Неъмат Аминов. Ваҳшат чиғириғи (1989)

Азалдан халқимиз қаноатга, сабр-тоқатга, бошига ҳар қандай кулфат тушганда ҳам «шукур» деб яшашга одатланган. Ҳатто ёв бостириб келиб юртда қирғинбарот жанглар бошланган йилларда ҳам «Кўпга келган тўй» деб, бир-бировини овутишган.

«Ўзбек иши», «Пахта иши» деб номланган «Қама-қама»лар ҳам бир жиҳатдан кўпга келган тўйга ўхшаб кетди. Юзлаб гуноҳсиз кишилар қамалиб, инсонни-инсон ўрнида кўрмаган шафқатсиз терговчилардан жабр кўрди. Ўрмондан тушган ўтдек бу терговчилар учун ҳўлу-қуруқ баравар эди. Улар ҳақиқий порахўрлар билан бирга, чориғини аранг судраб юрган касалванд деҳқондан ҳам «миллион»ни сўраб олмоқчи бўлдилар. Бир пайтлар «Ўзбекистонда ҳамма пахтакор» деган дабдабали шиор уларнинг даврига келиб «Ўзбекистонда ҳамма порахўр»га айланган эди. Кўплаб ишбилармон, тадбирли раҳбарлар улар ихтиро қилган «қора чиғириқ»дан ўтказилди. Бировлар бу чиғириқнинг даҳшатли азоб-уқубатларига дош берди, бошқа бировлар «бермаганни — бердим», «олмаганни — олдим» деб ёлғон кўрсатмалар билан «нодонлик» йўлини тутди.

Бугун биз шу «ваҳшат чиғириғи»га тушиб омон чиққан мард, бардошли инсон Нусрат Ҳикматовнинг аччиқ қисмати ҳақида ҳикоя қиламиз.

«МЕНИ ТАНИЙСИЗМИ?..»

Бекорчиликдан зериккан шайтони лаин гоҳида бир тоққа чиқиб олиб, оғир харсанглардан турли-туман ғилдираклар йўниб, пастга қараб думалатаркан. Бу тошлар бамисоли ҳарос тошидек пастда ғимирлаб юрган гуноҳкор-гуноҳсиз кимсаларнинг бўйнига лиққа-лиққа илинавераркан. Шайтоний тавқи лаънатда халос бўлиш бечора бандалар учун амримаҳол экан.

Нусрат Ҳикматов бўйнига ҳам «Жиноятчи» деган тавки лаънат илиш унчалик осон бўлмади.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: Нусрат Ҳикматов 1938 йил Бухоро вилояти Ромитон ноҳиясида туғилган, ўзбек, 1961 йилдан КПСС аъзоси, ушбу жиноят иши бўйича 1986 йили партия сафидан ўчирилган. 1961 йили Бухоро Давлат Педагогика институтини, 1974 йил Тошкенг Олий Партия мактабини тамомлаган, 1976 йил октябрь ойидан 1985 йил 22 ноябрга қадар Навоий вилояти Қизилтепа ноҳияси фирқа қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. «Октябрь революцияси», «Меҳнат Қизил Байроқ», «Ҳурмат белгиси» орденлари, медаллар билан мукофотланган, иш бўйича эҳтиёт чораси кўрилиб, 1985 йил 25 декабрдан то 1988 йил 27 июнга қадар қамоқда сақланган…

1985 йилнинг 25 апрели. Навоий вилояти фирқа қўмитасининг биринчи котиби Нусрат Ҳикматовни ўз идорасига чақириб, сен донгдор райком секретаримизсан, областда обрўйинг ҳам ёмон эмас. Агар хўп десанг, сени область ижроия комитети раислигига сайласак, деб маслаҳат солади. Нусрат Ҳикматов бу таклифга розилик бермади. Орадан уч кун ўтгач, уни Бухорога, яқинда ишга ўтган вилоят фирқа қўмитасининг биринчи котиби Исмоил Жабборов чақириб қолади. У ҳам аввал вилоят ижроия комитети раислигига, сўнг Ромитан ноҳияси фирқа қўмитасининг биринчи котиблиги лавозимига таклиф этади. Нусрат ўзининг туғилган ери бўлганлиги учун ҳам кейинги таклифга розилик беради. Пировардида, Исмоил Жабборов, ҳамма томони келишилган, Есин ҳам рози, 2—3 кундан сўнг сени Марказқўмга чақирадилар, дейди.

Бироқ, Нусрат Ҳикматовнинг «харидоргир»лиги ноҳия ва вилоятдаги айрим кишиларга ёқмаслиги табиий эди. Улар дам пастдан, дам юқоридан туриб шайтон ғилдиракларини думалата бошлади. Шу орада жумҳурият прокуратураси Н. Ҳикматов ҳақида фикр сўраб, Хатирчи ноҳиясида иш олиб бораётган СССР Прокуратураси тергов группасининг раҳбари П. Урингга мурожаат қилади. Бу группада Қизилтепалик Тўра Қодиров деган терговчи ҳам бор эди. (Бу киши ҳақида кейинроқ тўхталамиз). Жумҳурият прокурори А. В. Бутурлин улар берган маълумотга асосан, Марказқўмга хат жўнатади. Ҳолбуки, бу вақтда Нусрат Ҳикматовнинг жиноий ишини тасдиқловчи бирорта далил, терговчининг ёзма ахбороти-ю, Қизилтепа пахта заводи директори И. Усмоновнинг Нусрат Ҳикматовга 65 минг сўм пора берганлиги ҳақидаги кўргазмаси бўлмаган. Бу кўргазмани И. Усмоновнинг судда тан олиб айтишича, терговчи П. Уринг уни «Икки марта дўппослаб ургандан сўнг», 1985 йил 11 май куни кечқурун мажбуран ёзиб берган экан.

