(Ўш вилоятидаги фожиалар изидан)
«АН-2» ҳарбий тайёра мотор кучидан дириллайди. Фарғоналик журналист Абдуназар Ҳудойназаровнинг ҳам тайёрадаги бошқа ҳарбийларнинг ҳам икки кўзи пастда. Тайёра Ўшга яқинлашмоқда эди. Мана, йигирма йилдирки, Ўш вилоятига — ота юртимга гоҳи уловда, гоҳи пиёда қатнайман.. Шунча йил яшаб, бир куни ўз юртимга ҳозиргидай ҳарбийлар ёрдамида бораман, деган ўй хаёлимга келмаган. Тайёрада боряпману вужудимни аллақандай бегоналик чулғаганини ҳис этаман. Наҳот, ўзим туғилиб ўсган қишлоқнинг шарқироқ сойлари, баҳаво қир-адирлари мен учун бегонага айланса? Наҳот, улуғ бобом Бобур Мирзо «Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлик қасаба йўқдур», деб таъриф берган шаҳарга мен энди бегонаман? Бундай бегоналик қаердан пайдо бўлди? Юз йиллаб ёнма-ён яшаб келган икки халқнинг орасига низо солган қандай кимсалар? Икки халқ ўртасида қўпган низо, ноҳақ тўкилган қонлар учун ким жавоб беради?!
Тайёрада боряпману ана шу саволлар, вужудимдаги бегоналик юрагимни ўяди, ўзимни қўярга жой тополмайман… Ўшда бўлган кунларимда шоир Турсунбой Адашбоев шундай воқеани ҳикоя қилиб берди: «Ўшдаги тўполонларнинг эртасига бозорга бордим. Бозор бозорлигини йўқотган, гўё мозорга айланган. Ҳаммаёқда турли-тумаи мева-чеваларнинг уюмлари, писта-бодому туршак, майизлар ер билан битта бўлиб сочилиб ётибди. Чор тараф бесаранжом. Тўполон куни бир тўп ёшлар ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлашган. Боғидаги мева-сабзавотини саватга солиб, халққа янгилик, деб олиб келган боғбону деҳқон нарсаларини шундайлигича ташлаб қочган. Битта қоровул бўлса, қаёққа ҳам қарасин. Шу пайт ўртадаги растадан бир одамни кўриб қолдим. У бозорчилар ташлаб кетган писта-бодом, мева-чевалардан ҳеч тап тортмай, қўлидаги халтасига солар, етаклаган ити унинг ортидан юриб нарсаларга тумшуғини текизиб қўярди. Мен бу ҳолга чидамадим. Ҳалиги одамни уришдим, танбеҳ бердим, илдизи битта бўлган икки халқ ўртасида низо қўпиб, қон тўкилиб турганда, бундай отнинг ўлимини ит бўлиб байрам қилган одамни битта менинг уришганим, танбеҳ берганим қаерга ҳам борарди…»
Бу воқеани эшитиб, кўз олдимда Ўшнинг Шаҳидтепа мавзеида истиқомат қилувчи Ғанижон аканинг милиция ўқидан учган, ҳали чимилдиқ кўрмаган ўғли Акрамжон, икки кўзи ўйиб олинган ўшлик асалчи Муҳаммаджон Жўраев, бутун умрини Мирзакида Совет ҳокимиятини мустаҳкамлашга бағишлаган, узоқ йиллар ноҳия партия комитетининг котиби, ижроқўм раиси, колхоз раиси вазифаларида ишлаб келган, саксон ёшга кирган пайтида, Совет районидан келган ақли ноқис кишилар томонидан ваҳшийларча ўлдирилган Абдураҳмон ота Маниёзов, мирзакилик Азимжон қассоб ва унинг қийнаб ўлдирилган тўрт фарзанди, ўзганлик шаҳид укаларим Равшанбек Маматов, Муҳаммадсодиқ Фозилжонов, Ҳомиджон Эргашев ва бошқа юзлаб бегуноҳ қурбонлар хаёлимдан ўтди! Муҳаммадсодиқнинг онаси Соҳибжамол опанинг, эридан, тўрт фарзандидан айрилган Турсуной опанинг юракни эзувчи нолалари қулоқларим остида бир зум қайтарилди. Ўзган шаҳар халқ комитети аъзоси, босқин кунлари жондан ширин ўғлидан айрилган Жумавой аканинг ғамгин кўзлари, ўт қўйилган уй жойи учун эмас, ноҳақ қурбон бўлган юртдошлари, ўн беш минг нусха нодир асарлардан иборат кутубхонаси ёниб кул бўлгани учун қайғураётган ғазалнавис шоир, Қирғизистон ССР Халқ депутати Одил Раимжоновнинг аламлари, уй-жойсиз қолган 1273 нафар ўзганликлар, 17 июнга қадар Ўзган районида рўйхатга олинган 157 нафар шаҳидларнинг, дом-дараксиз йўқолган одамларнинг, номусига тажовуз қилинган ёш қизлар, аёлларнинг қариндош-уруғлари, ёру биродарлари тўкаётган кўз ёшлар…
