Миллий нигилизм ҳақида адабиётчининг шахсий мулоҳазалари
Тошкентдаги Навоий номидаги академик Катта театрга тантанали йиғилиш қатнашчиларини табриклаш учун келган пионерлар театрдан ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб чиқдилар. Ўша йиллари мафкура мутасаддиси бўлган амалдор йиғинни она тилида табриклашга рухсат бермаганди. Етмишинчи йилдаги бу воқеа мени ҳозир ҳам руҳан безовта қилади. Ижтимоий ҳаётни туйғулар орқали англай бошлаган мурғак қалбларда ўша воқеа қандай жароҳат қолдирганини тасаввур эта оласизми? Балки, улардан кейинчалик она тилига, миллий удумларга беписанд, маслаксиз шахслар, амалдорлар шаклланган бўлса ажаб эмас.
Шахсиятпарастлик зулми ҳукм сурган йилларда ўз халқининг миллий руҳига, урф-одатларига, тилига атайин менсимай, паст назар билан қаровчи амалдорлар табақаси вужудга келган эди. Бу ижтимоий ҳодисани Чингиз Айтматов миллий нигилизм деб атайди. Миллий нигилизм қандай келиб чиққан, унинг ижтимоий моҳияти нимадан иборат?
Бу ҳодиса, аввало, миллий руҳ, миллий ғурур, миллий ифтихорнинг қаттиқ жароҳатланиши оқибатидир. Миллий ғурур, образли айтганда, она юрт осмонида парвоз этаётган лочин. Бу эҳтиросли гўзал қушнинг парвози кўпларни ўзига маҳлиё этиб, уларда қанот пайдо қилиши, оммавий руҳий кўтаринкилик вужудга келтириши мумкин. Миллий ғурури бутун, руҳан бардам халқни эса ҳар ким хоҳлаганича идора қилиши қийин. Шу сабабли ҳар бир босқинчи ҳукмдор қарам халққа нисбатан ўзига хос мутелик концепциясини яратади.
Миллий руҳ, миллий ифтихорни барбод этиш ижтимоий мутелик концепциясининг бош йўналиши эди. Маълумки, тарих халқ хотираси, миллий сабоқ-тажриба, миллий ифтихор хазинасидир. Шахсиятпарастлик ҳукмронлиги халқ тарихига қулф солди, тарихни мустақил ўрганиш, тарих сабоқларидан эркин баҳраманд бўлиш манъ этилди. Тарихнинг муайян садолари, нодир белгилари ҳам шафқатсизлик билан барбод қилинди. Бирор кишининг уйидан эски ўзбек ёзувида битилган китоб, қўлёзма топилса, ўша хонадоннинг бошига қора кунлар тушди. Одамлар қадимий нодир қўлёзма асарларни таъқиб таҳликаси остида йўқ қилдилар. Қадимий ўзбек меъморлиги ёдгорликлари ҳам атайин қаровсизлик ва бошқа сабабларга кўра харобага айлана бошлади. Бухорода тарихий меъморлик ёдгорликлари бузиб ташланган ёки бузилиб йўқ бўлган. Самарқандлик кекса Бибихоним мадрасасини бир гуруҳ ёшларга тушунтираётган отахонни граждан кийимидаги икки шахс, эскиликни тарғиб қилаётгаиликда айблаб, қўлидан тутиб олиб кетганлигини афсус билан сўзлаб берган эди.
Ҳар бир халқ тарихининг истиқболга нур сочувчи, узоқ-узоқларни ёритувчи ўз машъаллари бўлади. Булар халқнинг келажакка тақдим этган умрбоқий фарзандларидир. Халққа унинг буюк фарэандлари орқали баҳо берадилар, дейди Расул Ҳамзатов. Халқни маънавий майиб-мажруҳ этишнинг бирдан-бир йўли унинг ифтихор машъалларини йўқотишдир. Маҳкамачилик халқимиз тарихидаги ҳамма нурли нуқталарни ўчиришга уринди. Халқ озодлиги, мустақиллиги учун мардлик кўрсатган фидойи қаҳрамонлар — Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди ва бошқа тарихий шахслар ҳақида тузукроқ маълумотга эга эмасдик, уларнинг қора суркалган қиёфаларини хиёл тасаввур этардик, холос. Амир Темурни буюк саркарда сифатида тилга олиш катта гуноҳ саналар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолияти ва ижоди сиёсий шубҳа остига олинганди. Халқ ифтихорини қатағон этиш сиёсати совет даврига нисбатан ҳам давом эттирилди. Чоракам бир асрлик тараққиётимиз давомида халқимиз тиғ тегмаган бирорта сиёсий ифтихорга эга эмас. Ифтихори йўқ халқ боши эгилган муте халқдир.
