Муҳаммад Салом. Деҳқонга эрк беринг (1989)

Эллик центнер хирмон уйган пахтакорнинг тирикчилиги
Ижарачи нима дейди?

Кўплар қатори бу оиланинг ҳам аризаси инобатга ўтди — 5,9 гектар ер пудратга берилди. Бошқаларга нисбатан улар энг катта оилавий пудратни ташкил қилдилар. Шофиркон район Куйбишев номидаги колхоз шароитида икки аёлга шунча ер ажратиб бериш бир қарашда анча дангалчиликдай, аниқроғи, бошқа талай кишиларни ишсиз қолдириши мумкиндай туюлади. Аслида эса хўжалик ўтган йили ҳамма тармоқларда пудрат усулига ўтган, ерлару боғлар ҳам, чорва моллари ҳам колхозчиларга бўлиб берилган. Жумладан, пахта экиладиган 1060 гектар майдон ҳам 348 оилага ҳар қайсининг имкониятига қараб тақсимланган. Шулардан энг кўп ер олгани Нуржон Қўлдошева бошлиқ пудратчи оиладир.

Нуржон эндигина ўттиз баҳор билан юз кўришган. Шунга қарамай, деҳқончиликда суяги қотган, пилла ва пахта етиштиришда бой тажриба тўплаган. Ёрдамчиси Дилбар қайин укасининг хотини, ўзидан тўрт ёш кичик. Аммо тиришқоқликда овсинидан қолишмайди. Иккаласининг ҳам учтадан фарзанди бор. Турмуш ўртоқлари — ака-ука Қиёмиддин ва Баҳодир Қўлдошевлар бир-бирига меҳрибон, аҳил. Рўзғорлари битта. Оналари уларга бош-қош. Неваралар жилови буви қўлида. Аммо ҳали болалар кучидан фойдаланиб бўлмайди. Овсинлар бундай ниятни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Жигаргўшаларининг соғлом-дуркун, билимли инсон бўлиб етишуви улар учун энг олий тилак.

Ҳар бирига қарийб уч гектардан ер тўғри келгани, касалга чалинган замин анча кўп меҳнат талаб қилиши овсинларни чўчитмади. Фақат колхоз билан тузилган шартноманинг баландлиги кўнгилларига бир оз ғулғула солди. Ахир йигирма ярим тонна пахта етиштириш осон эмас-да. Бу — гектаридан ўттиз беш центнердан ҳосил кўтариш лозим деган гап! Пудратга ер олишдан мақсад эса шартномадагидан анча кўпроқ ҳосил етиштириш, шу тариқа кўпроқ даромад қилиб, турмушни изга туширишдан иборат. Хўш, бунга имкон борми?

— Бор! — деди Нуржон. — Биринчи галда ерни соғайтиришимиз, тупроқ унумдорлигини оширишимиз зарур. Бунинг учун минерал ўғитлардан воз кечамиз.

— Батамомми? — ҳайратланди Дилбар.

— Ҳа! Ахир ерни ишдан чиқарган, кашандага айлантирган ўша сунъий ўғитлар эмасми? Бободеҳқонларимизни эслайлик. Улар селитрани ҳам, фосфорни ҳам билишмаган. Гўнг билан истаган ҳосилни олишган, ерни ҳам бузишмаган.

— Тўғри, — деди Қиёмиддин уни қўллаб. — Гўнг тупроқни даволайди, донадор ва юмшоқ қилади. Харажат ҳам камаяди. Керакли гўнгни эса катта ҳандаққа тўплаб қўйганмиз…

Чиринди гўнг ерга малҳам бўлди. Чигит бехато ундириб олинди. Ғўзалар бўлиқ ўсиб, ғуж-ғуж кўсак тугди. Барглари йирик-йирик ва қоп-қора эди. Негадир сувга эҳтиёж туғилмаётгандай кўринарди. Бундан пудратчилар ташвишга тушишди. Жўяк тортиб сув тарашга ҳозирланишди. Шу кезларда тасодифан звенога келган колхоз бош агрономи Музаффар Адизов пахтазорни айланиб чиқди-ю, уларнинг қўлларидан тутди:

