Муҳтарама Улуғова. Марғилонга мактуб (1989)

Ассалому алайкум, онажон, соғмисиз, бардаммисиз?

Ёнғину қонларга ботган шаҳрим, унга туташ шаҳар ва қишлоқлар ҳақида эшитганимда, жондошлардан йироқда симобдек титраб яшаяпман-у, сизларнинг аҳволингиз қандай кечаяпти экан?

Газеталар ёздилар, осмонлардан хабарлар оқиб келдики: «Мингга яқин газанда…», «Наша ва қорадори чеккан, маст бўлиб олган беш мингдан ортиқ газанда…»

Қарғишларнинг тури кўп. Лекин, онажон, мен шаҳримизда бирор кишининг «газанда» деб қарғанганини ҳеч қачон эшитмаганман. Шунчаси қаёқдан келиб қолди? Қизлари ўн ёшга етганда, оналари ипак-сабоқ бериб дўппи тикишни ўргатадиган; ўғиллари ўн иккидан ошганда, ота-оналари уларни бирор дурадгоргами, косибгами, темирчигами шогирдликка берадиган имонли, мулойим, беозор Марғилонда-я?..

Кафтдеккина ҳовлиларда бошу оёғинг зўрға айланади, кўкнор тугул, икки қулоч помидор экишга ҳам жой йўқ. Бир мисқоли фалон пул турадиган наша, қорадорини ҳамшаҳарларим қайси даромад эвазига сотиб олишаяпти, она? Бундан бир ойгина муқаддам сизни кўргани борганимда, шаҳримиз ҳар доимгидек осойишта эди-ку? Ёки мен икки кунгина у ерда бўлиб, шунчаки салом-аликдан, номигагина ҳол-аҳвол сўрашдам нарига ўтмаганимдан, кўп нарсани сезмадимми? Ёки мен — ёзнинг жазирамасида ҳам уйимнинг қувуридан иссиқ сув келмаса, кир ювишга эринадиган одам — опамнинг: «Қишлоқда ғўзапоя ҳам қолмади. Энди кир ювиш учун ишқор қилгани ғўзапоянинг кули ҳам йўқ», — деган гапларининг замирида яна қандай маънолар борлиги ҳақида ўйлаб кўрмадимми?

Ойлар ўтиб ёнингизга борганимда, билиб-билмай айтган гапларимни англаёлмаётгандек кўзимга узоқ тикилишингизнинг сабабини энди тушунаётгандайман, она. Шу кейинги ўн йиллик умрим сизлардан олисда, Марғилондан йироқда кўнглимдаги таъмасиз туйғуларни ўчириб ташлагандек. Энди мен нималаргадир (кийимми, мансабми, егуликми…) тезроқ эришмоқ учун андишалиларни юз-хотир қилмай, улар менга кулиб туриб оёқ босиб ўтишни ўрганиб олдим. Биров бировга яхшилик қилса, аввалгидек кўзимга ёш келмайди. Беандиша аскияларни эшитишдан уялмай қўйдим. Ўзгаларга раҳмим келганидан эмас, бошқаларнинг ўзимга нисбатан раҳмини қўзғатиш учун йиғлашни ўрганиб олганман. Тиккан дўппиларим маҳалла-кўйда мақтовли эди. Энди… қўлимга нина олиб ямоқ солишдан кўра, йиртилган кийимни оёқ латта қилишим осонроқ…

Мен Марғилондан кетганимдан буён қайтмас йиллар каби, болалик беғуборликлари каби, сиз ва дадамдан, болалигимни кўтариб катта қилган марғилонликлардан олган кўнгил гавҳарларимни битта-битталаб йўқотиб бораётгандекман, онажон!

