Ўзбек совет шеъриятининг баҳор фаслида чақмоқдек ярқираб, «Ҳаёт учун биз гўё кўкдан отилган юлдуз», деб эркаланган шоир Усмон Носирнинг ижодий парвози тарихимизнинг «қаноти куйган», «умр тепасида мушт туйган» даврига тўғри келди.
Шоир «Сўзла, тарих — чол» шеърида бор ҳақиқатни «сочлари оқарган… тарих сўзласин», деган эди. Бинобарин, ушбу мақоламизда асосан тарихнинг ўзини сўзлатиш ва тарихий далиллар тили билан сўзлашни маъқул кўрдик.
Усмон Носир 1912 йилнинг 13 ноябрида Наманган шаҳрининг «Чуқур кўча» даҳасида, камбағал косиб оиласида туғилди. Отаси Маматхўжанинг бевақт вафотидан сўнг, у 1916 йили Носирҳожи Мамасодиқ ўғли тарбиясига ўтади.
Носирҳожи Мамасодиқ ўғли қўқонлик, маърифатли киши эди. 1885 йили Қўқонда, ўзига тўқ деҳқон оиласида таваллуд топган. Бошланғич саводини чиқаргач, рус-тузем мактабига ўқишга кирган. Рус тилида 4 йил таҳсил кўрган. Отасининг дўсти Омонхўжа Салимхўжаев ёрдамида 2-пахта заводида ишлай бошлаган. 1902 йили Андижон зилзиласи бу хонадонга ҳам фалокат келтиради: Унинг ҳомиладор хотини фожиали вафот этади. Бу дардга чидай олмаган Носир Наманган шаҳрига йўл олади ва пахта заводида ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишлашни давом зттиради. У бу ерда холаси Тошбувиникида яшаб, ёр-дўстлар орттиради. Улар билан бир неча йил Арабистон сафарида бўлади. Носирҳожи Макка зиёратидан қайтиб келганида, унинг қариндошлари 4 яшар ўғли билан бева қолган Холамбибига совчи бўладилар… Носирҳожи ёруғ дунё юзини кўрмай нобуд бўлган фарзандини қайта топгандек, Усмонга ота бўлиб қолади.
1919-1923 йиллари Қизил Армиянинг турли қисмларида таржимонлик қилган Носирҳожи кейинчалик, то умрининг охиригача, турли совет идораларида ишлайди.
Носир ота Усмоннинг болалик йилларини хотирлар экан, шундай деб ёзади: «Усмон тўрт фарзандим орасида яккаю ягона ўғил эди. У ёшлигида жуда шўх, китобга, ўқишга ниҳоятда ўч эди. 6 ёшидан мустақил ўқишга берилди. Ўн ёшида, назаримда, у ўқимаган китоб қолмади. Унинг китобга бу қадар ўчлигини сезгагғ укам Ибодхон: «Ўғлингиз катта одам бўладиган кўринади, уни ўқитайлик», деб Усмонни Қўқондаги «Дорулшафақа» деб аталган болалар уйига олиб бориб берди».
1921—24 йиллари бошланғич мактабда ўқиган Усмон 13 ёшида Қўқондаги 3-интернатда яшай бошлади. Маълумки, 20-30 йиллари интернатлар энг ишончли маърифат ўчоқлари ҳисобланган. Ўзбек совет зиёлиларининг тўнғич авлодига мансуб кўпгина шоир ва олимлар, давлат арбоблари интернатлар бағрида етилганлар.
Адабиёт ҳавасманди Усмон интернатда тўгаракка қатнашади, 6—7-синфларда ўқиб юрган даврида илк. шеърлари интернат деворий газетасида чиқади. Ёшларда шеъриятга муҳаббат уйғотган ўқитувчи Мухтор Муҳаммадий дўсти Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни тез-тез интернатга таклиф этиб турар, адабий суҳбатлар уюштирарди «Бизнинг кўзгу» деворий газетаси кейинчалик Усмоннинг ташаббуси билан қўлёзма журналга айлантирилган.
Усмон Носиров ҳам интернатни аъло битирувчилар сафида 1929 йили Ленинградга саёҳатга боради ва у ердаги Путилов номидаги завод ишчиларига ўзининг «Октябрь қаҳрамонларига» шеърини ўқиб беради.