— Шошманглар! Ҳозир сув қўйсангиз, ғовлаб кетади, ҳосил камаяди. Буни «Бухоро — 6» нави дейдилар. Сувга ўч эмас. Қолаверса, ерга жуда кўп гўнг солинган. У ғўзага кучли озуқа бўлиш билан бирга тупроқда намни яхши сақлаган. гумус миқдорини оширган… Бу йил ошиқларингиз олчи бўлиши аниқ…

Агроном тўғри башорат қилган экан. Гарчи, ғўзаларга одатдагидан уч марта кам сув тараган эсалар-да, ҳар сафар шарбат оқизганликлари натижасида мўл ҳосил тўпладилар. Айрим ғўза туплари 40 — 50 тагача кўсак тугди. Овсинлар теримга тушиш олдидан қизиқиб бир неча чаноқдаги ҳосилни тортиб кўришди: ҳар қайсиси ўртача 7 — 8 граммдан! Бунақасини улар ҳеч қачон ўз кўзлари билан кўришмаган. Фақат боболаридан эшитишган. Бу гаплар уларга муболағадай, ҳатто машъум қўшиб ёзишнинг бошланишидай туюларди: қизиқ, агар рост бўлса, кейинги авлодлар нега шундай ажойиб имкониятлардан юз ўгиришган? Пахтани-ку, қўя турайлик, одамлар ўзлари истеъмол қиладиган мева-сабзавотга ҳам ҳисобсиз минерал ўғит солганлар, заҳарли химикат сочганлар?! Муддао тезроқ ва осонроқ пировард-натижага эришиш бўлган. Оқибатда сифат эътибордан қолган. Турли кўнгилсизликлар келиб чиққан.

Биргина пиёзни олайлик. Саёқ гектарчилар кейинги йилларда уни кўпайтиришга астойдил «бел боғладилар». Улар туфайли пиёз кўпайди, арзонлашди. Ҳатто янги пиёз чиққунча магазинларнинг пештахталарини безаб турди. Кўриниши чиройли, йирик-йирик… Шунданми, «Гектарчиларга раҳмат, ишни кўзини билишади-да», деб қувондик, маҳсулотларидан армонсиз харид қилдик. Аммо чирой ортида оғу яшириниб ётганини, эртамиз хавф-хатарда қолаётганини хаёлимизга ҳам келтирмадик.

Энди билсак, гектарчи-пудратчилар фақат пул ишлаб қолишни, тезроқ бойлик орттиришни ўйлашган, одамларнинг, ернинг тақдири уларни қизиқтирмаган экан. Улар етиштирган маҳсулот ҳисобсиз минерал ўғитларнинг, таркибида жуда кўп ДДТ бўлган далафоннинг «фарзанди» экан. Шу «дори»лар туфайли пудратчилар гектаридан 80 тоннагача пиёз сотганларини ўзим эшитганман. Кейинчалик сабзи, қовун-тарвуз етиштириш ҳам ўша гектарчилар қўлига ўтиб кетди. Уларга ҳеч ким индамади. Чунки раҳбарлар билан «келишган» саёқ пудратчининг мушугини ҳеч ким «пишт» демайди. Оқибатда, шифохоналар беморлар билан тўлиб-тошди, ўлим кўпайди, аёллар орасида пуштсизлар сони ошди, минг-минглаб гектар ерлар ишдан чиқди, ичимлик сувлар булғанди. Табиат ҳам, одамлар ҳам ҳалокат ёқасига бориб қолди.

Хайрият, бир оз кечикиб бўлса-да, ерни ҳақиқий эгаларига қайтара бошладик. Одамларда фаоллик уйғонди.

Шофирконда менга яна бир ижарачи оила ҳақида гапириб беришди. Улар ҳам минерал ўғит ўрнига кўпроқ маҳаллий ўғит ишлатганлар. Ғўзалар беқиёс ҳосил туккан. Фақат пахтанинг очилиши бир оз чўзилган. Шунда баъзи кишилар дори сепиб, ғўза баргини тўкишни маслаҳат беришади. Лекин улар бу усулдан воз кечишади…

Бир куни оила бошлиғи пахтазор четида ғалати манзарани кўради: ғўзаларнинг барги йўқ, пахта оппоқ очилиб, сарғая бошлаган кўсаклар қаққайиб турибди. Ажабо, бу не ҳол? Мол оралаб, баргларини ямлаганмикан? Ундай деса, туёқ излари йўқ, кўсаклар жойида, бирортаси задаланмаган. Энг қизиғи, жўякларга ақалли бирорта ҳам барг тўкилмаган.