Эртасига Нусрат Ҳикматовни йўлда учратиб қолган Уринг уни вилоят ички ишлар бошқармасига таклиф этади. Нусрат чоққина хонага кирганида маҳаллий терговчи Тўра Қодиров савлат тўкиб ўтирарди. Салом ҳам, алик ҳам йўқ.

— Ҳа келдингизми?— деб сўради терговчи писандсиз.

— Келдим, — дейди Нусрат.

— Мени танидингизми?

— Бўлмасам-чи.

— Сиз аввал ҳеч кимни танимас эдингиз, энди танийсиз, — деди у. — Машина сўрадим, бермадингиз, тўйимга хабар қилдим, бормадингиз, қабулингизга ёзилдим, кабинетингизга киритмадингиз. Энди Қизилтепададан қочиб кетмоқчимисиз? Ҳеч қаёққа кетмайсиз. Тақдирингиз бизнинг қўлимизда. Сизнинг ҳақингизда аллақачон тегишли жойга хабар бериб қўйганмиз. Биз нима десак, шу бўлади.

Нусрат терговчининг ҳамма жавобларига, эътирозларига босиқлик билан жавоб берди: Машинани ўзи эмас, район ижроия комитети қарори билан берилажаги, тўйга ҳеч ким хабар қилмагани, кабинети ҳамиша очиқлиги ҳақида гапириб, энг охирида:

— Мен кўчадаги оддий фаррош эмас, бўйнимда катта район турибди, қаёққа қочиб кетаман, аввало мен Қизилтепаликлардан бирор-бир ёмонлик кўрганим йўқ,— деди.

Шундан кейин терговчилар, Исроил Усмоновдан 65 минг пора олгансиз, у ҳақда унинг кўргазмаси бор, дея «карта»ни очиб ташлашди.

13 майда Нусрат Ҳикматов Тошкентга, Марказқўм пленумига кетиш олдидан Райижроқўм раиси Қаҳҳор Асадовга, мен шошилиб турибман, Усмоновни чақириб гапиринг-чи, ўзи нима гап, дея жўнаб кетади. 14 майда пленумдан қайтгач, Қ. Асадов бор гапни унга айтиб беради: Усмонов йиғлаб келибди. Аҳволига қараб бўлмайди, роса қийнашган. Мажбур бўлиб, Нусрат акага 65 минг сўм берганман, деб ёзиб берибди. Судда ҳаммасини очиқ айтармиш…

Бир оқшом Тўра Қодиров маст ҳолда райком котибининг идорасига кириб, «Сизнинг милиция бошлиғингиз Навбаҳорга кетаётган экан, Ҳайитов менинг номзодимни кўрсатганда йўқ депсиз», дейди. Нусрат унга: «Аввало, Ҳайитов менга ҳеч нима демади, қолаверса, бу ра,йон жуда оғир, қийналиб қоласиз», дейди.

Шундан сўнг Т. Қодиров эшикни тарақлатиб чиқиб кетади.

Ниҳоят 1985 йилнинг 5 августида расмий чақириқ қағози билан Ҳикматовни Навоий ички ишлар бошқармасига таклиф этиб, И. Усмонов билан юзлаштирадилар. Қамоқда ётавериб, адойи тамом бўлган И. Усмонов ерга тикилиб туриб, сизга 65 минг сўм берувдим, дейди. Бироқ, анча тортишувлардан сўнг, Нусрат Ҳикматовнинг: «Сенинг олдингда менинг виждоним покми, ахир!»— деган саволига: «Албатта пок» — деб йиғламсираб жавоб беради.

1985 йил 19 ноябрда Нусратни Марказқўмга чақирадилар. Унга «Прокуратурада сиз ҳақингизда хат бор, яхшиси ўзингиз ариза бериб кетсангиз… Сизга муносиб бир иш топиб берамиз», дейишди.

Н. Ҳикматов Қизилтепага қайтгач, 22 ноябрда ноҳия фирқа қўмитасининг пленуми чақирилади. Пленум аъзолари уни ишдан озод қилишга сира рози бўлмайдилар. Шунда унинг ўзи икки марта сўзга чиқиб, аранг кўндиради. Пленум умрида касал нималигини билмаган Н. Ҳикматовни «саломатлиги ёмонлашгани муносабати билан» ишдан озод қилади. Ўша кунларда «Қизил тонг» газетасида ёритилган пленум ҳақидаги ҳисобот ҳам бунга далилдир. Бироқ Навоий вилояти фирқа қўмитаси ўзининг 27 ноябрдаги Бюро қарори билан дам олишда юрган Н. Ҳикматовга «Хизмат мансабини суиистеъмол қилганлиги учун» деган ёрлиқни тақаб, уни ишдан бўшатишга қарор қилади ва ноҳия фирқа қўмитаси пленумининг дастлабки қарорини ҳам ўзгартирадилар. Орадан уч кун ўтказиб, 1985 йилнинг биринчи декабирида Н. Ҳикматов ҳақида бундан ҳам қаттиқроқ яна иккита қарор қабул қилинади:

2047—РАҚАМЛИ ЖИНОИЙ ИШ

Дам олишдан қайтган Нусрат Ҳикматов 25 ноябрда вилоят қўмитасининг биринчи котиби ҳузурига кириб борди. В. П. Есиннинг кайфияти ниҳоятда ёмон, бетлари салқиб қолган, негадир шивирлаб гапирар эди. У қисиниб, тортиниб: «Сенга оддий ишни ҳам беролмайман, чунки қўлимда бирор ҳужжат йўқ», дейди. «Бўлмаса Ромитанга кўчишга рухсат беринг». Биринчи котиб: «Ихтиёринг» деб елка қисиб қўяди.