Усмон Носир 1929—30 йиллари Қўқондаги таълим-тарбия курсида илмий мудир ва ўқитувчи бўлиб ишлади. 1930 қили дўсти Темур Фаттоҳ билан бирга Москвадаги Кинематография институтининг сценарийчилик факультетига ўқишга киради, лекин бетоблик туфайли, бир йилдан сўнг Қўқонга қайтиб келиб яна ўз ишини давом эттиради.
У 1932 йилнинг кузида Самарқанддаги Педакадемия (ҳозирги САМДУ) нинг филология факультетига ўқишга кирди. «Биз Педакадемияга Усмон Носир, Амин Умарий, Адҳам Ҳамдам ва Иброҳим Назарийни кириш имтиҳонисиз қабул қилганмиз, — деб эслайди ўша даврда факультет декани бўлиб ишлаган, ҳозирда республика миқёсидаги пенсионер Рауф Бойжонов. — Факультетда адабий ҳаёт қайнарди, бу қайноқ ҳаётига асосан шу талабаларимиз бошқарарди».
Усмон Носир талабалик йилларида фавқулодда жозибали, эҳтиросли шеърлари билан жумҳуриятга танилди. Унинг машҳур «Ёшлик», «Бобомнинг фалсафаси тугатилаётир», «Бодом гуллаган кеча», «Клим Ворошилов» сингари шеърлари ана шу йиллар маҳсулидир. Шоирнинг «Меҳрим» шеърлар китобига киритилган «Саёҳат эсдаликлари» туркумидаги «Хайр, Севан», «Мовийлик денгизи», «Чаренц», «Шафақ ўчай деб қолди», «Йўлчи» каби шеърлари, «Нахшон» поэмаси ҳам талаба Усмоннинг таътил кунларида Кавказ ва Шимолга саёҳати таассуротларидир:
«Самарқанд шаҳрида яшовчи И. нинг аёли ниҳоятда гўзал эди, — деб суҳбатни давом эттиради Р. Бойжонов. — Унинг малоҳатига кўплар қатори Усмон ҳам бир йигитга хос суқ билан қараркан… Раҳбарлардан бири буни рашк қилиб, «Усмон Носир устидан ректоратга шикоят тушди», деб туҳмат уюштиради. Усмонни дорулфунундан ҳайдаш ҳақидаги қарор тайёр бўлганида, кўпчилик муаллимлар қаршилик қилиб, уни олиб қолгандик…»
Усмон Носир ана шу йиллари «Атлас» драмасини, «Норбўта» достонидан айрим бобларни ёзди. Пушкин ва Лермонтов асарлари таржимасига қўл урди. 1934 йили ЎзГУнинг катта залида «М. Ю. Лермонтовнинг ҳаёти ва ижодий йўли» мавзуида адабий кеча ўтказилди. Кечада Усмон Носир рус тилида доклад қилди.
Шоир 1934 йили, март ойида Тошкентда Ўзбекистон совет ёзувчиларининг 1 съездида қатнашди.
«Усмон съезддан қайтгач, — деб эслайди шоир Адҳам Ҳамдам, — университет мажлислар залида йиғин бўлиб, у сўзга чиқди. Партия сафларини тозалаш кунларида ўқитувчи Ғози Олим Усмонни танқид қилди. «Бухариннинг хато фикрларини Усмон ўз докладида қўллади, лекин партия ташкилоти бунга чора кўрмади», деди. Ўз навбатида, Усмон шундай деди: «Муҳтарам Ғози Олимович! Сиз профессорсиз, отагинам. Мен-ку, хато қилган эканман, нега сиз ўша пайтда танбеҳ бермадингиз? Тарсаки тушурмадингиз? Шунча пайтдан бери кўнглингизда сақлаб юриб, энди айтасизми? Шундай экан, иккала қулоғингиз билан эшитинг: Сиздек ўнта професордан битта Бухарин яхши Усмон шу гапнинг индинига ўқишни ташлаб кетди…».
