Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло билан адабиётшунос Нўъмон Раҳимжонов суҳбати
— Шукрулло ака, суҳбатимизни шеърият тўғрисида, бугунги инқилобий қайта қуриш даврида шеър ва шоирнинг ўрни, роли, аҳамияти хусусида бошласак.
— Очиғи, ана шу суҳбатимиз бир неча ойдан бери чўзилиб келаяпти. Лекин тўғрисини айтганда, бу гаплар кўнглимга сиғмай турибди. Ҳозирги кунда гап маҳорат ҳақида эмас, шеърият ҳақида эмас. Ҳозир шундай бир замон бўлаяптики, қайта қуриш даври, одамларга ҳақиқатни сингдириш даври, поклик билан напокликнинг курашаётган бир даври. Унутилаёзган демократия, ошкораликни кишилар онгига сингдириш учун кураш кетаётган, халқимиз бошига қанча-қанча кулфат солган Сталин шахсига сиғиниш даврининг иллатлари фош қилинаётган, Оролдек азим денгиз қуриб республика ҳаётига таҳдид қилаётган, пахтазорларда одамлар заҳарланиб, айрим хотин-қизлар устларидан керосин қуйиб, ўзларини ёқаётган бир даврда, менимча, ҳозир шеърий шаклга солиб, нимадан бошлайман, деб қофия ва вазн излашнинг фурсати эмас.
Ҳозирги кунда эртадан кечгача бутун хаёл публицистик мақолалар ёзиб, жамиятнинг ўзини бир тартибга солиб олсакмикин, деган дард билан яшаяпман.
— Бу қадар катта ижтимоий ва маънавий-аҳлоқий масалаларни ёлғиз публицистик мақолалар билан ҳал этиб бўлармикан? Тўғри, публицистикани адабиётнинг разведкачиси, дейишади. Публицистиканинг ҳам, шеъриятнинг ҳам ўзига хос ифода йўллари, воситалари, шакллари бор. Бу жиҳатдан у шеъриятчалик инсон маънавиятини чуқур кўриш, кўрсатиш ва таъсир ўтказиш иқтидорига эгамикан? Бу борада биридан иккинчисини устун қўйиш бироз эриш туюлаяпти. Тўғри, кейинги йиллар шеъриятимизда публицистик руҳ жудаям кучайиб кетди. Шавкат Раҳмон, М. Солиҳ, хоҳ Усмон Азим ёки Мирза Кенжабоев изланишларини оламизми, деярли барча авлодга мансуб шоирларимиз шеърларида публицистиканинг кўпгина ижтимоий вазифаси аслида шеърият ўз зиммасига олгандек туюлмайдими?
— Тўғри, шеъриятнинг давр билан бевосита алоқаси бўлади. Лекин шу кунларга қиёс қиладиган бўлсак, шеърнинг вазифаси бироз заифлашиб қолди. Жамиятда ёниб турган жараён кетаётган бир пайтда шеърият ўз вазифасини публицистикадек адо этишда ожизлик қилаяпти.
Сизга айтсам, ҳар бир даврнинг ўз чавандозлари бўлади. Адабиётда ҳам шунга ўхшаш чавандозлар бўлган. Чавандоз, деганда фақат от минганни тушунмаслигимиз керак. Йўқ, туянинг ҳам, эшакнинг ҳам чавандози бўлади; 20-йиллар адабиётининг чавандози Ҳамза, Абдулла Қодирий, Чўлпон десак, 30-йилларга келиб Ғафур Ғулом, Ойбек, Яшин, Ҳамид Олимжон, Ғайратийларда ўз даврининг савияси, руҳи бор. 30-йиллар адабиёти шулар номи билан боғлиқ. Ундан кейинги давр — Миртемир, Зулфия, Мамарасул Бобоев. Ҳар бир даврнинг ўз туркум ёзувчилари бўларкан. Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом, Шуҳрат, Туроб Тўла, Саид Аҳмадлар авлоди ҳам ўзи бир давр. Шу даврда ҳам ўзига хос бир нарсалар яратилди. Ундан кейин Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Абдулла Ориповлар авлоди ҳам бир босқич. Кейинча, Рауф Парфи, М. Солиҳ, Миразиз Аъзам, Усмон Азимов, Хуршид Даврон — булар ҳам ниҳоятда ўзига хос. Ҳаммаси ўз даврининг чавандозлари дейиш мумкин. Қайси бири илғору қайси бири заиф?! Масалан, бугунги кунда Рауф Парфи, Усмон Азим, М. Солиҳ расм бўлиб қолди. Шеърлари халққа ёқяпти, олқиш оляпти. Баъзан, ижод давр китобхонининг савияси талабига, даврнинг вазифасини бажаришга қараб ҳам баҳоланар экан. Ахир, шахсга сиғиниш даврини оладиган бўлсак, кимки Сталинни, пахтани ўринлатиб мақтай олса, ҳамма чапак ўшаники эди.
Энди, бугунги кунда шоир ижодининг аҳамиятини одамларнинг чапагига қараб баҳолаш мумкинми? Шу ўринда чапак ҳақида бир нарсани айтиб қўяй. Баъзан чапакка қарши бўлсам, баъзи шоирлар мендан хафа ҳам бўлаяпти. Адабиётнинг ижтимоий кучини, аҳамиятини, салмоғини залда ўтирганларнинг чапаги билан ўлчаш касали деса ҳам бўлади, пайдо бўлди. Ошкоралик даври экан, бир нарсани айтиб ўтишим керак. 40-йилларнинг охири, 50-йиллар бўлиши керак. Ўзбекистонда энг кўп чапак оладиган шоир Чустий эди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзодалар Чустийнинг кетидан юрарди. Чустий шундай оммалашиб кетдики, биринчи планга чиқиб қолди. Номи айтилса бас, чапак чалинаверарди. Энди, у даврлар ўтди; ҳозир бошқа давр. Энди, ўша пайтларда чапакларга кўмилиб кетган Чустийнинг номи қаёқда-ю, чапак олмаган Ойбекнинг номи қаёқда. Бу — енгил шуҳратга мойиллик белгиси. Бир рус шоири айтган эди: «Оммалашишни, ном чиқаришни ташкил қилиш мумкин; лекин боқий шуҳратни фақат истеъдод, меҳнат эвазига, яхши асар билан таъминлаш мумкин». Чиндан ҳам телевизор орқали, учрашувлар орқали, танқидчилар, ошна-оғайнигарчилик орқали оммавийликка эришиш мумкин. Баъзан биз чапакка учиб, истеъдоднинг баҳосини залнинг тўлалигига, олқишларга қараб баҳолаймиз.
— Бу ерда шеър савияси, шеърхонлар диди, даврнинг умумий савияси масаласи ҳам бор-ку, уни ҳисобга олмаслик мумкин эмас-да.
— Биз шеърхоннинг, китобхоннинг дидини юксалтириш, савиясини кўтариш учун доимо қайғуришимиз керак. Яқинда ёзувчи Одил Ёқубов билан суҳбатлашдим. Б. Пастернакнинг «Доктор Живаго» асари тўғрисида гаплашиб қолдик. Одил: «Новий мир» журналининг биринчи сонида чиққан қисмининг дастлабки бўлимини ўқиш жуда қийин бўлаяпти», деди. Шундан кейин мен ҳам ўқимай қўя қолдим. Келинойингиздан сўрасам, у ҳам «ўқилиши жуда қийин экан, тортиб кетмаяпти» деди. Куни кеча Одил Ёқубов билан гаплашсам, «Шукрулло ака, биз енгил нарсага ўрганиб қолган эканмиз, — деди. — Асарнинг бошланишини ўқиймиз, ўртасини варақлаб кўрамиз; муҳаббатми, оилавий, маиший масалаларми, сюжетлими, сал тортиб кетмаса, йиғиштириб қўямиз; фалсафий нарсаларни, бунда нима демоқчи, ўйлашга сабримиз етмайдиган бўлиб қолибди. Ёзувчи бўлганлигим учун, қани охиригача ўқийчи, деб чидам билан биринчи қисмини ўқиб бўлувдим, журналнинг кейинги сони қачон келаркинга тушиб қолдим. Бу Михаил Шолохов даражасидаги ёзувчи экан. У ҳаётни шу қадар теран биларканки, воқеаларга фалсафий қарарканки, атроф-теварагидаги воқеалардан шунақанги фалсафий хулосалар чиқарар эканки, ёқамни ушлаб қолдим», — дейди.
