Тўлқин Ҳайит. Митти юракдаги катта жароҳат (1990)

«Бало кўкдан ёғилур!» Боболар биздан кўра ақллироқ, биздан кўра, донороқ эканлар. Бугун кўк бошимизга ташвиш соляпти.

Сариосиёлик дўстим ҳали кун исимасдан бурун, февралнинг охирларидан ташқарига, торгина айвонга чиқиб оларди. Унча-мунча совуқни писанд-назар қилмасди.

— Юртим тунига тўймайман, — дер эди у — Юлдузлари хаёлимни олади, Ҳавоси-чи? Мазза!

Энди-чи?

Бир осмон остида яшаётганлар, бир мақсад учун курашаётганлар, бир дарёдан сув ичиб, бир дастурхондан нон-туз татиётганлар гўзал тунларимиздан, ширин оромимиздан айиришяпти бизни!

Дўстимнинг ранги синиқ. Қадди ҳам дол.

— Белда қувват йўқ, жўра! — дейди у ҳасратланиб. Кечалари деразани ёпиб ухлайман. Шунда ҳам эрталаб томоғим ачишади, бошим зирқираб оғрийди. Юртни ташлаб бошқа ёққа кетгим йўқ. Нима қилишга ҳайронман!

Бир у эмас, отахонлар ҳам ҳайрон, оналар ҳам… Ҳайрон бўлмаган киши қолмади, ҳисоб!

Кексалар зорланганча бошларини чайқашади:

— Нима қилиб қўйдинглар, ўғилларим! Ҳатто тупугимиз ҳам заҳарга айланаяпти-ку, ахир!

Бу қандай замонки, «ҳамма нарса халқ фаровонлиги ва манфаати учун» бўлган юртнинг одамлари, ҳатто тупугини ютишга қийналишса! Бу қандай замонки, бугун коммунизм даврида, тўкин-сочинлик палласида яшаши керак бўлган халқ, додини кимга айтишни билмай, зорланнб турса! Қани, биз фахрланадиган даврлар! Қани, бизга ваъда қилинган ажойиб лаҳзалар! Ҳамманинг фикри ёдида — шу! Инсонни алдашдан ёмони йўқ! Ишончини йўқотган, юраги хасталанган кишиларнинг боши қотган.

Ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Ўтган йилнинг июль ойида Сариосиё ва деновликлар Тожикистон ССРнинг Турсунзода шаҳрига намойиш қилиб боришмоқчи бўлишди. Халққа тўс-тўполон, ур-йиқит керак эмас. Кишилар раҳбарларнинг гапларига ишонишди. Намойиш қолдирилди. Лекин ўшандан буён мана қанча сувлар оқди, ҳамон натижадан дарак йўқ. Одамларнинг ташвишлари кундан-кунга ортиб боряпти.

Сариосиё ноҳияси партия қўмитасининг биринчи котиби В. П. Хомякнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг XIII пленумида сўзлаган нутқидан олинган қуйидаги парчага эътибор беринг!

«Ноҳиямизда ва вилоятимизда меҳнаткашларни таҳликага солиб турган Тожикистон алюмин заводининг заҳарли, зарарли моддалари… қишлоқ хўжалиги ва одамларнинг соғлигига катта зиён етказмоқда. Ана шундай зарарли таъсир зонаси кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Одамлар буни соғлиқлари ёмонлашганидан сезиб, билиб турибдилар. Биз ҳозиргача кўрган чоралар, жумҳуриятимиз берган ёрдам етарли эмас. Иттифоқ ҳукуматининг аралашуви талаб этилади».

