Расулхон Абдумажитов. «Ўпқон» (1990)

«Биз номатлуб (пинҳоний) иқтисодиётнинг таъсири ортиб бораётганлигига ҳам бепарво қарай олмаймиз, талай жойларда ана шу «номатлуб иқтисодиёт» айрим ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари билан тил бириктириб олмоқда. Хўш, бундан ким кўпроқ озор чекаяпти?»

(Ўзбекистон Компартиясининг XXII съезди материалларидан).

Мамлакатимиз янги иқтисодий сиёсат арафасида турипти. Унинг қай йўсинда бориши, очиғини айтганда, мутахассисларнинг қизғин баҳс ва мунозараларига сабаб бўлаётир. Шубҳалар, гумонлар, ҳаддан зиёд эҳтиёткорлик келажак ишини бир қадар пайсаллаштирмоқда. Айниқса турли ижтимоий миқёсдаги тўсиқлар мамлакат иқтисодий аҳволининг қад ростлашига жиддий таъсир кўрсатаяпти. Бошқарувнинг узоқ вақт давом этган маъмурий-буйруқбозлик усули мамлакат иқтисодини боши берк кўчага солиб қўйди. Бошбошдоқлик авж олгани сари мамлакат кўламида махфий иқтисод сиёсати илдиз отди, пулнинг қадрсизланиши кучайди. Назоратсизлик, шубҳасиз, қора гуруҳларнинг бошини тез бириктиради. Шундай ҳам бўлди.

Агар иқтисодиётимиз бир улкан дарё бўлса, унинг ўпқонлари махфий иқтисодиётдир. Ана шу ўпқоннинг пайдо бўлиши ва ички тузилиши ниҳоятда мураккаб — иқтисодиётда инқироз чуқурлашгани сари унинг миқёси ортаверди. Ҳозирги кунда махфий иқтисодиёт ижтимоий ва иқтисодий муносабатларнинг турли кўринишларида, халқ хўжалигининг барча соҳаларида ҳамда маъмурий-бошқариш аппаратининг қуйидан юқоригача бўлган бўлимларида гоҳ яширин, гоҳ очиқ ўзини намоён қилиб турибди. Хўш, махфий иқтисодиётнинг ўзи нима?! У қандай пайдо бўлади?!

Қадимдан жаҳоннинг барча давлатларида мавжуд бўлиб келган иқтисоднинг бу тури ривожланган капиталистик мамлакатларда миллий даромаднинг 5 — 7 фоизини ташкил қилади. Бизда эса у 17 — 18 фоизга чиқиб кетган.

Мамлакат иқтисодиётининг марказида тақчилликнинг турғун бўлиб қолиши, пул сиёсатининг кучайиши расмий иқтисодиётни ожизлантириб, махфий иқтисодиётни кўчайтириб юборди, аҳоли даромадининг ўсиши 1989 йилда 1988 йилга нисбатан 64 миллиард сўмни, яъни 12,9 фоизни, халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш эса 30 миллиард сўмни, яъни 7 фоизни ташкил қилди. Корхоналарда, хўжалик фаолиятини янгича юритиш маҳсулот баҳосини ошириш имконини туғдирди. Натижада нарх-наво ортиб кетди, аҳоли даромадининг ўсиши эса, ана шу ҳисобга таъминланди.

Махфий иқтисодиёт қонундан ташқари шахсий ва артеллар фаолиятида ҳам намоён бўлади. Бунда хусусий усталар, ширкат, артеллар ортиқча маҳсулот ишлаб чиқариб, ана шу «ортиқча»дан давлат ҳисобига солиқ тўламайдилар.

Ишлаб чиқариш воситаларини чайқов бозорида сотилишидан келадиган даромад ҳам махфий иқтисодиётнинг чўнтагини қаппайтиради, бунда олибсотарлар чайқов бозорини кенгайтириб, «дирижёрлик» қиладилар.