Ҳаётдаги камчиликлар ҳақида, жамиятдаги нуқсонлар тўғрисида, уларни келтириб чиқарган омиллар ҳақида шу қадар ўзича ёндашишлар, таҳлиллар борки, бунга унча-мунча одамнинг ақли етмайди. Ва унча-мунча ўқувчи ҳам бу асарни ўқимайди. Унга бекорга Нобель мукофоти берилмаган. Ҳозирги даврнинг қадрига шунинг учун етиш керакки, у истеъдодларни, истеъдодли асарларни, ёзувчи меҳнатини, инсон меҳнатини қадрлайдиган вақт келди.
Ҳали чапак деганим, биз ўқувчини, китобхонни, шундай жиддий асарларни ўқишга, малака ҳосил қилишга, сабр-чидамгаям ўргатишимиз керак.
— Шу боисдан ўқувчиларнинг савияси шоир-ижодкорлар савиясига боғлиқ, деган ҳақиқат ҳам бор. Негаки, нафис санъатни англаш, шеърнинг маъносини ўқиш, мағзини «чақа» билиш ҳам ижтимоий ҳодиса. Юксак дид тарбияси бир ойда ёки бир йилда самараси кўрина қоладиган нарса эмас. У ҳар бир даврда ҳам ижодкорлар зиммасидаги ижтимоий вазифаникг таркибий бир бўлаги ҳисобланади.
— «Жавоҳирлар сандиғи» асаримда ҳам ёзган эдим. Бозорга борган одам ўз эҳтиёжини қоплашни истайди. Кимдир олтин тақинчоқ олганидан хурсанд, биров эса, ёмғирда қолмасам бўлди-ку, деб эски калиш олганидан хурсанд. Шеъриятнинг савиясини, ўқувчиларнинг дидини ўша эски калиш олиб ўз эҳтиёжини қоплайдиган, бозордан мамнун қайтган харидорнинг савиясига тушириб қўймаслик лозим. Шеъриятни ўшаларнинг савияси билан баҳоламаслигимиз керак. Шунинг учун, ҳеч бир шоир «мен бугун чўққи бўлиб қолдим» деб мағрурланмаслиги керак. Уларни давр ҳал қилади. Кейин биз, адабиётимизни шеъриятимизни фақат ўзимизнинг республикамиз миқёсида, доирасида ўлчамаслигимиз ҳам керак. Мағрурланмаслик учун юксак чўққиларга ҳам назар солиб туришимиз лозим. Уларнинг сирларини излашимиз керак! Расул, Чингиз, Евтушенколар қандай қилиб дунёга машҳур бўлди? Уларнинг ижодий сирлари нимада? Бизда энг яхши асар деб мақталган, чапак олаётган ёзувчиларнинг асарлари ҳатто бирор марказий журналларда босилмаслиги, улар Чингиз ёки Абуладзе асарлари каби баҳсларга сабаб бўлмаслигининг сири нимада? Шуларни ўргансак бўлмайдими? Нима учун бизнинг адабиётда ҳатто энг яхши шоирман, деганлар ҳам Бутуниттифоққа чиқолмаяпти? Бу ўта миллийликданми? Ахир, шундай бўлса, Расул миллий эмасми? Шоир, ўзи аввало аҳлоқан тоза, ибратли одам бўлиши керак. Шоир ўз талантига ниҳоятда ишонган бўлиши керак. У хушомаддан, риёдан, амалдорларга таъзим-тавозе қилишдан ниҳоятда йироқ бўлиши керак.
— Шукрулло ака, кейинги пайтда ошкоралик деган ифода сўзлашувда ҳам, газеталарда ҳам, радио-телевидеиие эшиттиришларида ҳам энг кўп ишлатиладиган сўз бўлиб қолди. Бугунги сўзлашув нутқимиздаги ва ёзувдаги энг машҳур ифодага айланди, десак янглишмаган бўламиз. Ошкораликни сиз қандай тушунасиз ва тушунтирасиз? Дилдаги билан тилдаги ҳақиқатнинг бирлиги, дейиш мумкинми? У шеъриятнинг олдига қандай вазифалар қўяётир? Ана шу жараёнда шоирнинг, ижодкорнинг бурчи нималардан мборат, деб биласиз?
— Ҳамма нарса ошкораликда билинади. Ошкоралик — бу аслида, яширин нарса йўқ, дегани. Мана, ўша Евтушенкони олайлик. Йигирма беш ўттиз ёшлигида КПССнинг Бош секретари Хрушчев билан баҳсга киришган. Бу ниманинг маҳсули; сабаби нимада? Евтушенко, Андрей Вознесенскийлар ўз фикрига, ўз талантига, ижодининг боқийлигига, ўзининг ҳақлигига ишонган. Афсуски, шоир ўзига ишонмаса у шоир эмас. Ваҳоланки, биз баъзиларни талантли, яхши шоир деб айтамизу, лекин «феъли қурсин» деймиз. Нега? Чунки инсон сифатида ўз талантига ишончи йўқ. Баъзан риё қилиб қўяди. Амал, мартаба учун риёга боради. Ваҳоланки, ўзига ишонган шоир, ўша Евтушенколардек, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақиқатни айта олиши керак. Ахир, Насимийни, Машрабни эслайлик. Улар дор остига тикка боришган-ку. Ўша пайтда ҳам ёлғон гапирмаган, риё қилмаган-ку.
Ана шулар бизга ҳам, ёшларга ҳам ибрат бўлиши керак. Ҳозир ошкоралик вақтида ҳақиқатни айтишга ўрганишимиз керак.
— Чинакам ижод ҳеч қачон мукофотлар билан белгиланмайди, шекилли.
— Мутлақо.
— Классик шеъриятнинг асл намуналарини оламизми, Ойбек ёки Мақсуд Шайхзода ва Миртемирнинг классик шеърларики оламизми, ўша пайтда мукофотни ўйлаб ижод қилишмаган-да.
— Ҳозирги пайтда мукофот олиш, мукофот бериш бир одат ҳам бўлди. Ҳаммамизда «чиллаки чиллакини кўриб чумак уради», дегандек мукофотга, унвонга интилиш ҳам бўлди. Шу ўринда анча бурун ўзим билан бўлиб ўтган бир воқеани эслай. Бир суҳбатимда ҳам айтган эдим, шекилли. Бир адабиёт ихлосманди билан суҳбатлашиб қолгандим. «Ойбек ўлибди», деганимда, у «Ия, анови ёзувчими?», деди. Мен атайлаб, «Олий Советнинг депутати эди», дедим. У «мен унинг депутатлигини билмайман», деди. Атайдан «СССР Давлат мукофотининг лауреати-да», десам, у «лауреатлигини билмадиму, «Навоий» романини ёзган ёзувчи-да». «Ўзбекистон ёзувчилар союзининг раиси ҳам бўлган эди» десам, «Буни билмадиму «Қутлуғ қон» романини ёзганлигини биламан», деб жавоб қилди. Мана, кўряпсизми, шу нарса ҳам бизга ибрат бўлмоғи керак. Унвонларинг бўлса-ю, асарларингни ҳеч ким билмаса, асарларингни ҳеч ким ўқимаса. Бирор асарингдан, шеърларингдан, драмангдан ёки насрингданми, бирор оғиз мисол келтириб айтолмаса. Бу фожиа.
— Баъзан ўзбек ижодкорларининг асарлари марказий журналларда чоп этилмаслиги, Иттифоқ миқёсига кўтарилмаслигига кўпинча яхши таржимонларнинг йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилади. Бунга қандай қарайсиз?