Тарих — халқнинг ота-онаси. Ота-онасидан узоқ хабар олмаган, ундан юз ўгирган фарзандни, аёнки, эл нафратлайди, оқпадар, деб атайди. Бутун бир халқ чоракам бир аср ўз тарихидан мажбурий жудоликка учради. Тарихи йўқ халқ бамисоли илдизи кесилган дарахт. У аста-секинлик билан қуриб-чириб тугайди. Шахсиятпарастлик ҳукмронлиги томонидан ишлаб чиқилган интеллектуал геноцид шундай разил мақсадни кўзда тутар эди.
Мутелик концепциясининг яна бир йўналиши кўрқитиш сиёсати эди. Қўрқитиш сиёсати тарихда янгилик эмас. Буни XIII аср ҳукмдори Чингизхон ҳам ўз босқинчилик юришида қўллагани маълум. Чингизхон йирик-йирик шаҳарларни ер билан яксон этиб, аҳолисини батамом қириб ташлаган эди. Масалан, босқинчиларга қарши бир неча бор бош кўтарган кўпминг кишилик Ҳирот шаҳри харобалари ичида 15-20 кишигина тирик қолгани ҳақида тарих дарак беради.
Қўрқитиш — шахсиятпарастлик ҳокимиятининг сиёсий мафкура қуролига айланган эди. Таниқли совет драматурги А. Афиногемовнинг «Даҳшат» (1931) пьесаси қаҳрамони Бородиннинг қуйидаги сўзлари ўша мудҳиш муҳитнинг ижтимоий иқлимини ифодалайди: «Текширишдан ўтказилганларнинг саксон фоизи ижтимоий таянчдан маҳрум бўлиб қолиш ваҳимаси, дўқ-пўписа, қўрқув таҳликаси остида яшарди. Сутчи сигирининг мусодара қилинишидан, деҳқон мажбурий коллективлаштиришдан, совет ходими доимий тозалашдан, партия ходими оғмачиликда, илмий ходим идеаллаштиришда айбланишдан, техника ходими зараркунандалик айбидан қўрқади биз буюк даҳшат даврида яшаяпмиз».
Миллий республикаларда қўрқувларнинг бари бир ном остига жамланади. Бу — миллатчилик тамғаси эди.
Миллатчилик нима? Ўз халқининг миллий хусусиятларини ошириб кўрсатиш орқали уни бошқа халқдан устун қўйиш, ўзга миллат ва элатларга беписанд муносабатда бўлишдир. Гитлерчиларнинг немис миллатини олий ирқ ҳисоблаб, бошқа халқлардан устун қўйиш, уларни бўйсундириш сиёсати миллатчиликнинг ёвуз кўриниши эди.
Советлар мамлакатида янги инқилобий ғоялар ва туйғулар билан қанотланган халқлар орасида бундай машъум иллатнинг бўлиши мумкин эмас эди. Миллий уйғонишни атайлаб миллатчилик, деб талқин этиш сиёсати халқларни оғир кулфатга маҳкум қилди.