Махфий иқтисодиётнинг яшовчанлигига сабаб доимий равишда партия, давлат-хўжалик, ҳуқуқий ташкилотлардаги шахсий манфаатдор кишиларнинг қўллабқувватлаб туришидадир. Уюшган жиноий гуруҳларнинг вужудга келиши ва ривожланиши жамият инқирозига ва ижтимоиймулкий емирилишга олиб келади.

1985 йилга келиб жамиятимизда махфий иқтисодиётнинг дастлабки фаолияти мустаҳкамланиб, мустақил йўлга кириб олди. Шунинг учун ҳам унинг тазйиқини барча фуқаролар сеза бошладилар. Бизнинг жумҳуриятимизда унинг урчишига халқ ва партия ҳозирги кунда инкор этиб турган маъмурий-буйруқбозлик усули сабаб бўлди. Масалан, пахтачилик соҳасида «пахта мафияси» вужудга келди ва унинг ўлчами 2,5 миллиард сўм деб белгиланди. Шу суммадан 800 миллион сўм жумҳурият ичида қолган бўлса, қолгани пахта хомашёси борган жойларда сув бўлиб кетди. Бу рақам мамлакат махфий иқтисодиётининг 2—3 фоизини ташкил қилади.

Мамлакат бўйича махфий маблағни олимлар 110 миллиард деб белгилашмоқда. «Пахта иши»дан ташқари фош бўлган энг катта уюшган иқтисодий жиноятлардан «Океан» (кит овловчи «Слава» кемаси), «Ростовликлар иши», «Волгоградликлар», «Москвалик», ўтган йилги «Карповликлар» ва «Харьковликлар» иши шулар жумласидандир. Мамлакат бўйича аҳолига ҳар хил пинҳоний хизмат қиладиган хусусий кишиларнинг йиллик даромадининг йиғиндиси 14 — 16 миллиард сўмни ташкил этади. Темир йўлда содир бўлаётган ўғирликлардан расмий иқтисодиёт 10 — 12 миллиард сўм зарар кўради.

СССР Ички ишлар министрлигининг маълумотларига қараганда, кейинги икки йилда мана шу соҳада 50 мингдан кўпроқ жиноят содир этилган бўлиб, асосан чет эл моллари ўғирланган. Ўғирланган моллар асосан чайқов бозорида тақсимот қилиниб 2 — 3 баробар қимматига сотилади. Бир йил давомида кишиларнинг дўконлар орқали кийим-кечак харидидаги фарқ 4 — 4,5 миллиард сўмдан ортиб кетган. Ана шу ортиқча пул чўкиб қолади. Бу эса ўз навбатида пулнинг қадрсизлигини таъминлайди. Савдо муассасаларидаги камомад ҳам 171 миллион сўмдан ортиб кетди. Андижон шаҳри битта улгуржи савдо омбори ва бир дўконнинг ўзи 1,26 миллион сўм камомад келтирган. Аҳолидан маҳсулот сотиб олиш борасидаги тайёрлов йдораларининг фирибгарликлари мамлакатда кенг тарқалган бўлиб, улар меҳнатсиз даромаднинг минг хил усулларини ўйлаб топишади. Шулардан энг йириклари навини алмаштириш, сифатини пасайтириш, ифлослик даражасига қараб ўзлари хоҳлагандай нарх қўйиб қабул қилишдир.

