Хуршид Дўстмуҳаммад. Давр, Мафкура, Шахс (1989)

I

Инсон ички дунёсининг Қалъаси бўлмиш «мен» тинимсиз шаклланиб, юксалиб, бойиб ва вазият тақозосига кўра емирилиб туради. Бундай жараёнларнинг тез ё суст кечиши кўп омилларга боғлиқ. Жамият «мен»ида шиддатли ўзгаришлар юз бераётган — бир-биридан чигал муаммолар кўндаланг бўлаётган, хилма-хил янгиликлар оқимини малакали идрок этиш учун тафаккур тарзини тинимсиз чиниқтириш зарурати туғилаётган ҳозирги шароитда эса шахс «мен»ида тўфонлар, портлашлар, қайнаб-тошишлар, зид-иятли эврилишлар кузатилиши жуда табиий ҳолдир.

Ошкоралик ва қайта қуришнинг шарофати, аввало ахборот оқимининг кескин ортиб кетганида ўз ифодасини топмоқда. Информация қаҳатчилигида танбал ва лоқайдлашган тафаккурлар тоғ-тоғ бўлиб ёпирилиб келаётган ахборот бўронини ҳазм қилиб улгурмаяпти. Янгиликлар тўкинлиги, хабарлар маъмурлиги ёзувчи И. Друце сўзи билан айтганда «оддий кишиларни ҳам уйғотиб юборди».

Ҳа, инсон омилини оширишга киришилган юртда оддий кишилар ҳам уйғонгани, уйғонаётгани чиндан-да, улуғ ҳодиса! Ахир бир неча ўн йиллар мобайнида «Ҳамма нарса инсон учун, инсон фаровонлиги учун!» шиорини бошимиз узра кўтардигу, аслида ҳагр бир индивиддаги шахс имкониятларини поймол этиб келдик. Коллективчилик психологиясининг афзалликларини рўкач қилиб ва уни бирёқлама тушуниб, ҳар бир инсон аввало мустақил шахс сифатида камолотга эришмоғи ва мана шундай шахслар коллективигина қудратли, яратувчи куч бўла олишини унутдик. Шахси — «мен»и сўндирилган кишилардан иборат сохта ва заиф коллективлардан фахрланиб қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келдик. Соддалаштириб айтганда ҳаммани бир хил, силлиқ фикрлайдиган қилиб қўйдик. «Шахси қирқиб ташланган инсон»ларни (австриялик психиатр Б. Беттельгейм ибораси) «тарбияладик». Энди ҳар бир соҳадаги ишларимиз пачаваси чиққан, фош бўлган ва ҳар қадамда жамият-халқ-ватан манфаатини ўз манфаатидек кўрадиган шахслар ниҳоятда зарурлиги сезилган бир пайтда айнан шундай кишилар анқонинг уруғига айлангани бутун мураккаблиги билан йўлимизда тўғаноқ бўлиб турибди.

«Илгари ҳеч ким давлат иши, халқ иши учун жонини аямасди (20-30-йиллар комсомолларини эслайлик), энди дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган бўлиб кетди одамлар» қабилида кўп нолиймизу, бундай ҳол йиллар давомида инсондаги шахсни ўлдиришимиз, емиришимиз оқибати эканини ҳисобга олмаймиз. Боғчада қирқ ва ундан ортиқ ўғил-қизимизни бир хонага қамаб «тарбиялаймиз». Синфда яна шунча ўқувчига «таълим берамиз». Бир аудиторияда юздан ортиқ талаба таҳсил олаётган олий ўқув юртлари оз эмас… Бундай жойларда ҳар нарса бўлса бўлару, лекин зинҳор-базинҳор шахс тарбия топмайди, шахс вояга етмайди! Аксинча, шахс — ўлади!…

Табиатнинг энг олий ва мукаррам зоти — Инсон. Ҳар бир инсон ягона ва такрорланмас мўъжизадир. Табиат ҳар биримизни ҳар биримизга мўъжиза қилиб ва улуғ бойлик қилиб яратиб қўйганини англаб етмадик. Англамаганимиз учун ҳам 20-йиллар, охирида қулоқ (одам)ларнинг баҳридан ўтдик, 30-йиллар, сўнг 50-йилларнинг бошларида улкан бир авлод (айрим ҳисобларга кўра шахспарастлик йилларида 40 миллион кишининг ёстиғи қуритилган) қатли ом этилди. Шундан сўнг, бир неча ўн йил осойишта, фаровон ўтгандек эди — 80-йиллар етиб келди. Эзгулик ва маразлик, қонуний ва ноқонуний деган тушунчалар қайта қуриш даври нуқтаи назаридан кун тартибига чиқди ва … ёппасига жавобгарликка тортишлар, қама-қамалару, олий жазога маҳкум этишлар бошланди. Парда кўтарилди, билсак, бояги осойишта ўн йилликларда ҳам кам одам ноҳақ қамалган, ноҳақ нобуд этилмаган экан!

Ким ҳақ-ким ноҳақ жазолангани мутлақо бўлак мавзу, лекин ёппасига қамаш, ёппасига отиш, ёппасига жисмоний ва маънавий бадном этиш — Инсонлар, Тақдирлар ёппасига тиғи парронга учрашининг касофати нималарда кўринмоқда?

Жамиятнинг ич-ичидан парокандалигида, Шахснинг йўқолишида!.. Революциянинг дастлабки йилларида «шахс— жамиятга» принципи роса авжига чиққан. 20-йилларда ҳам шундай бўлган. Бошқача айтганда, социалистик инқилоб портлаш йўли билан социалистик «мен»ни туғдирди. Ушбу «мен» 50-йилларнинг охирига қадар шаклланди — янги сифатий ўзгаришларга учради. Башарти жамият ривожи марксизм-ленинизм классиклари таълими, башоратлари асосига қурилган бўлганида, социалистик «мен» эҳтимол янада юксалиши мумкин эди. Бироқ 60-йилларнинг бошларидан, хусусан, 70-йилларда жуда табиий бир жараённинг вақт-соати етди: «мен» «қани, хўш, жамият шахсга нима беради?» деган саволни кўндаланг қўйди ва унга ўзини қониқтирадиган жавоб ололмади.