РКП(б) Марказий Комитетининг миллий республикалар ва областларнинг масъул ходимлари билан ўтказган тўртинчи кенгашида (1923) сўзга чиққан Ф. Хўжаев ва А. Икромов меҳнаткаш халқ дардини очиқ айтдилар. Улар В. И. Ленин тириклигида марксистик демократиядан фойдаланишга, мустақил муҳокама юритишга журъат этган эдилар. Лекин уларнинг бу хатти-ҳаракати қаттиқ зарбага учрайди, фаолиятдан четлаштирилади, ҳибсга олинади. «Айниганлар ва бузилган, синфий жиҳатдан ёт, миллатчи ва шовинист унсурлар фош қилиниб, партиядан ҳайдалаётирлар», деб ёзган эди «Қизил Ўзбекистон» газетаси 1934 йил 10 сентябр» сонида. Бу кишилар аслида миллатчиликнинг моҳиятини тўла англаб етмаган, «миллий оғиш»ларни хаёлига ҳам келтирмаган кишилар эдилар. Бу кампания қилдан қийиқ ахтариш, тирноқ остидан кир қидириш, кишилар фаолиятини тескари талқин этиш орқали мутелик фалсафасини халқ онгига сингдиришдан иборат сиёсий тадбир эди.
Ф. Хўжаев ва А. Икромовнинг 1937 йили сохта айблар билан қатл этилиши «миллатчиликка оғиш» кампаниясининг авж нуқтаси бўлди. Қуйидаги африка халқ ривояти қўрқитиш сиёсатининг асл мақсадини рамзий акс эттиради. Ўрмон подшоси Шер топшириғи билан ўлжани тақсимлаган тулки гўштнинг энг катта, лаҳм жойини Шер олдига қўяди. Шернинг «Бундай ақлни кимдан ўргандинг?», деган саволига тулки ўлжани ҳаммага баравар тақсимлагани учун Шер ёриб ташлаган маймун жасадига ишора қилади: «Ана ундан!»
Зиёли — халқнинг гули. У жамиятнинг ҳаракат томирларини онгли тафаккури ва ички сезгилари орқали нозик фаҳмлай олувчи ва ҳаққоний баҳолай олувчи тоифа. Шу туфайли маҳкамачилик онгли зиёлидан қўрқиб, унга қарши миллатчилик тузоғи тайёрлади. Бу — халқни маърифатдан, ўзлигидан жудо этишнинг бошланиши эди.
Бундай сиёсат эзгу миллий ахлоқий туйғуларни остин-устун қилиб юборди. Ўз отасини советларга қарши зараркунандаликда айблаб, маълумот берган ўғли замон қаҳрамони, деб мадҳ этилди. Одамлар эзгу миллий удумлар, ақида ва тушунчаларга тескари ҳаракат қила бошладилар. Бу — оёғини осмонга кўтариб қўли билан юришдек гап эди. Барча тарихий-миллий обидаларни нафратлаш ва йўқ қилиш бошланди. Бу — ота-боболар қабрини, аждодлар хотирасини бузишдек гап эди.
Қўрқитиш сиёсати оқибатида халқнинг ҳақиқий гули йўқ қилинган бўлса, бошқа бир беқарор тоифасида маънавий айниш юз берди. Бу — шароитга мослашиш, итоаткорлик, қуллик занжирига ихтиёрий бўйсуниш эди. Қуллик, мутелик фалсафаси узоқ йиллар қонига сингиб, зот белгисига айланган амалдорлар тоифаси пайдо бўлди.
Юқорда зикр этилган лочинни эсланг. Маҳкамачилик ўқи миллий руҳ тимсоли лочиннинг қанотини жароҳатлайди. Ўрмалаб юра бошлаган, бамисоли товуққа айланиб қолган лочин ҳамиша эзгу орзу-парвозни қўмсайди. Бутун вужуди билан шунга интилади. Товуқ парвозига тенглашиб, деворлар устига кўтарилади. Дарахтларга учиб чиқиб, париллаб пастга тушганидан завқ олади. Унга эгалари парвозни ваъда қиладилар. Бироқ, бу ваъда ҳеч қачон бажарилмайди. Лочин парвоз учун ҳамма нарсага тайёр. Парвозпарастлик туйғуси маҳаллий раҳбар бўйнидаги сиртмоқ. Қайга етакласа — кетаверади, нима буюрса — бажараверади!
Хуллас, миллатчилик ғоясининг ғаразли мақсадларда суистеъмол қилиниши миллий нигилизмни келтириб чиқарди. Ўзникини камситиб кўрсатиш, ўзганикини ошириб мадҳ этиш руҳи пайдо бўлди. Бу руҳ раҳбар кадрлар маънавиятида муайян таомил сифатида тобора чуқурлашиб борди. Нимаики ўз халқи фазилати белгиси бўлса, ҳаммасини ерга уриш, қоралаш, камситиш уларнинг фалсафаси эди. Ўзиникини кўрсатиш руҳи қанчалик қораланган бўлса, ўзганикини ошириб мадҳ этиш, унга сиғиниш шунчалик рағбатлантирилди. Ўзганикида виқор кўриш, ўзиникини инкор этиш — миллий нигилизмнинг бош концепциясидир.