Нега ҳанузгача Иттифоқ ҳукуматининг аралашувисиз тайинли бир иш қилолмаймиз? Нима учун жойлардаги мураккаб ва зиддиятли, айни пайтда ташвишли муаммоларни бартараф этиш маҳаллий органлар ихтиёрига берилмаяпти? Юқорига кўз тикиб ишлашимиз бизни узоқ йиллар турли ноғораларда шундай ўйнатдики, охир-оқибатда мана, жабрини чекиб турибмиз. Л. И. Брежнев чет элга кета туриб, Тошкентда тўхтаса, бу пахта йиғим-терим даврига тўғри келса, албатта, унинг шарафига 50 ёки 100 минг тонналик қўшимча мажбурият олинар, шунча пахтанинг ўзи борми, бунга халқнинг кучи етадими йўқми, бу ҳақда бош қотирилмасди. «Отахон» ҳам «Бунақа гапнинг кераги йўқ, халқни қийнаманг», демасди. Бундан хулоса шуки, бизда ўша йиллари инсофли раҳбарнинг ўзи бўлмаган экан, бўлса ҳам баланд курсини кўзлаган ношудларнинг соясида қолган экан. Турсунзодадаги алюмин заводи ҳам ана шунақа ношуд «пешво»ларнинг ижод маҳсулидир. Ҳар томонни ўйлайдиган, етти ўлчаб бир кесадиган раҳбар бўлганда заҳар ўчоғи минг-минг йиллардан буён гуллаб-яшнаб турган воҳада қурилмасди. Унинг ишга тушганига ҳали ўн беш йил бўлгани йўқ, лекин аллақачон кўрсатадиганини кўрсатиб қўйди. Сурхон воҳасида рўй бераётган кўнгилсизликларнинг — бошсиз, қўл-оёқсиз, чала-ўлик туғилаётган болалар сонининг ортаётгани, камқон аёлларнинг кундан-кунга кўпаяётгани, ўттизга тўлмаган ёшлар орасида астма касаллигига чалинаётганларнинг борлиги, уйидан туппа-тузук чиқиб кетиб, кўчада тўсатдан жон таслим қилаётганларнинг учраб турганлиги — буларнинг бари — рост. Одамлар ҳам ҳаводан, ҳам ердан заҳарланяптилар. Айни пайтда Сариосиё ноҳиясида сариқ касаллиги авжига чиққан. Бундан беш-олти йил бурун ноҳия ҳудудида бор-йўғи битта сариқ касалхонаси бўлса, ҳозирги кунда бир неча шундай тиббиёт муассасаси беморларга хизмат кўрсатяпти. Қанчадан-қанча кишилар иш қобилиятини йўқотишяпти, бели бақувват йигитлар айни элга, жамиятга нафлари, ёрдамлари тегадиган чоғларида майиб, мажруҳ бўлиб қоляптилар.

Сариққа чалинган битта беморни даволаш учун давлатимиз йилига 1400 сўм сарфлар экан. Жумҳуриятимиз бўйича шундай касалликка чалинганлар учун ажратилаётган маблағнинг миқдори 40 миллионга етибди. Бунинг турган битгани зарар эмасми? Фойда билан зарар бир бўлмаяптимикин?

«Сариосиё ҳақиқати» ноҳия газетасининг мухбири С. Тожиддинов ёзади: «Ғаффор исмли дўстим бор эди. У ҳамма қатори яшашни, тўрт нафар фарзандини вояга етказишни, уларни ўқитиб, эл сафига кўшиб, роҳатини кўришни орзу қиларди. Афсуски, унинг бари орзулари ўзи билан тупроққа кетди.

Дўстим қариндош-уруғларига, ёру-дўстларига, қўни-қўшниларига чўл ёки тоққа кўчишни васият қилганди».

Тўрт нафар фарзанди, гўдаклари билан аро йўлда қолган аёлнинг оҳи, нола-фиғони Ҳисор тоғларини зир-зир титратмаяптимикин? Келинчак остонага қадам қўяркан, бир ёстиққа бош қўйганим билан қўша-қарий, ширин турмушни, ширин лаҳзаларни, тотли бахтларни кўрай, дея орзу этади. Биз эса уларни қон қақшатаяпмиз. Айтинг-чи, бунга бепарво қараш мумкинми?

«Бу қандай офат? — дейди Улуғ Ватан уруши ветерани. Қизил Юлдуз ордени кавалери Абдукарим Шарипов. — Инсонлар умри хазон бўлаётир! Қачонгача бунга чидаш мумкин. Кетамиз, тоққа кўчамиз».