Социалистик «мен»нинг инқирози шундан бошланди! «Мен» инқирозга учраган, синган, унинг ишончи оқланмаган жойда порахўрлик, кўзбўямачилик, халқ ва давлат ҳаққига хиёнат ва ҳоказо касофатлар оддий, жўн ва табиий машғулотга айланди. «Шахс — жамиятга» ақидаси ҳукм сурган пайтларда жони-жаҳонини аямаган фидойилар алал-оқибатда жамият томонидан рўшнолик кўрмагани эса эртанги кунга ишонмасликни, бениҳоя даҳшатли худбинликни келтириб чиқарди. Жамиятдан аламзадалик, худбинлик ҳукм сурган, бу етмагандек, назорат издан чиққан жойда эса ақл бовар қилмас даражадаги (кейинги 2—3 йилда очилаётганга ўхшаш) даҳшатли жиноятлар содир этилиши ҳеч гап бўлмай қолди!

II

Америкалик социологлар «Нималардан кўпроқ хатардасиз?» деган савол тарқатганда бир гуруҳ совет ёшлари биринчи бўлиб «ядро урушидан» деб жавоб берди. Кейинги 60—70 йил мобайнидаги ялпи қирғин мавсумларининг ядро урушидан фарқи камлигини назарда тутсак, бутун-бутун авлодлардан жудолик хатари кўнгилларнинг туб-тубига ҳамон соя ташлаб турганини ушбу жавобдан ҳам илғаш мумкин. Мамлакатимизда бошланган ижобий силжишларга қарамай Ғарб давлатларига, хусусан, АҚШга фаровон турмуш илинжида кўчиб (қочиб эмас) кетаётганлар ортаётгани ҳам муайян тоифа кишилар орасида эртанги кунга ишончсизлик борлигини кўрсатади. Келажакдан қўрқиш, ишончсизлик сабабларидан яна бири — бевосита бош ғоявий раҳбарнинг шахсига даҳлдор.

Мамлакат тарихининг турли даврларида жамият ривожига тўғаноқ бўлган иллатларда Сталин, Хрушчев, Брежневнинг партия раҳнамоси сифатидаги хатолари кўрсатиляпти. Бироқ бундай ҳолда мутлақо пародоксал бир савол ҳам туғилади: бундан чиқди, партия раҳбарининг шахси, қандай одамлиги салкам 300 миллион кишининг тақдирини ҳал қилар экан-да?… Брежнев вафотидан сўнг Ю. Андропов қисқа муддатда катта ўзгаришлар ясагани, К. Черненко даврида ҳаммаси эски тос, эски ҳаммомга қайтгани, М. С. Горбачев тубдан ўзгаришлар бошлагани ва булар бутун мамлакат об-ҳавосини янгилагани бир кишининг амри нималарга қодирлигини кўрсатмаяптими? Хўп, Брежнев раҳбарлигидаги йиллар турғунлик даври экан, Андропов катта туртки бергач ҳам, Черненко «йили»да халқ яна қўл қовуштириб ўтирганини қандоқ тушунмоқ керак? Эртага бошимизга «бошқачароқ» раҳбар битмаслигига ким кафолат беради-ю, битгудек бўлса, халқ нима қилади?

Йўқ, халқ бегона юртлардан паноҳ истаб яшамайди. У юрагини ҳовучлаб ҳам яшамаслиги керак. У ўз юртининг, ўз тақдирининг эгаси — Инсон бўлиб яшамоғи керак!

Инсонлик эса «мен» қалъасининг тйнимсиз шаклланишидан, тобланишидан — узлуксиз ўзгариб, улғайиб туришидан — ўзлигини англашдан бошланади. Бу шундай бир нозик, мураккаб, инжиқ ва чигал жараёнки, уни ҳис қилиш, тушуниш, билиш, идрок этиш, хусусан, балоғат палласидаги йигит-қиз учун ҳад-ҳудудсиз завқ-шавқ, олам-олам таассуротлар, ҳая-жонли ва масрур лаҳзаларини ҳадя этади.

Жамият миқёсидаги муаммолар, жумладан бутун Ўзбекистонга тааллуқли. Миллий тилга давлат тили ҳуқуқи берилиши инсон ва табиат экологияси, пахта яккаҳокимлиги, ошкоралик ва эркинлиги ва ҳоказо муаммолар ҳеч қачон ҳозиргидек ҳар кексаю ёшнинг бирдек дардига, ташвишига айланмаган. Мазкур масалаларнинг ижобий ё салбий ҳал этилиши жуда кўплаб кишилар, хусусан ёшлар дунёқарашида чуқур из қолдириши муқаррар. Миллий тил, оназамин, инсон эрки, «мен» қалъасининг энг чуқур ўз илдизларини ташкил этишини ҳисобга олсак, кўринишдан давлат миқёсидаги муаммодек туюлаётган ушбу муаммолар ҳар бир шахсга бевосита даҳлдорлигини зинҳор унутмаслигимиз шарт. Акс ҳолда яна ва яна шахс камоли йўлига янги, янада қўпол тўсиқлар ташлаган бўламиз ва Оролга етиб бормаётган сув «мен» сабр-косасини тўлиб-тошишига, миллий тил, маданият, миллий экология муаммосининг ижобий ҳал этилмаслиги «мен» қалъасида тўфону бўронлар кўтарилишига олиб келиши ҳеч гап эмас.