Андижон шаҳар клиникасида ётган 16 яшар Акбарали бундай дейди: «Оиламиз «Қуршоб» совхозига қарашли далаларда пиёз экканди. Ўша, 5 июнь куни бир тракторчи келиб, вақтида кетиб қолинглар, бўлмаса соғ қолмайсизлар, деб кетди. Тўқайга беркиндик. Қочиб кетолмаслигимизга катталарнинг кўзи етди. Тўрт хўжаликдан 18 киши эдик. Ярим кечада яширинган жойимиздан чиқиб, йўлга тушдик. Сой бўйига чиққанимизда, бизни босқинчилар ушлаб олишди. Онамнинг қўлида иккн ярим яшар укам бор эди. Ўша укамни онамнинг бағридан узишиб, сойга отиб юборишди. Онамни ҳам сувга оқизишди. Уларнинг орқасидан отам, акам ўзларини сувга отишди. Пастроқда эса Рўзибой ака иккимизни босқинчилар тутмоқчи бўлган эди, сувдан чиқиб қочдик. Улар бизни отишди, оёқларимга ўқ тегиб йиқилдим… Онам билан синглимнинг ҳалигача дараги йўқ…»
Бу воқеаларни, рақамларни, гувоҳларнинг сўзларини одамларнинг ғазабини қўзғатиш учун ёки бўлмаса, эндигина тинчланиб келаётган вазиятни қайта жунбушга келтириш учун ёзаётганим йўқ. Ҳолбуки, Ўш, Ўзганда бўлиб ўтган воқеалар эндиликда барчага маълум. Ахир, битта ўлган одамнинг ўнта қариндоши бор. Ўнта қариндош эса йигирмата-юзта-мингта одамга бўлиб ўтган воқеаларни етказиши мумкин. Бугун Ўш, Ўзган воқеаларини яшириш, ўлган одамларни, ўт қўйилган уйларнинг сонини камайтириб кўрсатиш, фожиаларнинг асл сабабларини айтмаслик, хаспўшлаш яна янги фожиаларга, янги низоларга олиб боради, холос. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бугун одамларга насиҳатгўйлик эмас, ростгуйлик керак, қанчалик аччиқ, даҳшатли бўлмасин, рост гапгина фожиаларнинг олдини олиши, кишиларнинг Сумғаитда, Янги Ўзанда, Фарғонада бўлганидек, Ўш, Ўзган фожиалари сабабларини ҳар ким ҳар хил талқин этмоқда. Бу фожиаларнинг сабаблари бировларга партия, совет ходимларининг халқ ҳаётини, турмушини билмаслиги, уларнинг эҳтиёжларига, миллатлараро муноеабатларга тўраларча ёндашуви туфайли содир этилгандек кўринса, яна аллакимлар бу ҳодисалар норасмийларнинг айби билан юзага келди, дейишмоқда. Бошқа бировлар эса, ўнлаб йиллар мобайнида халқларнинг биқиқликда, демократиясиз, ошкораликсиз яшаб келаётгани мана шундай фожиаларга олиб келди, дейишмоқда.
Агар етмиш йилдан буён ҳукм суриб келаётган маъмурий буйруқбозликнинг умри яна давом этаверса, бир пайтлар бебошларча бўлиб ташланган бир бутун халқнинг —Туркистон халқининг тақдири шу халқнинг ўз қўлига берилмаса, яна Фарғона, Ўш фожиалари юзага келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бугун арман йигити озар йигит билан, қирғиз йигити ўзбек йигити билан ёқа йиртишаётган экан, бу ёқавайронликни кимдир томоша қилиб турган экан, бу ўша бир-бирларининг ёқаларидан ушлашган йигитларнинг, ўша йигитлар мансуб бўлган халқнинг фожиаси!
Бир нарсага тушунмайман. Оддий меҳнаткаш халқ, бутун умри молнинг ортида ўтган чўпон, пахтакор, деҳқон бошқа ўзига ўхшаган бир халқнинг вакилига ўз-ўзидан тиғ кўтаришига тушунмайман! Халқ ўзича бундай хунрезликка ҳеч қачон бормайди. Уни алдашади, уюштиришади, ёлғонлар тўқишади. Фитна уюштирувчилар, ёлғон тўқувчилар озмунчами? Улар бугунги кунда ҳар биримизнинг онгимизга сингиб бораётган қайта қуриш ғоясининг ашаддий душманларидир. Улар мамлакатимизнинг турли бурчакларида қайта қуришга қарши олдиндан ўйлаб «фаолият» кўрсатишаётгани ҳам сир эмас. Улар Болтиқбўйи республикаларида бошқача, Кавказорти республикаларида ўзгача, Ўрта Осиё республикаларида ундан ҳам бошқача усуллар билан ҳаракат қилишмоқда. Мақсад эса битта: Қандай қилиб бўлса ҳам илдизи, урф-одати, дини-эътиқоди бир бўлган халқлар бирлашиб кетишмасин. Ўз вақтида бир бутун Туркистоннинг бўлиб юборилиши, республикалараро сунъий чегаралар пайдо қилиш ҳам юқоридаги мақсадга хизмат қилган эди.