Нусрат Ҳикиматов ҳикояси: Ушанда вилоят фирқа қўмитаси биносидан чиқар эканман, ўз тақдиримга, ўз қисматимга ачиниб кетдим. Етимликдан шу даражага кўтарилган эдим. Наҳотки, эл учун, юрт учун кеча-кундуз хизмат қилган, чорак асрлик коммунистнинг қадри шу бўлса? Қизилтепага яқинлашар эканмиз, йўл бўйи қурилган биноларга, боғу-роғларга қараб, юрагим ачишади. Ана, Навоийга қайрилишдаги йўл устида қад кўтарган Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига ўрнатилган ёдгорлик, бу томонда ғишт заводи, янги мактаб, маданият уйи ва савдо маркази. Буларнинг ҳаммаси кейинги 10 йил ичида қад кўтарди. Бу ерга келганимда, Қизилтепа хўжаликлари давлатдан 36 милён сўм қарздор эди. Турмушни яхшилаш, иқтисодни кўтариш учун маҳаллий саноатга, чорвага, боғу-роғларга катта эътибор бердик. Пахта далаларига ҳар килоси 1 сўм 70 тийин турадиган ингичка толали пахта экилди. Бу соҳада Ўзбекистонда энг юқори кўрсаткичларга эришилгани ҳеч кимга сир эмас. Эндиликда барча қарзлардан қутулиб, колхоз ва совхозларимиз жамғармаси 48 милён сўмга етди. Шундай бир пайтда туҳмат ва маломатга қолиб, ўтирсанг-у, бирор киши, ҳатто юқоридагилар ҳам ёнингга туша олмаса? Э, уларнинг ўзлари ҳам талвасада-ку. Нималар бўляпти ўзи?

Эсимда, 26 декабрда Ромитанга кўчдик. «Хайр, Қизилтепа!» дейман. Қичикларимнинг кўзларида ёш, чунки улар шу ерда туғилишганда. Ҳали шўрликлар, бу кўз ёшларни дарё-дарё оқизишларини мен ҳам, улар ҳам билмас эди. Кўч-кўронни ҳовли юзида қолдириб, ўзимиз кичик уйга кириб ётдик. Уйқу қаёқда дейсиз. Саҳарликда кўзим илинган экан, аллақандай шовқинданми, шарпаданми, уиғониб кетдим. Ташқари чиқсам, 4—5 та машина, 20 чоғли одам дарвоза олдида турибди. Олдинда башарасида қатъият порлаган терговчи Уринг. У бир қоғозни кўрсатди. Ўша қоғоз ҳамон хотирамда муҳрланиб қолган:

«1985 ЙИЛ 14 ДЕКАБРЬ.

Ҳикматов Нусратнинг шахсий уйида тинтув ўтказилсин.

Ўзбекистон ССР Прокурорининг ўринбосари Гайданов О И.»

Урингни ҳовлига бошлаб, бемалол, бор бисотимиз ана шу, дедим. Улар ҳамма жойни ағдар-тўнтар қила бошладилар. Уринг мендан Қизилтепадаги ҳовлида нима бор, деб сўради. Арзимас у-бу нарсалар қолган, дедим. Юринг бориб кўрамиз, деди. УАЗ-469 машинасига чиқдик. Уринг олдинда. Машинага чиққач, икки томонимдан икки киши ўтириб олди. Кетяпмиз денг, ҳали ҳам ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Бир пайт машина Қизилтепада тўхтамасдан, Навоийга қараб йўл олди. Ҳойнаҳой обкомига олиб бориб, партиявий масаламни кўришса керак, деб ўйладим. Янглишган эканман. Тўғри Навоий қамоқхонасига олиб келишди. Шунда ҳалиги Ромитандаги ҳовлида кўрсатилган қоғозга ўхшаш иккинчи бир варақни кўрсатдилар. Бу қоғоз ҳам албатта, хотирамда бир умр муҳрланиб қолди.

«1985 ЙИЛ 14 ДЕКАБРЬ.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 1491 —152 қисми билан жиноий иш қўзғатилган Ҳикматов Нусратни эҳтиёт чораси қўллаб қамоққа олинсин.

Ўзбекистон СССР Прокурори ўринбосари Гайданов О. И.»

П. Урингга, қайси айбим учун мени қамайсизлар, деганимда, Тўра Қодировнинг гапига кўнмаганлигинг учун, деб қўлидаги қоғозни 2047—рақами ёзилган делога солиб қўйди.

Соқчи обдон тинтиб, қўлимга кишан солди…

ҚОРАЛАНГАН ҚИСМАТ

Мактуб: «Ассалому алайкум, азиз дадажоним! Соғлиғингиз яхшими? Дадажон, фақат сиздан биргина илтимосим, илтижо қилиб сўрайман, ўзингизни қийнаманг, иложи борича, асранг. Бизларни ўйлаб кўп зерикманг. Насиб бўлса, албатта, ҳақиқат ғалаба қозонади. Мен бунга аминман, туҳматчиларнинг юзлари қора, кўзлари кўр бўлади, насиб бўлса. Бизларга ноҳақ жабр қилганлар, албатта, худодан топади. Шунинг учун ҳам сиз дадажон, кўп зерикманг. Соғлиғингизни асранг, ахир биз совет давлатида яшаяпмиз-ку. Ҳақиқат вақтинча букилса-да, у ҳеч қачон синмайди.

Салом билан қизингиз: Холида».