Усмон Носир Самарқандда Амин Умарий. Насрулло Даврон, Адҳам Ҳамдам ва Ўткир Рашид билан бир ётоқхонада турган бўлса, Тошкентга келганда, анча вақт Иброҳим Назир ва Абдулла Қаҳҳор билан бир хонада яшади…
Шоир 1935 йили Тошкентга келиб, «Ёш ленинчи» рўзномасига ишга киради ва рўзнома қошида 1928 йилк ташкил топиб, гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб ишлаётган адабий тўгарак ишларини жонлантиради. Бу тўгарак овозаси ўлкани тутди. Унинг машғулотларида биз буюк Ғафур Ғуломни, Ойбекни, Абдулла Қодирийни, Чўлпонни, Санжар Сиддиқий, Сўфизодани, Зиё Саидни, Абдулла Авлонийни, Фитратни, буюк Айнийни, Яшинни, Қаҳҳорни, Шайхзодани, Уйғунни кўрардик. Усмон Носир бизга уларни маданиятимизнинг камоли, деб таништирарди…».
Адабий жамоатчилик Усмон Носирнинг кейинги йиллари нашр эттирган «Юрак» (1935) ва «Меҳрим» (1936) китоблари унинг дастлабки «Сафарбар сатрлар» (1932), «Қуёш билан суҳбат» (1932), «Тракторобод» (1934) китобларидан ҳам бадиий, ҳам ғоявий жихатдан анча юксак эканлигини таъкидлади.
Ўзига талабчан шоир «Меҳрим» китобида шундай сўзларни ёзган эди. «Бу тўпламдаги шеърлар, изланиш меваларидир. Изланиш эса юксалмоқ, шеърий формани эгалламоқ орзусидир. Нуқсонлари учун узр сўрайман. Усмон Носир 1936 йил 20 апрель».
Ёзувчилар йиғилишида Акмал Икромов Усмон Носир шеърларини ёддан ўқиб, «Усмон Носир ўзбек адабиётининг ёрқин юлдузи, ўзбек халқининг Пушкини», деган эди. Усмон Носир ижодига берилган юксак баҳо республика ва Иттифоқ вақтли матбуоти саҳифаларида ҳам тез-тез кўриниб турарди…
Шундай қилиб, Усмон Носир 1937 йилга ўзбек тилида бешта, рус тилида битта шеърий тўплами, тўртта таржима китоби ва катта довруғ, бир олам орзулар билан қадам қўйди.
Усмон Носирнинг шеърлари юрак қони билан ёзилган. Сатрларининг илдизи теран, уфқи кенг. Ёш Усмон 18 ёшида ёзган «Қон» шеърий киносценарийсида тиниқ орзулар билан яшаётган кишиларнинг оромини бузиб, «уйқусида босганлар» қилмишларини тасвирлаётиб: «Бу вокеа бошида кимлар бор экан?», деб савол ташлайди. Ўқувчини бу адолат сўроғи шоир ҳаёти тафсилотларининг 1937 йил саҳифасига етганда, янада қаттиқроқ тергайди.
Янги йил арафасида ЎзТАГ мухбири ўзбек совет санъати ва адабиёти вакилларидан шоир Усмон Носир, композитор Ашрафий, драматург Зиё Саид ва ёзувчи Ойдинга мурожаат қилиб, ижодий ниятларини сўради. Бу саволга Усмон Носирнинг жавоби «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 3 январь сонида босилган.
Шоир шундай дейди:
«1937 йилда пролетар инқилобининг саркардаси бўлган Ленин тўғрисидаги катта поэмани ёзиб битираман.
1937 йилда Москвага бормоқчиман. Унда Ленин музейига кириб, ўз ишим учун зарур бўлган материалларни ўрганаман.
Фарғонадаги босмачилар тўғрисида «Норбўта» номли поэма ёза бошладим. Пушкиннинг «Боғчасарой фонтани» ни ва Лермонтовнинг «Демон» деган асарини ўзбекчага таржима қилиб бўлиб, ҳозир Лермонтовнинг «Исмоилбек» деган асарини таржима қилишга киришдим. Лермонтов поэзияси мени қизиқтиради.
Ўзбекистон ёзувчилари ишлаш учун жуда яхши шароитга эгадирлар. Ижодий ниятларимизнинг амалга ошувига ҳеч қандай тўсиқ йўқ».
Усмон Носир Лермонтовнинг Кавказдаги воқеалар ва қабарда халқининг рус чоризми зулмига қарши миллий озодлик курашини куйловчи тарихий «Исмоилбек» асарини ўзбекчага таржима қилган бўлса керак. Унинг ҳозир ЎзССР Олий суди архивида сақланаётган Жиноий иш делосида қайд этилишича, шоир ҳибсга олинган пайтдаги тинтувда бошқа буюм ва китоблар билан бирга, машинкаланга:н бешта таржима асари ҳам борлиги кўрсатилган.