Ўш фожиаларининг асосида турган ер жанжали, тўғриси, юқоридаги мақсадни амалга оширишда бир туртки, холос. Қайта қуриш душманлари ҳар бир имкониятдан, маъмурлар йўл қўйган ҳар бир хатодан фойдаланмоқдалар. Энг даҳшатлиси шундаки, уларга Ўрта Осиё халқларининг бироз қизиққонлиги, ишонувчанлиги ҳам қўл келмоқда — иғвогарларнинг тузоғига жуда тез илинишмоқда. Ҳар қандай тузоқдан эса қон сизади.
Шулар ҳақида ўйлар эканман, «Красная Звезда» рўзномасининг 1989 йил 4 октябрь сонида босилган «Товламачиларнинг арзи ҳоли» сарлавҳали мақолани эсладим. Мақола муаллифининг ёзишича, редакцияга икки киши телефон қилишиб, муаллиф билан учрашмоқчи эканликларини айтишган. Кейин улар учрашишган. Сим қоққан кишиларнинг бири ўз исми Олег экани, собиқ офицер, илгари судлангани, афғон урушида қатнашганини айтади. Иккинчисининг исми Виктор, у ҳам илгари судланган, афғон урушида қатнашган, собиқ милиция сержанти эканини билдиради. Улар мақола муаллифига ўзлари мансуб бўлган яширин ташкилот ҳақида сўзлаб беришади.
— Рэкэтлар асосан уч қатламдан иборат бўлади,— дейди Олег. — Биринчиси, майда кооператив ўғрилари. Икинчи қатлам — биз. Бизларни керакли одамлар билишади. Оладиган даромадимизнинг қатъий баҳоси мавжуд. Биз оламиз ҳам ва бизга берадиган кишини ҳимоя ҳам қиламиз. Беш минг сўм пул бир қарашдагина катта бойлик бўлиб кўринади. Аслида ундай эмас. Ўзимиз аниқлаш учун баъзан юқоридаги пулга нисбатан уч баравардан ҳам кўп маблағ сарфлаймиз. Шундай қилиб, «соғишимиз» керак бўлган одамнинг даромадларини гоҳ ижроия комитетга, гоҳо колхозга, гоҳида эса ошхона ва ресторанлар трестига узатишга тўғри келади. Бугун «номенклатура» ўз обрўси ва имтиёзларини йўқотмоқда. Шу боис уларнинг ҳам кўплари олишади… Учинчи қатлам бу алоҳида суҳбат. Бу — суперрэкэт. Улар илгарилари ҳам бор эди. Фақат кўнгилли эдилар. Гап шундаки, бизнинг қоронғу дунёмизда ҳар биримизнннг ўз «орқамиз» бор… Бу ерда эса қандайдир ҳеч бир тушунарсиз, тасаввурга сиғмайдиган ишлар бўлмоқда. «Отахонлар» ва «қонундаги ўғри»лардан ҳам обрўлироқ кучлар пайдо бўлмоқда. Улар йўлни қаёққадир бошқа томонларга буришмоқда. Нима бўлганда ҳам мен собиқ ҳарбийман, агар қуролланган уч-тўрт юз кишини буйруқ билан қўзғотилса, энди бу рэкэт эмас, балки ёлланган армия бўлишини тушунаман. (Афуски, бу қуруқ гаплар эмас, милиция ахборотига кўра, етмиш беш фоиз, яъни 35 мингдан ортиқ кооперативлар рэкэтчиларнинг назоратида туради. Агар ҳар бир қора гуруҳда камида уч киши бўлса, даҳшатли рақам — юз минг юзага келади. — Ред.) Агар бу кишиларнииг турли шаҳарларда яшашлари бир-бирларини ғойибдангина билишларини ҳисобга олсакчи… Мана шунақа ишлар. Яна, ишлайвер, лекин шуни билки, хабар келиши билан айтилган жойда бўлишинг ва нимани буюришса ўшани бажаришинг зарур бўлади. Бўйсунмай кўрчи? Барча «кўзирлар» уларнинг қўлида. Биз сен билан гапириб-гапириб тарқаб кетамиз. Улар мен ҳақимда ҳаммасини — «кулбамни», «мулкимни», энг муҳими, барча «иш»ларимни билишади. Битта қўнғироқ билан, ичак-чавоғинг қўшилиб, ёниб кетасан одам… Биз (бизлар эса бир-иккита эмасмиз) «бас» қилишга ва изимизни йўқотишга қарор қилдик. Бу ишлардан ёмон ҳидлар анқимоқда. Янги Ўзандаги тартибсизликларни бошлашга мажбур қилинган бир нечта кишини биламан. Фарғонада «ишлаган» эски танишларимни ҳам учратдим. Мана шунақа гаплар. Айниқса, уларнинг баҳоси баланд. Бошқаларни ҳам бу ишларга жалб қилгудек бўлсак, бизларга олтин тоғлар ваъда қилишмоқда… Одамни — оддий ишчи, инженерни ўлдириш қанча туради? Бор-йўғи 500—700 сўм…
Мақолани қайта-қайта ўқигач, хаёлимдан жуда кўп гаплар ўтди. Айтайлик, Фарғона фожиаларининг ҳақиқий айбдорлари шу пайтгача ҳам тўла аниқлангани йўқ. Ноҳақ қурбон бўлган ўнлаб кишиларнинг арвоҳлари ҳалигача чирқираб турибди. Миллий, социал низолар туфайли республикаларда юз бераётган тартибсизликларнинг, қон тўкишларнинг ҳақиқий айбдорлари топилмаётган экан, бу ишларга масъул бўлган кишилар нима билан шуғулланишмоқда? Балки Ўшдаги, Фарғонадаги каби фожиаларга боғланган калаванинг учи бу ерлардан анча олисларга бориб тақалар? Бу фожиаларга балки аллақандай кўзга кўринмас кишилар раҳбарлик қилишаётган бўлсачи?!