Нусрат Ҳикматов ҳикояси: Икки ойдан сўнг қўлимга келиб теккан бу бир парча қоғозни ўқидим-у, кўзларимдан дув-дув ёш тўкилди. Очиғи, урушдан кейинги йилларда ва қамоқда қанчадан-қанча азобу қийноқларга гирифтор бўлсам-да, кўзимдан сира ёш чиқмаган эди.

Етимликда дийдам қотиб кетган. Биринчи куни махсус тайёрланган ашаддий жиноятчилар ётган авахтага ташлашди. У ерда биз фирқа ходимларини «Красная чума» — «Қизил ўлат» деб аташар экан. Икки кун роса камситиб хўрлашди. Учинчи кун ётиб ўйладим: Нусрат сенга нима бўлди? Бир пайтлар район марказида, Бухорода керилиб юрардинг. Наҳотки, шу даражада юрак олдирган бўлсанг. Бу қўрқинч ҳисси обком, Марказий Комитет Бюро ва Пленумларда эшитган дўқ-пўписаларнинг таъсиримикан? Ўзингни қўлга ол, дедим. Бир бошга — бир ўлим. Тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлган яхши эмасми? Очиқда ҳам бирорта каттакондан гап емас эдинг-ку… Авахтадошлар ҳам мард, чидамли ва дангал одамларни ёқтиришар экан. 41 кун Навоий қамоқхонасида ётдим. Ҳар беш-ўн кунда П. Уринг ке-либ тергов қилиб кетарди. Ўша куни камерани алмаштирадилар. Уйдан нарса олмаймиз. На ейишга, на чекишга беришади. Нуқул «И. Усмоновдан икки марта 65 минг олганман», деб кўргазма беришга мажбур қилишади. Сўнг Тошкент қамоқхонасига олиб келдилар. Энг ашаддий жиноятчилар сақланадиган ертўлага ташлашди. Олтмиш кун ётдим. Шунда билдим туйнукдан кирадиган ҳавонинг, тирқишдан тушадиган нурнинг қадрини. Т. Гдлян группасидан келган икки терговчи эрталаб соат 9 дан кеч соат 8—9 гача сурункасига бир ҳафта тергов қилишди. Энди мени пора олганликда эмас, пора берганликда айбламоқчи бўлдилар». В. П. Есин ва И. Жабборовга пора берганман», дея кўргазма ёз деб қийнашди. Овқат ҳам, нон ҳам йўқ. Улар шунга иқрор бўлиб, ёзиб берсанг, сени ҳозирнинг ўзида чиқариб юборамиз, бўлмаса шу ердан ўлигинг чиқади, дейишди. 1986 йил феврал-март ойларини шу балчиқ, зах чуқурда ўтказдим.

Икки ой ер тўлада сақлагач, Каттақўрғон қамоқхонасига олиб келдилар. Бу ерда бир ойга яқин ётдим. У ердан Навоийга юборишди. Аввалгидек яна ашаддий жиноятчилар орасида бўлиб, «дўппосланиш», «калтакхўрлик» ва «ҳақоратланиш», «илми»дан дарс олдим. Ҳозир бу гапларни шунчаки айтаяпман-у, аслида юракларим зириллаб турибди. Қисқаси, тўрт ой давомида юз мартадан ошиқ сўроқ берган бўлсам-да, атиги бир мартасида протокол тузишди, холос.

Қонун бўйича терговчилар 1985 йил май-июнь ойларида менга айбнома ўқиб беришлари керак эди. Улар эса, 1986 йил 24 апрелда таништирдилар. Қарасам, ишда И. Усмоновнинг кўргазмасидан бўлак бирорта арзирли ҳужжат йўқ. Бирор киши ҳам сўроқ қилинмаган. Тавба, булар мени ким деб ўйлашади ўзи? Наҳотки, мен улар ўйлаганчалик шу қадар гўл ва гумроҳ бўлсам! «Айблаш фикри» бошдан-оёқ туҳмат», деб ёзиб бердим. Сўнг катта ҳажмдаги ариза билан норозилик билдирдим. Мени яна Қаттақўрғон қамоқхонасига жўнатишди.

ДАСТЛАБКИ ҲУКМ

1986 йил 26 июнда Қизилтепа пахта заводи клубида вилоят судининг аъзоси Ҳ. Назаров раислигида суд мажлиси бошланди. Судда ҳар куни Вилоят ва Ноҳия меҳнаткашлари — 300—400 киши қатнашар, дастлабки кунлар суд раиси «Н. Ҳикматовда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, уни суд қилиб бўлмайди», деб турган бўлса-да, қаттиққўл терговчиларнинг тазйиқлари унга таъсир этмай қолмади. Ҳатто судга юқоридан Бутуниттифоқ телевидениеси «Ижодкор»лари юборилди. Бу ўз навбатида суднинг боришини тамоман бошқа изга буриб юборди. «Бахшулланинг аччиқ кузи» деган бу фильмда Навоийдаги «Коммунизм колхози раиси Бахшулла Ҳамроевнинг қилмишлари ҳақида ҳикоя қилинса-да, суд эпизоди Қизилтепа ноҳиясидан, бошқа «қаҳрамон»лар ҳаётидан танланган эди. Ўзингизга маълум, ўша йилларда арзон шов-шув учун Ўзбекистондаги исталган соҳани матбуотда қоралаб ёзиб, экранларга негатив ҳолатда чиқариш одат тусига кириб қолган эди.

Бу ҳол ҳамон давом этмоқда.