Усмон Носир, Чўлпон, Ойбек, Миртемир, Ҳамид Олимжон каби шоирларимиз А. С. Пушкин хотираси кунига катта тайёргарлик билаи келдилар. 1937 йилнинг дастлабки кунларида Ўзбекистон аҳолиси Пушкин асарларининг ўзбекча, русча, татарча ва маҳаллий яҳудий тилидаги таржималари билан газета, журналлар ва катта тиражда нашр этилган китоблар орқали баҳраманд бўлди. Бу улкан меҳнатнинг самараси ўша йилпинг май ойида Москвада бўлиб ўтган СССР ёзувчиларининг пленумида юксак баҳоланди. Усмон Носир Шарқиинг Пушкини деган юксак баҳога сазовор бўлди…
Усмон ва дўстлари пушкинхонлик билан банд бўлган кунларда, унинг бошида қора булутлар тўплана бошлади. Эътиқодига, дўстларига ҳеч вақт шубҳа билан карашга одатланмаган Усмон Носир мамлакат сиёсий ҳаётидаги довдирашларга ҳам, ўзи нафас олаётган адабий даврадаги валдирашларга ҳам аҳамият бермаган бўлса керак. Минг афсуски, бошқа истеъдодли шоир ва ёзувчиларимиз каби Усмон Носирнинг ижоди ҳам таъқиб остида қолди. Шоирнинг синглиси — Роҳатой опанинг қизи, Нодира Рашидова иккимизнинг далилларга таяниб гувоҳлик беришимизча, 1937— 1944 йиллари «унинг ижодида пессимизм устун, барча асарларида синфий мафкура бузуқ. У Носир яратган барча қўлёзмалар ва нашрларни ёқиб юбориш керак», деган айбномалар, актларга Усмоннинг деярли барча даврадошлари қўл қўйганлар… Бироқ темир сандиқда сақланадиган қалин папкадаги «ханжарлар» орасида биттагина «гул» бор: У ўша даврда Ўздавнашрнинг кичик муҳаррири бўлиб ишлаган қиз, ҳозирда шахсий пенсионер Холида Сулаймонованинг маъсул ходим билан суҳбат протоколи. Усмон Носирнинг шеърларига бадбинлик тамоман ётлиги, аксинча, бу шеърлар ҳаётсеварликка чорловчи гимн эканини айтиб, сатрма-сатр рус тилига таржима қилиб, мағзини чақиб берган савол-жавобнинг протоколи. Унда Усмон Носир нашриётга, Холиданинг ҳузурига келиб, «халқ душмани» Абдулла Авлонийнинг шеърларини ўқиб бергани ҳақидаги Анқабойнинг чақувига рад жавоби берилган.
«Усмон нашриётга кўп келарди, — деб эслайди Холида опа. — У ниҳоятда келишган, чиройли йигит эди. У нашриётга топширган қўлёзмаларидан хабар олар ва мен ўтирган хонага ҳам кириб, қаршимдаги стулга ўрнашиб ўтириб, қўлларини ёзиб шундай шеър ўқирдики… Ҳеч ким Усмондақа чиройли ўқий олмайди шеърни… Шундай шоир менга бировнинг шеърини ўқиб берармиди?! У бадеҳагўй ҳам эди. Ҳар қандай нарсага караб ёки олдидан ўтган ҳар бир қизнинг таърифини қойиллатиб, шеър тўқиб ташларди… Улар орасида менга аталганлари ҳам бўларди, албатта! Мен ҳам гарчи 37-йил калтакларидан қуруқ қолмаган бўлсам-да, негадир у йилларда гувоҳликка чақиришмаган… Сизлар кўрган гувоҳлик—суҳбат 1943 йилги сўроқ излари бўлса керак…»