— Отам ҳам, катта отам ҳам мана шу Ўзган халқига хизмат қилган, — дейди Қирғизистон ССР халқ депутати Одилжон Рахшжонов. — Ўзим узоқ йиллардан буён қурилиш ташкилотида раҳбарман. Шу вақт мобайнида минглаб, оилаларга уйлар қурдик. Бундай ишлар бўлади, деб ҳеч ўйламаганмиз. Лекин, афсуски, бизнинг дўстларимиз дўст бўлиб чиқмади. 5 июнь куни автостанцпяда ёшлар тўполон чиқаришди.. Бу тўполон тинчиб, орадан икки-уч соат ўтгач, Совет райони томонидан машиналарда, отларда қийқиришиб одамлар тушиб келишди. Уйда эдим. Бир пайт дарвоза олдига кимлардир келиб: «Одил, чиқ, бу ёққа, биз сени отгани ва уйингга ўт қўйганч келдик», дейишди. Дарвозага қарата автоматдан ўқ узишди. Дарвозахонада турган «Жигули» машинасини ёқиб юборишди. Биз оиламиз билан орқа томондан укамнинг уйига ўтдик. Энг қизиғи шундаки, босқинчилар шу маҳаллада бизникига ва куёвимникига, кўча бошроғида яна бир кишиникига ўт қўйишди. Уйимиз ёниб, кул бўлгунча, кўча атрофини қўриқлаб туришди. Ёниб кетган уйим, мол-дунё кўзимга кўринмаяпти. Лекин ўн беш минг нусха китобдан иборат кутубхонам бор эди. Улар орасида энг нодир қўлёзмалар, нодир асарлар мавжуд эди. Нега? Нима учун бундай қилишди? Уларга нима ёмонлик қилдим?!
— Ўш, Ўзган фожиалари олдиндан уюштирилган, жиноий ҳаракатларга айрим одамлар бевосита раҳбарлик қилган, дея айта оламан, — дейди Ўзган шаҳар халқ комитетинннг раиси М. Ҳусанов. — Ўзганда ҳалок бўлганларнинг катта бир қисми милиция ўқидан йиқилди. Бу гапнинг асоси бор. Биргина Ўзгандаги ДОСААФ ташкилотларидан 70 та милтиқ, 700 пачка ўқнинг сирли равишда «ўғирланган»и ҳам бу фожиаларнинг уюштирилганидан яққол далолат бериб турибди.
Ўзганда бўлганимизда, бундай воқеаларни бошқа кишилар ҳам ҳикоя қилиб беришди. Жумладан, Мирзакидаги қурилиш ташкилотининг ҳисобчиси Ойтожи Тожиматованинг гувоҳлик беришича, шу ташкилотда 4 тонна арматура кестирилиб, махсус қурол ясалган. Ўзган шаҳрида яшовчи Гулнора Каримжонова, Раъно Мадумарова, Назира Аҳмаджонованинг гувоҳлик беришларича, маиший хизмат кўрсатиш комбинатига Мирзаки қишлоқ Советидан аллақандай одамлар келишиб, қизларни қизил матоҳдан пешанабоғ тиктиришга мажбур қилишган. Босқинчилар ана шу пешанабоғларни танғиб, одам ўлдиришган, уйларга ўт қўйишган. Ёки бошқа бир мисол. Новқатдаги тартибсизликлар устига карнай ўрнатиб олган «Москвич» машинаси тарқатган хабардан бошланган. Ўша «Москвич» қирғизлар яшайдиган қишлоқдан ўтаётиб, «Фарғонадан келишган ўзбеклар қирғизларни ўлдирмоқда», деб жар солса, ўзбеклар яшаётган жойлардан ўтаётиб, «қирғизлар ўзбекларни ўлдиряпти», деб жар солган. Ўш шаҳридаги «Карвонсарой» меҳмонхонасининг ходими Давлатхон опа шундай хабар беради: «Ўшда тўполонлар бошланмасдан икки ҳафта илгари меҳмонхона кишилардан бўшатилиб, милиция кийимидаги 40 нафар қирғиз миллатига мансуб қуролли кишилар жойлаштирилди. Воқеалар бошланган куни эса ўша кишилар йўқ бўлиб қолишди…»
Шундай қилиб, Ўш, Ўзган фожиаларида юзлаб ташвиқотчилар эл орасига ваҳима солди. Улар транспорт, алоқа, қурол, маблағ билан тўла таъминланди. Ташвиқотга учган кишиларга қурол-яроғ етказиб беришди, Хўш, бундай миллатлар ўртасида тўкилаётган қондан кимлар манфаатдор? Наҳотки, чўнтаккесар, кооператив ўғрилари, майда рэкэтчилар манфаатдор бўлишса? Ахир, улар одамларнинг ўлимидан эмас, аксинча, уларнинг бой-бадавлат яшашларидан манфаатдор-ку! Одамларнинг пули кўпайса, уларнинг ҳам бозори чаққон бўлади-ку!