Миллий инкор руҳи республикаларда сиёсий-маъмурий ҳуқуқларни тобора чеклаш асосида кучайтириб борилди. Сталин социалистик республикалар иттифоқини шаклан жорий этган бўлса-да, амалда республикалар ҳуқуқини чеклаб, унинг моҳиятини, Ленин ибораси билан айтганда, «манфур автономиялаштириш» концепцияси даражасига тушириб қўйган эди.
Миллий руҳ ва удумларга ғоят эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, ҳар бир халқ тили ўз республикасида амал қилиши ҳақидаги Ленин кўрсатмалари, умуман, демократия ва ошкоралик принциплари маҳкамачилик йилларида оёқ ости қилинди.
Республикаларда ўттизинчи йилларнинг ўрталарида бошланган бу сиёсий геноцид эллигинчи йилларнинг ўрталаригача давом этди. Миллий зиёлиларнинг истеъдодли қисми узлуксиз равишда йўқ қилиб борилди. Истеъдодли олимлар, адиблар шундай фожиали қисматга дучор бўлдилар Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Абдулҳамид Мажидий ва бошқалар ноқақ ўлимга мақкум этилдилар. Бир кекса большевикнинг хотирлашича, Ф. Хўжаев қамоққа олинганда у билан суратга тушган элликка яқин мутлақо бегуноҳ кишилар бир-икки кун ичида супуриб олиниб, дом-дараксиз йўқ қилинган экан. Хуллас, миллатчилик тамғаси маҳаллий ўзбек зиёлиси, миллий кадрлар боши узра доимо таҳдид солиб турган ажал шамшири эди.
Раҳбарлик — сиёсий-ижтимоий, иқтисодий маданий ғоянинг ҳаётга амалий татбиқ этилишидир. Бу — ҳар бир бошлиқ ўзига хос ижодий раҳбарлик услубига эга бўлиши демакдир. Республиканинг суверен мустақиллигини чеклаш миллий раҳбар кадрларни ижрочи малайга айлантириб қўйган эди. Раҳбарликда номустақиллик — ноумидлик, теран фикрлай олмаслик, узоқни кўра олмасликдир.
Миллатчилик ваҳимасига дучор бўлган амалдор юқоридан маъқулланган расмий кўникма ва андозалар билан иш кўради. Сиёсий анзода маъмурий андозани туғдиради, маъмурий андоза ҳаётий-маиший андозага олиб келади. Андозапараст амалдорнинг йўли бехатар, шуҳрати баланд. Андоза билан яшаш ва ишлаш унинг қиёфасида ижтимоий ва руҳий исканжа вужудга келтиради. Иттифоқ сиёсий-назарий андозасини маҳаллий халқлар ҳаётига кўр-кўрона татбиқ этиш шахсиятпарастлик даврининг касофати эди. Коллективлаштириш тезислари маҳаллий-миллий таҳрир ўзгаришсиз қабул этилди ва татбиқ қилинди. Марказий Россия билан Ўрта Осиёнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий тараққиёти бир-биридан кескин фарқланишига қарамай, иккала регионга ҳам бир хил сталинча тезлаштириш сиёсати қўлланилди. Ўзбек қишлоқларига жорий этилган янги тузум одамларнинг узоқ ўтмишдан давом қилиб келаётган турмуш тарзи, руҳиятига кескин зид келиб қолди. Ижтимоий-маънавий қаршилик кўрсатиш руҳи зўравонлик қаҳр-ғазабига учради. Бундай зиддият жуда катта жисмоний, маънавий фалокатларни туғдирди. Мажбурий жадаллаштириш зарби остида вужудга келган руҳий-маънавий карахтлик, мутелик ҳозир ҳам давом этмоқда.