Лекин ҳамма ҳам тоққа кўчолмайди. Қадимдан ота-боболаримиз шу ерда яшаб келишган, ариқлар қазишиб, далаларга, адирларга сув чиқаришган, воҳани обод этишган. Нега энди, биз бу ерларни чўлга айлантириб, ташлаб кетишимиз керак. Кўпчиликнинг, жуда кўпчиликнинг фикри-ўйи, билгани ана шундай. Аммо аҳвол чинакамига таҳликали. Болакайларнинг қадлари паст, тишлари барвақт тўкилиб кетяпти. Саккизинчи синф ўқувчисини кўриб, бешинчи синфда ўқиса керак, деб ўйлайсиз. Менделеев номли 45-ўрта мактабда текшириш ўтказишганда, фақат бир ўқувчи соғлом чиққан. «Э, хайрият-е, соғломи ҳам бор экан-ку!» деган ўшанда бир киши. Кейин маълум бўлишича, Бозор исмли бу ўқувчи яқиндагина тоғдан кўчиб келган экан. Бу фожиа эмасми?

«Бўғинлар оғриғини ҳар биримиз бошимиздан кечираяпмиз, — деб ёзади «Правда» колхозидан Мастура Холмирзаева. — Даладаги хотин-қизлар икки-уч соат ишлаб-ишламай чарчаб, дармонсизланиб қолишмоқда. Ноҳиядаги 13-мактаб химия-биология фани ўқитувчиси Э. Иззатуллаевнинг сўзлари кишини ташвишга солади:

— Даҳшатли зарарлардан бири — наслсизликнинг вужудга келишидир. — Анатомия фани таълимига кўра, болалар 14-15 ёшларда улғайиб, насл ҳужайралари тухуми балоғатга тўла бошлайди. Бу даврда бола организми учун тоза ҳаво, етарли шарт-шароит, тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари керак ва зарурдир. Агар, ана шу талабларга риоя қилинмаса, бунинг устига фтор гази атмосферани бузиб турса, истеъмол қилинадиган мева-чевалар таркибида унинг заҳари кўп бўлса, наслсизликнинг кўпайиб боришига сабаб ортаверади.

1987 йили Тошкент илмий-текшириш институтидан келган бир гуруҳ врачлар чақалоқларнинг сочи, тирноғида ҳамда она қорнида бўладиган ҳомила ва йўлдошида фтор моддаси нормадагидан ортиқ эканлигини аниқлашди. Алюмин заводи мўриларилан чикаётган заҳар туфайли 1980 йилда Сариосиё ноҳиясидаги марказий касалхонада туғилган болаларнинг 11 нафари мажруҳ бўлса, ўтган йилнинг олти ойида бу рақам ўттиздан ошиб кетди. Уларнинг 15 нафари ўлик туғилди. Она қорнидаёқ сепсис, қаттиқ шамоллаш каби касалликларга чалинган болалар, 1980 йилда 549 нафарни ташкил этган бўлса, 1989 йилнинг олти ойида уларнинг сони 446 нафарга етди. 1986 йилдан бошлаб чала туғилаётганлар кўпайди. 1989 йилнинг биринчи ярмида 134 нафар ана шундай бола дунёга келди. Бу кўз юмиб бўлмайдиган дард, изтироб эмасми?

Шунча гап-сўзларга қарамасдан, ўтган йилнинг май ойидан бошлаб, нормадагидан бир неча баробар ортиқ заҳарли газ ҳавога қўйиб юборилди. Халқ озор чекди.

Худди шундай кунларда завод пешвоси ҳақиқий аҳволни била туриб, элдан кечирим сўраш ўрнига, қуёш юзига парда қоплаб, сирини ёпмоқчи бўлди. Лекин бу парда чириган ипдан тўқилганди. Ҳақиқат шамоли эсгач, у бир лаҳзада чок-чокидан сўкилиб кетди. Мақола Сариосиё ноҳия газетасида босилган заҳоти норозилик хатлари ёғилиб кела бошлади. Аввал ҳам шунга ўхшаш ваъдалар берилган, бундан халқ анча қувонган эди. Аммо бу қувонч узоққа чўзилмади. Заводнинг зарарли таъсири жиндай камайди, холос. Яна ўша, эски ҳамом эски тослигича қолаверди. Энди халқ «завод таъсирини камайтирамиз» деган ваъдаларга ишонмайди. Шунинг учун ҳам алюминий завод директори М. Синанининг мақоласи кўпчиликка ҳақоратдай оғир ботди.