Иқтисодий вазиятнинг мураккаблашиши чайқовчилик миқёсини янада кенгайтириб юбормоқда. 1989 йилда ўзига тўқ оилаларнинг учдан икки қисми олиб-сотарлардан мол харид қилдилар. Мамлакат бўйича ҳар бир оила ўртача ўз жамғармасидан 60 сўмдан зарар кўрган бўлса, Грузияда — 140, Туркманистон ва Молдавияда — 80, жумҳуриятимизда — 70 сўмни ташкил қилган. Чайқов бозоридаги корчалонларнинг фойдаси 1,3 миллиард сўм бўлиб, шундан кийим-кечак олиб сотишдан 350 миллион, пойабзалдан 250 миллион, газламалардан 110 миллион, атторлик молларидан — 100 миллион, қурилиш жиҳозларидан 90 миллион сўм олиб-сотар ва ишбилармонларнинг ҳамёнига тушган. Давлат савдо муассасаларидаги қўли қинғир ходимлар ҳам молларга «устама» қўйиб сотиш билан 180 миллион сўм даромад қилганлар. Шу йилнинг ўзида майда олиб сотарлар сони 1,3 маротаба кўпайган. Аҳолининг ишсиз, касб-кори йўқ қисми борган сари майда чайқовчилар «қўшини»ни тўлдириб бормоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари буларга қарши курашиб, бирор ижобий натижага эриша олмаётирлар.

Махфий иқтисодиётнинг ривожланишида улгуржи ва чакана баҳонинг мувофиқлаштирилмагани ҳам бир омилдир. Масалан, ёнилғи савдоси соҳасида ўзига хос «қироллар» вужудга келган бўлса, спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланадиган ресторан буфетчиларининг тегирмонига ҳам сувдай фойда қуйилиб турди.

Ёнилғининг ярмини автомашина эгалари туйнукдан оладиган бўлдилар. Натижада давлат 2 миллиард сўм зарар кўра бошлади. Ёнилғининг сунъий равишда тақчиллаштириш сабабли қурилиш ишларининг бажарилмаслигидан давлат 3 — 4 миллиард сўм зарар кўрди.

Пинҳоний иқтисод ўпқонида турли зараркунандалик — вагонларга маҳсулот ҳажмини кам юклаб, бир-бирини алдашлар ҳам содир бўлиб туради. Бундай ҳоллар халқ хўжалигига минг-минглаб сўм зарар келтиради. Масалан, СССР Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг давлат назорати маълумотларида қайд этилишича, 1989 йилнинг 9 ойи мобайнида денгиз, қуруқлик чегара қароргоҳларига 8,5 минг чет савдога чиқарилаётган «Жигули» автомашинаси яроқсиз, синган, урилган, ўғирланган ҳолда келтирилган, юкхоналарга жойланган маҳсулотлар эса ҳақиқий оғирлигига нисбатан 10 — 12 фоиз кам бўлиб чиққан.

Халқ мулкининг талон-тарож ёки исроф бўлаётганига яна бир сабаб, юк ташийдиган темир йўл хизмати соҳасидаги хизмат усулининг номутаносиблигидир. Бу соҳада ташиб кетиладиган юкларнинг «йўқолиши табиий ҳол» деб қабул қилинган ғалати ақида бор. Масалан, дон маҳсулоти яхши муҳофаза қилинган поезд юкхоналарида ташилганда ҳар минг километрда 2 тонна, оддий юкхоналарда ташилганда 3,9 тонна исроф бўлиши табиий ҳол, деб қаралади. Аслида мана шунча миқдордаги дон маҳсулоти исроф бўлмайди, йилига 55 — 115 минг тонна дон, сўмга айлантирилганда 9 — 20 миллион доллар хусусий кишиларни бойитишга хизмат қилади. Шунингдек, цемент ва бошқа сочиладиган қурилиш жиҳозлари ҳам шу тариқа давлат чўнтагидан ўмариб қолинади.

Бундан ташқари маҳсулот сифатини атайлаб бузиш ҳоллари ҳам тақчилликка олиб келадиган омилдир. Масалан, гўшт маҳсулотларидан колбаса тайёрлашда корхонада намлик 1 фоиз оширилса, 1 тонна гўшт; газлама фабрикасида бир қатим ип чегириб қолинса, 500 метр газлама «даромад» манбаига айланади. Иш жараёнининг ипидан игнасигача яхши билган айрим гуруҳлар шу тариқа халқ мулкини шахсий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилдирадилар.