Санаб ўтилган нозик ва мураккаб муаммолар баҳс мавзуига айланган жойда хилма-хил мулоҳазалар, эътирозлар туғилиши табиий. Академик Э. Юсупов, ёзувчи Т. Пўлатов Ўзбекистонда икки тил давлат тили бўлиши тарафдори экан, археолог олим А. Асқаров олимлик шартини фақат рус тилини эгаллашда деб билишини айтди, адиб Ҳ. Ғулом эса ўзбек тилини давлат тили деб эълон этилиши тарафдорларини «оғзига кучи етмаган қаламкашлар» деб очиқдан-очиқ «зангори экран» орқали айтди (17 январдаги телевидениядаги чиқишида). Бундай мулоҳазалар жамоатчилик ва кенг омма орасида норозилик уйғотди. (Ҳамид Ғуломнинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасидаги кейинги мулоҳазалари эса адибнинг ижтимоий позицияси омонат эканлигини кўрсатди). 16 январь куни К. Ушинский номли республика ўқитувчилар малакасини ошириш марказий институтида С. Раҳимов район мактаблари она тили ўқитувчиларининг жуда кенг мундарижали семинар-кенгаши бўлди (Бу тадбирни ташкил этган С. Раҳимов район партия комитети ва мазкур институт ташаббуси ҳар қанча таҳсинга сазовор). Шунда сўзга чиққан таниқли олимимиз профессор Иристой Қўчқортоев «Ўзбекистонда миллий тил масаласига қандай қарайсиз?» деган саволга «Бу айрим кишиларнинг эмас, балки ҳукумат ҳал қиладиган масала» деб жавоб қайтарди.

Ажабо! Фан докторининг ўз она тили ҳақида қатъий фикри, қараши бўлмаса! Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қошида ташкил этилган миллий масалалар бўйича махсус комиссия ҳар бир оддий кишиларнинг — халқнинг фикр-мулоҳазасини ўрганишга киришган бир пайтда тилшунос-профессорнинг дангал айтадиган сўзи бўлмаса, ғалатику! Фидойи олимимиз, миллий муносабатлар муаммоларини тадқиқ этаётган Қ. Хоназаровнинг «Тилимизнинг камситилишига биринчи навбатда ўзимиз, яъни ўзбеклар сабабчимиз», дегани эсга тушади бундай пайтларда…

Кишининг қитиқ патига тегадиган масалаларида халқнинг, миллатнинг кўзга кўринган кишилари орасидан иккиланувчи, асоссиз эҳтиёткор сохта зиёлиларнинг чиқишлари, айниқса, ёшларда чиндан-да, эҳтирослар портлашига сабаб бўлмоқда. Ўзига оғир олмасликнинг — «мен»ни руҳий зарбалардан сақлашнинг бирдан-бир йўли баҳс маданиятини сақлашдир. Номлари зикр этилган кишилар шахси, дунёқараши, қолаверса, «мен»и ҳамонки, мана шундай мулоҳазалар билдиришга лойиқ экан, уларни ҳам тўғри тушунмоқ керак. Зеро, ҳар қандай кишининг муайян қарашлари унинг бир умрлик тарбияси, вояга етган муҳити, айниқса жамиятда тутган мавқеининг квинт-эссенцияси — қаймоғи сифатида намоён бўлади, зотан, қарама-қарши қутбдагиларни фикридан қайтариш эмас, балки уларнинг позициясини аниқ белгилаб олиш муҳимроқдир. Ўзгаларнинг ҳаётий, мафкуравий позициясини аниқлаштириб олиш ҳам ўз позициянгизни мустаҳкамлаш демакдир.

III

Сталин фаолиятнни баҳолашда кишилар уч гуруҳга бўлиниб кетди: Сталиннинг нуқсонларини рўйи-рост тан олувчилар; уни айбсиз ҳисобловчилар ва бетарафлар.

Шахснинг «мен»и тарбияси хусусида сўз борар экан, баҳслашувчи томонлар фикрига мутлақо тазйиқ ўтказмаган ҳолда мунозара мавзусини ўзгачароқ йўсинга буришга тўғри келади. Бу — кимлигидан, кўрсатган хизматларидан қатъи назар, шахсга сиғиниш керакми-нокеракми мавзуидир!

Шахсга сиғиниш, нима ўзи? Нега одамлар табиатида бировга сиғиниш майли бор? Умуман сиғиниш ижобий ҳодисами ё салбий? Ва ниҳоят, инсон бундай одатдан қутилиши мумкинми ё йўқми?..

Биз ҳаммамиз ўрта мактаб ёки олий ўқув юртида «Тарихда халқ ва шахснинг роли» мавзуида сабоқлар олганмиз. Бу сабоқда тарихий шахснинг хизматлари эътироф этилгани ҳолда тарихнинг асосий яратувчи кучи — халқ оммаси экани уқтирилган. Ҳаётда эса… нуқул бунинг аксини қилдик. Сталин, Хрушчев, Брежнев… Не-не авлодлар бундай зотларни кўкларга кўтариб Ердаги худо даражасига олиб чиқмади дейсиз! (Шахсга сиғиниш асосан социалистик жамиятга хос қусур деган мулоҳазалар борки, бу чуқур ўйга толдиради кишини) 40-йилларнинг охири, 50-йилларнинг бошларида Сталин шахспарастлиги авж палласига кўтарилганлиги ҳаммага маълум. 1949 йили нашр этилган «Халқлар отаси»га китобининг муаллифлари (Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ўйғун, Рамз Бобожон, Асқад Мухтор, Мирмуҳсин, Шукрулло ва бошқалар)ни кўриб кўзингга ишонмайсан киши. Ўша кезлардаги газета саҳифаларига азбаройи кўз югуртириб бўлмайди. Чўчқа болаласа ҳам, Сталиннинг хизмати, пландан ортиқ металл эритилса ҳам халқлар отасига ташаккур, Абдулла Қаҳҳордек тўғри сўз адиб ҳам «доҳийнинг яна бир марта нафас олиши учун ҳар бир совет кишиси бутун умрини беришга тайёр эди» («Қизил Ўзбекистон» 1953 йил 9 май) деб ёзишдан қаламини тиёлмаганига ақл бовар қилмайди…

Брежнев-чи? Вафот этганида гўё ер ўз ўқи атрофида айланмай қоладигандек ваҳима кўтарилди. Халқни тушкунликка тушмасликка чақирилди, ер юзида урушнинг олдини олишда Брежнев йўли маҳкам ушланажаги ваъда қилинди. Ваҳоланки, ҳақиқий аҳвол мана энди-энди (биргина Афғонистон воқеаси Брежневнинг тинчликсевар «доно» сиёсатидан далолат бериб турибди) равшанлашаяпти. Ёки бўлмаса И. Усмонхўжаевнинг «Рашидов шахси бизни сеҳрлаб қўйганди» дейиши манман деган раҳбар шахсларда ботиний «мен» заиф эканлигига жуда жонли мисол бўлмайдими?!