Яқинда «Правда» рўзномаси бундай деб ёзди: «Дастлабки ташвишли «қўнғироқ» ўтган йили чалинган эди. Ўшанда, уй-жой етишмаганидан жони ҳалқумига келган, энг муҳими, келажакда ҳам бошпанага эга бўлишдан умидини узган фрунзелик ёшлар —ишчи ва талабалар шаҳар атрофидаги хўжаликларнинг ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишди. Дастлабки тўқнашувлар учқунидан, айниқса, ўз турмуш шароитларини яхшилаш учун курашга асосий кўпчилик қирғиз миллатига мансуб ёшлар киришганидан қўрқиб кетган ҳукумат ён берди, ерлар бўлинди. Шу билан хотиржам қолишди. Маълум бўлдики, бекорга хотиржам бўлишган экан. Кейинги йили бирданига икки нуқтада — Фрунзе ва Ўшда тўқнашув юз берди. Яна ён берилди. Ва яна бошқа миллат вакиллари ҳисобига. Бироқ бу сафар мана мен деб турган адолатсизлик қонли ёнғинни келтириб чиқарди».
Бугун жаҳон миқёсида юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар халқларнинг ўзаро жипслашуви, масалаларни биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳал этиш сари ривожланмоқда. Хусусан, урф-одатлари, дин-эътиқодлари, тарихий тақдири бир-бирига яқин бўлган халқлар ўзаро жипсликка жадал интилмоқдалар. Қадим Туркистон халқлари ҳам бу жараёндан четда эмас. Хусусан, Ўрта Осиёда юзага келган миллий можароларни республикаларни автономияларга, майда бўлакларга бўлиб ташлаб эмас, аксинча бирлаштириш, ягона Туркистон йўлидан бориш билангина тўғри ҳал этиш мумкин. Яқинда Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятлари раҳбарларининг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган учрашувлари ва ўзаро ҳамкорлик борасидаги битимлари ҳам шундан далолат беради. Худди мана шу ўзаро жипслашув қайта қуриш душманларига маъқул бўлмаяпти. Қандай йўл билан бўлмасин, эндигина ниш бераётган халқларнинг ўзаро жипслашуви жараёнини тўхтатишга, бу халқларни бундан бир неча ўн йиллар олдин қандай парчалаб ташланган, ораларига сунъий чегаралар қўйилган бўлса, ўшандайча сақлашга ҳаракат қилинмоқда. Тилда қайта қуриш дўстимиз деб, лекин унга душманлик қилаётган кучлар халқлар ўртасига ўзаро низолар уруғини сочмоқдаки, бу уруғ кун сайин, соат сайин ўз мевасини кўрсатяпти. Унинг тезкорлик билан унишига Туркистон халқларининг етмиш йил мобайнида ўз тарихидан, маданий меросидан, ёзувидан ажралиб қолгани, турмуш даражаларининг пастлиги, одамлар юрагидаги диний эътиқодни шафқатсизларча юлиб олишга зўр берилгани, 30—50-йилларда тўғри гапни айтмоқчи бўлган миллатнинг гуллари қатағон қилингани оқибатида, бутун-бутун халқлар маънавий қашшоқлашиб, оми бўлиб қолгани ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, Ўрта Осиё халқларининг бой маданияти, чўнг тарихи борлиги барчага маълум. Абу Али ибн Сино, Беруний, Форобий, Навоий, Бобур, Махтумқули, Абай каби алломаларни етказиб берган халқ ҳеч қачон маънавий қашшоқ бўладими? Бўлмайди. Лекин дунёда шундай қора кучлар ҳам бор эканки, истаса, наинки алоҳида бир кишини, балки бутун-бутун элларни ўз тарихидан, тилидан, элидан тониш, унутинг даражасига етказиб қўяркан. Ч. Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» асарини эсланг. Ундаги манқуртга айланган ўсмир образини эсланг. Ўша ўсмир ўз онасига қарата ўқ узади… Унда на хотира бор ва на хотирот. У наинки эл-юртини, туққан-туғишганини, балки ўз онасини ҳам унутган. Ҳатто у ўзининг дунёда мавжудлигини ҳам билмайди… Ўш фожиаларини юзага чиқарган асосий сабаблардан бири ҳам ана шу хотирсизлик. Хотирасиз инсонни ҳар кўйга солиш осон кўчади. Бугун ўз қариндошининг маъсум гўдагига пичоқ солган ёш йигит эртага ўз акасига, укасига, онасига — миллатига пичоқ кўтармаслигига ким кафиллик бера олади? Ҳеч ким.