Раҳбар маҳаллий шароит, аҳоли миллий хусусиятларини ҳисобга олиб иш юритиш ўрнига сийқа умумий таомил билан иш юритади. Шиорбозлик, ҳайбаракаллачилик, кампаниячилик инсон омилининг мавқеини йўққа чиқаради. Инсоний мазмундан миллий-руҳий ўзига хосликдан ажралган қуруқ хўжалик бошқариш вужудга келади.
Миллий нигилизм васвасасига учраган раҳбар марказий маҳкаманинг эҳтиёжини маҳаллий аҳоли манфаатидан устун қўяди. Маҳаллий шароитга номувофиқ, экологияни бузувчи тадбирлар вужудга келади. Марказий маҳкама зўравонлиги миллий муносабатларга жиддий путур етказади.
Номустақил раҳбарлик — иқтисодий ва маънавий қашшоқликдир. Республика халқ хўжалиги, моддий бойликлари устидан Иттифоқ министрликларининг яккаҳокимлиги ўрнатилган эди. Бу министрликлар ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилиб, республикалар табиати, халқ бойлигини талон-тарож қилиш билан шуғулландилар. Республика аҳолиси манфаатлари кўр-кўрона поймол этилди. Маҳкамачилик, зўравонлик сиёсати қатъий амалга оширган иқтисодий тазйиқнинг даҳшатли моҳияти ҳозирги ошкоралик жараёнида яққол намоён бўлди. Совет Ўзбекистони аҳолиси бу иқтисодий камситишнинг жабрини ҳаммадан кўра кўпроқ тортган халқдир. Аҳолининг ижтимоий аҳволи республикадаги миллий даромад кўрсаткичида айниқса аниқ намоён бўладн. СССР бўйича жон бошига миллий даромад 2300 сўмдан тўғри келса, Ўзбекистонда 1200 сўмни ташкил этади.
Бундай аҳволнинг сабаби нима? Республикада жон бошига етиштирилаётган меҳнат маҳсулотимиз Иттифоққа нисбатан кам миқдорни ташкил этадими? Бунинг бош сабаби — Ўзбекистоннинг асосан хомашё республикаси бўлиб қолаётганлигидир. Республикада етиштирилаётган пахтанинг асосий қисми четда қайта ишланмоқда.
Баъзи иқтисодчилар «хомашё республикаси» деган сўзга эътироз билдиришлари, республикада қурилган ва қурилаётган ўнлаб саноат корхоналарини, Тошкент, Олмалиқ, Навоий, Бекобод, Самарқанд, Қўқон ва бошқа шаҳарлардаги металлургия, кимёвий заводларни санаб кўрсатишлари мумкин. Экологик жиҳатдан ўта зарарли бу заводлар, гўё атайлаб қилингандек, табиий хушманзара районларга жойлаштирилган. Республика раҳбарларининг бу қурилишларга бирон-бир эътироз билан аралашуви миллатчилик тамғаси остида қаттиқ қораланган.
Иттифоқ аҳамиятига эга бу заводлар ўрнида деҳқончилик маҳсулотларини қайта ишлайдиган зарур корхоналар қуриш республика аҳолиси манфаатларига фойдали эмасмиди? Марказий шаҳарлардаги енгил саноат корхоналари тобора кенгайтирилиб, республикада бундай корхоналарнинг қурилиши Иттифоқ плани бўйича атайлаб чеклаб қўйилган. «Ўзбекистон саноатида Умумиттифоқ меҳнат тақсимотига кўра енгил саноат муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда енгил саноат асосан ип йигирув корхоналаридан иборат бўлиб, пахта газламаси ишлаб чиқариш заиф ривожланган», деб ёзади тадқиқотчи З. Абдалова В И. Ленин номидаги Тошкент Давлат университети география факулътети илмий ишлар мажмуасида (Тошкент, 1988, 51-бет). Дарҳақиқат, 30-йиллари қурилган ибтидоий иншоот ва ускуналарга эга бўлган Тошкент тўқимачилик комбинатидан бошқа пахтани газлама сифатида қайта ишлайдиган йирик корхона деярли қурилмаган.