Борингчи, Сталиннинг ҳам, Брежневнинг ҳам мамлакат ва халқ олдидаги хизматлари чиндан-да буюк дейлик. Улар ҳозир ошкор этилаётган нуқсонларга йўл қўймаганоқ бўлсин. Бироқ, ўша тақдирда ҳам, бу улар шахсини илоҳийлаштиришга изн бермаслиги керак эди. Аксинча биз ҳурматни сиғинишдан фарқламай қўйдик, давлат раҳбарларининг ҳурматини кўкларга кўтаришга одатландик, у етмагандек ҳар соҳанинг ўз «худоча»ларини ясадик. «Тракторга минди» деб Турсуной Охунованинг номини афсонага айлантирдик, маккажўхоридан мўл ҳосил олди деб Любовь Лини улуғладик. Бир мавсумда 1000 тонна пахта терди деб Шойимардон Қудратовни намунали одамга айлантирдик. Ҳа-ҳа, одамга эмас, «намунали одам»га айлантирдик. Халқни ва ўша «намунали одам»нинг ўзини алдаганимиз камлик қилганидек (шахсан мен учун Турсуной Охунованинг механизатор сифатида ўн карра қаҳрамон бўлганидан, унинг Аёл, Она сифатида улуғлангани минг чандон афзал эди!), эл-юртни бир-биридан ажратдик — табақалар келтириб чиқардик. Юзлаб, минглаб механизаторлар Турсуной Охунованинг салобати олдида ўзларини, ғойибона бўлса-да, пастроқ қўйдилар. Шойимардон Қудратовдек «пўлат от суворийси»нинг рекордини эшитган не-не заҳматкаш теримчилар ўзларининг ношудлигидан эзилиб юрдилар! Бундай ҳолларда сохта ва ҳалол кўрсаткичлардан қатъий назар бир кишини улуғлаш эвазига мингларнинг иззат-нафси, шахси поймол этилди. Ҳисобсиз «мен»лар шикастланди.

Эҳтимол, бундай ишлардан оммани меҳнатга жалб қилиш кўзланган дейиш ҳам мумкиндир. Рад этмайман, кимнидир намуна сифатида эл назарида кўз-кўз қилишнинг (бошқаларда ҳам «шундай бўламан!» деган ниятни туғдириш учун) нафи бўлса бордир. Лекин бу ўринда жуда жиддий саволлар туғилади: ахир ўша рекордчининг натижалари ёлғон эканлигини ҳамма биладику? Қолаверса, «меҳнат бу ўлкада шарофат, роҳат» (Ғафур Ғулом) қабилидаги маънавий тарғибот-ташвиқотлар ўзлигини англаб бораётган «мен»ни меҳнатга рағбат этишда тобора кам наф келтираётгани кўриниб қолган эди-ку?

Меҳнаткаш учун «Инсон ҳуқуқлари декларацияси»нинг 23-моддасида қайд этилган. «Ҳар бир ишловчи одам ўзи ва оиласи инсон шаънига муносиб равишда яшашини таъминловчи ҳалол ва қониқарли тақдирланиш ҳуқуқи»га эга бўлишидан улуғроқ рағбат йўқ. Афсуски, бизда ишчи, меҳнаткаш бундай ҳуқуққа эришмади. Сиёсий шарҳловчи С. Кондрашов ёзганидек, «Октябрь инқилоби дунё олдига кўйган меҳнаткашларни социал муҳофаза қилиш, уларга медицина хизмати кўрсатиш ва таълим бериш, маош ва пенсия таъминотини йўлга қўйиш масалаларини ривожланган капиталистик давлатлар биздан кўра яхшироқ амалга оширган».

Шу пайтгача СССР озиқ-овқат маҳсулотлари энг арзон мамлакат деб ўйлаб, ўйлаб эмас, фахрланиб келардик. Саноат моллари, хўжалик буюмларининг сифати пастлигидан, етишмаслигидан куйганимизда «дастурхонимиз тўкин-ку» деб ўзимизни овутар эдик. Ошкоралик даври матбуоти бу борадаги овунишларимизни ҳам пучга чиқарди. Маълум бўлишича, «Бизда картошка ГФРдагидан икки марта, сут ва гўшт АҚШдагига қараганда уч марта қиммат. Ёғ АҚШдагига нисбатан 10, Япониядагига нисбатан 5 марта қиммат… Ҳамма «арзон» деб ўйлайдиган нон Канада нонларидан икки баравар қиммат» («Семья» газетаси, 1989 йил, 2-сон).

Москва Халқ хўжалиги институтининг профессори таниқли экономист Р. И. Хасбулатовнинг эътирофи жуда кўп нарсани ойдинлаштириб берди. «Маркс асосий асарларини ёзган даврда капиталист ишчига у ишлаб чиқарганининг 30—40 фоизини берган. Маркс, ишлаб чиқарилган қийматнинг 50—60 фоизи маош тариқасида берилишини капиталистик жамият учун идеал деб ҳисобланган эди. Тасаввур қиласизми, ҳозирги пайтда швед ишчиси ўзи ишлаб чиқарганининг 80 фоизини олади! Бизда эса, менинг ҳисоб-китобларимга кўра 8 фоизи ишчига тегади» («Парус» журнали 1988 йил, 11-сони).