Келинг, ўша мақоланинг айрим ўринлари ҳақида фикр юритайлик.

М. Синани ёзади: «…ўтган йили Турсунзода шаҳри атрофида фторли водород концентрацияси ҳар куб метр ҳавода 0,004 миллиграммни ташкил этди».

Биринчидан, нега энди бу йил эмас, «ўтган йили»? Нима, бир йилнинг орасида ҳеч қанақа фарқ йўқми? Иккинчидан, гап Сариосиё ва Денов, умуман олганда, Сурхон воҳаси тўғрисида бораяпти! Нега энди, Турсунзода шаҳри атрофидаги вазият ҳақида сўз юритиш керак. Бу бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Нега, дейсизми? Чунки заводнинг осмонўпар мўриларидан чиқаётган заҳарли газ Турсунзода шаҳри атрофига эмас, айнан Сариосиё ва Денов ноҳиялари устига қора қуюндай ёпирилади.

Давом этамиз. Мақолада яна шундай сўзлар бор: «Завод территорияси ва унинг атрофида 57 турдаги дарахт ту ва 200 хил гул кўчатлари ҳеч зарарсиз ривожланмоқда». Айтишларича, бу гапни ўқиган сариосиёлик саккиз яшар болакай аввал кулибди-да, кейин алам билан сўкинибди. Қаранг-а, ўртоқ директор, сиз ҳатто ўшани ҳам алдай олмабсиз. Яна сиз «завод ва унга яқин территорияларда (беш километргача бўлган масофада) олма, олча, беҳи, гилос, хурмо, анор, қароли, анжир каби мевалар дарахтлар яхши ўсаётир» дея оғиз кўпиртиргансиз. Шундай десам, «қўй» халқ завод ва унга яқин ерларда ўсимликлар яхши ривожланаётган экан, ташвишга ҳеч ҳожат йўқ, деб ўйлайди деган хом хаёлга боргансиз. Бу халқни энди лақиллатиш қийин. Сиз айбингизни яширишдан нарига ўтмасангиз, маҳаллий пешволар бизнинг кучимиз етмайди, деган қуруқ гапдан бошқани билишмаса, эртага халқ орасидан ўт чиқиб кетса, яна ўзбек халқи ёмон отлиқ бўлиб қолавердими? Менимча, йўқ! Одамлар айташяпти: «Энди бунақаси кетмайди!» Халқнинг боши очиқ эмас. Сиз кабилардан тўғри гап чиқмаса, нажот ва бирор наф бўлмаса, курсисини яхши кўрганлар уни ҳимоя этолмаса, эл орасида «боши бутунлари» қараб турмас.

Мақолани битаётганда, ишонч билан айтаманки, қуйидагн хулосалардан албатта, сизнинг хабарингиз бор эди.

Мана ўша хулосалар.

ЎЗБЕКИСТОН ССР СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ МИНИСТРЛИГИНИНГ РЕДАКЦИЯМИЗГА ЙЎЛЛАГАН ХАТИДАН:

«Тожикистон ССРнинг Турсунзода шаҳридаги алюмин заводи мўриларидан чиқаётган заҳарли фтор гази чўкмаси Сариосиё ноҳиясида барча касаллик турларининг пайдо бўлишига ва купайишига сабабчи бўляпти».

Эътибор беринг-а, барча касаллик турлари пайдо бўляпти ва кўпайяпти. Шундай кетаверса, 50 йилдан кейин нима бўлади?! Келажакни мажруҳ кишилар қўлига топширамизми? Улар бизга лаънатлар ўкишмайдими ўшанда?

ЎЗБЕКИСТОН ССР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК РЕСПУБЛИКА ДАВЛАТ-КООПЕРАТИВ КОМИТЕТИ:

«Ҳақиқатан ҳам, завод мўриларидан чиқаётган газлар атроф-муҳитга катта зарар етказмоқда. Кундан-кунга экин-тикинларнинг, серҳосил дарахтларнинг, цитрус ўсимликларнинг ҳосилдорлиги кескин камаймоқда. Кишилар ўртасида, уй ва чорва ҳайвонларида кўпгина касалликларнинг пайдо бўлаётгани кўзга ташланяпти».