Хуллас, суд бир ойдан кўпроқ давом этди. 140 дан ортиқ киши гувоҳ тариқасида сўралди. Уларнинг ҳаммаси (И. Усмоновдан ташқари), бирор киши ҳам Нусрат Ҳикматовга гувоҳликка ўтмади. Одамлар дарғазаб, чол-кампирлар йиғлаган, кўпларнинг «қўлида» райкомимизни қайтиб беринг», деган ариза. Лекин халқнинг ошкора талабига ҳеч ким қулоқ солмади. Чунки ўшанда ошкоралик эндигина тетапоя бўлиб келаётган эди.

Суднинг сўнгги мажлиси 30 июлда тугаган бўлса-да, ўша куннинг эртасигаёқ аввалдан тайёрлаб қўйилган 16 бетли ҳукм ўқилди.

«Судланувчи Ҳикматов Нусрат ЎзССР Ж. К.нинг 149, 1491, 155, 152 моддасининг II қисми ва 1191 моддалари билан айбли деб топилсин ва мол-мулки мусодара қилиниб, 13 (ўн уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилинсин…»

Мазкур ҳукмда ЎзССР Ж. К.нинг 28-моддасига асосан, Нусрат Ҳикматов юқоридаги жазони ўтаб қайтгач, яна 5 (беш) йил муддатга мансабли ишларда ишлашдан маҳрум қилинган эди.

Ҳукм ўқилди. Лекин бу очиқ судда қатнашганлар, унинг ниҳоятда юзаки, хўжакўрасинга ўтганлигидан ҳали-ҳали ғазабда. Чунки, аввало, беш кунлик танаффусдан кейин судда бирорта ҳам гувоҳ сўроқ қилинмади. Суд мажлисида 3 соат давомида Нусрат Ҳикматовнинг ўз айбларини рад қилиб, сўзлаган нутқидан суд котиби Банақулов бирор сатрини ҳам ёзмасдан, эснаб ўтирди. Гувоҳларнинг сўзлари эса мутлақо қоғозга туширилмади. Ана шунда Ҳикматовнинг оиласи, фарзандлари бу адолатсизликка чидай олмай, ҳар бири биттадан дафтар олиб, суддаги барча гувоҳ, суд ҳайъати, прокурор, оқловчи ва айбдорларнинг сўзларини ипидан игнасигача ёзиб бордилар…

Бир-биридан азобли соатлар, кунлар, ҳафталар ўтиб борарди. Нусрат Ҳикматов юқори суд органларига 5 марта ариза ёзгач, ниҳоят 77 кундан сўнг уни суд мажлиси протоколи билан таништирдилар. Протоколда гувоҳликка ўтган кишиларнинг суд раиси сўроқларига берган жавоблари бутунлай ўзгартирилиб ёзилган, ҳатто тергов ҳужжатларида бўлмаган гаплар ҳам киритилган. 3 октябрдаги протоколнинг 30—41 бетлари батамом қайта ёзилган эди. Бу ҳам етмагандек, Нусрат Ҳикматов тилидан: «Мени кечиришингизни сўрайман», деган иборанинг киритилиши, айниқса уни қаттиқ ғазаблантирди. Чунки судда қатнашган гувоҳлар, юзлаб адолатталаб кишилар, оиласи, қариндошлари, мурғак фарзандлари ҳам унинг пок эканлигига қаноат ҳосил қилган эдилар.

БОРМИСАН, ҲАҚИҚАТ

Ноҳақ туҳмат қурбони бўлган ҳар қандай жафокаш ҳам атиги бир марта бўлса-да, ҳақиқат билан рўбарў келиб, унга салом бергиси, бор овозда ҳайқиргиси келади. Нусрат Ҳикматов ҳам бу жараёнда қатнашар экан, бир жиҳатдан қаттиқ ўксиниб, изтироб чекса, иккинчидан, одамларнинг, айниқса, беғубор фарзандларининг ўзига бўлган ишончларидан боши кўкка етиб ўтирарди. Оиласи, фарзандларининг суддан кейинги хатлари эса, айниқса, ишонч ва умидга тўла эди.

«Салом азизим! Аҳволларингиз яхшими? Кўп ўртанманг, ҳаммаси яхши бўлади. Атрофга қаранг. Менга 13 йил бердилар деб, руҳан тушманг, ўзимни албатта оқлайман деб, ўйланг. Ҳақиқат эртами-кечми ғалаба қилади. Бизлар то тирикмиз, сизга ишонамиз. Бир янгилик: Олим институтга кирди. Хайр.

Салом билан оилангиз Фазолат».

Кичик ўғли ҳам институтга кирибди. Ахир терговчилар «ҳар бир болангни институтга киритиш учун қанча бергансан?» деб уни озмунча қийнамадиларми? Фарзандлари Холида, Суръат, Санъат ўқиётган институтларга бориб, уларнинг «қайси йўл» билан ўқишга кирганларини, қандай ўқиётганларини текшириб ҳам бир ишкал тополмадилар. Болаларининг ҳаммаси «аъло» баҳода ўқияпти. Мана, ўзи икки йилдан бери қамоқда ётган бўлса-да, Олим ҳам ўқишга кирибди.. Аслида боланинг ўзида бўлсин экан…

Орадан яна бир йил ўтди. Ўзбекистон ССР Олий суди коллегияси унинг касацион аризасини кўриб чиқиб, 7—8 сабабга кўра дастлабки ҳукмни бекор қилиб, ишни қайта судга юборди. Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари З. Я. Ялғашев бошлиқ суд ҳайъати иккинчи марта ишни кўрди. Судга қўшимча гувоҳлар чақирилди. Янги ҳужжатлар талаб қилиб олинди. Бу судга ҳам И. С. Боров ва П. Уринг таъсир ўтказмоқчи бўлдилар. Бироқ, ҳаммани ҳам инсофсизлик, виждонсизлик йўлига бошлаш мумкин эмас экан. Суд раиси Ялғашев, бу бўтқани ким пиширган бўлса, ўзи есин, деб сўзида қаттиқ туриб олди. Жиноят ишини қўшимча терговга юбориш ҳақида ажрим чиқарди.