Шу пайт болалардан бири келиб қолади-ю, опаси билан ўзи қилган кашфиётни отасига айтади. Улар баргларни қўлда териб, мол учун қишга қуритиб қўйишни афзал кўришибди. Энди туплар орасида шамол бемалол айланиб, кўсакларни очилтирармиш. Офтоб нури ҳам беҳуда кетмасмиш. Бу тажрибадан ота аввал ғазабланибди, кейин ўзи ҳам чуқур хаёлга толибди. Ниҳоят, уч-тўрт кундан сўнг фарзандларига тан берибди. Ҳамма майдондаги етилган баргларни териб олишибди. Натижа кутилганидан ҳам зиёда бўлибди.

— Болаларимдан айланай, — дебди суриштирганларга оила бошлиғи. — Уларнинг тажрибаси туфайли мўл ҳосил олдик. Аммо бу усул кўп ишчи кучи, ошиқча меҳнат талаб қилади. Эвазига ерга заҳар сепилмайди, атрофга зиён етказилмайди, тола сифати бузилмайди… Яна: ғўза барглари бошқа ўт билан қўшиб берилса, молга яхши озуқа бўлишини айтмайсизми? Ҳам сут кўпаяди, ҳам гўшт кўпаяди. Шуни ўйлаб, яна битта ғунажин сотиб олдим.

Қизиқарли кашфиёт! Мен албатта бу усулни қўллаш керак, деган фикрни олға сурмоқчи эмасман. Лекин ер оилаларга бўлиб берилса, катталаргина эмас, болалар ҳам унга ўз мулкидай муносабатда бўлади, самарали фойдаланиш йўлларини ахтаради. Бу эса фикр юритишни, мушоҳадани кучайтиради, фаолликка чорлайди, яиги ташаббусни юзага келтиради.

Ерни деҳқонга, яйлов ва чорвани чорвадорларга, боғ ва узумзорларни соҳибкорларга бўлиб бериш турғунликдан қутулишнинг дастлабки қадамларидир. Агар ер узоқ муддатга, ҳатто бир умрга ижарага берилса, бутун масъулият деҳқоннинг ўзига юклатилса, қишлоқ хўжалигида эҳтимол мисли кўрилмаган ютуқларга эришиш мумкин бўлар. Тажрибага асосланиб, ақл билан иш тутадиган деҳқон ердан унумли фойдаланишнинг бир неча йиллик режасини тузади: маълум майдонга чигит, маълум қисмига беда ёки жўхори, қолганига сабзи, пиёз, картошка, нўхат ва бошқа экин экиши мумкин. Вақти келиб экинлар ўрнини ўзгартириб, алмашлаб экишни йўлга қўяди. Чунки ҳар қандай шароитда ҳам тупроқнинг соз ва унумдор бўлишидан манфаатдор бўлади. Юқоридан буйруқ кутмасдан ўзи изланади, мўл-кўл ҳосил яратади. Борди-ю, шартномада битта экин, маҳсулот ҳукмрон бўлса, оз муддатдаги мўмай даромадни ўйлаб, ернинг қадрига етмайди, қандай бўлмасин, кўпроқ пул ишлаш умидида ерни заҳарлашдан ҳам тоймайди. Бу охир-оқибатда халқ саломатлигига ҳам таъсир қилади.

Бу ҳақда уйласам, пудратчи Нуржон Қўлдошева кўз ўнгимга келади. Пахтачиликда у қўллаган усулни кенг ёйиш зарур. Шояд шунда минерал ўғитлар ҳам, заҳарли химикатлар ҳам батамом сиқиб чиқарилса, шояд шунда «дори»ларни етказиб берадиган заводлар тугатилиб, пахтани қайта ишлайдиган корхоналарга айлантирилса, ортиқча чиқимлар йўли қирқиларди, табиат ҳам мусаффолашарди…

— Салкам олти гектар ердан ўттиз бир ярим тонна юқори навли хомашё топширдик, — дейди Нуржон. — Ҳосилдорлик эллик центнерга етди! Бир ҳовуч ҳам сунъий ўғит ишлатмадик. Ҳосилнинг 14 тоннасини машинада, 16 тоннасини қўлда тердик. Фақат бир ярим тоннасини кўрак чувиш машинасидан ўтказдик.