Хуллас, марказий корхоналарнинг пахта хомашёсига бўлган талабини қондириш асосида катта иқтисодий фойда кўришдан иборат чоризм сиёсати сталинча бўёқлар билан пардозлаш астойдил давом эттирилди. Бундай иқтисодий сиёсат республикада миллий ишчилар синфининг шаклланиши, барқарор кучга айланишида асосий тўсиқлардан бири бўлди.
Ч. Айтматов бир мақоласида шундай ривоятии келтиради. Юксак лавозимдаги амалдор тирик товуқнинг патини юлишни буюради. Пати юлинган товуқ йироққа кетмай иссиқ излаб эгасининг пинжига ўзини урарди. Ёзувчи шахсиятпарастлик даврида халқларни моддий қашшоқлантириш орқали тобеликда сақлаш сиёсатини шундай мажозий таърифлаган эди. Шундай принципга амал қилган марказий маҳкамачилик республикалардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини сув текин қилиб белгилайди. Пахта нархи бунга яққол мисол бўла олади. Бир тонна пахтанинг республика бўйича ўртача таннархи — яъни ҳосилни етиштиришга сарф бўлган харажат 614 сўм, баъзи хўжаликларда 1000 сўмгача. Пахта давлатга сотиш нархи эса 700 сўм, ҳатто ҳосилнинг таннархини ҳам қопламайди («Совет Ўзбекистони» газетаси, 17.03.89).
Бир центнер пахтани бир қучоқ ўтинга тенглаштириш мумкинми? Асло! Бироқ бу икки нарсанинг давлат баҳосига диққат қилинг. Бир кубметр тахтанинг нархи бир центнер пахтаникидан икки баравардан ҳам ортиқроқ — 150 сўм. (СССР ўрмон хўжалиги давлат комитети раиси академик А. С. Исаев дарахт нархининг 1990 йилда 8 барааар оширилиши мўлжалланганлиги камлик қилади, жаҳон бозорига тенглаштириш учун уч баравар ошириш керак, деган талабни қўйди («Известия», 14.04.89). Хуллас, бу икки маҳсулотнинг моддий қиммати бир-биридан шу қадар фарқ қиладики, юқоридаги икки хил нархнинг ўрни алмаштирилганда ҳам пахтанинг муайян қимматига асло тўғри келмайди.
Савдо-сотиқ нима? Сотувчи билан харидор ўзаро келишган адолатли муомалани савдо-сотиқ дейилади. Деҳқон билан тайёрлов идоралари орасидаги муомалани савдо-сотиқ деб бўладими? Қизиғи шундаки, етиштирилган маҳсулотнинг нархини сотувчи эмас, сотиб олувчи белгилайди. Нархдан норози бўлган деҳқон ўз маҳсулотини бошқа бозорга, ўзга харидорга сотишга ҳақли эмасми? Бироқ, пахтакор маҳсулотининг бозори йўқ. Ҳозир амал қилаётган жараёнда маҳсулот план-мажбурият асосида етказиб берилади.
Ўзбекистон пахтаси Иттифоққа ҳар йили 25 миллиард сўм фойда келтираётгани матбуотда қайд этилди. Бошқа статистик маълумотларга қараганда, бу рақам икки ярим-уч баравар ортиқроқдир. (Оддий бир мисол. Бир килограмм пахта ипи магазинда 80-120 сўмгача сотилмоқда.)