…Бизни Фарғона давлат педагогика институтида ўқитган домламиз Муҳаммаджон Мадғозиев бир ажойиб тарихий воқеани сўзлаб бергандилар:

Ўтган асрнинг охирларида Марғилонда ҳар оқшом эркаклар йиғилишиб навоийхонлик қилишлари одат экан. Шундай давраларнинг бирида ўзимизнинг Чаҳор Чинорлик (Марғилондаги бир маҳалла) Умидий тахаллусли шоир Навоийнинг:

Кўкрагимдур уфқнинг пироҳанидин чокрок,
Кирпигим шабнам тўкулган сабзадин намнокрок, —

байтини келтириб, «Ҳазрат Навоий бу байтда муболағани жуда орттириб юборибдилар. Инсон ўз кўкрагини қонталаш бағри чок-чок бўлган уфққа ҳам тенглайдими?» — деган маънода сўзлабди. Ҳазрат Навоийга нисбатан айтилган бу гап давра аҳлига оғир ботибди, шу кеча навоийхонлик қизимабди. Йиғилганлар малол билан тарқалибдилар. Ўзининг шаккоклигидан изтиробда қолган Умидий туни билан ухлолмай, тонг олди кўзи илинибди ва туш кўрибди: тушида Ҳазрат Навоий катта боғ ичидан чиқиб келаётган эмишлар. Шоир югуриб бориб Ҳазратнинг олдиларида тиз чўкибди. Шунда Мир Алишвр Навоий унинг елкасига оҳиста қоқиб: «Тур, бўтам, тур, тур» дермишлар. Умидий чўчиб уйғонибди, юз-қўлини ювиб, таҳорат олгач, Ҳазрат «Девон»ларини очиб, юқоридаги ғазалга мухаммас боғлай бошлабди. Мухаммаснинг биринчи мисраси шундай экан:

Аё, Умидий қулинг бефаҳму беидрокрок…

Онажон, бу айтилган уч мисрагина — ғазаллардан қатраларнинг мазмуни ўзи бир уммон. Лекин бу айтилган — ривоятлардан-да гўзал воқеа заминидаги маънавий юксакликдан ҳайратга тушмаслик мумкинми? Бу воқеа билан айтишга тилинг ҳам бормайди… бугунги қотилликлар, талон-тарожлар бир халқ — марғилонликлар тарихининг икки қутби, афсус. Орада ниҳояти бир асрлик масофа. Шеъриятни, Ҳазрат Навоийнинг покликларини имон ўрнида кўриб унга эргашган марғилонликлар қандай сабаблар билан гиёҳванд, нашаванд, ароқхўр, қонхўр, газанда бўлиб қолди, онажон, жон онажонларим?!

Бир мурватни шундоқ бурасанг шеър, қўшиқ оқиб келаверадиган бугунги кунда неча-неча сўз усталарининг ижроларини тингладим, Аммо ҳеч қайсиниси дадамнинг Кумушбиби қабрига битилган тўрт қатор шеъру Шоҳ Машрабнинг:

Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдин,
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин,—

радифли мужаммасини ўқиганларидагидек таъсир этмайди. Раҳматли дадамнинг дардли овозлари жонимда кетади. Дадам оддий, олти фарзанднинг қорнини тўйдириш учун қарийб кун-кунора икки сменалаб ишлайдиган косиб эдилар. Амаким — уруш қатнашчиси — умрлари тирикчилик ташвишида тунги қоровуллик билан ўтди, кундузи болаларни тўплаб эртак айтиб бўладими? Ёшлар-чи? Айни ишлайдиган ёшда поччам бу йил ҳам иш йўқлигидан қабристонга қоровуллик қилаяптиларми? Совхоздан ер олишмоқчийди, тегдими? Айтгандай, катта опам: «Ишдан бўшаб олдим, 70 сўм ойликка ҳам пол ювиб, ҳам эшик олдида қоровуллик қилишга соғлигим етишмаяпти», — деб ёзиб юборибдилар. Беваликда рўзғорни қандай эплаяптилар?