Шундан кейин ҳам Нусрат Ҳикматов яна бир ой қамоқда ётди. Оқибат ҳақиқатнинг нурли туйнуги очилгандек бўлди. Ўзбекистон ССР прокурори Д. А. Усатов Н. Ҳикматовни озод қилиш ва унинг ишини нотўғри олиб борганларни жазолаш ҳақида хат юборди. Ана шу хатдан кейин ҳам Навоий вилояти прокурорининг қарори билан уни яна бир ой қамоқда сақлашди. Шу орада терговчи И. С. Боров бир неча бор тергов қилиб, «Есин билан Жабборовга пора берганингни бўйнингга ол», деб мажбур қилди. Лекин у: «Ҳеч кимга пора бермаганман, исботланг», деб ўз сўзида турди. Ҳатто 1988 йил 23 июнда ўша терговчи Н. Ҳикматовнинг оқловчиси Ш. Забировга таъсир ўтказиб, унинг ёнига киритди. Оқловчи ҳам «Нусрат ака, пора бердим дея қолинг энди, ҳозир чиқариб юборишади», дея Д. А. Усатовнинг хатини кўрсатди. У оқловчини ҳам ҳайдаб чиқарди. И. Боров бирор иш чиқара олмагач: «Ўзингни ҳам бола-чақангни ҳам қамоқда чиритаман», дея дағдаға қилди. Шунда Нусрат: «Билганингни қил», деди қўл силтаб.

Ниҳоят, яна тўрт кун қонунсиз қамоқда сақлаганларидан сўнг, 1988 йилнинг 27 июнида уни тилхат орқали озодликка чиқаришди.

Қамоқхона эшигида уни оила аъзолари ва бир гуруҳ дўстлари кутиб туришар эди. У аввал терак бўйи кўтарилган қуёшга, сўнг одамларга қараб олиб: «Бормисан, ҳақиқат», дея пичирлаб қўйди.

СЎНГГИ ҚИЙНОҚ

1988 йил 28 июндан бошлаб яна Қизилтепа пахта тозалаш заводида «дўкон» очиб, одамларни тергов қила бошладилар…

Нусрат Ҳикматов Ўзбекистон ССР прокурори ўринбосари О. И. Гайданов ҳузурига кириб, паспортини сўраганда, у столини муштлаб, «Сени оқлаб чиқариб бўладими?» деб ўшқирди. Шунда Нусрат ўзининг ҳақлигини исботлаб бера бошлади. Гайданов ноилож паспортини қайтариб бераркан: «Барибир сени мансабингни суистеъмол қилганинг учун жазолаймиз!» деди. 1988 йил сентябрь ойида уни жумҳурият прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Раҳим Рўзиев чақириб хурсанд қилмоқчи бўлди. «Нусрат ака, — деди у, — сизни ЎзССР ЖК 149, 149, 155-моддалари бўйича қилган айбларингиз авфга амнистияга тушди. 152-моддасининг 2-қисми ва 119 моддалар бўйича ЖК 5—2 моддаси билан ишингизни бутунлай бекор қиламиз. Илтимос, мана бунга қўл қўйиб берсангиз».

Бироқ, бу хил «яхшилик»лардан анча пишиб қолган Нусратни алдаб бўлмасди. У «Менга амнистия керак эмас, чунки мен жиноятчи эмасман!— деб қўл қўйишдан бош тортди. — Юқоридаги моддаларни ЖПК 5—2-моддаси билан бекор қилсангиз, қўл қўяман, бўлмаса йўқ». Яна тортишув, яна алдаш-аврашлар…

Югуриб-елиб 1988 йил 3 ноябрда Нусрат Бухоро тўқимачилик корхонасига ишга кирди.