— Даромад қандай бўлди? — сўрадим оила бошлиғидан.

— Ҳа-я… У негадир ҳомушланди. — Саккиз ярим минг сўм ишладик. 1700 сўми иш ҳақи, 6800 сўми қўшимча даромад. Аммо оғир меҳнат қилдик. Тинкамиз қуриёзди. Агар завод ё фабрикада шунақа ишланса, тўғриси, ойига ҳар киши минг сўмдан пул топиши ҳеч гап эмасди. Бир қўшнимиз 75 сотих ерга помидор экиб, беш минг сўм даромад кўрибди. Бизчалик қийналгани ҳам йўқ. Агар биз ҳам қарамоғимиздаги ернинг ҳаммасига помидор ёки картошка экканимизда, йигирма-ўттиз минг сўмга эга бўлардик. Шунчалик чақилмасдик ҳам.

— Бунинг сабаби нимада деб биласиз?

— Пахтанинг ўзи оқу меҳнати қора. Унга тўланадиган иш ҳақи эса кишини камситади. Пахтанинг харид нархи ҳатто тамакиникидан ўн баравар кам экан…

Кўнглим бузилди. Хаёлга толдим. Қизиқ, қўшнилари чоракам бир гектарга экилган помидордан беш минг, булар ҳар гектар пахтазордан бор-йўғи 1410 сўм атрофида даромад олишибди. Деҳқон учун буларнинг қай бири афзал? Ҳозир колхозчи бир кило майиз, анор ёки картошка сотиб олиш учуи камида ўн кило юқори навли пахта етиштириши лозим. Ҳолбуки, ойига 20-30 сўм ҳақ оладиган пахтакорлар бор. Бухоро областида қишлоқ аҳли жон бошига тўғри келадиган гўшт айтишга ҳам арзимайди. Мен гўшт истеъмол қилмайдиган, ёвғон овқат билан қаноатланадиган, ҳафталаб қанд-шакарни кўрмайдиган хонадонлар борлигини ҳам биламан.

Шу ўринда марказий телевидение орқали намойиш қилинган «Канизак Изаура» фильми эсимга тушади. Унда қуллару чўрилар пахта чувиш билан ҳам шуғулланадилар. Чўри Изаура маълум муддат уй ишидан олиниб, жазо сифатида шунақа ишларга, кейинчалик жуда оғир жазо тарзида пахта плантациясига ўтказилади. Экранда бир неча марта хўжайинларнинг «Плантацияга жўнатаман, 14 соатлаб ишлайсан», деган ваҳимали сўзлари жаранглайди. Бу сўзлар ҳаммани ларзага солади. Чўри қизнинг плантациядаги қисқагина фаолиятидан кўзларингизга ёш қуйилади. Худди шу топда ўзбек пахтакори ҳам ана шундай ҳаётга маҳкум эканлиги, тирикчилик кўйида кўпинча 14 соатлаб даладан қайтолмаслиги, бу меҳнат нинг асосий қисми аёллар чекига тушганлиги, дам олиш, байрам иималигини билмасликлари, барча касалликларга мубтало эканликлари хаёлингиздан кечади.

Фильм воқеалари икки юз йилча аввал Бразилияда рўй берган. Ҳозир ҳеч ерда расман қулчилик ҳукм сурмайди.Бироқ иқтисодий қарамлик туфайли оғир меҳнатга ихтиёрий тутқунлик, бугунги кун қишлоқ аҳлининг ибтидоий турмуш тарзи ўша фильмда кўрсатилганидан кескин фарқ қиладими? Фарқ бор. Бизнинг қишлоқ меҳнаткашларининг аксарияти беш-ўн кишилашиб бир хонада қисилиб яшашга, ёзда супада, қиш ва кузда зах хонага ёйилган намат устида ухлашга мажбур. Биз кўкларга кўтариб мақтайдиган «оқ олтин» уларни шу кўйга солганини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Уларнинг наздида фақат пахта туфайли жон сақлаб юрибдилар.