Усмон Носир Пушкин хотираси кунларида ажиб сурур билан қаттиқ ижодий изланишда эди. Шу кунларда «Қизил Ўзбекистон» рўзномасида Уйғуннинг мақоласи эълон қилинди. «Нуқсонларимиз ютуқларимиздан кўплик қилса қиладики, озлик қилмайди, — деб ёзади Уйғун «Поэзияда сиёсий ўткирлик бўлсин» мақоласида.—Ниҳоят, поэзиямизда сиёсий жиҳатдан тутуруқсиз, фикрий жиҳатдан бузуқ, метод жиҳатдан ғалат, бадиий жиҳатдан бемаза асарларга учраб турмоқдамиз. – Сўнгги вақтларда лириканинг, хусусан, муҳаббат лирикасининг ўсиши билан, лирика ҳақида айрим бузуқ аҳволлар юз бермоқда. Бу бузуқ аҳволнинг бири буржуазиянинг ишқий лирикасини тирилтиришга бўлган интилишда кўринади…
Усмон юқорида айтиб ўтганимиз уч шоирдан (Миртемир, Элбек, Ойбек — М. М.) ҳам фарқ қилади. Бу ўринда айтиб ўтмоқчи бўлганимиз фарқ шундаки, Усмон ўз ижодининг илгариги даврида буларга ўхшаш миллатчилик—буржуазия позициясида турган эмас. У тез ўсаётибдир. Аммо унинг ижодида баъзан учрайдиган ёмон майлларнинг олдини олмоғимиз керак. У майллар Усмон ижодида ёш майлларнинг таъсири сифатида яшайдилар. Бу ёт майллар Усмоннинг айрим шеърларидаги пассив мураккабчиликда, табиатни яланғоч ва осойишта ҳолда тасвирлашда, «жим бурчак қидиришга бўлган майлда ва ниҳоят, ёнгил бадбинликда кўринади…»
Ўйғун юқоридаги гапларига Усмон Носирнинг «Меҳрим» китобига киритилган «Ёдимдадир узоқ Шимол», «Балиқчи», «Юрганмисиз бирга ой билан», «Денгиз ойна каби ялтирар», «Денгизга» каби шеърларини мисол қилиб келтиради ва бу шеърларда Ойбекнинг (танқид қилинган Ойбекнинг—М. М.) таъсири зўрлиги айтилади. Ва давом этади:
«Оқ қуш мунгли оҳ урар,
Ҳазин куйи дилга ёқади.
(«Меҳрим», саҳифа 101) дейди.
У «Денгизга» деган шеърида бундай ёзади:
Сочим ўпади муздек шўх шамол,
Мен унга дардимни қандай айтаман?
(«Меҳрим», саҳифа 102).
Булар бадбин мулоҳазалар эмасми? Бундай мулоҳазалар, бундай руҳ шоирни тушкунликка судрамайдими? Бундай кайфият совет шоирида қатъиян бўлмаслиги керак»!
«Поэзияда сиёсий ўткирлик бўлсин» мақоласининг муаллифи ўз далилларини шунда хулосалайди: «Усмондаги бу бадбинликни, тушкунлик руҳини шунинг учун ҳам қаттиқ танқид қилиш керакки, бу нарса Усмонни кўп ўқийдиган, унга эргашадиган ёшларга ҳам юқади… Бу фактлар ҳали адабиёт соҳасида синфий мафкуравий курашнинг тўхтамаганини, балки давом этаётганини ва бундан сўнг ҳам давом этиши ва айрим моментларда кучайиши мумкин эканини яна бир мартаба тасдиқлайди. Бу фактлар бизни синфий ҳушёрликка, большевик сезгирлигига чақиради».
Келтирилган парчадан кўриниб тургандек, Уйғун мақолада Усмон Носирнинг ютуқларини тан олиб ёзади. Унинг истеъдодига ҳам ўз баҳосини беради. Миртемир, Элбек ва Ойбеклардан ошиб қолган калтагининг учинигина «енгил пессимист» Усмонга тегизиб ўтади. Бироқ бу тегизиб ўтиш ҳам,. Сталин ибораеси билан айтганда, «инсон руҳининг инженерлари» бўлмиш ёзувчилар орасида кимларга ҳушёр муносабатда бўлиш кераклигини кўрсатиб қўйиш вазифасини ўтади!
— 1937 йилнинг 14 июли, ҳибсга олинган кунида, унинг уйида тинтув ўтказадилар ва паспорт, Ёзувчилар союзига аъзолик билети, ён дафтарча, турли китоб ва брошюралар, таржима асарларининг машинкаланган нусхаларини топадилар, — дейди ЎзССР Олий судининг раиси ўртоқ С. Йигиталиев «Правда Востока» газетасининг мухбири билан суҳбатда.