— Бу баҳона, холос. Ўз заифлигимизни тан олмаслик. Аслида бунга сабаб, асарларимизда умуминсоний масалаларга алоқадор теранликнинг йўқлиги! Расул Ҳамзатов ёки Одил Ёқубов асарлари таржимаси ҳаммага маъқул ва машҳур бўлди-ку! Ошна-оғайнигарчилик билан иттифоққа танилиш қийин.
— Шукрулло ака, агар янглишмасам, биринчи шеърингиз эълон қилинганига ҳам ярим аср бўлди, чамаси.
— Тўғри, роппа-роса эллик йил бўлди.
— Эллик йиллик адабиётимиз, шеъриятимиз тарихини яратишда фаол иштирок этиб келаётган ижодкорлардан бирисиз. Ҳозирги кунда туриб босиб ўтилган йўлга, ортингизга бир қараганда адабиётимиздаги қайси ютуқлар иттифоқ миқёсида эътироф этилганлигидан мамнуният ҳиссини туясиз? Қандай хатолар бўлдики, уларни ачиниш билан эслайсиз? Ана шу эллик йиллик жараёнда ижодкорларнинг ва шу жумладан, ўз хатоларингизни нимада деб биласиз?
— Бу саволларга жавоб бериш учун биз даврни айблай олмаймиз. Умуман, ҳақиқатни айтиш ҳеч қайси даврда ҳоким синфга ёққан эмас. Ҳеч бир жамият нуқсонлардан холи бўлмайди. Шунинг учун ҳақиқий шоир жамиятга ўз муносабатини билдирар экан, у мансабдор табақаларга хуш келмаслиги табиий. Шундай бўлгандан кейин, замонасозлик қилдими, демак, ҳамма айб шоирда, замонда эмас.
— Шу хусусда конкрет мисол келтиришингиз мумкинми?
— Конкрет мисол шуки, диктовка билан шеър ёзмаслик керак. Масалан, пахта ҳақида шеър ёзиб беринг, дейишса, дарров «пахта яшасин» деб мақтаб шеър ёзиб ташлаш — бу замонасозликнинг ўзи-ку. Масалан, шунинг оқибатида шеъриятимиз 50-йилларда риторикага ўтиб кетди. Аксарият шоирларимиз замонсозлик қилди. Пахтадаги кўзбўямачилик 80-йилларга келиб фош қилинди. Аслида, бу жараён — кўзбўямачилик 46-йиллардан кейин, 50-йилларда бошланган эди. Масалан, Ждановнинг 46-йилги докладидан кейин айниқса адабиётимизда риторикага мойиллик кучайиб кетди. Даврга ёқаман деб, мослашаман деб, Ҳаётни бўяб кўрсатиш авж олди.
Лекин ҳаётни тўппа-тўғри, бежамасдан, Шолоховга ўхшаб, Твардовскийга, Анна Ахматовага ўхшаб, Зошченкога ўхшаб, салбий ва ижобий томонларини ёзганлар ҳам ўз позициясида қатъий тура олди.
— Тўғри, Шукрулло ака, ижодий авлодлар силсиласи ҳам ўн-ўн беш йилда алмашиниб, бирбирини тўлдириб боради, деймиз; ҳар бир наслнинг адабиётга кириб келиши, ижодий авлод сифатида шаклланиши ва ўзлигини намоён этиши бу борада бош омил ҳисобланади. Негаки, давр ва ҳаёт ҳар бир ижодкорлар авлоди зиммасига доимо янги-янги вазифалар юклаб келган. Зеро, ҳар бир даврнинг ўз муаммолари, ўз ҳақиқатлари бўлар экан-да! Шу маънода, эллик йил бадалида Сиз мансуб ижодкорлар авлоди олдида қандай вазифалар турган эди, деб биласиз? Халқнинг юмушини енгиллатишда, халқнинг дардини айтишда, юрагидаги ва тилининг учида турган ҳақиқатларни шеърга солишда улар нималарни айта олди-ю, яна нималарни айта олмаганлиги кўнглида армон бўлиб келмоқда?
— Энди, буни фақат мен мансуб авлоднинг вазифалари, деб бўлмайди. Чунки ҳамма даврда ҳам риё қилганлар бўлади. Навоий даврида ҳам подшоҳларни мадҳ этганлар билан бирга ноҳақликни Ҳусайн Бойқарога очиқ айтганлар ҳам бўлган. Мен адабиёт ҳақиқатнинг, одам руҳиятининг ифодаси, деб тушунаман. Анна Ахматова, Твардовский, Расул Ҳамзатовлар ҳамиша адабиёт — инсоннинг ички дунёси, ана шу дунёга фаол муносабати, деб билишган. Мана шу нуқтаи назардан қаралса, масала ойдинлашади. Масалан, мен:
Вужудимни тилиб тилка-тилкаАйла, виждонимни сотмайман,
Халқ дардини жойладим дилга
Ўлай, ўлимдан ҳам қайтмайман, —
деган сатрларни 1938 йилда ёзганман. Ижодни халқнинг дарди, юраги деб тушунганман. Халққа бўлган бу муҳаббат, бу дард, ҳаётдаги ноҳақликлар, салбий ҳодисаларни ҳис этиш, унга муросасизлик, унга бўлган ички бир туғёндан туғилади.
Тахминан, 1930 йиллар, 9—10 ёшларим чамаси, ўша йилларда бойларни, домлаларни қулоқ, бадарға қилиш бошланган пайтлар, маҳалламизнинг комиссияси Маманбек ҳар ҳафта-ўн кунда қоровул пули, ҳовли солиғини текшириш баҳонаси билан эшигимиздан «ҳо, қори домла», деб гапириб келарди. Домла сўзига алоҳида урғу берарди. Яъни бу билан отамни домла, деб чўчитмоқчи. Чўчитиб бир нарса ундирмоқчи бўларди. Солиқларни тўплаш муддати ўтган бўлса, тинтув қилиш, уй бисотларини олиб чиқиб кетиш билан қўрқув соларди. Район молия бўлимининг вакили Шамсихўжа уйимиздаги нарсаларни ёзиб, палон кунгача налог тўланмаса, олиб кетишини айтгани ҳали-ҳали эсимда.
Ахир булар адолатданми!
1930 йилларда холамнинг ўғли, поччам халқ душмани, деб қамалиб кетди. Болалари билан опам бизникига кўчиб келди. Оиламиздаги норозиликлар, ноҳақликдан нолишлар албатта, менга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган. Ўша йиллари энг машҳур, шеърлари ёд бўлиб кетган Усмон Носирнинг қамалиши… албатта, талабалар орасида ҳайратга, турлича гап-сўзларга сабаб бўлган эди. Шуларнинг натижаси ўлароқ дастлабки шеърларимдаёқ халқ дардини ҳис этиш, ноҳақликка нафрат ўз аксини топа бошлади.
Хоҳ тўхтаган бўлсин, хоҳ чиқарсин сас,Гар мили бўлмаса, у соат эмас.
Кимдаки сўнибди халқига меҳр,
Хоҳ тирик, хоҳ ўлган — инсон саналмас.
Яъни, қайси замонда бўлмасин, халққа муҳаббатдан, фидойиликдан бўлак шеъриятда ҳеч нарсани ўйламаслик керак. Ана шу ўринда, даврнинг эмас, шоирнинг ожизлиги ва афзаллиги ҳам билинади. Ким замоннинг қули бўлиб қолади, ким замонга ёрдам қилиб, нуқсонлардан фориғ этмоқчи бўлади. Қайси даврда бўлмасин, шеърнинг вазифасини тўғри тушунган шоир чинакам шоир бўлиб қолаверади.
Фалаклар ёнди оҳимданМуродим шаъми ёнмасми?