Бу хулосалар осмондан олиб битилгани йўқ. Ҳар иккала министрлик ҳам олимларимиз-у врачларнинг узоқ текширув ва кузатувларидан сўнг ана шуларни қоғозга туширишган.

Сариосиё ноҳиясидан келаётган хабарлар анча ташвишли. Гап-сўзларга, миш-мишларга бепарво қараб бўлмайди. Сурхон воҳаси орқали заводга хом ашё олиб ўтилади. Алюмин моддасини эритиш учун аслида электр қувватидан фойдаланиш керак. Аммо бунинг ўрнига гилтупроқ ишлатиляпти. Фойда кетидан қувиш эса элнинг белини синдирмоқда. Пичоқ суякка етган. Йиғилишларда, учрашувларда: «Темир йўл изларини кесиб ташлаймиз, заводга хом ашё ўтказмаймиз», деган хитоблар янграй бошлаганига анча бўлди. Халқ мисоли дарё, тошса, уни тўхтатиш қийин. Лекин кишиларимиз юртнинг, элнинг ёмон отлиқ бўлишини истамайдилар. Улар ҳукуматга ишонч билан қараяптилар. Бу ишонч, албатта, оқланиши керак.

— Сариосиё ва Денов — жумҳуриятимиз дурдонаси, субтропик ноҳиялари ҳисобланади. Бу дурдонанинг таназзулга юз тутишини истамайми? Биз одамлар соғлиғини ҳар нарсадан устун қўямиз. Халқ заводнинг ёпилишини талаб қиляпти. Биз бу талабни қўллаб-қувватлаймиз, — дейди Сурхондарё вилояти партия кўмитасининг биринчи котиби X. Бердиев.

«Колхозимиз аҳлининг талаби битта: завод ёпилсин. Бизга тоза ҳаво керак. М. Нусратов».

«Заводни ёпиш ёки уни бошқа маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхонага айлантириш керак. Ўшанда экологиямиз ҳам яхшиланади, одамлар ҳам ишсиз қолишмайди. А. Ҳакимов».

Халқ талаби ана шундай. Битта завод минг-минг болалар соғлигидан, оналар меҳридан, қизлар гўзаллигидан, оталар қудратидан, халқ манфаатидан устун турмаслиги керак. Заҳар учоғи ёпилмас экан, норозилик кучайиб бораверади, зиддиятлар кўпаяверади.

Фтор гази нормадагидан ортиқ бўлса, заводни ишлатмаслик, вақтинча бўлса-да, тўхтатиб қўйиш лозим. Аммо совуқ мўрилардан чиқаётган заҳарли газ 700 мингдан ортиқ аҳоли яшаётган воҳа узра хавф солиб турибди. Мутахассисларнинг фикрича, ҳар йили шу газдан 480 тонна тарқалса, яқин йилларда 32 километргача бўлган масофада бирорта ҳам гиёҳ ўсмайди ва уларнинг турлари бутунлай йўқ бўлиб кетади!

Сариосиёда 3-синф ўчувчиси чизган суратга кўзим тушди. 10 яшар боланинг зукколиги кишини лол қолдиради. Расмда сочи кесилган қиз акс эттирилган. Икки ёнида бир жуфт ўрам соч. Қизчанинг айтишича, ўрам сочлар Амударё билан Сирдарё эмиш.

— Инсоннинг кўзи ҳам сариқ бўларканми? — деймиз унинг фикрини билиш учун.

У бийрон, лекин сўник оҳангда дейди:

— Унинг қони бузилган!

Қизчани яна саволга тутамиз:

— Баданлари нега илма-тешик?

— Бу кимёвий ўғитлардан. Ўқитувчимиз ҳар гектар еримизга 67 килограммдан ўғит тўғри келади, дегандилар.

— Қизнинг юраги ости нима учун қорага бўялган?

— Бу, қора — Сариосиё! — Қизчанинг кўзлари пирпирайди. Шу ердан инфаркт бошланяпти. Далам шунақа дейдилар.