Усмон Носир қамалганидан сўнг, энди унинг дўстлари, ошна-оғайнилари ҳам назорат остига олинадилар. Ҳатто уни танқид қилган эса-да: «Усмоннинг ижоди ҳақида зўр ҳавас ва мароқ билан доклад қилган Уйғуннинг Усмондаги пессимизмни «енгил пессимизм», деб масалани бўяб кетиши ҳам яширин сир эмас, — деб энди Уйғунга ташланадилар «советнарвар танқидчилардан» иккитаси.
Усмон Носир қамалади. Гарчи шоир терговларда: «Яхши танимайман», деган бўлса-да, Элбек ҳам, Абдулла Қодирий ҳам, Чўлпон ҳам, муаллими Р. Бойжонов ҳам қамаладилар… Йўқ улар Усмонни таниганлари учун эмас, балки улар ҳам, Усмон ҳам жамиятнинг гуллари бўлганликлари учун «ўриб олинган» эди. «Синфий ҳушёрлик ва большевистик сезгирлик кучайтирилган» эди!..
Биз тарихимизнинг қаноти куйган у даврини эслаганда ҳамиша Сталинни бош айбдор, деб биламиз. Шоирга қўйилган айбномада ҳам Усмон Носир «Сталинни ҳақоратлади», дейилган. Лекин ўзбек зиёлилари орасида биринчилар қатори «ўриб олинган» Усмон Носир Сталинга қандай муносабатда бўлган эди?!
Қийинчилик шароитида туғилган, ўзгаришлар даврини бошидан кечирган, совет давлатининг барча меҳрибончиликларидан баҳраманд бўлиб яйраган, бу сурурни сатрларига тож қилиб қўндирган Усмон юрагида ҳамма қатори ва ҳаммадан ҳм кўпроқ меҳр-муҳаббат бор эди. У ўсишлар даврида яйради, лекин 1937 йилнинг баҳоридан бошланган қора ўлат кимдан тарқаганини ҳади билмасди… У ўзининг қамалишини катта ижтимоий ҳалокатнинг боши деб эмас, шахсий рақибнинг хусумат тоши, деб қабул қилди. Шунинг учун ҳам у, «қамоқда ёзган катта достони»га (шеърий роман бўлса ҳам ажаб эмас) Сталинни бош қаҳрамои қилиб олди. Бу достонда, Р. Бойжонов ҳикоя қилишича, Ежов қораланган эди. Усмон Носирнинг Сталинга бағишланган сатрлари ўта самимий. Ҳатто Гуржистон ССЖнинг 15 йиллиги муносабати билан грузин халқи номидан ёзилиб, бир ярим миллиондан ортиқ одам имзо чеккан шеърий хатни ҳам русчадан ўзбекчага Усмон Носир таржима қилган эди.
Усмон Носир қайсар эди. Сургунда қийналиб юрганида ҳам, Сталинга бўлган меҳри ва унга бағишлаб шеърлар ёзганини, ҳатто таржима қилиб матбуотда чиқарганини, қамоқда ўтириб қоғоз-қаламсиз унга бағишлаб достон ёзганини айтмайди.