1983 йили қишлоғимиздаги дала шийпонига бориб қолдим. Тажрибали сувчи Аҳмад Тўхтамишев билан гурунглашиб ўтирдим. Колхозда экин майдони анча кам, аҳоли эса жуда зич: 1200 гектарга яқин ерга пахта экилади, бошқа экинлар йигирма фоиз атрофида, ўн икки мингдан ошиқ киши яшайди. Шу фактнинг ўзиёқ кун кўриш нечоғлик қийинлигини яққол гавдалантирди. Бу ҳақда колхозу район раҳбарлари ҳам кўп бош қотирардилар. Ўша пайтдаги район партия комитетининг биринчи секретари ишнинг кўзини биладиган, тадбирли одам эди, анча ишлар қилиб, оддий кишилар ҳурматини қозонганди. Лекин пахта касали унинг ҳам қонида йўқ эмасди — юқорининг топшириғини лаббай деб қабул қиларди. У район шимолроғида жойлашган колхозимизни дончилик ва ем-хашакчилик хўжалигига айлантириш фикрини ўртага ташлади. Бироқ ўша пайтдаги раис ҳам, бригадирлару бошқа фаоллар ҳам бунга кўнмадилар, пахтадан воз кечишни катта фалокат сифатида қабул қилдилар. Шуни назарда тутиб, сувчи йигитга:

— Ем-хашак ва дончиликка ўтсаларингиз, ўзларингизни бир оз тиклаб олардингизлар, — дедим. — Оғир меҳнат ҳам камаярди.

— Э, унда тирикчилик бундан ҳам оғирлашади, — деди у ўйлаб ўтирмасдан. — Пахтадан бошқаси бўлмайди

— Нега? — ажабланиб сўрадим ундан. — Ем-хашак экинларидан йилига икки марта ҳосил олиш мумкин. Гектаридан юз-икки юз центнердан дон, қанчадан-қанча кўкпоя олиб, қўшни хўжаликларга сотасизлар-ку? Даромади пахтаникидан кўпроқ бўлади. Яна мол боқиш имконларингиз ҳам кўпаяди. Ҳозир сизларда ҳар литр сутнинг таннархи бир сўмдан қимматроққа тушаяпти.

— Тўғри-ку, лекин бизда одам кўп, ем-хашак ўзимиздан ортармиди, — маъноли кулимсиради Аҳмаджон. — Пахтадан қўймасин, уни ҳеч ким емайди.

Ўша йили бошқа хўжаликлар ҳам пахтадан айрилгилари келмади, районга берилган имкониятдан фойдаланмадилар. Пахта сеҳри — пахта бандилиги, аниқроғи тушовланган онг бунга монелик қилди. Афсуски, бу бандиликдан ҳозирги қайта қуриш палласида ҳам қутулолмаяпмиз. Бу борада халқни олға етаклаши лозим бўлган айрим раҳбарлар жамоатчиликнинг фикрига қулоқ тутмаяптилар.

«Правда Востока» газетасининг шу йилги 11 март сонида Ўзбекистон Агросаноат давлат комитети раиси И. Жўрабеков билан суҳбатни ўқиб, ҳайрон қолдим. Суҳбатга «Пахта қадри» деб ном берилган, аслида эса унда пахтанинг қадр-қиммати, давлат ва халқ ундан қанча наф кўриши чуқур очилмаган, аксинча, уни камайтиришга эътироз билдирилган. «Энг муҳими қанча —4 ёки 5 миллион тонна пахта етиштирилишида эмас, — дейилади жавобда. (Ҳолбуки, ҳамма гап ўша тонналар устида кетяпти), — асосий гап экинзорларнинг пахта билан банд бўлиши 60 процентдан ошмаслигида, яъни 2800 гектар пахта комплекси майдонининг 1700 — 1750 минг гектарида ғўза, 800 — 850 минг гектарида бошқа экинлар ўстирилмоғи керак. 80 минг гектар атрофидаги майдон мелиоратив далалардан иборат бўлмоғи лозим. (Шунисига ҳам чидаса бўларди-я…)