Иқтисодчи олимнинг бу ҳисоб-китобини Сурхондарёнинг Қумқўрғонида яшовчи мактаб ўқувчиси Ш. Исоқов ўз хатида тасдиқлагандек кўринади: «Момом Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, онам Қаҳрамон она — ўн бир фарзандмиз оилада. Отам совхоз ишчиси. Яшашга қийналиб кетяпмиз. Кимдан моддий ёрдам сўрасак бўлади»…

Тағин ўз жонига қасд қилганлар гуноҳини динга ағдарамиз, ўзига ўт қўйган қизларимиз хунини уялмай-нетмай исломдан даъво қиламиз. Аслида эса мутлақо тескари — булар исломдан бехабарлик, жоҳиллик касофати эканини тан олмаймиз. СССРда биринчи суцидология хизмати (ўз жонига қасд қилганларни даволаш) марказининг ташаббускори медицина фанлари доктори Айна Амбурова «Маълум бўлишича, турмуш машаққатларига, йўқчиликка энг сабр-тоқатлилар динга ишонувчилар экан. Биз эса узоқ йилларгача атеистик тарбия воситаларимиз билан асоссиз мағрурланиб келдик» деб (1987 йили СССР бўйича 54105 киши ўзини ўлдирган) тан олгани ҳам бугунги ошкоралик сиёсатининг шарофатидир.

Совет кишиларининг чинакам иқтисодий-ижтимоий аҳволини кўрсатувчи бундай рақамлар бугунги ёшлар мафкурасида мураккаб янгиланишлар ясаши табиий. Ҳатто бевосита халқ ҳаётига, турмушига даҳлдор бўлмаган, масалан, турли спортчиларнинг чет элларга кетаётгани ҳам кўп сонли ишқибозларни янгича фикрлашга, янги ҳодисалар замирига чуқурроқ кириб боришга ундамоқда. Командадан командага, шаҳардан-шаҳарга кўчиб юрадиган спортчилар садоқатсизликда айбланар эди. Энди эса биз шу чоққача фидойи деб келган. таниқли спортчиларимиз турли хорижий командаларпа ўтиб кетмоқда. Ана энди, ўзимизда шаклланган, маълум маънода қотиб қолган тушунчаларимиздан келиб чиқиб уларни қораламоғимиз керакми? Масаланинг моҳияти (бойлик, буюм ҳақида сўз юритганларни мешчандан олиб мешчанга соламизу, бу ёғига холис бўлмаймиз) яна иқтисодий таъминотга бориб тақалади. Мисол тариқасида айтсак, Европанинг моҳирликда энг 1-баскетболчиси деб тан олинган А. Сабониснинг ойлик маоши 400 сўм. Европанинг 3-ўйинчиси Петровичнинг («Реал» Мадрид) ойлик оладигани эса 42 минг доллар».

Қани, бордию, ватанимиз баскетболининг юлдузи бирон ёқларга бориб ўйнаш тараддудига тушиб қолса, бу биз ишқибозларда қандай таассурот қолдирмоғи керак?… Р. Хасбулатов куюниб ёзганидек, «Нега энди бизнинг болаларимиз жин ургур жинси шимни 100 сўмга амал-тақал қилиб оладию, хорижда исталган ўғил-қиз шу шимни дуч келган магазиндан 5—10 долларга харид қилиб кетаверади? Бизнинг фарзандларимизнинг уларникидан қаери кам?» Япон магнитофони, видеомагнитофонини-ку, асти қўяверинг!.. Кундалик рўзғор буюмларини, зарур озиқ-овқат маҳсулотларини айтмайсизми?.. Эрталабдан хаёлда «Фалон нарсани қаердан олсам экан?», «Кимга илтимос қилиб борсам экан?» деган ўй тинчимизни ўғирлайди. Касалга чалиниб қолишдан эмас, поликлиникага чиқиб шифокорнинг (шафқат ҳамширасининг!) қош-қовоғига қарашдан қўрқасан, киши — қорасини кўрдинг дегунча тилинг ўзингдан бесўроқ илтимосни бошлаб юборган бўлади; Телевизор сўраб илтимос қиламиз, мебель сўраб илтимос қиламиз; пальто, кўйлак… шим сўраб илтимос қиламиз; гўшт сўраб, картошка сўраб, қанд, совун сўраб илтимос қиламиз; китоб сўраб, журнал сўраб илтимос қиламиз…

Дарвоқе, 1989 йил учун обуна мавсумидаги чеклашлардан асаб бузилиб юрганда бир омбор мудири, «Бир оғиз айтмайсанми, истаган журналингга ёздириб бераман» деб қолди. «Раҳмат» дейман унга, миннатдорчилик билдираман. Мурувват кўрсатиш унинг учун оддий ҳол, унинг стихиясига айланган, ҳожатбарорлик. Квитанция келиб қўлимга тегар, лекин мен — жамиятнинг ишонган зиёлиси ким деган одам бўламан?! Кўйлак-иштонгача илтимос билан олаётганим етмагандай, гугурт-тузгача илтимос қилиб олаётганим камдек, энди ўзимнинг газета-журналимни ҳам кимдандир илтимос қилиб оламанми?!