Нусрат Ҳикматов ҳикояси: Энди ишга кириб, одамларга қўшилиб, кўкрагимга шамол текканда, Тошкентдан қўнғироқ бўлди. Раҳим Рўзиев экан, 20 ноябрь соат 10 да Тошкент қамоқхонаси олдида учрашсак, дейди. Тинчликми, деб сўрадим. Иссиқроқ кийиниб, тўрт-беш сўм пул олинг. Москвага кетамиз. Сизни Гдлян группаси чақиряпти, деди. Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Бу гал Гдляннинг ўзи тергов қилса керак, деб ўйладим. Ёнимга жияним Саъдуллани олдим. 21 ноябрда Рўзиев, Усмонов, уям Исмат деган жиянини олибди, беш киши Москвага учдик. Меҳмонхона қаёқда, ижарага бир хона топдик. 22 ноябрдан бошлаб аввал Усмоновни чақириб, икки кунда унга жавоб бериб юбордилар. Кейин навбат менга келди. Ҳаво совуқ, ерда қор изғирин. Р. Ж. Вафин деган терговчи сўроқ қилди. Ўша гап: «Есин билан Жабборовга пора бергансан», дейди. Роса қийнади. Сўкди. Етти кун эрталабдан-кечгача тергаб, бир неча марта қўлимга кишан солиб, дағдаға қилди. Э, улар инсонни одам ўрнида кўришмайди. Бунақаларни она туғмаган бўлса керак. Энг охирида ўша машҳур терговчи, Ивановнинг олдига олиб чиқди. Н. Иванов ҳам ярим кундан ошиқроқ мени алдаб авради. Есингаям, Жабборовгаям ҳеч нарса бермаганман, берган бўлсам, сизларни ҳам, ўзимни ҳам қийнамасдан, ўша 1986 йилдаёқ ёзиб берардим, дейман. Қани энди ишонса. Бир иш чиқавермагач, Иванов ҳам қизишиб дўққа ўтди. «Менга қара, сен кимсан ўзинг?» Оддий бир райком секретарисан-да, деб ёнига тупуриб олди. — Бу ерда МКнинг секретарлари, президентларинг ётибди, болаларингга раҳминг келсин». «Майли,—дедим,—бола-чақам билан бир умрга хайрлашиб келганман». Иванов истеҳзоли жилмайиб: «Айтдим-ку, сен бизга керак эмассан, мана бу обком секретарлари керак, ҳали бу ерга ана у ёқдан ҳам олиб келамиз,—дея кўрсаткич бармоғини юқорига қадади,—тушундингми, Кремлдан ҳам келади бу ерга!» Тишимни-тишимга қўйиб, чидаб турибман. У жаҳл билан хонада нари бери юрар экан, бир пайт шахт билан менга ўгирилиб: «Биламан, сиз ўзбеклар ҳамманг порахўр!», деб бақирса бўладими. Чидаб туролмадим. Ўрнимдан сапчиб туриб, унинг кўзларига тикилдим: «Мен маҳбусман, ҳар қанча ҳақорат қилишинг мумкин. Лекин миллатга тегма!», дедим. У яна ўзиникини такрорлади. (Нусрат Ҳикматов ўша машъум воқеаларни эсларкан, кўзлари хонасидан чиқиб кетиб, азойи баданини юмдалай бошлади). «Сенинг ўзинг порахўрсан, қўлларинг тоза эмас сенларни», дедим, Бу касал юрагимга тўкилган. Сал асабийлашсам, азойи баданим қизиб, қичиша бошлайди. Икки ярим йиллик қамоқда орттирганим шу бўлди. Шундан кейин Иванов «Ҳозир Абдувоҳид Каримов ва Усмонхўжаевга айтсам, ҳар бири сендан 50 минг сўм олганман, деб кўргазма бериши мумкин», дея пўписа қилди. Виждоним тоза, деб туравердим. Кечгача бир иш чиқаролмагач, Р. Вафинга уни ҳеч қаёққа юборма, деб тайинлади; Вафин яна аврашга тушди. «Бошимни қотирма, бу мен учун ўталган босқич», дедим.

1988 йил 22 декабрда СССР ички ишлар министрлигининг маҳбуслар ибораси билан «Морская тишина» («Денгиз сукунати») деб аталадиган қамоқхонасига олиб бордилар. Аввал терговчилар менга роса «ишлов бердилар». Сўнг хонага И. Жабборовни олиб кирдилар. Бир сиқимгина бўлиб қолибди бечора. Терговчилардан яширинча, менга кўз қисиб, беш бармоғини кўрсатиб, берганман, деб айт, дея имо қилади. Ғазабимни ичимга ютдим. Жабборов аввалига мени роса мақтади, сўнг икки мартада беш минг сўм олганман, деди. Мен эса ҳеч қачон пора бермаганлигимни кўрсатдим. У порани қаерда ва қачон олганлигини исботлаб беролмади. Кейин В. П. Есин билан юзлаштиришди. У ҳам мени талантли партия ходими» деб кўкларга кўтариб, ярим соатча мақтагач, негадир, Нусрат менга икки мартада беш минг сўм берган эди, деди. Буни қарангки, ҳар иккала секретарга ҳам икки мартада кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас, беш минг сўмдан пора берган эмишман. Ахир бу ғирт туҳмат-ку. Жон-поним чиқиб кетди. Одамзод ҳам шунчалик муте ва иродасиз бўладими? Олмаган нарсасини олдим, деб турса. Ўзимни босиб олиб, Есинга: Василий Павлович, кўзимга тик қара-чи, дедим. Қарай олмади. Кўзларини ерга тикди. Сенга ҳеч нарса берган эмасман, дедим. Терговчи Р. Вафин шу ерда эди. Яна сўкди. Лекин мен ҳам қараб турмадим. Ўладиган ҳўкиз болтадан тоймас, деганларидек, икки-учтасига битта айтиб турдим. Есинни олиб чиқишди. Иванов буни ҳеч қаёққа юборма, деб Вафинга тайинлар экан, сени ҳам ановилар ва Усмонхўжаевларнинг қора поездига улаб юбораман, деди. Агар истасанг, менинг ўзим паровоз, Қизил паровозман, дедим.

Ярим кечада, анча сану-манлардан кейин Р. Вафин русчалаб, сени бомба билан ҳам парчалаб бўлмас экан, бор кет, деб чиқариб юборди. Ташқари қоп-қоронғу. Чўнтагимда бир тийин пул йўқ. Қаёққа боришни, нима қилишни билмайман. Яқинда бир магазин бор экан. Шунинг қоровулига учрашдим: «Братан, мана бу соатни олиб, эрталабгача менга уч сўм пул бериб тур», деб илтимос қилдим. Руслар жуда ажойиб халқ бўлади. Соатни олмайман, деди. Унга соатни мажбуран қолдириб, уч сўм олиб йўлга тушдим. Метро ҳам аллақачон бекилган экан. Бир амаллаб ярим йўлгача таксида етиб келдим. Ундан уёғига пиёда юриб, соат учларда ижара хонамизга аранг етиб бордим.

Москвадан қайтгач, касалхонага тушдим.