Дастакларга мурожаат қилайлик; 1989 йилда Олмалиқ шаҳридаги Тоғ-металлургия корхонасида мис эритиш заводидаги ташландиқ ғиштларни уддабурон жиноятчилар қайта ишлаш жараёнида олтин, кумуш олишиб чайқов нархида сотишган. Жиноят фош қилингач 11,5 миллион сўмлик қимматбаҳо металл, хомашё, олтин ва кумуш маҳсулотлар давлат ҳисобига ўтказилди. Булар фош бўлгандан кейин, иккинчи гуруҳ уларнинг тажрибасини қўллаб, яна иш бошлаб юбордилар. Булар ҳам ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олиниб, улардан 640 минг сўм миқдоридаги 80 килограмм кумуш қайтариб олинди.

Бундай қинғир ишлар қурилиш соҳасида ҳам кўплаб учрайди. Молия ишидаги хўжасизлик оқибатида турли даражада моддий маблағ расмийлаштирилган ҳолда ўзлаштирилиб юборилади. Масалан, ободонлаштириш ишлари аввал режалаштирилмагани учун ҳукумат маблағ ажратмайди. Жойларни ободонлаштириш эса зарур, чунки аҳоли якдиллик билан шуни талаб қилаяпти. Бундай ҳолда жойлардаги йирик корхоналар зиммасига ободонлаштириш ишлари юклатилади. Бирор қишлоқ яқинида бекат қуриладиган бўлди, дейлик. Мана шу вазифа юклатилган ташкилот маъмурияти уни ўз маблағи ҳисобига қуриши керак. Бекат белгиланган муддатда қуриб фойдаланишга топширилади. Уни қуриш учун, дейлик, 3 минг сўм сарфланди, деб ҳужжатлар расмийлаштирилади. Аслида мазкур бекатнинг бунёдга келишида бир-бир ярим минг атрофида маблағ сарфланган бўлади. Қолган бир ярим минг сўм қулоқнинг бошида турганлар томонидан ўзлаштирилади. Вассалом.

Шу сингари жамиятнинг иллатлари маънавиятга ҳам келиб тақалади. Пинҳона иқтисодиётда фоҳишаларнинг ҳам ўз ўрни бор. Улар ҳукумат билан ҳеч қандай олди-берди қилмайдилар.

Тадқиқотчилар уларни уч табақага бўладилар. Биринчиси, олий табақа бўлиб, улар уй-жойга, олий маълумотга, хизмат жойи ёки лавозимга эгадирлар. Улар асосан мансабдор шахслар, чет элликлар билан алоқада бўладилар. Бир кунлик баҳо — 100 сўмдан юқори! Олий табақадагиларнинг 19,5 фоизи «даромад»нинг бир қисмини жамғариб ҳам борадилар. Иккинчи табақанинг бир қисми иш жойига ва олий, ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, бир қисми иш жойидан ажралган, ресторан, меҳмонхоналарда санғиб юрадиганлар. Бу табақадагиларнинг сони ортиб бормоқда. Уларнинг 7,5 фоизи келажак учун маблағ ҳам жамғаради. Учинчи табақадагилар қорин тўйғазиш учун ва спиртли ичимликлар учунгина фоҳишалик билан шуғулланадилар, вокзалларда, кўчаларда тунайдилар. Кунлик даромад — 10 — 15 сўм. Фоҳишалар асосан йирик шаҳарларга танда қўйишади…

«Ўпқон»да ҳаракат қилаётган жиноятчи, чайқовчи, ўғри ва фоҳишалар жамиятимизнинг хавфли яраси бўлиб, тезроқ тузатилмаса, газак отиб кучайиб кетаверади. Улар миллионлаб фуқароларнинг турмуш тарзига иқтисодий, маънавий жиҳатдан рахна соладилар, мамлакат иқтисодиётининг барқарорлашувига тўсиқ бўлиб қолаверадилар.

Расулхон Абдумажитов, Иқтисод фанлари номзоди, жамиятшунос.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 2-сон