Яқинда «Саодат» журналига Марғилонимиздаги «Атлас» ишлаб чиқариш бирлашмасининг бир гуруҳ ишчиларидан хат келди. Ишчи аёллар меҳнат шароитларининг оғирлигидан, маошларининг жуда кам миқдорда эканлигидан, тунги сменада қийналиб ишлаётганликларидан зорланибдилар. Улар хатда ўз номларини кўрсатмабдилар. «Ёзсак, аҳволимиз бундан ҳам баттар бўлиши мумкин», — дебдилар. Мазкур мактуб юзасидан Фарғона область партия комитетидан келган жавобда анонимлар текширилмаслиги ва ўз-ўзидан бу хатга ҳам жавоб қайтарилмаслиги айтилган. Нимаям деймиз, улар ҳақ. Лекин мен Марғилонга борганимда, келинимиз — «Атлас» бирлашмаси ишчиси Манзурахондан (она, сиз яхши кўргни келинингиз) аёлларнинг мактубидаги ҳамма гаплар тўғрилигини эшитдим.

Газеталар «Иш жойининг тайини йўқ газандалар…» — деб ёзаяпти. Ёш йигитлар тайинсиз, ишёқмас, газанда бўлиб қолишига кимлар, нималар сабаб? Жияним Акмалхон ўнинчи синфни битириб, армияга чақирилгунча бир йил беиш юрди. Излаб-излаб иш топишдан умидини узди охир. «Армияга кетиб қоласан, шунинг учун ишга олмаймиз», — дейишибди. Айтишича, аксарият сиифдошлари ҳам бир йилни бекорчиликда ўтказишибди. Эҳ-ҳе, ҳар йили мактабни неча минглаб ўн етти ёшлилар битириб чиқишади. Айни ишлайман, ейман, ичаман, кияман дейдиган давр. Қўлига етуклик ҳақида ҳужжат олса-ю, яна ота-онасига боқиманда бўлса! Бу боқимандалик сабабини ҳар қанча тўғри тушунган ота-она ҳам етишмовчиликдан, вояга етган ўғлининг умри зое ўтаётганидан ғазаблангани сайин ўғлининг кўнглини чўктирмайди, уни ҳақоратламайди, деб ким         кафолат беради? Армиядаин қайтгандан кейин-чи? Рустамжон жияним иш топа олдими, она?

Оиажон, узр, кўнглимнинг оғриқлари очилиб кетди. Аслида, мен сизнинг, сизларнинг соғлиқларингиз, тинчликларингиздан жуда хавотирдаман.

Ўғли ноқобил чиққан ота-оналар ҳақида «Қариган чоғида увол бўлди», — деб сўзлашади. Фарзаидлари, қўни-қўшни, қариндош-уруғи бўлган ўғиллари қон тўккан, бировлар уйига ўт қўйган онажонлар, отажонлар, аҳволингизни тасаввур қилолмаяпмаи. Икки ёш бола билан йўлга чиқишнинг иложи йўқ, шундай бўлса-да, онажон, набираларингиздан бирини олиб Марғилонга отлангандим. Вазиятдан яқиндан хабардор бўлганлар мени йўлдан қайтаришди: «Ўзиигни ўйламасанг, гўдакии ўйлагин», — дейишди…

Ота-оналаримиз, опа-сингилларимиз, болаларимиз ва мен каби тақдир туфайли Фарғонадан узоқда яшаётган, фарғоналик қариндош-уруғию элу юрти тақдиридан хавотирда қолган тақдирдошлар ҳаққи, ўзимизни тўхтатиб олиб гаплашайлик. Биргина мен эмас, халқимиз номига иснод бўлиб тушган бу фожиаларнинг асл сабабиии билолмай тоқатлари тоқ, асаб торлари узилар даражага етганлар овози ҳам тўлқинланиб бораяпти. Мен бу хатим марғилонлигу марғилонлик бўлмаган ана шундай одамлар номидан ёзаяпман. Ўжар, асов кўнгилларингиз нима сабабдан бу қадар жаҳлга, кўзларингиз ўт-қонга, тилларингиз ҳақоратга тўлди, менинг ёмонотлиғ укаларим? Сизни ёмон, «газанда» дейиш осонми? Жонимиздансиз, қонимиздансиз, жону қонимиз қақшаб турибди-я! Сизларга муҳаббати оғриғу азобларга айланган одамлар ҳаққи, ёмон ниятлардан қайтинг, фикрларингизни тўплаб, уларни халққа ошкор айтинг. Менингча, энг тўғри йўл шу.

Умид ва ишонч билан, Муҳтарама Улуғова.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 23 июнь