Шу шеърни ҳар гал ўқиганимда, қонимга сингиб кетганлигини сезаман. Шеърият ҳақида гапиргудек бўлсам, биринчи галда шу сатрлар ёдимга келади. Мана, ёш шоирлар орасидан М. Солиҳ, Усмон Азимов, кейин Мирза Кенжабоевлар шеър техникасини, услубини ниҳоятда мукаммал ўзлаштирган шоирлар. Уларнинг сўзларида ҳам, вазнда ҳам сакталик йўқ. Фикри теран. Ёзувчилар союзимизда олти юзта аъзо бор. Буларнинг ҳар бирини адабий жараёнда у ёки бу даражада маълум ҳиссаси бор-ку…
— Лекин ҳамма аъзолар ҳақида бундай деб бўлмайди. Негаки, китоб чиқариш, матбуотда шеър эълон қилиш — бу ҳали адабий жараёнда фаол иштирок этиш эмас-да, Шукрулло ака. Конкрет фикр юритиш керак, дейдиган бўлсак, ўнлаб шоирлар номини келтириш мумкин. Адабиёт савиясини, китобхонлар савиясини шу хилдаги шоирларнинг шеърий тўпламлари туширади. Танқидчилик, адабий жамоатчилик тағин ҳам савиясиз шеърларга тоқат қилиб келаяпти. Узил-кесил фикрини билдирмаяпти. Шеърий жараёнда кенг палак ёзган ўртамиёначиликнинг илдизларидан бири ана шу бадиий бўш шеърга бепарволик эмасмикан? Маза-матрасиз, тутуруқсиз шеърларнинг кўплигини нима билан изоҳлаш мумкин?
— Айрим танқидчиларимиз фаолиятида ғалати бир одат бор. Рус танқидчиларида эса бу нарса йўқ. Масалан, ҳозирги проза ҳақида фикр юритадиган бўлса, улар гапни Горькийдан ёки Фединдан бошламайди. Ҳозирги шеърият ҳақида гапирадиган бўлса, Маяковский, Есенин демайди. Лекин, афсуски, бизда, албатта гапни оқсоқоллардан бошлаб келиш одат. Бу ҳали ошкораликнинг етишмаслиги, адабиётимизга шу кунларда етарли ҳисса қўшаётган ижодкорнинг ютуқларига тўғри ёндоша олмаслик оқибатидир.
Бир танқидчи бор. Қайси мақоласини олманг, нуқул оқсоқол адиблардан тушиб келади. Ҳатто, ўша шахсга сиғиниш даври деймизми, турғунлик даври деймизми, шундаям «ижобий роль ўйнаганлар ким» дейишса, фақат оқсоқолларни тилга олади. Ёки айниқса «жабр» чекканлар қаторида кейинги пайтда Абдулла Қаҳҳор номи кўп айтиляпти. Ваҳоланки, Тоҳир Малик «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасидаги «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги» номли мақоласида тўғри ёзибди: гарчанд, Рашидов билан Абдулла Қаҳҳор муносабати яхши бўлмаса ҳам, у киши Давлат мукофотини олди, олти томлиги чиқди, юбилейида Марказий Комитетнинг барча аъзолари бориб ўтирди; Алишер Навоий театри биносида ўтказилди. Абдулла Қаҳҳор танқид қилинган бўлса танқидни жабр деб тушунмаслик керак. Ундай бўлса, жабр чекмаган қолмайди-ю. Жабр чекканлар деганда Мақсуд Шайхзодани, Мирзакалон Исмоилийни, Шуҳратни биринчи навбатда айтиш керак. Ахир Шуҳрат Рашидов билан муносабати ёмонлиги сабабми ёки қамалганлиги сабабми, на юбилейлари ўтказилди, на унвон ололди. Ҳатто, танқидчиларнинг умумий рўйхатида тилга олинмай келди. Мана, буни жабр тортган дейиш мумкин.
— Шеърият ва шеърий жараён масалаларидан бироз чалғиб кетдик, шекилли.
— Танқидчилик билан боғлиқ адабий жараёндаги тенденциозлик ҳақида гапирмоқчиман-да. Бу ҳам адабиётимизни камбағаллаштиришга олиб келади. Қаердаки тарафкашлик бор экан, ўша ерда адабиётнинг шўри қурийди. Бой адабиётни ғариблаштиради; парчаларга ажратиб ташланади; яхлитлик йўқолади. Турғунлик даврида Турғун Пўлатнинг «Ичкуёв» асари яратилган эди. Унда обком секретари, райком секретарининг хатолари, тергов органларидаги порахўрликлар очиб ташланади. Бундан ўн беш йил олдин, «ура-ура»чилик даврида шундай асарларни ёзиш осонмиди? Турғун Пўлатнинг бевақт ўлимига шу асари орқали чеккан жабрлари сабаб бўлмадимикан, деб ўйлайман.
Уйғун ёки Абдулла Қаҳҳор шундай жабр кўрганми? Уйғун шу жабрни бошидан кечирганми? Кечирмаган. Борис Пастернакнинг «Доктор Живаго» асари тақиқ қилинган эди, ҳозир чиқаяпти. Ўқувчилар А. Твардовскийнинг тақиқланган «Хотира ҳуқуқи» асарини ўқияпти. Уйғун билан Абдулла Қаҳҳорнинг қайси асарлари тақиқланган эдию, ҳозир бадиий юксак саналиб, эътибор билан ўқиляпти? Нима учун айрим танқидчилар турғунлик даври ёки жабр кўрганлар ҳақида ёзадиган бўлса, фақат Уйғун билан Абдулла Қаҳҳорни топиб олган?
Булар ниманинг оқибати? Бу — ўша тенденциозлик, тарафкашлик белгиси. Оқибатда, ўзимиз билиб олган уч-тўртта муаллифдан бошқасини ўқимаймиз. Ваҳоланки, танқидчиликнинг вазифаси у ёки бу ёзувчини мақташ, танқид қилишгина эмас, талантларни топиш, халққа танита олиш ҳам-да! Сатира ҳақида гапирадиган бўлсак, унда социал масалалар бўлиши керак. Абдулла Қаҳҳор комедияларининг зўрлиги шундаки, унда одамларнинг оғзига тушадиган ҳикматли гаплари бор. Орқа этагини кўтариб бошига ёпса — буни сатира ёки комедия, дейилмайди. Буни циркдаги масхарабозликлардан сира фарқи йўқ.
— Дарҳақиқат, турли савиядаги хилма-хил асарлар кўплаб эълон қилинган; ҳозирги кунда ҳам чиқиб ётибди. Ҳаётнинг ўзи шафқатсиз ҳакам, дейишади. Шу маънода, ёзувчиларнинг ўрнини, асарларининг аҳамиятини давр элакдан ўтказаркан; ҳаётнинг ўзи саралаб қўяркан. Танқидчиликнинг рўйхатига тушмаслик, муаллифлар номи биридан олдин ёки биридан кейин саналиши, барчаси нисбий ва шартли, ижодкорнинг адабиётдаги ўрнини белгилай олмайди. Шукрулло ака, эллик йиллик шеъриятимиз тарихининг фаол иштирокчиси, гувоҳи сифатида айтинг-чи, ижодда сараланиб қолиш, пучакка айланиб кетмаслик учун шоирга талантнинг ўзи кифоя қилармикан? Ёки давр дардини, ҳаёт ҳақиқатини айтиш муҳимми? Бу борада бирон мезон бўлиши мумкинми?
— Талант дегани — ҳаёт ҳақиқатини айтишнинг ўзи эмас. Ҳақиқатнинг нима эканлигини танлай билиш — талант. Ҳаёт ҳақиқати нима? У ҳам умумий бир тасаввур. Кейин, ўша ҳақиқатни ҳақиқат сифатида, ҳаққоний қилиб ифодалай билиш зарур. Бунда — ҳамма гап бадииятда.
Ғафур Ғулом буюк шоир. Лекин ўн томлигини бир текис ўқиб бўлмайди. Сабаби, бирдек савиядаги асарлар эмас. Ўн томни ўқиб бўлгунча Ғафур Ғуломдан одамнинг шаҳди қайтиб қолиши мумкин. У қандай яшаган ва ишлаган, қанақа хаёллар, орзулар билан банд бўлганлигини билиш учун ўн томлигини чиқардик.