«Мени қамоқхона эшигидан ичкарига итариб юборганларида, бир қанча вақт кўзим тиниб, ҳеч нарсани англай олмадим. Бир вақт «Устоз!», «Домла!» деган таниш овоз эшитилди. Усмон Носир чопиб келиб, қўлтиғимдан олди ва ўзининг ётадиган ўрнига олиб бориб, ётқизди мени. Унинг ўрни тахтадан ясалган «иккинчи қават»да экан, менга жойини бўшатиб бериб, ўзи анча вақт ерда ётиб юрди, — деб суҳбатни давом эттиради Рауф ака Бойжонов. — У бизнинг қамоқхона ҳовлисидаги дўкончадан майда-чуйда олиб кириб берадиган таъминотчимиз эди. Бирга ётган саккиз ой мобайнида у Ежов, Сталин ҳақидаги достондан бошқа, онаси ҳақида ҳам катта достон ёзган. Қалам берилмасди бизга. Усмон хаёлда ёзиб, ёд айтиб берарди ёзганларини. Берия даврида маҳбусларга қоғоз-қалам ва хат ёзиш ҳуқуқи берилди…
Усмон кейинги вақтларда жуда руҳан эзилди. У терговчининг алдовига ишониб, қилмаган гуноҳини қилдим, деб қўл қўйган. Усмоннинг терговчиси Матвеев эди. У Усмонга: «Мастликда билмай Сталинни сўкибман», деб тан ол, шунда фақат беш-олти йил берамиз. Йўқса, қийналиб ётаверасан захлаб, борган ерингда яхши ишласанг, яна қисқартиришади муддатни», деб алдаган. Бу ёлғон гапга имзо чеккани учун Усмон ўзини кечиролмасди…»
Усмон Носир 1938 йилнинг 5 октябрида яширин ҳарбий коллегия олдида юқорида айтилган «айбнома» тамоман ёлғон эканини айтади. Лекин Ёзувчилар союзининг собиқ секретари берган ёлғон гувоҳликка асосланиб шоирнинг инкор этишига қарамай, ҳеч қандай далилларсиз уни ЎзССЖ Жиноят кодексининг 67-, 64-, 14-моддалари билан айблаб, 5 йил сиёсий ҳуқуқлардан маҳрумлик шарти билан, 10 йилга қамайдилар.
1938 йилнинг октябрь ойи охирларида Усмон Носирни бошқа жойга жилдирадилар. Кетиш олдидан Усмон ўзи ётиб юрган тўшак — матрацни онасига бериб қўйишларини сўраб, Рауф акадан илтимос қилади. Бироқ ўзи ҳам ўша ердалиги сабабли Рауф ака бу илтимосни бажара олмайди.
— Усмоннинг тўшағини, у фойдаланган бошқа буюмларига қўшиб, ёқиб юборишди. Усмоннинг сўнгги илтимосини бажаролмаганим учун ўзимни кечиролмайман, — дейди Рауф ака.
Усмон Носир қамоқ муддатини ўташ учун 1938 йилнинг охирида узоқ Шарқнинг Магадан шаҳрига юборилди. Шоир у ерда оғир меҳнат кунларидан сўнг, машаққатли маҳбуслик тартиби ва таъқиб остида ҳам қўлидан қаламини қўймади. Унинг бу даврдаги ижоди ҳақида Усмон Носир Магадандан Москвага, И. В. Сталинга йўллаган аризаси гувоҳлик беради.
Маҳбус шоирнинг бу мактуби эътиборсиз қолмаган. 1943 йили Усмон Носирга қўйилган айбномани қайта текширганлар (биз юқорида айтиб ўтган X. Сулаймонованинг махсус кишилар билан суҳбати ана ўша жараёнда бўлган эди).
— Ўша тунги суҳбат охирида ҳар икки полковник бирданига: «Биз истеъдодли йигитни бекордан нобуд қилганга ўхшаймиз!» — дейишди русчалаб, — дейди Холида опа.
Тошкентда Усмон Носирнинг сатрлари қайтадан «титкиланаётган» кунларда унинг сил касали Узоқ Шарқнинг нам ҳавосидан кучайиб кетиб, маҳбус нисбатан юмшоқроқ иқлимли Кемерово вилояти ўрмонларига жўнатилган. Сибирь ҳарбий лагери бошлиғининг ўринбосари М. Усмонов ўз қўлидаги маҳбуслар орасида Усмонга алоҳида эътибор билан қараганини эслайди, ўша шароитда бўлганлар. Шоир лагерда кутубхоначилик қилган. Бироқ оғир хасталик ва машаққатли асирлик шароити шоирни 32 ёшида ўлим чангалига топширди.
— У йиллар оғир эди.. Менинг ҳамкасбларимдан: ҳам катта хатолар ўтган, бироқ бош айбдор ўзингизнинг ҳамюртларингиз ва ҳамкасбларингиз, — дейди биз билан суҳбатда Кемерова вилоят ички ишлар бўлимининг бошлиғи, генерал В. И. Рунншков.
На илож! Шоирнинг ўз сатрлари билан айтганда: «Ўтган қайтиб келмайди». Бироқ Усмон Носир ва унинг қисматдошлари тақдирини батафсил ўрганиш ва очиқ-ойдин ёритиш бугун ва келажак учун жуда ҳам зарур!..
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.