Иқтисодий адолатни тиклашда пахтакорнинг манфаатини ким ҳимоя қилади? Пахтани қайта ишловчи корхона уни етиштираётган деҳқонга нисбатан ўн-ўн беш баравар кўп фойда кўраётганини марказий маҳкамага далил қилиб кўрсатиш мумкин эмасми? Пахтакорнинг оғир меҳнатини шахтёр меҳнатига қиёс қилиб, шахтёр меҳиатига белгиланган талай моддий-маънавий имтиёзлардан пахтакор маҳрум эканини, нефтчи 800-1000 сўм маош олганда пахтакор ҳатто ногиронлик пенсиясидан ҳам паст — 30-40 сўм маош олаётгани, Сибир, Узоқ Шарқ ва бошқа иқлими ноқулай регионларда белгиланган қўшимча иш ҳақи қирқ-эллик даража иссиқликда ўта заҳарланган далаларда меҳнат қилаётган пахтакорга насиб этмаганини собиқ бош амалдор масала қилиб қўйиши мумкин эмасмиди? Ёки республика маҳсулотлари нархини ўз ҳукумати мустақил белгилаб, қонунлаштириб, марказга тайёр ҳолда тақдим этиш ҳуқуқидан фойдалана олмайдими? Ҳаммасини марказдан илтимос қиладиган бўлсак, республиканинг суверен ҳуқуқи қаерда қолади? Болтиқбўйи республикалари сиёсий-иқтисодий соҳада тўла мустақил йўл тутмоқда. Нарх белгилашни виждонли бошлиқ халқ муҳокамасига қўйишни талаб этиши мумкин эди. Марказий маҳкамачилик пахта нархини ўзбошимчалик билан ўзи белгилаш тартибига биноан деҳқон ҳам ўзи сотиб оладиган машина-трактор, ўғит ва бошқа нарсаларнинг нархини ўзи белгилаши керак, деган мантиқий хулосани тегишли ташкилотларга ҳавола қила олмасмиди? Қишлоқ хўжалиги техникаси ва ўғитнинг давлат нархи уч баравар оширилган ҳозирги шароитда пахтанинг нархини 42 фоиз ошириш сўралгани деҳқонни қаноатлантирадими?
Бир гектар ердаги пахтадан 2400 сўм даромад олинса, картошкадан 2983 сўм, сабзавот экинидан 6379 сўм даромад олиш мумкин, деб ёзди «Известия» газетаси «Оқ олтиннинг мусаффо нури» деган мақоласида. Илғор боғбоннинг эътироф этишича, бир гектар токзордан 15 минг сўмгача даромад олиш мумкин.
Деҳқоннинг иқтисодий мустақиллиги давлатга ҳам, унинг ўзига ҳам фойдали эмасми? Бироқ, Ватанга энг нодир техника экини пахтанинг зарурлигини ҳис этган деҳқон пахтага бўлган мииг йиллик садоқатидан воз кечишни истамаган экан, унинг ижтимоий садоқати муносиб қадрланиши, пахтанинг нархи ҳозиргидан уч-тўрт баравар оширилиши лозим. Бундай тадбир гектарлар сонини камайтириб, ҳосилни кескин оширишда катта моддий рағбат бўлиб хизмат қилиши ҳаммага равшан ҳақиқат-ку?
Экологик ҳалокат урушдан ҳам хавфлироқ офат эканлиги эндиликда исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бироқ, Ўрта Осиёда бу хавфни бир неча баравар оширишга хизмат этган яна бир офат бор. Бунинг номи пахта яккаҳокимлигидир. Бу — эл-юртнинг сурункали дарди. Пахта яккаҳокимлиги фақат марказий маҳкаманинг қилмиши, деб ўйлайсизми?
Иттифоқ ҳукуматининг истиқбол режаларида пахтанинг ялпи ҳосили 2000 йилга бориб, 6 миллион тоннага етказилиши қайд этилган эди. Парвозни қўмсаган «лочин» қарийб чорак аср кутиши керакмиди? Унгача ким бору ким йўқ! Мансабни унга ота мероси каби боғлаб қўйгани йўқ. Қаноти майиб лочин ёлғон-яшиқларни юмалоқ-ёстиқ қилиб, саксонинчи йилдаёқ олти миллионлик «олтин чўққи»га чиқиб олди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларининг ҳаёт-мамот масаласи бўлган Оролнинг қуритилиши марказий мутасадди ташкилотлар томонидан етмишинчи йиллардаёқ режалаштирилганлиги эндиликда аён бўлиб қолди («Ёш ленинчи» газетаси, 11.04.89). Бироқ қаноти қайрилган лочин пахта яккаҳокимлигини тезлаштириш орқали бу муддатни ҳам бир неча баравар тезлаштириб юборди. Ўша йилларнинг бўёқдор матбуотида Оролни қуритиш борасидаги ишлар улуғ жасорат сифатида фахр билан мадҳ этилди. «Ўзбекистонда 70 дан зиёд асосий каналлар ўз ўзанлари орқали 50 кубкилометр сувни элтиб қуймоқда. Бу сув Амударё ва Сирдарёнинг бир йилги оқимига тенгдир», деб ёзган эди «Совет Ўзбекистони» газетаси (3.07.82). Пахта бунёдкорлиги кампаниясига меҳрланиб қолган ўзбек халқи юқоридаги сўзлар Орол ўлимига марсия эканлигини англаб етмаган эди.