Мана, масалан, менинг ўзим бирон жойга бориб шеър ўқиш керак бўлса, «Қайси шеъримни ўқий», деб эртадан кечгача шеър танлайман. Шоир ўзига баҳо бера олмайди. Энг яхши шеърини топиш ва айтишга қийналади. Шунинг учун «Ҳамма шеърим яхши, қотириб ташлаганман», деб мақтанмаслигимиз керак. Ана шу бир дақиқалик ҳолат шоирнинг ҳамиша кўз ўнгида туриши керак. Шунинг ўзи ҳар бир шоир учун бир мактаб, сабоқ.
— Шукрулло ака, комил шахсни тарбиялаш ҳар бир даврда адабиётнинг демакки, шеъриятнинг ҳам бош мавзуси бўлиб келган. Бугунги шеъриятимизнинг энг асосий мақсади ҳам тўкис шахсни, инсондаги инсонийликни тарбиялашга, намоён этишга муносиб ҳисса қўшиш. Сизнинг шеъриятингизда инсонни мукаммаллаштирувчи омиллар кўпроқ куйланади. Ва ана шу — дўстлик, яхшилик, олижаноблик, феъли кенглик, саховат, меҳр улашиш, бенуқсон бўлиш ва ҳ. з. омиллар инсоний комилликни таъминловчи, маънавий-ахлоқий гўзалликни, шунингдек, ҳаётнинг боқийлигини белгиловчи етакчи хусусиятлар шеъриятингизнинг бош пафосини ташкил этади. «Инсон ва яхшилик», «Инсон инсон учун», «Мезон», «Кун ва тун» сингари қатор туркумларингиз мундарижасида ушбу масалаларни фалсафий идрок ва ифода этиш устивор. Шу маънода, кенг ўқувчилар ҳам, танқидчилик ҳам Сизни файласуф шоир, деб билади. Боя Ғафур Ғулом шеъриятининг фалсафий мазмуни ҳақида қисман тўхталиб ўтган эдингиз. Чиндан ҳам, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзодани шарқ классиклари Навоий, Бедил, Бобур сингари файласуф шоир, деб биламиз. Шу ўринда фалсафий шеъриятимиздаги анъана ва новаторлик хусусидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Классик шеъриятимиздаги фалсафий йўналишнинг қайси томонлари бугунги кунда давом эттирилаётир? Фалсафий поэзиямизнинг келажагини қандай белгиларда кўрасиз?
— Шеър — бу катта фикрларни, умуминсоний, дунё тақдирига алоқадор фикрларни қамраб олиши керак. Тинчлик ҳақида шеър ёзиш керакми? ёки Афғонистондаги, Ҳиндистондаги воқеаларни шеърга олиб кириш керакми? Булар «Ахборот»да ҳам айтилиб турибди-ку. Ҳаётга фалсафий қараш; ҳаётнинг яхши-ёмон томонларидан чиқарилган бадиий ва умуминсоний хулосалар ижод мағзини ташкил этади.
Шеър аслида панд-насиҳат, яшасинбозлик, ақл ўргатишдан холи бўлиши керак. Ҳозир ошкоралик даври, ҳақиқатни айт, деган билан шеър туғилавермайди.
Ҳозирги шеъриятимизда ҳам, китобхонда ҳам эски анъанавий шеъриятнинг таъсири кучли. Халқимиз дидактикага жудаям мойил. Сўфи Оллоёр ҳам, Маҳтумқули ҳам, умуман, классикларимизда социал масалалар кўпроқ ахлоқ билан боғлаб талқин қилинган. Маърифатпарварлик даврида илм-маърифат кенг тарғиб қилина бошланди. Кейинги совет даври шеъриятимизни олинг, унда меҳнат, тинчлик, жамият ҳодисаларига муносабат масалалари асосий ўринга кўчди. Эндиликда дидактика мавқеини йўқотди. Одамлар ҳам «бизга насиҳатингни қўй, бўладиган гапни гапир, масаланинг моҳиятини айт, келиб чиқаётган сабабини айт» дейди. Рауф Парфи, М. Солиҳ, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Миразиз Аъзам каби шоирлар — масаланинг моҳиятини айтяпти. Улар гапни бевосита курашдан, ўзини безовта қилган дардлардан бошлаяпти.
— Бугунги шеъриятимизда интим кечинмалардан тортиб Маяковскийона минбар шеърларгача, кундалик мавсумий шеърлардан то табиатга, севги-муҳаббат ва сиёсатга доир асарларгача бор. Баъзан шеърларни ватанпарварлик, гражданлик, манзара шеърлари деб мавзулар билан белгилаймиз. Шунга сизнинг муносабатингиз?
— Шу пайтгача ватанпарварликни, гражданликни бир ёқлама тушуниб келдик. Шеъриятда ватанни сев, партияга садоқатли бўл, халққа жонингни қурбон қил, дейиш ғоявийликка кирмайди. Ваҳоланки, табиатни куйлаш ҳам ватанпарварлик. Масалан, мен чучмўма ҳақида, лолақизғалдоқ ҳақида, ариқларда жилдираб оқаётган сув ҳақида шеър ёздим. Қишдан қолган, тегирмоннинг тагидаги яхлари, энди эриётган кўлмакдан балиқларни ушлаганимни шеър қилдим. Хўш, улар ўқувчининг ҳиссига сингадими? Қаерга бормасин, «оҳ, ўша болалигим ўтган маҳаллам», «ёшлигим», дейдими? Ўзи униб-ўсган жойларни ёдга оладими? Ахир, шунинг ўзи табиат орқали ватанпарварлик ҳиссини сингдириш эмасми?
— Ҳозирги кунда ҳақиқат учун, адолат учун курашиб ноҳақ жабр чекканларнинг тақдири ҳақида, тарихимизда рўй берган сохталаштиришлар ҳақида ошкора гап кетмоқда. Бугунги ошкоралик, демократия, қайта қуриш даврида лола, гунафша ҳақидаги шеърлар одамларнинг кўнглига унча сиғмайди. Табиат ҳақидаги шеърларни ҳам инкор этиб бўлмайди, албатта. Уларнинг ҳам ўз вазифаси бор. Лекин Шукрулло ака, сиз яхши биласиз, шу гўзалликлардан баҳра ололмаган, улардан маҳрум қилинган вақтлар ҳам бўлди. Мана сизнинг ўзингиз…
— Тўғри, мен ҳам туҳматга учраганман. Лекин Нўъмонжон, биласизми, у кунлар ҳақида сўзлаш эмас, шу вақтгача эслашга ҳам тоқатим бўлмаган!
— Лекин ҳозир шундай бир давр келдики, хоҳлайсизми-хоҳламайсизми ҳаётнинг ўзи эслашга, сўзлашга мажбур қилади. Ўша адолатсизликларнинг сабабларини очиш, гарчанд сиз учун оғир бўлса ҳам, ҳамма ўша хатолар такрорланмаслиги, ҳозирги ёшлар учун, ҳозирги кишилар учун жуда катта аҳамиятга эга. Тўғри, ўша вақтда сизларга туҳмат ёғдирилган. Лекин ўша туҳматчилар ким, туҳмат нимадан иборат, тасаввур учун. Гарчанд эслаш оғир бўлса ҳам…
— Мана бир мисол; «ахир, очереддан қачон қутуламиз», деган бир гап учун, «Бу — совет тузумидан норозилик», деб қамашган. Ёки «Усмон Носир талантли шоир» деганим учун «Сен халқ душманини тарғиб қиляпсан», деб айблашган. Мендан «Усмон Носирни ўқиганмисан?» деб сўрашди. «Ҳа, ўқиганман» дедим. «Қандай шоир эди, қайси асарларини ўқигансан», дейишди; «Талантли шоир эди», дедим. «Унинг душманлигини, қамалганлигини билмайсанми?» «Биламан», дедим. «Совет ҳукуматига душман одамни талантли деб мақтабсанми, душман одамнинг ёнини олганинг учун, демак, сен ҳам халқ душманисан; бу совет ҳукуматига, совет қонунига ишонмаслик» дейишди. Ўша вақтда нуқсонларимизни айтолмаганмиз. Шунинг учун ўша «очеред» ҳалигача чўзилиб келяпти. Агар нуқсонларимизни ўша пайтдаёқ очиқ-ойдин айтишга ўрганганимизда, бугун балки «беочеред» нарса олишга одатланган бўлармидик?