Қизчанинг ғамгин боқишлари кўз олдимдан нари кетмайди. Митти юракда катта жароҳат. Айни ўйнаб-куладиган даврида у озор чекяпти. Эртанги ҳаёти қандай кечаркин? Уни шундай афгор ҳолатда мустақил ҳаётга элтиш мумкинми? Менингча, йўч. Келажак эгаларининг қалбида жароҳат бўлмаслиги лозим. Уларнинг осмони ҳам мусаффо бўлиши керак. Бу гал ана шу яхши ният билан қўлимга қалам олдим. Яна бироз сабр қилсак, кутсак, ўйлаймизки, ҳаммаси яхши бўлади. Чунки мутасаддилар учун фақат битта йўл қолган: заҳар ўчоғи, албатта, ёпилиши ёки бошқа жойга кўчирилиши керак.

Тўлқин Ҳайит, Сурхондарё.

СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА: икки-уч йил ичида газетамиз саҳифаларида Турсунзода алюмин заводининг атроф-муҳитга, аҳоли соғлиғига етказаётган зарари тўғрисида қатор танқидий мақолалар эълон қилинди. ЎзТАГ мухбири Ю. Бондаренконинг «Сурхон устидаги соялар», шоир Сирожиддин Саидовнинг «Сариосиё осмонлари» ва Т. Ҳайитнинг «Дашнобод ташвишлари» мақолалари шулар жумласидандир.

Ўтган йилдан бошлаб марказий матбуотда, телевидениеда ҳам бу тўғрида жиддий танқидий чиқишлар бўлди. Шунинг ўзи ҳам Сурхон воҳаси кишиларининг ташвиши кундан-кунга ортаётганини кўрсатиб турибди. ТАСС мухбири С. Морозовнинг СССР Табиатни муҳофаза қилиш Давлат комитети бош назорат тафтиш бошқармаси бошлиғи В. Е. Зиберов билан қилган суҳбатида ҳам («Ёш ленинчи», 1990 йил, 5 январь) бу ташвишлар ўз аксини топган. Унда билдирилган қуйидаги фикрлар биз тилга олган фактларни тасдиқлайди. Эътибор беринг: «…1989 йилнинг июнь-август ойларида заводга гилтупроқ етарлича етказиб берилмаслиги оқибатида технология бузилди ва ҳавога фторли бирикмалар кўплаб чиқиб кетди».

В. В. Зиберов буларни осмондан олиб гапираётган бўлмаса керак.

«…биз қуйидагиларни аниқладик, — дейди у. — Сариосиё ноҳиясида болаларнинг касалликка чалиниши 2,8 баравар кўпайди, катталар орасида эса касалга чалиниш 2.2 баравар ортган. Одам аъзойи баданининг касалликларига бардош бериши сусайди, гўдакларнинг сут тиши чириши касаллиги икки марта ва еенгил флюраза касаллигига чалиниш 8.8 баравар кўпайди».

«Правда» газетасида (9 январь) босилган «Ташвишли уйдирмалар керакмас» мақоласнни ўқиганлар таажжубга тушишди. Чункн бу бир ёқамаликдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, унда сурхондарёликларнинг нафсониятига тегадиган ўринлар борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Касалликларнинг кўпайишига Сариосиё ноҳиясидаги яшаш шарт-шароитларининг паст даражада эканлиги, оилани тартибга солишда одамларнинг уқуви етмаётганлиги асосий сабаб қилиб кўрсатилган. Лекин Турсунзода шаҳрининг ўзига ҳам жиддий зарар етказаётганлиги айни ҳақиқат-ку. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун В. Е. Зиберовнинг қуйидаги сўзларини келтирамиз: «Турсунзода ноҳиясида болаларнинг касалликка чалиниши 12 фоиз, нафас йўлларининг касалланиши 1.4 баравар кўпайди, туғма мажруҳлик 9 баравар ортди».

Энди нима бўлади? Ўн минглаб сурхондарёликларнинг чекаётган оҳ-воҳлари, наҳотки, ёлғон бўлса?!

«Ёш ленинчи» бу мавзуни ўз назоратига олади.

“Ёш ленинчи” газетаси, 1990 йил, 13 январь