундай бебошлигидан азият чеккан мардикорлар ҳақида гап боради. Унда айтилишича, Ҳарбий Саноат Кўмитасининг Ёғочсозлик бўлими ихтиёрига 220 нафар мардикор берилган. Улар 3 ноябрда Олевск кентига жўнаб кетадилар. Кентдан ўрмонгача пиёда йўлга тушган ишчилар манзилга етиб келиб, ажиб манзарани кўрадилар: иш жойида ҳатто бирор бошпана ҳам йўқ эди. Бутун мардикорлар тиззасигача сувга ботиб, ботқоқ ичида аросатда қолганлар. Куннинг совуқлиги уларнинг жон-жонидан ўтиб кетган. Шунга қарамасдан маъмурлар улардан ишлашларини талаб қилганлар. Чор маъмурияти мардикорларга бўлаётган зулмни ниқоблаш ниятида улардан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиққанди. Бироқ инсонийлик қиёфасини йўқотган корхона хўжайинлари бунга қатъий эътироз билдирадилар.
Мардикорлар қанчалар тазйиқ билан ишлатилмасин, теварак-атрофда бўлаётган воқеалардан четда қолмаганлар. Ўрис ишчилари ўртасида норозилик чиқишлари, ўз ҳақини талаб қилишлар мардикорларнинг кўзини оча борган. Гарчи, чор ҳукумати туркистонликлар билан бирга ишлаётган ўрис ишчиларига имтиёзлар бериб, уларни бир-бирига душманлигини, ғаразини кучайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлса-да, бу шум ният амалга ошмади. Иш ҳақлари ва яшаш шароити нисбатан бирмунча яхши бўлган ўрис ишчилари хўрланган мусофир мардикорларга ўз ҳамдардликларини билдириб турганлар, ўз навбатида мардикор ишчилар ҳам ҳамма жойда зулмкорларнинг «миллати» бир эканига ишонч ҳосил қилганлар.
Чор маъмурлари мардикорлардаги бундай ўзгаришга бефарқ қарамаганлар. Ўша суронли йиллар нафасини бугунга қадар олиб келган ҳужжатларда қайд этилишича, илғор ўрис ишчилари ўзбек мардикорларининг ётоқхоналарига кириб, уларни хўжайинларга қарши бош кўтаришга ундаганлар. Сиёсий-маърифий тарғибот ишларини олиб борганлар. Ўзбек ишчилари орасидан ҳам сиёсий онги тиниқлашиб келаётган Мир Файзимир Жалоев ва Абдул Қосим Шоматерианов каби фаоллар етишди. Илғор ғоялар ва инқилобий кайфият ўзбек ишчилари ўртасида ёйилаётганидан ташвишланган махсус ҳарбий идора вакиллари тезда чора кўриб, фаол ишчиларни корхонадан четлаштирдилар. (ЦГА УССР, Ф304, д 1648, л 149). Чор мустамлакачилар ҳар бир мардикорнинг ерга қадалган кўзларида исён учқунлари йилтиллаётганини сезиб турарди. Эҳтиёт юзасидан фронт ортидаги ҳудудларда жойлашган мардикорларни соқчи назорати остида ишлатиш тартиби жорий қилинди. Ҳатто генерал-лейтенант Корольковнинг шахсан ўзи мусофир ишчилар яшайдиган ётоқларга умуман бегона кишиларни доритмаслик тўғрисида буйруқ берди. Лекин шундай тақиқ ва таъқибларга қарамай, мардикорлар ўртасида тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилаверган. Масалан, 1917 йил 14 январда Гельферих-Заде корхонасида ишлайдиган наманганлик ишчилар ётоғига икки номаълум шахс келиб, ўзларини мусулмон деб таништирганлар ҳамда улар билан муносабатга киришишга уринган. Ҳа, бу вақтга келиб, бутун мамлакатдаги каби мардикорлар ўртасида ҳам безовта инқилобий руҳ кеза бошлади. 1917 йилнинг апрел ойидан бошлаб туркистонликлар ўз иш жойларидан қочавердилар, ишдан бош тортдилар. Бу ҳаракатлар уларнинг адолатсиз чор мазлумларига исёнидан бир аломат эди. Корхона назоратчисига ёзилган ахборотда ана шундай бўйсунмас қочоқларнинг номлари бирма-бир зикр этилган. Тубандагилар маҳкумликдан кўра озодликда жон беришни аъло билганлар: Акбарали Умарбоев, Муҳитдин Мулла Абдуқодир, Калим Давлатов, Абдужалил Абдусатторов, Карачин Бегалиев, Алдонгор Большаков. Кундан-кун мардикорларнинг маъмуриятга ёзғириши кучая борди. Вазиятни инобатга олиб, чор амалдорлари 1916 йил 28 декабрда ишга яроқсиз бўлиб қолган, касалманд мардикорларни уйларига қайтаришга рухсат бердилар. Кўл-оёғини совуқ олган, зотилжам ва майиб-мажруҳ мардикорлар ўлиги шу юртларга қолиб кетмаганига минг шукроналар айтиб йўлга отландилар.
Уларни кузатиб қолаётган дўстлари, ҳамюртлари Туркистонсиз, унинг сахий қуёшисиз яшаш нақадар азоб эканини чин дилдан ҳис этиб, армон уммонига ғарқ бўлиб қолавердилар.
Маъмурият мардикорлардаги кайфиятга қараб, уларнинг талабларини қисман инобатга ола бошлади. Масалан, ишчиларнинг ҳаққига хиёнат қилган юзбошилар мавжудлиги, агар улар яна шундай товламачилик қилса, оддий ишчи даражасига туширилиши ёхуд қамоққа олиниши ҳақидаги буйруқ барча мардикорларга ўқиб эшиттирилди. Мусулмон ишчиларнинг диний байрами — мавлуди набийни ўтказиш учун уларнинг ишдан озод этилиши ҳақида ҳам буйруқ берилади. 1916 йил 23 декабр кечқурун ва 24 декабр кун бўйи мусулмонлар ибодат билан машғул бўлишади. Афсуски, улар ибодатни ҳам юқоридан берилган кўрсатма асосида ўтказдилар. Маросимда «Император Хазрати олийларининг тинчлиги ва бутун салтанатнинг ғанимлари тез орада кунпая кун бўлишини тилаб илтижолар» қилинди.
1917 йил Феврал инқилобигина мусофир мардикорларнинг сарсон-саргардонликда тентирашларига чек қўйди. 1917 йил май ойида Муваққат ҳукуматнинг буйруғига мувофиқ уларга Ватанига қайтишига изн берилади. Ҳаёт минг куйларга солган мардикорлар Ватанга ошиққан, Ўрисияда ҳақсизлик ва адолатсизликка қарши қандай курашиш йўлларини англаб етганларига имонлари комил эди. Шу боис ҳам улар кейинчалик Туркистонда олиб борилган Миллий озодлик курашининг олдинги сафларида бўлганлар.
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 5-сон