АДОЛАТ ТАНТАНАСИ

Ниҳоят, Ўзбекистон ССР Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов коллегияси жумҳурият олий судининг аъзоси Аҳроржон Қодиров раислигида Нусрат Ҳикматовнинг жиноий ишини атрофлича қайта кўрибди.

Судда жуда кўп нарсалар — терговчиларнинг жинояткорона хатти-ҳаракатлари-ю, дастлабки суднинг юзакилиги, тергов ва суднинг протоколидаги қалбакиликлар аниқ исботлар билан фош қилинди. Суд мажлисида аввал пора олдим, дея кўргазма берган В. П. Есин, пора олмаганман, деб Нусрат Ҳикматовдан кечирим сўради. И. Жабборов эса «олган пораси»ни қаерда, қайси шароитда олганлигини исботлаб бера олмади. И. Усмонов бўлса ўзининг дастлабки кўргазмаларини қийноқлар остида мажбуран берганлигини айтди, йиғлаб узр сўради.

Нусрат Ҳикматов ҳикояси: — (Суддаги сўнгги сўз): — Олий суднинг адолатли коллегияси аъзолари. Мен 25 йил партияга, халққа хизмат қилдим. Раҳбарий лавозимларда ишладим. Бутун умрим давомида бировни камситганимни, ноҳақ ҳақорат қилганимни эслай олмайман. Бирор кишига жабр-зулм ўтказмадим. Меҳнат фаолиятим даврида на партиявий, на маъмурий жазо олганман. Ҳамиша ҳалоллик учун курашдим. Бошимга оғир маломатли кунлар тушди. Ошкоралик ва демократия ҳақида икки ярим йил зах ертўлаларда ётиб эшитардим-у, лекин унга зор эдим. Бировлар ўз ихтиёри билан партия билетини топшираётган кунларда мен қамоқхоналарда, ҳар қандай қалтис даврларда коммунист деган шарафли номга муносиб бўлишга, унга доғ туширмасликка ҳаракат қилдим. Ўзбошимча терговчилар ихтиро қилган «қора чиғириқ»қа қайта-қайта тушган бўлсам-да, минг шукурки, ундан ҳар гал мажақланиб бўлсада, соф виждонли ҳолда чиқардим. Улар менинг иродамни букмоқчи бўлдилар. Лекин қўлларидан келмади. Чунки мен охир-оқибат адолат тантана қилишига ишонардим…

«Ўзбекистон ССР Олий Судининг Жиноий ишлар бўйича судлов коллегияси ЎзССР ЖПКнинг 279—282, 195—296-моддаларини қўллаб,

ҲУКМ ҚИЛДИ:

Ҳикматов Нусрат ЎзССР ЖКнинг 149-1491 ва 155-моддалари билан ЎзССР ЖПКнинг 5-моддаси иккинчи қисмига асосан, ҳаракатида жиноят таркиби йўқлиги учун оқлансин.

Ҳикматов Нусратни ЎзССР ЖК 153-моддасининг II қисми билан ЎзССР ЖПК 5-моддасининг I қисмига асосан жиноий ҳодиса рўй бермаганлиги учун оқлансин.

ЎзССР ЖПКнинг 302-моддаси талабига кўра, ушбу ҳукм касация тартибида шикоят берилиши ва протест қилиниши мумкин эмас».

Суднинг адолатли ҳукмини йиғилганлар қарсаклар билан кутиб олдилар.

Шунингдек, суд коллегияси СССР Олий Совети Президиумининг 1981 йил 18 майдаги Фармонига асосан, ноҳақ жабрланган Нусрат Ҳикматовни 3 ой давомида аввалги ишига тиклаш, имкони бўлмаса, шунга баравар вазифа билан таъминлаш ҳуқуқини берди.

Ўзбекистон Олий Судининг жиноят ишлари бўйича судлов коллегиясининг 1989 йил 21 сентябрдаги ажрими билан Нусрат Ҳикматовга маъмурий органлар айби билан етказилган 19 минг 274 сўмлик моддий зарарни давлат ҳисобидан ундириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шубҳасиз, Нусрат Ҳикматовга бу моддий зарарни ундириб бердилар.

30 ой давомида машъум қамоқхоналарда чеккан азоб-уқубатлар, қийноқларни, оёқости қилинган ор-номусни, хотини, етти фарзанди қалбида бир умрга муҳрланиб қолган аччиқ мусибатни, оқизилган дарё-дарё кўз ёшларни нима билан ювса бўлади? Бу маъназий зарар кимнинг ҳисобидан ундириб берилади?!

Бу масалада ҳам давлат хазинасига мурожаат қилиш адолатдан бўлмаса керак!..

Редакциядан:

Мухбиримиз Ўзбекистон ССР Олий Судининг раиси ўртоқ М. Маликов билан учрашиб, Нусрат Ҳикматов «Жиноят» иши бўйича чиқарилган оқлов ҳукми ҳақида унинг фикрини сўради.

— Мен шахсан Нусрат Ҳикматов тўтрисидаги оқлов ҳукми билан танишиб чиқдим, — деди Муҳаммад Бобур Мажидович, — ушбу ҳукм қонуний ва ўз вақтида чиқарилган, деб ҳисоблайман.

1989 йилнинг 7 сентябрида «Судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқариш ва жиноий ишларни реабилитация қилиш асослари бўйича ҳаракатдан ётқазиш практикаси» ҳақида Ўзбекистон ССР Олий судининг пленуми бўлиб ўтди. Ушбу пленумда қилган докладларида Н. Ҳикматовнинг жиноят иши бўйича йўл қўйилган Социалистик қонунбузарликлар ҳам кўрсатиб ўтилди.

«Fitna san’ati» (1-kitob, «Fan» nashriyoti, Toshkent, 1993) kitobidan olindi.