Биз сўровчиларга, илтимосчиларга айланиб қолганмиз! Уялмаймиз, инсоний қадр-қимматимизни оёқ остига олиб тепкилаётганимизни ҳис қилмаймиз — бутун муомала маданиятимизни, уддабуронлигимизни, сўз санъатимизни, ақлу-идрокимизни нималарнидир сўрашга — ундиришга исроф қиламиз. Тирик жон сифатида зарур бўлган энг оддий манфаатларимиз қулига айланиб қолганимизни яширмаймиз, бизни — одамларни шу кўйга солган муҳит иллатларини рўй-рост очиб ташлашни ўйламаймиз!.. Абдулла Ориповнинг «Майли ўтда ёнгил, майли сувда чўк. Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин!» деган сатрларидан жўшиб кетмаймиз…

IV

Шахсга сиғиниш кенг омма руҳидаги «ҳар бир индивид ўзича мустақил шахс» деган туйғуни қисиб чиқариши нечоғли зарарли бўлмасин, биз буни қанчалик инкор этмайлик, халқ, омма отадек меҳрли, отадек талабчан раҳнамога муҳтожлик ҳам сезаверади. Яна психология атамалари билан айтсак — кичкина «мен» улғайиши, ўз маслагида собит қолиши учун катта (раҳнамо) «мен» далдасидан, қўллаб-қувватлашидан маънавий суянчиқ излайди. Ҳар қандай даврда, хусусан фикрлар, қарашлар тинимсиз ўзгариб, янгиликлар кетидан янгиликлар ёпирилиб келаётган ҳозиргидек пайтда одатда халқ дарди, эл-юрт орзуларини чуқурроқ, бевосита ҳис қилувчи тоифа кишилари орасидан раҳнамолар етишиб чиқади. Машҳур тунис шоири Абдулқосим аш-Шааббий (1909—1934) «Туйғуларнинг уйғониши ва унинг инсон ва жамиятга таъсири» деган ажойиб мақоласида халқ дардини энг аввало (ҳатто халқнинг ўзидан илгарироқ) шоир, сўнг ёзувчи, сўнг рассом ва ҳоказо санъат аҳли ҳис қилиши ҳақидаги асосли фаразларни илгари сурган. Ва 25 ёшда вафот этган бу инсоннинг ўша фаразларини далилловчи мисолларни биз ўзимизда (О. Ёқубов, Б. Аҳмедов, М.Солиҳ ижтимоий фаоллиги) топа оламиз. Худди шу назардан қарасак, Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло турли адолатсизликларни кўра-била туриб индамасак, ҳайқирмасак «Бизнинг ёзувчилигимиз, халққа хизматкорлигимиз қаёқда қолади?» деган даъватида биз ҳеч қандай ғайритабиийлик кўрмаймиз, шоирнинг дард-ноласини тўғри тушунамиз. Шунинг баробарида шоирнинг (у киши ноҳақ қамалган кезлари) «Китобхонлар, таниш ёру биродарларни қўя берайлик, ўз туғишган қариндош-уруғларим ёт, бегона бўлиб қолишди. Уйда икки боласи, қорнида ҳомиласи билан қолган хотинимнинг ҳолидан бирор киши хабар олдими? Ёки бирор қариндошим мени йўқлаб, қамоқ эшигига келиб, иккита нон киритдими? Хўш, нега? Қани айтингларчи, нега? Бу меҳрсизликларнинг сабаби нимада? Қаердан пайдо бўлди? Сабабчиси ким? Менга шу саволлар ҳамон тинчлик бермайди» деган аламли ҳасратидан ҳам юраги эзилади кишининг, ҳам… андек тушунмовчилиқ туғилади. Даҳо адиб Франц Кафка дўсти Макс Бродга нима сабабдан «ёзганларимни ёқиб юбор» деб васият қилганини, негаки Кафка одам одамлар бошига ақл бовар қилмас кулфатлар солиши мумкинлигини, яъни инсон энг ёвуз тубанликларга қодирлигини ниҳоятда чуқур ҳис қилгани ва ундан халос бўлишнинг бирдан-бир чораси ёлғизлик, танҳолик эканини (ҳар ким ўз тақдири, кулфати олдида ёлғиз!) ўз асарларида башорат қилгани ва қазо вақти яқинлашгач, ўзидан кейин яшайдиган одамлар бу аччиқ ҳақиқатдан воқиф бўлмасйнлар, деган андиша ва ҳадикда бояги васиятни қолдирганини эслаймиз.

Шоир ўз қалбининг олтин меваларини халққа ҳадя этгани сайин унинг ўзи, шахси ёлғизланиб қолишидек аччиқ ҳақиқатни эслаймиз. Шоир ўз туйғулари, эҳтирослари-ла, оддий, жайдари одамлардан ўзгачароқ (сверхчеловек), ўз ёлғизлиги билан буюкроқ, устиворроқ эканини ёдга оламиз. Аммо ўз бахти учун жонини фидо қилаётган шахсни ҳимоя қила олмагани («Қачон халқ бўласан, эй, сен оламон») учун ҳам шоирнинг, фидойининг ёлғизлиги юксак, ҳам беминнат ёлғизликдир. Бу фалсафани тушунган кишиларга, «садағанг кетай» деймиз. Ва… ҳозирги кунда ана шундай қудратли раҳнамо «мен» ўзлигини тўла намоён этмаётганидан афсусланамиз. Чунончи, академик Э. Юсупов «Қуш парвоз этиши учун мағрур бўлмоғи керак» мақоласининг ўзи биланоқ эл оғзига тушди, олим сиймосида яна бир раҳнамо, отахон «мен» пайдо бўлди, бироқ у кишининг кейинги чиқишларида мазкур мақоладаги фикрларидан қайтиши раҳнамо «мен»и ҳали тўла, пишиқ-пухта мустаҳкам қалъага айланмаганини кўрсатди. Кенг омма қалбида уйғона бошланган илиқлик «мен» қалъасига совуқ шабада бўлиб урилди…

Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари, жумҳуриятда машҳур икки колхоз раислари Миразиз Рўзматов ва Маҳмуд Исматовнинг жумҳурият пахтакорларига Очиқ хати ҳам нуфузли раҳнамо «мен» кўпаяётганига мисол бўла олади. Хусусан М. Исматовнинг «Ахир болаларимиз биз билан бирга яшаб, пахта ичида ўсса-да, лекин уни қандай етиштиришни билишмаса? Буниси қандай бўлади? Хўш, бизнинг ишимизни кимлар давом эттиради?» деб ташвишланиши ўринли. Чиндан ҳам болаларни қишлоқ хўжалиги ишларидан мутлақо озод қилиш уларни меҳнатдан маҳрум қилинг кампаниясига айланиб кетмаслиги керак. Очиқ хатдаги «Пахтакорлар ҳам турли фармойишлар, кўрсатмалардан қаттиқ чарчаган эдилар. Ахир, қачонгача ерни шудгорлаш учун юқоридан буйруқ кутамиз, чигит экиш муддатини нега энди пойтахтдаги шинам кабинетда ўтирган қайсидир амалдор белгилайди? Буларнинг ҳаммаси — деҳқоннинг иши» (Қишлоқ ҳақиқати» 1988 йил 6 декабрь) деган гаплардан қанчалик руҳлансак «Асосий йўналишлар лойиҳасини муҳокама этиш чоғида пахта етиштиришни 6 миллион 250 минг тоннага қадар етказиш кўзда тутилган эди. Марказга қилинган мурожаатлардан кейин план 5 миллион 750 минг тоннага туширилди. 1987 йилда планни яна 750 минг тонна камайтириш тўғрисида янги таклиф ўртага қўйилди. Аммо план фақат 500 минг тонна камайтирилди» («Совет Ўзбекистони» 1989 йил 24 январь) деган сўзлардан шунчалик ажабланамиз. Ахир план, имконият пастдан, деҳқоннинг ўзи томонидан («Буларнинг ҳаммаси — деҳқоннинг иши») белгиланмоғи керак бўлгани ҳолда планни реаллаштириш учун яна марказга мурожаат қилишни қандай тушунмоқ керак?..

Шу ўринда Очиқ хат муаллифларига эътироз ҳам йўқ эмас. Ҳамонки, отахон раҳнамо «мен» сифатида мурожаат қилинаётган экан, халқни пахтакор бўлишга чақириш билан бир вақтда уларни маърифатга, зиёга, турмуш даражасини ҳозиргидан беҳад оширишга даъват этсалар нур устига нур бўлур эди. Айрим жойларда фарзандларимизни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этишни чеклашга эришганимиз биз катталарнинг келажак олдидаги муқаддас вазифаларимизнинг юздан, борингки мингдан бири эканини, бинобарин ўғил-қизларимизни ҳали жуда кўп ўқитишимиз, уларнинг қалбини юксак маърифат шуълалари билан нурафшон этиш борасида бўғзимизгача қарзга ботиб ётганимизни бот-бот такрорласалар, беҳад улуғ ва савоб иш қилган бўлур эдилар. Афсуски, «бутун умримиз пахтазорда ўтмоқда» деб эътироф этган отахон раисларимиздан бундай даъват кутиш ножоиздир, хойнаҳой…

Ёшлар мафкурасини, дунёқарашини шакллантирувчи энг таъсирчан восита — музика, кино, бадиий асардир. Бутун дунёда кузатилаётган мутолаадан безиш касаллиги жадвали тузилгудек бўлса жумҳуриятимиз юқори ўринлардан бирини эгаллашига шубҳа йўқ. Ўрта мактабларда, ҳунар-техника билим юртларида техникумларда ёшлар билан учрашамиз, деярли ҳар куни ёшлардан («Ёш куч» журналига) келган ўнлаб хатларни ўқиймиз. Учрашувларда ҳам, адабиёт мавзуида битилган мактубларда ҳам катта ва жиддий адабиёт хусусида икки оғиз салмоқли мулоҳаза билдирган биронта йигит ё қиз мактуби учрамайди.

Чет эл, совет, ўзбек эстрадаси ижрочилари ҳақида мақола берилишини сўраб ёзилган хатлар тоғ-тоғ бўлиб ётибди редакция столларида. Биргина «Модерн Токинг» ансамблига муносабат билдирилган 1300 дан ортиқ хат олинди, олинмоқда. Унинг 500 дан кўпроғида эълон қилинган мақола такрор босилиши сўралган. Амитабх Баччан ҳақидаги мақола чиққач 500 дан ортиқ мактуб олдик, унинг 200 тачасининг маллифи… яна шу актёр ҳақида мақола чиқарилишини сўраб хат жўнаттан. Жаҳон киносанъатининг гултожиларидан бўлмиш япон фильмлари, машҳур кинорежиссёр Тосиро Мифунэ ҳақидаги мақола қарийб бирорта журналхонни қизиқтирмайди. «Кинг-Конг» ёки «Диско раққоси»ни саккиз мартадан кўрган андижонлик ўсмир Тенгиз Абуладзе, Андрей Тарковский фйльмларига, Низом Маҳмудовнинг «Космогония» ҳужжатли фильмига қизиққанини, жилла қурса «уларни кўрдим, лекин тушунмадим» деб ёзганини билмайман. Ёки бўлмаса элдан бурун анча шов-шув кўтарилган, лекин ҳужжатли фильм сифатида, ижодий асар сифатида ниҳоятда заиф-ночор ишланган «Тўхтатилган вақт тадрижи» фильми хусусида лом-мим деган ёш кўринмади.

Италиялик Сабрина, америкалик Джексоннинг суратини сўраб устма-уст хат йўллаётган сурхондарёлик синглимиз Турғун Алиматов ёки Абдуҳошим Исмоиловни хаёлига ҳам келтирмайди.

Кейинги пайтда бундай ҳол кескин кучайганининг асосан икки катта сабаби бор: бири — ўғил-қизларимиз эрталаб уйқуси ўчмасдан шовқин-суронли, енгил-елпи (120 минутли) музикали программа билан «ювмоқда», бетини. Иккинчиси — видеотехника имкониятларидан мутлақо ғайриахлоқий ташвиқот юргизилмоқда.

Ғарб эстрадасининг кишини жазавага солиб, тафаккурини қақшатиб қўядиган оҳанглари қулоқларимизни қоқиб қўлимизга бераётганига мутлақо қарши эмасман (тавбалар бўлсинким, ўшалар ҳам керак-да!). Лекин миллий соз ва оҳанглар тарбиясига, ташвиқотига ҳам фурсат ажратиш зарурку, ахир?

