Муҳаммад Солиҳ. Аччиқ сабоқлар (1989)

Мен Фарғонага биринчи куни, у ерда тартибсизликлар бошланган куниёқ учиб бордим. Марғилон шаҳар партия комитетида бўлдим. Марғилон шаҳар партия комитети ҳамда Марказий Комитет ходимлари ва маҳаллий Совет вакиллари билан биргаликда ўзаро нифоқни тўхтатишга ҳаракат қилдик. Вазият биз ўйлагандан анча мураккаброқ экан. Бир неча қотилликлар содир бўлган, ўнлаб уйлар ёндирилган эди.. Маҳаллий аҳоли ичидан тартибсизликларни бошлаганларга таъсир қила оладиган, гапини ўтказа оладиган кишиларни топмоқ учун биз дин арбобларига мурожаат қилдик, улар ўз наабатида тасарруфидаги барча кишиларни бу хунрезликка қарши курашга сафарбар қилишга ваъда бердилар ва уларнинг бевосита ёрдамлари натижаси ўлароқ оломон томонидан гаровга олинган учта месхети турки озод қилинди.

Маълумки, турклар ва ўзбеклар этнос сифатида илдизлари бирдир. Турк ва ўзбек тили бир буюк тилнинг шеваларидир, дейиш мумкин, бу тиллар бир-бирига рус ва украин тилларидан ҳам яқинроқдир. Бу икки халқнинг дини ҳам бирдир.

Месхети турклари Сталии томонидан 1944 йилда қувғин қилинган эди ва шу кунгача биз билан оға-инилардек бўлиб бизнинг ўртамизда бегонасирамай яшашган, жуда кўп аралаш оилалар бор. Турмуш тарзи, удумлари ўхшаш, шунинг учун ҳам Қувасой ва Марғилонда бўлган воқеалар биз учун кутилмаган даҳшатли зарба бўлди. Аммо мен қаҳр-ғазабга тўлган оломон қаршисида турарканман, бир нарсани англадим — улар ўз тарихларини унутганлар, бу одамлар ўз бобокалонлари тарихини билмасдилар, билганларида эди хотира илми уларни сиёсий иғво қурбони бўлишга йўл қўймас эди. Сталин бизни фақат тарихимиздангина айиргани йўқ, у бутун бошли халқларни ватанидан ҳам айирди. Бундай айрилиқ қурбонларидаи бири месхети туркларидир.

Қандай қилиб айнан шу жафокаш халқ вакиллари ва ўзбеклар ўртасида душманлик пайдо бўлди? Фикримча, бу чуқур ўйланган иғво: бу икки тиғли ўткир қиличнинг бир томони қондош, қариндош турк халқи билан ўзбек халқининг дўстлик ришталарини узишга, иккинчи томони эса демократияни, аниқроғи, унинг жумҳуриятимизнинг турли қатламларида пайдо бўлаётган белгиларини қирқишга қаратилгандир.

Бундай миқёсли сиёсий иғвони тадбиқ қилишга эса замин тайёр эди, бу замин ҳозир ҳам бор. Марғилон ва унинг атрофида, биродаркушлик рўй берган жойларда минглаб ишсизлар бор. Уйлар ёнаётган Фарғонада эса ишсизлар сони ундан ҳам кўпроқ. Водийнинг ҳар бир жойида, айниқса, бугун ҳаммамизнинг эътиборимизни тортиб турган нуқталарида ишсизлар минг-минглаб топилади. Бу ишсизларнинг турмуш даражаси ниҳоятда ночор, қашшоқликдан ҳам тубандир.

Кўпгина фарғоналиклар Жиззах вилоятига, Тошкент вилоятига иш излаб келади, бошқалари ноқоратупроқ ерга ва Сибирга жўнайдилар, яна бир қисми бир бурда нон излаб қишлоқ ва шаҳар ўртасида оворадирлар. Яна шунга алоҳида тўхталиш керакки, пахта ҳосили учун олиб борилган ялпи кураш халқнинг тириклигига қарши ялпи курашга айланди. Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги тажовуз қилмаган бир парча ер қолгани йўқ. Пахта энг кўп сув ичадиган ўсимликдир. У бизнинг дарёларимизни ичиб қуритди ва оқибатда Ўрта Осиёнинг ёлғиз денгизи — Орол ўлди. Ернинг шўр босиши, ер мағзи — гумуснинг емирилиши натижасида бутун-бутун районлар саҳрога айланди. Заминнинг қашшоқланиши бевосита пахта етиштираётган кишилар қашшоқлиги билан ҳамоҳангдир. Улар ўзларининг силла қуритувчи меҳнатлари эвазига 40—50 сўм маош оладилар. Бир деҳқон ҳазиллашиб шундай деган эди — «бир сўтих пахта чопиғи учун менга 19 тийин беришади, шаҳарда кооператив ҳожатхона нархи 20 тийин. Менинг бир кунлик иш ҳақим фақатгина ўша ҳожатхонага 4 марта кириш учун етадия. Бу аламга тўлган одамнинг аччиқ ҳазили эди Мен шу одамни ёки унинг ўғлини Фарғона фожиаси бошланган Тошлоқда исёнкор оломон ичида кўриб қолсам, ҳайратланмаган бўлур эдим.

Йиллар давомида йиғилиб ётган ижтимоий-иқтисодий ҳалокат бир куни юзага уриб чиқиши турган гап эди. Нормал ҳаёт оқимига йўналтирилмаган куч табиий офатдан даҳшатлироқдир. Мен ўша кучни, ғазабга тўлган одамларни кўрдим. Турклар бу фожианинг юзага чиқишига баҳона бўлдилар, холос.

Баъзи раҳбарларимиздан кўра Ўзбекистомнинг ҳақиқий аҳволини яхшироқ билган иғвогарлар эса бундан усталик билан фойдаландилар. Ҳа, бугун бир неча аламлар ўчоғи ўчирилди, аммо бизга бундай ўчоқ бошқа ерларда ёнмайди деб ким кафолат беради? Токи миллатнинг қарийб 80 фоизини ташкил қиладиган қишлоқ аҳлига нисбатан ижтимоий адолат тикланмас экан, бу кафолатни ҳеч ким беролмайди. Биз узоқ йиллар давомида жумҳуриятимиздаги иқтисодий бўхронни яшириб келдик, мана энди у билан юзма-юз турибмиз. Мана энди бу бизнинг регионда сиёсий вазиятни белгиламоқда, уни йўналтирмоқда ва биргина миллий масала чегарасига сиғмаяпти.

«Литературная Россия» газетаси, 1989 йил 16 июнь

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 23 июнь