Бугунги қайта қуриш, демократия даври шунинг учун ҳам инқилобийки, у одамларга оқни оқ, қорани қора ҳолида кўришга ва айтишга, ҳақиқатни қарор топдиришга асос соляпти. Бу — одамларнинг онги учун, қалбининг покланиши учун кечаётган кураш, аслида. Ана шу ошкоралик жараёнида ёзувчининг ўрни-чи? Роли-чи?
Ҳозирги кунда фикр кўп айтиляпти. Лекин унинг ҳаками ким? Ким уларни амалга оширади? «Сен ҳақ» ёки «ноҳақсан», деб хулоса чиқарадиган ким? Балки ҳозирги давр фикрлар жамланаётган бир даврмикан? Назаримда, бизнинг вазифамиз шундаки, ана шу айтилаётган фикрлар юзасидан хулоса чиқаришни тезлатиш; тўғри хулоса чиқаришга ёрдамлашиш. Шахсий ҳукмронликлардан, буйруқбозликлардан тезроқ қутулишимиз, демократияни тезроқ оёққа қўйишга эришишимиз лозим. Ошна-оғайнигарчиликдан, гуруҳбозликдан тезроқ қутулишимиз керак. Демократиянинг асосида ҳам халқ манфаатлари ётади, шахсий истаклар, манфаатлар эмас.
— Кейинги пайтда экология, табиатни муҳофаза қилиш, тилга, тарихга муносабат масалаларида газета-журналларимизда адибларимизнинг куйинчаклик билан, дард билан ёзилган мақолалари кўплаб эълон қилинди. Биргина Бўстонлиқ районининг муҳофазаси масалаларини олайлик. Ёзувчилар союзида ўтган бир қатор йиғилишларда капралактам химия заводлари хусусида озмунча гаплар бўлдими; капралактам заводининг атроф-муҳитни булғаётгани, ҳавони ифлослантириб, одамларга, экинларга, дов-дарахтларга қанчалик зарар етказаётганлиги конкрет таькидлаб ўтилди. Лекин ижодкорларнинг дарди қанчалик оғир, фикри қанчалик салмоқли бўлмасин, қуруқ оғзида қолиб кетаяпти; уларни бартараф этувчи саъй-ҳаракатлар, амалий фаолиятлар кўринмаяпти, сезилмаяпти.
— Сизга бир гапни айтай: ҳозир, Бўстонлиқни ҳимоя қилиб чиққан, гапирган ёшларимизни куни кеча баъзи кекса ватанпарварларимиз райкомга чақириб, хатоларини тушунтириб қўяйлик, деган мақсадда суҳбатлашибди. Мана шунинг ўзи тазйиқ кўрсатиш эмасми? Демократияни тушунмаслик эмасми? Бу нега керак бўлиб қолди? Сталин даврининг таъсири ҳали бизнинг қонимиздан кетгани йўқ. Шахсга сиғиниш даврининг, якка ҳокимлик, юқоридан тазйиқ ўтказиш ҳалиям йўқолгани йўқ. Буни ёшлар қилаётгани йўқ. Кексалар қиляпти. Чақирган ҳам кексалар. Тўғри, уларнинг меҳнати, хизмати бор. Бунга қарши эмасман. Ҳозир демократияни тушуниш керак. Мен бўлсам, уларга шундай савол берган бўлардим: «Ёшларни чақириб Бўстонлиқни, Оролни ҳимоя қилиб гапирганлари, табиатни муҳофаза қилгани учун танбеҳ бермоқчи бўлибсизлар; қани, нимада айбламоқчи бўлаяпсизлар? Ёшларнинг гапида Ватаннинг зиёни учун айтилган бирор сўз борми? Ёки ёшларнинг дарди Ватан, халқ манфаатларидан келиб чиқмаяптими? Уларнинг хатти-ҳаракати Ватанга қаршими? Йўқ! Шундай экан, нега уларнинг овозини бўғиш керак?» Мана шуларни биз баъзан тушунолмай қоламиз, тагига етолмаймиз. Бунда халқнинг фикридан келиб чиқмаслик, халққа суянмаслик бор. Бу хусусда конкрет мисол келтиришим мумкин.
Яқинда Ўзбекистон ССР Олий Советининг сессиясида Қорақалпоғистон Автоном Республикаси Олий Совети Президиумининг раиси Ешимбетова Оролни ҳимоя қилиб чиққан айрим ёзувчиларимизни танқид қилиб, айблади. Қизиқ, биров қорақалпоқ халқи қирилиб кетмасин, касалга дучор бўлмасин, Оролни сақлаб қолайлик, деб халқнинг манфаатини ёқласа, жон куйдирса-ю, «Сенинг нима ишинг бор, бизнинг халқимизга туҳмат қиляпсан», деб дашном эшитса! Буни қандай тушуниш мумкин? Бу ҳам — тазйиқ, ҳам амалпарастликнинг энг юксак кўриниши. Бу — амални сақлаб қолиш учун жон ҳалаклик.
Куни кеча республика Ёзувчилар союзидаги Оролни сақлаб қолиш Комитетига кириб қолдим. Пирмат Шермуҳамедов, Юрий Ковалев ўтиришган экан. Кетма-кет Қўнғирот районидан икки аёл ҳам кириб келди. «Қўнғирот шаҳрига Оролдан учиб келаётган тузларни иккита халтага солиб сизларга олиб келдик», дейишди. «Уйимизда ҳам, боғимизда ҳам, ҳатто сувимизда, дастурхонимизда ҳам туз. Кўринглар, ер юзидан олган тупроғимиз», дейишди.
Қаранг, Қорақалпоғистон Автоном республикаси Олий Совети Президиуми раисининг кечаги гапи бир бошқа, халқининг ноласи — бутунлай бошқа. Мана шунинг учун ҳам бизга демократия жудаям керак. Уни ниҳоятда қадрлашимиз зарур. Ана шунинг учун ҳам ошкоралик керак. Халқдан узоқлашган раҳбарни халқ билан бирга яшашга, ишлашга жалб қилишимиз шарт. Шунинг учун ҳам ошкоралик биз учун ҳаводек, сувдек зарур.
— Орол тақдири тўғрисида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ёш ленинчн», «Шарқ юлдузн», «Гулистон», «Ёшлик» ва республикамизнинг деярли барча газета-журналлари изтироб билан, дард билан, қаттиқ қайғуриб материаллар эълон қилишди. Радио-телевидение орқали чиқишлар бўлди; бу гаплар «Литературная газета», «Огонёк» саҳифаларида ҳам — Бутуниттифоқ минбаридан туриб қам айтилди, айтиляпти. Лекин мана шу гаплар кўтарилганига ҳам уч-тўрт йилдан ошди. Ҳозир республикамиздаги етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳар бир кишининг тилида Оролнинг тақдири, республикамизнинг келажакдаги масалалари. Бу ижодкорларимиз сўзининг таъсири, матбуотдаги чиқишларнинг салмоғи, самараси, албатта. Лекин шу орада Оролнинг аҳволи яхшиланиб қолгани йўқ. Сув қирғоқдан тобора узоқлашиб кетяпти. Орол ҳалокати тезлашяпти. Сув хўжалиги мутахассислари, олимлар, маъмурий раҳбарлар эса «Оролнн сақлаш керакми, йўқми; бунинг учун нималар қилишимиз керак» деган баҳонадан унча нарига ўтишмаяпти. Адибларимиз, олимларимизнинг дардли қайғуришлари Оролнинг дардини аритолмаяпти. Илгарига силжиш йўқ; амалий фаолият кўринмаяпти. Шундай экак, ижодкор сўзининг қадри, матбуот сўзининг ўрни ва роли қаерда қолди, деган ташвиш туғилади. Эски ақидага кўра: гап бошқа-ю, иш бошқа…
— Марказий матбуот билан бизнинг матбуот ўртасидаги тафовут катта. Илгарилари шимол томондан эсган шамол Оролга келиб, денгизда буғланарди, ассимиляция бўларди-да, фойдали ёмғирга айланарди. Энди, Орол денгизи қуриб кетяпти, Москвадан эсаётган ёқимли шабадалар — хабарлар Орол денгизи тепасига келиб, фойдали гапларга айланиш ўрнига қумга сингиб қолиб кетаяпти, бизга етиб келиши қийин бўлаяпти. Ошкоралик бизда ҳали Москвадаги даражага етгани йўқ. Мисол сифатида бир масъул ходим билан бўлиб ўтган суҳбатни айтиб ўтмоқчиман. Бунга ҳам бир-икки йил бўлиб қолди. Ўзбекистон тўғрисида марказий матбуотда мақола босилиб чиққан экан. «Шуни республикамиз газеталари кўчириб ёзадими, йўқми?» дедим. «Ҳамма нарсани босаверамизми; агар керак бўлса, одамлар ўзлари кутубхоналардан топиб ўқий беради-да», дейди. Кейин менинг ҳам жаҳлим чиқди. «Унда, бундан буён газета-журналларга ёзилишни тарғиб қилмай, керакли сонларини кутубхоналардан топиб ўқий беринглар, дейишимиз керак экан-да», дедим.