Телекўрсатувлардан бирида, «Дискотекалар қишлоқ ёшларининг мазмунли ҳордиқ чиқарадиган тарбия ўчоқларига айланмоқда» деган гап айтилди. Уни эшитиб ёқа ушлайсан киши! Дискотекада қанақа мазмунли ҳордиқ чиқарилади? Ёки бўлмаса қандай тарбия ўчоғи дискотека? Кириш паттаси 2—5 сўм турадиган, тун бўйи ярим қоронғи, йўқ ердаги фильмлар кўрсатилаётган, музикалар чалинаётган залда кўр эҳтирослар измидаги йигит-қиз тонг оттирган жойни «тарбия ўчоғи» дейишга қанақасига тил боради?! Қачондан бери ўзбек ёшлари учун дискотека ё видеобар тарбия маскани бўлиб қолди, ахир?!

Ҳаётнинг энг чиркин лавҳалари бадиий фильм сифатида экранлардан кенг ўрин олаётгани ҳам ошкоралик шарофати. «Кичкина Вера», «Менинг нсмим Арлекино», «Қонундаги ўғрилар», ўзимизнинг «Бўрилар» ва ҳоказо. Бошқа шаҳарларда билмадиму, Тошкентда бу фильмлар фақат катталар учун шарти билан дастлаб «Санъат саройи»да катта шов-шув билан намойиш этилди. Матбуот мазкур картиналарнинг совет киносида янгилик эканини такрорлаб миллионлаб ёшларнинг қизиқишини орттиргандан орттираверди. Шу тариқа қизиқиш, интилиш обдон таранг тортилиб турди-да, «ол, ана кўрганингча кўравер» қабилида иш тутилиб, фильмлар барча кинотеатрларда кўрсатила бошланди.

Одамнинг боши қотиб қолади… Бу картиналар нималарни ташвиқот қиляпти? Жамиятимиз шундай бўлиб қолди деб бонг уряптими улар? Қизларимиз Верадек тубанлашиб унинг оиласидек ҳайвонлашиб (рус тилида «озверение» деган маъноси ҳам бор фильм номининг) кетди ё кетади дейилмоқчими? Эҳтимол қаерларда бўлса бордир бундай оилалар, бундай қизлар, қаерлардадир бордир минглаб Арлекиноларни вояга етказаётган (Вера ва Арлекино шахсини поймол этган, инсоний нафсониятини топтаган муҳит чиркинлиги, тубанлиги яхши ифодасини топган) шундай муҳитлар, лекин уларнинг ўзбек оилаларига, ўзбек ёшлари тарбиясига қанчалик даҳлию нафи бор? Эҳтимол, «ҳушёр бўлмасанглар сизлар ҳам шундай бўлиб кетасизлар» дейилмоқчидир? У ҳолда, раҳмат, лекин қандай бўлмаслик эмас, қандай бўлишнинг гўзал намуналари намойиш этилгани афзалмасми соғлом тарбия учун?!

Биз миллий анъанага оид одатларни зарарли ақидаларга чиқариб нимаики янги бўлса икки қўллаб қабул қилишга ўрганиб қолганмиз (бу ҳам «мен» пойдеворига зимдан путур етаётганига ёрқин мисол бўла олади). Қизларнинг гўзаллик конкурси ҳам ана шундай бўлди. Унинг янгилик сарқити эканига эътибор берилмади. Мен «сарқит» деганда соф миллий ахлоқ мафкурасидан баҳолаяпман бу янгиликни. Яқин-яқин-гача хорижда ўтказилган бундай конкурслар совет матбуотида истеҳзо билан эсланар эди. Ошқоралик бўлдию, «Москва гўзали», «Таллин гўзали» деган гаплар чиқиб қолди. Ва бундай қарасак «Мен Тошкент гўзалиман» деб ўзини кўз-кўз қилишга ҳозиру нозир қизлар ҳам топилиб қоляпти! Во ажабо, ҳазрат Навоий нигоҳи билан қаранглар у қизларимизга. Мавлоно Қодирий кўзи билан тамошо қилинглар ўша саҳнани!.. Нима, «Тошкентда инқилоб қачон ғалаба қозонган?» ёки бўлмаса «Пушкиннинг қайси шеърини ёддан айта оласиз?» деган саволга жавоб олиш учун қизларни қип-яланғоч қилиб ечинтириб қўйишимиз шартми? Ё эгнида либоси бўлса билганини ютиб юборадими, уяладими, кийиниб саҳнага чиқишга улар?

Такрор айтай: бундай урфлар кимлар учундир гўзаллик ўлчови бўлса бордир — қандини урсин ўшалар! — Лекин биз уни кўр-кўрона қабул қилолмаймиз. Биз қизларимизни бунақанги гўзалликдан асрамоғимиз даркор.

Ошкоралик, демократия, жамиятимизда улуғ ўзгаришларни бошлади. М. С. Горбачев Киевда бўлган пайтида таъкидлаганидек, мамлакатимизда қайта қуриш, янги босқичга кўтарилмоқда, бироқ бундай кўтарилиш бевосита ҳаётда, турмушда ўз ифодасини топмоғи учун ва янада ривожланмоғи учун ҳаётбахш эврилишлар, ҳар бир шахс «мен»ида — тафаккурида, онгида, идрокида юз бермоғи лозим. Негаки одамлар, хусусан ёш авлод «мен»и ўзгармай туриб жамият гуллаб-яшнамайди. Фуқароси ўз қадр-қимматини таниган тақдирдагина юртнинг қадр-қиммати баланд бўлади, мустаҳкамланади. Ҳозиргидек долғали — революцион даврда қарама-қарши қарашлар, мулоҳазалар шамоллари орасида ўзлигимизни йўқотиб қўймаслигимиз учун ботиний қалъамиз — «мен»имизни мустаҳкамлайдиган зарурни нозарурдан, худни беҳудадан, керакни нокеракдан ажрата билмоғимиз керак.

“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 12 апрель.