… Ўш фожиаларининг олдини олиш мумкинмиди? Ҳа, Ўш фожиаларининг ҳам, Ўзган фожиаларининг ҳам олдини олиш мумкин эди. Ҳатто Фарғона, Ўш фожиаларини юзага келтирган айбдорларни аниқлаш ҳам мумкин. Фақат бунинг учун масъул кишиларда истак, холислик, адолат ҳар нарсадан устун туриши лозим. Матбуотда айтилгандай, биргина Ўш область ички ишлар органларида асосий кўпчиликни бир миллат вакиллари ташкил этишининг ўзиёқ бу ерда жамиятимизнинг энг нуфузли мақсадлари — халқларнинг тенглиги, ўзаро биродарлиги учун хизмат қилувчи нисбат бузилганлигини сезиш қийин эмас. Ахир, бунинг олдини олиш мумкин эмасмиди? Ўш воқеалари муносабати билан Андижон областида юзага келган кескин вазиятни барқарорлаштиришга эришилди-ку! Шундай ҳам бегуноҳ тўкилган қонларнинг кўпайишига йўл қўйилмади-ку! Қилса бўларкан-ку! Ҳа, фожиаларнинг олди олинса бўлар эди, лекин олинмади. Аксинча, Қирғизистон жумҳуриятининг айрим масъул кишилари шу кунгача ҳам вазиятни барқарорлаштиришга ҳаракат қилишмаяпти. Улар «Ўзбекистон бизнинг ички ишларимизга аралашяпти», деган маломатларни қилишмоқда. Фожиалар юз берган кунлари ўзбекистонлик чорвадорларни, асалчиларни қутқариш учун, жабр кўрганларга дори-дармонлар юборилган вертолётларимиз, одамларимиз шубҳа остига олинди. Ўшга Андижондан фалон минг одам ўтди, дея Москвага туҳматдан иборат телеграммалар берилди. Ҳолбуки, Ўзбекистон жумҳуриятининг раҳбарлари Ўш областида юз бериши мумкин бўлган воқеаларни олдиндан сезиб, область ижроия комитетининг «Ўш аймоғи»га ер ажратиб бериш ҳақидаги қонунга хилоф бўлган қарорини бекор қилиш лозимлигини таъкидлаб, қирғиз дўстларимизга айтишган эди. Лекин, Қирғизистон ҳукумати жумҳурият ичидаги соғлом кишиларнинг сўзига қулоқ солмаганидек, ўзбекистонликларнинг фикрларига ҳам эътибор беришмади, Ҳатто Фарғона водийсида фавқулодда ҳолат ўрнатилганидан ҳам уларнинг кўнгилларига ғулғула тушди: Демак, Андижонда, бир гап бор, деб ўйлашди улар. Ҳолбуки, Андижон областида фавқулода ҳолат ўрнатишдан мақсад, қирғиз халқининг шу областда яшаётган 70 мингдан зиёд вакилини эсон-омон сақлаш, Ўшга бирорта ҳам одам ўтказмаслик эди. Шундай ҳам бўлди. Андижонда бирорта ҳам қирғиз миллатига мансуб одамга зиён-заҳмат етгани йўқ. Бизга хабар беришларича, рўзномаларда ёзилаётган олтита ёнган уй ҳам аслида ёнмаган. Ўша кунлари бозорлардаги мева-чеваларнинг нархлари кўтарилиб кетди. Андижонликлар Ўш чегарасида бозор очишди. Мана, арзон-гаров сотиб олинглар, деб мева-чеваларни келтириб қўйишди. Яна бир гап шуки, Ўзганда жабр кўрган аҳолига Сузоқ, Жалолобод, Бозорқўрғон каби Ўшнинг ўзбеклар гавжум яшайдиган районларидан кўплаб озиқ-овқат, кийим-кечаклар келтирилди. Масалан, Сузоқдаги «Гранит» кооперативининг ўзи яқин 2 минг сўмлик озиқ-овқат, қурилиш материаллари етказиб берди. Лекин минг афсуски, ана шу беғараз ёрдам ҳам айрим одамларга маъқул бўлмади. Қорасувдан то Ўзганга етгунча бўлган йўлларга бир қанча муддат тўсиқ қўйилди. Оломон ёрдам олиб кетаётган машиналарни тошбўрон қилди… Ўзбекистон жумҳуриятининг раҳбарлари фожиа юз берган кунлариёқ нуфузли комиссия тузиш лозимлиги хусусида Москвага, СССР Президенти номига телеграмма юборишди, лекин Ўзбекистондан борган бундай телеграммаларга Москва кам эътибор берди. «Москва кўз ёшларга ишонмайди», деган ибора тўғри бўлиб чиқди. Марказ республикалар ўз ишларини ўзлари мустақил ҳал қилишларини истамоқда. Ўш фожиалари юз берганига икки ойдан