Мана, кўряпсизми, Москва билан биздаги ошкораликка бўлган муносабатдаги тафовутни. Матбуотда жиддий фикрлар кўп айтиляпти. Менимча, газета-журналларда босилган хатлар, билдирилган фикрларни ўқиб, ўрганиб, натижасини айтадиган махсус группалар бўлиши керак, шекилли. Биргина Орол эмас, болалар ўлимининг кўплиги, хотин-қизларнинг ўзини-ўзи ёқаётганлиги, эски боғ-роғларнинг йўқ бўлиб кетганлиги, монокультурани йўқотиш, мевазорларни кўпайтириш, бозордаги нарх-наволарга боғлиқ масалалар (Сибирдаги бозорлардан фарқи йўқ), мактаб, умумтаълим системасидаги билим савиясининг пастлиги барча-барчаси тўғрисида газета-журналларимизда муттасил материаллар босилиб турибди. Хўш, мана шунчалик негатив ҳодисаларни юзага келтирган сабаблар нимада? Уларнинг илдизлари қаерда? Ахир, сир эмас, республикамизда экин майдонлари ўн ҳисса ортди. Лекин халқнинг турмуш даражаси шунчалик кўтарилдими? Йўқ. Бунинг сабабларини ўйлайлик.
— Ошкоралик, социалистик демократия — бу жамиятимиз тараққиётининг бир босқичи сифатида намоён бўлди: улар ўз-ўзидан вужудга келгани йўқ, албатта. Ҳаётий зарурият, жамият ривожининг тақозоси у. Ошкоралик вь социалистик демократиянинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий эҳтиёж сифатида пайдо бўлишида адабиётнинг қанчалик роли, хизмати бор, деб биласиз? Кейин, шу билан баробар, адабиёт ва санъат зиммасига янада масъул вазифалар юкланаётир. Бу — янги типдаги демократик шахсни тарбиялаш, шакллантириш масаласи. Негаки, демократия ҳам, адабиёт ҳам инсон учун, инсон шахсидаги инсоний фазилатларни камол топдириш учун хизмат қилишга қаратилган. Демак, ҳар иккисининг келажаги ва тақдири инсон шахси билан боғлиқ. Шу маънода, адабиёт, жумладан, шеърият ҳам инсон шахсини мукаммалаштириш жараёнида, демократияни сақлаб қолиш ишида нималарга кўпроқ эьтибор бериши зарур, деб ўйлайсиз!
Биз адабиётнинг замонавийлиги тўғрисида кўп гапирамиз. Рус ёзувчиларининг чиқишларини олиб қаранг. Шахсга сиғиниш даврини фош этиш, иллатларини, сабабларини очиб ташлаш бўйича озмунча асарлар эълон қилиндими? А. Рибаковнинг «Арбат фарзандлари», А. Твардовскийнинг «Хотира ҳуқуқи» асарларини, яна ўнлаб асарларни кўрсатиш мумкин. Бизда нима бўляпти? Ҳали адабиётимиз бу масалани кўтараётгани йўқ. Амалий ишларимиз кўринмайди. Биз халққа ёрдам беролмаяпмиз. На Рибаков, на Бек, на Дудинцев асарлари руҳидаги асарлар яратолмаяпмиз. Шу ўринда ўзимнинг гинамни ҳам айтиб ўтай. Камтарлик бўлмаса ҳам айтай: шахсга сиғиниш даврининг иллатини ўзбек адабиётида балки биринчилардан бўлиб саҳнага олиб чиққандирман «Хатарли йўл» драмамда. Шуни ҳозир телевизорда қўйиш мумкин-ку. Бу драма ҳақида етакчи танқидчиларимиздан бири Матёқуб Қўшжоновнинг ижобий мақоласи чиққан эди. Бошқа мунаққидлар ҳам ижобий фикрлар билдиришган эди. Ҳозирги кунда шу асар қайта қуришга ҳисса қўшиши мумкин; «замоннинг талабларига жавоб беради», деб бирон бир театрда қўйишга қизиқаётган одам йўқ. Ҳозир ижодкорларнинг бош вазифаси, қайта қуришга ёрдам берадиган асарларни яратиш, борларини юзага чиқариш.
Ҳозирги кунда халқимизнинг босиб ўтган йўлига, тарихига алоқадор кўп гаплар бўлаяпти. Сталин шахсига сиғиниш даври ҳаммани қизиқтиряпти. Айниқса, рус олимлари, ёзувчилари тарихий ҳақиқатларни юзага чиқаришяпти, баҳс маданиятини юксалтиришяпти, қайта қуриш ишига катта ҳисса қўшишяпти. Лекин бизнинг кўпгина олимларимиз, Эркин Юсуповга ўхшаганларни мустасно қилганда, ҳозирги ҳаётий долзарб масалалардан узоқда, четда. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесасини техникумда ўқиб юрган вақтимда ўқиган эдим. Асар қаҳрамонларидан бири рус ва Европа маданиятини ўрганишга, маърифатга чақириб жон куйдиради. Мактаблар очиш учун бойларни йиғади, шулардан бирон нарса ундирармиканман, деб ўртаниб гапиради. Улар бўлса, «хур-хур» хуррак ота бошлайдилар. Беҳбудий қаҳрамони: «Мана шулар билан ҳали миллатни равнақ топтираманми, ватанни обод қиламанми», деб аччиқ изтироб чекади,
Ҳозирги қайта қуриш даврида айрим олимларимиз, ижодкорларнинг ишларига қараб, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўша асари ёдимга тушади. Масалан, қайси адабиётшунос ёки танқидчимиз шахсга сиғиниш даврини ёритишга етарли ҳисса қўшяпти? Ўша давр иллатларини, фожиаларини очувчи асарлар яратилдими? А. Твардовский «Ҳотира ҳуқуқи» поэмасини бундан йигирма йил олдин ёзган экан. Бизда ҳам шундай интилишлар бўлганми? Ахир, Шуҳратнинг «Олтин зангламас» романи шу ҳақда-ку! Шу ҳам етарли тарғиб қилинаётгани йўқ-ку!
— «Хатарли йўл» драмангизнинг ёзилишига нималар сабаб бўлган эди? Агар мавзудан чиқиб кетмасак, яратилиш тарихи тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Драмада бундан йигирма беш-ўттиз йил илгари шахсга сиғиниш давридаги мунофиқлар образини саҳнага олиб чиққан эдим.