Ўзбекистои жасорат ва жаннат ўлкаси — қанотсиз лочиннинг бу мунофиқлик фалсафаси матбуотимизнинг бош ташвиқот йўналиши эди. Уйида бир тўғрам гўшти йўқ деҳқон радиолардан халқ фаровонлиги ҳақидаги тайёр сўзларни беихтиёр такрорлар эди. Айтишларига қараганда, сиҳати ёмонлашган собиқ бош раҳбар менга фақат яхши нарсаларни кўрсатинг, ижобий фактлардан, ютуқлардан сўзланг, деб кўрсатма бераркан сафардаги ҳамроҳларига. Маънавий кўзбўямачилик иқтисодий кўзбўямачиликни ошириб-тоширишга хизмат қилди.
Ўзимиз ишонган ёлғонга марказни жуда осонлик билан ишонтирдик. Оқибати нима бўлди? «Фаровон» ўлкага гўшт, сут, ҳатто картошка нима керак? Нақ жаннатнинг ўзида яшаётган деҳқонларга маошнинг нима кераги бор? Н. В. Гоголь асарларидаги сингари оғзини очса бас, қуймоқлар ўзи келиб тушаверади. Қаноти қайрилган лочин парвоз хумори тутган кезларда Умумиттифоқ кўламидаги барча таъминотлардан воз кечишга ҳам тайёр эди.
Аҳолининг гўшт, сут билан таъминланиши Умумиттифоқ даражасидан икки баравар, картошка билан таъминланиши уч баравар камайиб кетганлиги, ишчилар маоши 42 сўм, колхозчилар маоши 39 сўм паст эканлиги қанотсиз лочиннинг парвозпарастлиги оқибати эмасми? Хуллас, Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий, иқтисодий таъминоти Иттифоқ миқёсидан кам бўлмаган соҳаси, назаримда, йўқ бўлса керак. Шу қадар ранг-баранг тўкис бойлик яратаётган республикамиз аҳолиси ризқига бундай хиёнатнинг марказий ҳамда маҳаллий гуноҳкорлари жавоб беришлари керак!
Шахсий-индивидуал мулкнинг камайиши, деҳқон меҳнатининг муносиб баҳоланмаслиги, моддий қашшоқланиши унда ижтимоий мулкка норозилик, душманлик руҳини пайдо қилди. Деҳқоннинг бундай кайфиятини капитализмга душман мавқеда турган ишчилар норозилигига қиёслаш мумкин. Ўз меҳнатига муносиб ҳақ ололмаган деҳқон оила тебратишнинг бошқа хуфя туйнукларини қидиришга мажбур бўлди. Ноҳақ иқтисодий сиёсат халқ хўжалигида талон-тарожлик, хўжасизликни келтириб чиқарди.
Айтилганлардан маълумки, мансабпарастлик билан табиий бириккан миллий нигилизм янги сиёсий қиёфа касб этади. Ўз миллатига хиёнат, сотқинлик, мунофиқлик бундай ҳодисанинг туб моҳиятини белгилайди. Ўзи тобе бўлган ҳукмронлар олдида тиз чўкиш, унинг миллий хусусиятларига сиғиниш, ўзиникини камситиш ҳисобига уни кўкларга кўтариб мадҳ этиш бу тоифанинг асосий фалсафаси эди.
Қайта қуриш маҳкамачилик-буйруқбозлик системасини инкор этди. Бу системанинг барча концепциялари қаттиқ қораланди ва қораланмоқда. Бироқ шахсиятпарастлик ҳокимлиги шарпаси қайта қуриш воқелиги ичра кезиб юрибди. Сталинизм шарпаси, деб ёзди чет эл журналларидаи бири, ислоҳот йўлидаги хавфли тўсиқдир. Маҳкамачилик буйруқбозлик руҳининг хавфли томони шундаки, у янги ниқобланган қиёфада хуфя амал қилмоқда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 9 июнь