ортиқ вақт ўтди. Ушбу мақоланинг асосий қисми ўша фожиалар бошланган дастлабки кунлардаёқ ёзилган эди. Лекин айрим сабабларга кўра, мақолани ўша кунлари босиш имкони бўлмади. Бу орада «Известия», «Рабочая трибуна», «Литературная газета», «Учительская газета» каби марказий нашрлар фожиалар хусусида ёздилар. Ушбу рўзномаларнинг фикри бир жойдан чиқмоқда: Фожиалар олдиндан ўйлаб, режалаштирилиб амалга оширилган. Юз берган хунрезликларга биринчи навбатда Жумҳурият, область раҳбарлари жавобгар бўлишлари лозим. «Воқеалар бошланмасидан тўрт ой олдин область партия комитетининг биринчи котиби ва область кенгашининг раиси бўлиб келган бу одам (У. Сиддиқов — ред.) ишни нимадан бошлади, — деб ёзади «Известия» газетасининг мухбирлари «Олдиндан айтилган портлаш» («Известия», 207-сон) мақоласида. — Аввало, раҳбар кадрларни «миллийлаштириш»дан. Ўш аҳолисининг қирғиз миллатига мансуб қисмига уй-жой солиш учун ер ажратиб бериш ҳақидаги қарор эса, унинг бировларга ижтимоий адолат қилиш бошқа бировларнинг ҳисобига бўлиши керак, деган тасаввурига жуда ҳам мос эди. «Ўш аймоғи» ташкилотининг пайдо бўлиши ва унинг ҳар жиҳатдан мустаҳкамланиши У. Сиддиқовнинг областга янги раҳбар сифатида қайтишига тўғри келиб қолгани тасодиф эмас, деб ўйлайман».
«Рабочая трибуна» рўзномасининг 19 июль сонида босилган «Ғавғонинг қора даласи» мақоласида Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси собиқ бошлиғи X. Тошматовнинг сўзлари келтирилади. «1990 йил апрель ойи охирларида ерларни босиб олиш бўйича «Ўш аймоғи» ташкилоти тузилди,—деб ҳикоя қилади X. Тошматов. — Бу ташкилотнинг бошлиғи насос заводи инженери Қамбар Бектемиров эди, «Ўш аймоғи» фаолиятини кузатсангиз, унинг жанговар, ташкилот эканини англайсиз. Бошлиқ доим ўн нафар барваста одамдан иборат қўриқчилари билан юрарди. Апрель ойи охирларида менинг «Ўш аймоғи» штабига келишимни айтишди. Бу ерда область ижроия комитети раис ўринбосарлари Абдураҳмонов ва Асаналиев бор экан. Дастлаб бош врачни сўроқ қилишди. Касалхоналарда бўш каравотлар бор-йўқлигини суриштиришди. Мендан миллатимни, милицияда ишлаётганлар таркибини, кимлар ишлаётганини аниқлашди… 17 май куни область автомобиль трестида бўлиб ўтган мажлисда Қ. Бектемиров ташкилотнинг барча аъзолари 27 май куни далада йиғилишлари лозимлигини тайинлади. Ер бўлинади, деди. Ушбу тадбирни муваффақиятли ўтказиш учун областнинг барча районларига чопарлар юбориб, чиниққан йигитлардан жўнатишларини сўрадим, деб айтди…»
«Жанжалга сабаб бўлган нарса эндиликда ҳаммага маълум, — деб ёзади «Литературная газета»нинг мухбири Юрий Рост ўзининг «Бонг» («Литературная газета, 32-сон) сарлавҳали мақоласида. — Ўзбеклар азалдан фойдаланиб келган В. И. Ленин номидаги колхознинг ери. Ана шу ерни июнь ойида уй-жой қуриш учун қирғизларга ажратиб беришга қарор қилишди. Гўё мана шу далада ўзбек ва қирғиз гуруҳлари ўртасида жанжал чиқиб, қон тўкилишига сабаб бўлган. Олтита ўзбек ўлган, кўплаб кишилар жароҳатланган. Гуруҳлар жанжалга киришмаган. «ОМОН»чилар (махсус солдатлар — Ё. X.) осмонга отишган, бироқ қурбонлар кўкрагидан ўн еб йиқилишган. Қирғиз милицияси оломонга қарата ўқ отган. Икки ҳафталик махсус тайёргарликдан ўтган, (давлат корхоналарида тикилган) пешанабоғ боғлаб олган қирғиз жанговар гуруҳлари ўша далада жим ўтиришиб хабар кутишган. Отишмадан сўнг, ўзбеклар шаҳар тарафга қочган, бояги жанговар гуруҳ эса уларнинг изидан қувган.