Илмий тилда айтганда, бизда кўпинча прототип, деган гап бўлади. Прототипингиз борми, деб сўрашади. Прототип — бу ҳаёт; прототип — бу ёзувчининг энг яқин дўстлари, оиласи, қариндош-уруғлари; ўзининг бошидан кечирганлари. «Хатарли йўл» драмамга шу жиҳатдан назар солсак, кўпроқ мен таниқли адабиётшунос олим, профессор Ҳамид Сулаймонни кўзда тутган эдим. Бу — биринчи пьесам. Энг осон ва тез ёзилган пьесам ҳам шу. Чунки асар мавзуи асосан бошимдан кечган воқеалар бўлган. Ёзилгунча ҳам кўнглимда анча пишиб, қолган эди. Воқеалари, айтиладиган гаплар қуйилиб, ўйланиб, тайёр бўлгани учун ҳам жуда осон, икки ойда ёзилди. Шеърий драма машинкада тўқсон — юз бетга яқин эди. Уни кейин театрда қисқартиришиб, етмиш бетга туширишди; асл варианти ҳам ўзимда қолмаган, йўқ бўлиб кетди, шекилли. Пьеса ёзишдаги бу биринчи тажрибам эди; уни нимадан ва қандай бошлашда қийналдим; бир устоз, суянчиқ керак бўлди. Шунда Шекспир менга мадад берди. «Отелло», «Ҳамлет», «Макбет»ларнинг бир-икки саҳифасини ўқиганимдаёқ ундаги воқеаларнинг тортиш қудрати, ҳар бир гапида бир тугун, яширин фикр бўлиши ўзига сеҳрлади-қўйди. Шундан кейин хаёлимдаги воқеалар ҳам магнитга тортилган занжирдек чизилиб қолди. Воқеаларни қаердан бошлаб, қаерда тугатиш кераклики ҳам «ярқ» этиб кўринди. Воқеалар ривожини, тугунини яққол тасаввур қилдим.
Ёзиб бўлгач, режиссёр Шариф Қаюмов, Одил Ёқубов ва Хибзиддин Муҳаммадхоновга биринчи марта ўқиб бергандим. Маъқул топишди. Кейин театр, томошабинлар ҳам яхши қабул қилди. Ҳозир шу асарим Москвада русчага таржима қилиняпти. Таржимоним: «Асарда профессор Абдусодиққа туҳмат қилган одамнинг нима деб туҳмат қилгани, қамалишига нима сабаб бўлгани пьесада йўқ-ку», деди. «Қаҳрамон гуноҳ қилган эди, дейилади-ю, лекин конкрет нима билан айбланганлиги очилмаган; шуни асослаш учун биронта мисол айтиб беролмайсизми?» деди. «Пьеса ёзилган пайтда
айтиш мумкин эмас эди. Ҳозир мумкин», дедим-да, ўз бошимдан кечган воқеаларни айтиб бердим…
— Шукрулло ака, билишимча, сизни миллатчиликда айблашган, шахсга сиғиниш даврида йигирма беш йилга қамашган. Бир қанча муддат олис Сибирда қамоқ жабрини ҳам тортгансиз. Россиянинг қаҳратон совуқларида озор чеккан одамнинг «Россия», «Икки қоя» сингари халқлар дўстлигига бағишланган муҳташам достонлар яратишига ақл бовар қилмайди. Агар кўнглингизга оғир ботмаса, ушбу асарларнинг ёзилишига нималар туртки берган эди? Мабодо, Россиянинг овлоқ ўрмонзорларига бесабаб бориб қолмаганингизда ҳар икки достон ёзилмай қолган бўлиши мумкинмиди? Аслида, «Россия», «Икки қоя», «26 апрель. Тонготар» асарларингизни халқлар дўстлигига қасида сифатида битилган достон-трилогия дейиш мумкин.
— «Россия» достонимнинг ёзилишини, унинг мазмунидан қатъий назар, Сталин сиёсатининг хатолигини битта далили, ҳужжати, дейиш мумкин. Агар, чинданам миллатчи бўлсам, совет давлатига, тузумига душман ҳисси билан тарбияланган бўлсам, қандай қилиб бошимга уриб турган жамият тўғрисида «сен яхшисан», деган ишонарли гап айтоламан? Тил учида «яхши» деб қўйишим мумкин, аммо ишонарсиз бўлади; тил учида айтилгани сезилади. Одамларни ишонтира олишим жуда қийин бўларди. 1959 йилги декада вақтида Сергей Смирнов айтган эди: «Россия» асарини ўқидим. Шукруллонинг ўзбеклигига ишонмай қолдим. Чунки, рус табиати, рус юрти ҳақида фақат рус шоиригина шунчалик ёза олиши мумкин эди. Албатта, Шукрулло ўзбек», деган эди.
«Россия» достоним қамоқ лагерида ёзилган. Ҳеч кимга кўрсатмасдан, ўғринча ёзгандим. Ҳатто эътиқод шунчаликки, «Ленин—Сталин тундрада» деган достон ҳам ёзган эдим. Айрим парчалари ҳали ҳам сақланган.
— Шу пайтгача эълон қилинмаган-ку.
— Гап шундаки, достон икки нусхада эди. Иккинчи нусхани йиртдим, десам, аксинча биринчи ва иккинчи нусхаларнинг бошланиш қисмини йиртиб ташлаган эканман. Нима хаёлда қилганман, эсимда йўқ.
Ана, кўрдингизми, ҳатто Сталин бизни қамаган, деб ўйламаганмиз; шаънига лагерда достон ёзиб юрганмиз.
— Бир яхшиликни-ю, бир ёмонлнкни унутиб бўлмайди, дейишади. Ўша ноҳақ азоб чеккан йилларингиз — эсдан чиқмайдиган аччиқ бир хотира. Хотирани эса кўнгилдан аритиб, хаёлдан ўчириб бўлмайди. Шу тўғрида поэмами, публицистик мақолаларми ёки саҳна асарими ёзиш ниятингиз йўқми?
— Буни ёзмаслнгимнинг сабаби бор. Яқинда Мустай Карим билан Москвада кўришиб, шу ҳақида, ҳозирги сиёсат, ўтмишим ҳақида суҳбатлашиб қолдим. Мустай: «Бир айтган эдинг, эсимдан чиқибди, сен қаерда ўтирган эдикг», деб сўраб қолди. «Норилскда бўлганман», дедим. Бош кийимимга ҳам, елкага ҳам, шимга ҳам номер тақиб юрганман. Ўша даврларни эслагим келмайди. Ўша ёқдан иккитами-учта мен ёзган, хотинимнинг менга ёзган хатлари бор эди. Бир йилда бир марта хат ёзишга рухсат бериларди. Келганимдан кейин, шу хатларни кўрсам, ўша лагердаги ноҳақ жабр чеккан даврлар эсга тушмасин, кўзимга кўринмасин, деб йиртиб ташлаганман. Ҳаттоки, лагернинг номерини ҳам, кийимлардаги номеримни ҳам яна бир кунмас бир кун ёдимга тушиб таъбимни хира қилмасин, деб ёдда сақламаганман.
Шуларни айтсам, Мустай Карим «Жуда яхши бир шеър қилсанг бўларкан» деди. «Бир қизни бир вақт уйига кузатган эдим. Эшигидаги номер ҳали-ҳали эсимда… Лекин бир неча йил ётган ўша лагер номерини ҳануз эслолмайман. Сабаби, одам севган нарсасини эслашни истайди». Шу мазмунда шеър ёзсанг бўларкан, деди.
Қайта қуриш, демократия, ошкоралик — бизни кўп нарсаларга бошқатдан назар ташлашга, қайтадан баҳолашга ўргатяпти. Мана, энди давр келди. Энди, ўйлаб кўрса бўлади. Агар, келажак авлодга, ҳозирги қайта қуриш ишларига хизмат қиладиган томонлари бўлса, бадиийлаштириб, автобиографик характерда бир асар ёзиш мумкин бўлар. Куни кеча «Кўмилган хотиралар» деган, бир нарса бошлагандим ҳам.
— Бу, публицистик мақолалар бўладими ёки поэмами?
— Йўқ, наср, бадиий асар. Бошидан кечирган бошқа, дейишади-ю. Ўша давр фожиалари, йўқотишлари, одамлар қалбини, фикрини заҳарлаган мусибатлар тўғрисида.
— Кўп минглаб мухлисларингиз номидан мароқли суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдираман. Доимо соғ-саломат бўлинг. Ижодий дард, яратувчилик фикрлари асло тарк этмаслигини тилаймиз.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 9-сон