Эртасига Ўзган, Қорасув ва ноҳияларда оммавий қирғинлар бошланди. Тўқнашувларнинг ўз-ўзидан бўлганига, бирдан кўтарилганига ишониш қийин. Бутун-бутун маҳаллаларни ёқиб юбориш, ҳамма жойда бирдан ўт қўйишга етадиган даражада ёнилғи қуйилган шишаларни тайёрлаш учун фақат аниқ ҳаракатнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун қандайдир ғоя ҳам керак. Ёввойи, ваҳшийларча, лекин ғоя… Ўш областида воқеалар ўзининг улканлиги билан ўнлаб Сумғаитдан, ёвузлиги билан барча нарсалардан, ҳатто адабиётлар орқали билганларимиздан ҳам ошиб тушади. Воқеалар партия съезди бўлиб ўтаётган кунларга тўғри келишига қарамай ушбу инсон фожиасини муҳокама этиш учун бу ерда ҳам вақт топилмади. Воқеалар кечаётганда жумҳурият бошлиғи эса Сиёсий бюро аъзоси бўлди… У Ўзганга… бронетранспортёрда борди, лекин, майли, қоровул паноҳида бўлса ҳам, машинадан тушиб, ўз халқи билан гаплашишга ўзида куч тополмади. Вертолёт уни жумҳурият раҳбари учун хавфсиз бўлган жойга олиб кетди… Оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган Ўшдаги ғавғо чиққан дала ҳақидаги афсона фожиаларнинг ўз-ўзидан юз бергани ҳақидаги афсонани яратди. Ўзбекларнинг рухсат берилган митингида 17 банддан иборат талабнома муҳокама этилиши лозим эди. Улар орасида миллий автономия масаласи ҳам бор эди. Расмий доираларда худди ана шу масала портлашга сабаб бўлди, дея талқин этилмоқда. Кўпмингкишилик оломоннинг ушбу даъвоси нотўғрилигини жуда яхши тушунган ҳолда митинг қирғинларга сабаб бўлди, холос, десам адашмаган бўламан. Яна ҳам аниқроғи, қирғинлар ана шу митингга тўғриланган эди…»
Уйлайманки, юқорида келтирилган парчаларни шарҳлаш шарт эмас. Уларнинг ҳар сатридан гўё ўзбекнинг қони томиб турибди… Марказий рўзномаларнинг Ўш фожиалари хусусидаги фикрларини, фожиаларнинг шоҳиди сифатида қўллаб-қувватлаган ҳолда, мени бошқа бир нарса ташвишга солади. Бу — марказий ҳокимиятнинг Ўш фожиаларига ўз сиёсий баҳосини бермаётгани масаласидир. Ахир, Ўш воқеаларида битта-иккита эмас, юзлаб одамлар ўлдирилди. Ўлдирилганларнинг яқин тўқсон фоизи ўзбеклардир. Юзлаб уйларга ўт қўйилди. Минглаб кишилар бошпанасиз қолди. Кийим-кечак, рўзғорлари ёниб кетди. Бу—мисли кўрилмаган фожиа. Мана шундай фожиа сабабларини зудлик билан қидириб топмаслик, унга сиёсий баҳо бермаслик, томошабин бўлиб туришни қандай тушуниш керак!
Рўзномалар, оммавий ахборот воситалари ҳақиқатни ёзишлари, жиноятчи раҳбарларни фош қилаверишлари мумкин, лекин ана шу жиноятчиларни бошқариб турган, уларнинг ҳаракатларини кўриб, ўзини кўрмаганга солган турғун сиёсат фош этилмаса, Фарғона, Ўш фожиалари бошқа бир исталган нуқтада қайтарилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди…
Ўзганни ҳарбийлар сақлаб қолишди. Агар улар «ЛГ» нинг мухбири Юрий Рост ёзганидек, яна беш-олти соатга кечикканларида, қурбонларни юзлаб эмас, минглаб санаш мумкин бўларди. Улар жароҳатланганларга ёрдам беришди, ўликларни кўмишди, ўт ўчиришди, Шу жараёнда бир аскар йигит ҳалок бўлди: Қийнаб ўлдирилган болаларни, қизларни кўриб, бундай ҳунрезликка унинг асаблари дош бермади. Ўзини-ўзи ўлдирди… Бу ўлим — оддий ўлим эмас, бу ваҳшийликка қарши исён!..
Қанчалик рост ёки миш-миш эканига кафиллик беролмайман, лекин Ўзганга кейинги сафар борганимда, одамлар шундай бир гапни айтишди: Ўзганга бостириб-келган айрим кишилар ўртасида ичдан ириш касаллиги бошланибди. Эмишки, ўша кунлари босқинчиларга отни қўзғатадиган доридан араққа қўшиб беришган экан!.. Яна қайтараман, булар менинг эшитганларим. Лекин Ўш, Ўзганда бўлган қирғинларни соғ одам ҳам, телба одам ҳам қилмайди. Фақат ўша қутурган, эс-ҳушини йўқотган, жар ёқасида турган оломонгина шундай хунрезликка боради…
Ч. Айтматовнинг МАНҚУРТ ҳақидаги башорати фожиона исбот топди!..
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1990 йил, 17 август.