Ҳар ҳолда, Иттифоқ министрликлари ва идоралари пахтанинг давлат буюртмасини 4 миллион тоннага келтирдилар деб тасаввур қилиб кўрайлик-чи. Бундан нима ютамизу, нима йўқотамиз? Албатта, бу ҳолда ғўзадан бўшаган қарийб 350 минг гектар атрофидаги майдон озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга имкон берган бўлур эди…»

Бу фикрга тўла қўшиламиз. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо ўртоқ Жўрабеков сўзининг давомида маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш қувватлари танқислиги туфайли бу йўлдан боришга қарши чиқади. Биз танқисликни инкор этмаймиз, аммо маҳсулотни сифатли сақлаш борасида халқ тажрибалари ниҳоятда кўплиги ва анча арзон усуллар борлиги наҳотки раисга маълум бўлмаса.

«Бир гектар пахта майдони ўртача 15—16 минг сўмлик самара беради, — дейди яна ўртоқ Жўрабеков. — Ана шу рақамни бўшаган ер майдонларига кўпайтирсак, олинмай қолган ялпи ва товар маҳсулотлари миқдорини биламиз. Бу 5 миллиард сўмликдан кўпдир. Миллий даромад, 2 миллиард сўм атрофида етишмай қолади».

Ажабо, ўша майдонларга экилган озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси қаёққа кетади? Экологик аҳамияти, тежаладиган сувлару халқ саломатлигида тутадиган ўрни-чи? Ахир 350 минг гектарни чиқитга чиқармадик-ку? Юқорида биз ҳар гектар ер қанча даромад келтириши мумкинлигини пахта ва помидор мисолида айтиб ўтдик. Ҳозирги нархларда бошқа экинлардан беш миллиард эмас, икки-уч ҳисса кўпроқ даромад кўриш мумкин. Ўртоқ Жўрабеков эса шунчаки исботсиз тарзда: «Қишлоқ меҳнаткашларининг турмуш даражасига келганимизда, масалан, пахтакорнинг бир киши-кунига сабзавоткор ёки чорвадорга нисбатан 15—20 процент кўп тўланади», дейди.

Хўш, шу гапни ўқиган кичик раҳбарлар унга қарши иш тутадими? Аксинча, деҳқонларни ҳам фақат пахта экншга ундайди, бошқа соҳаларни кони зиёнга чиқаради. Қарабсизки, пахта ҳукмронлиги янада кучайиб, ҳаёт чигаллашаверади. Буни ўтган йиллар мисолида аниқ кўрдик.

Яна бир мисол. Маълумки, бултур ҳукуматимиз республика пахта мажбуриятининг ярим миллион тоннасидан воз кечди. Бироқ, орадан кўп ўтмай, агросаноат комплекси ходимларининг қурултойида пахтани кўпайтирадиган илтимоснома баён этилди: «Агар ҳар йили қўшимча равишда 100—150 минг тонна пахта топширсак, қарзлардан қутула борамиз».

Катта раҳбарнинг ишорасига шай қуйи раҳбарлар қўшимча 40 минг гектардан кўпроқ ерга яширинча чигит экишга мажбур бўлдилар. Ошиқча майдонлар ва об-ҳавонинг қулай келиши эвазига, 110 минг тоннадан ортиқ «оқ олтин» топширилди. Аммо шунча ерга мева-сабзавот, полиз ва чорвабоп экинлар экилмади. Натижада инсон учун энг керакли, витаминга бой маҳсулотлар кескин камайди. Бозордаги нархлар осмонга чиқиб кетди. Бундан жиддий хулоса чиқариш лозим эди. Бироқ яна тескари иш тутилди — пахтани кўпайтириш йўли тарғиб этилди. Ахир тонналар қисқариш ўрнига кўпайиб бораётган экан, монокультурадан қутулишнинг иложи йўқлиги ҳаммага аён ҳақиқат-ку!

— Пахта яккаҳокимлигидан ҳали-вери қутуладиганга ўхшамаймиз, — дейди Куйбишев номидаги колхоз раиси Маҳмуджон Назаров, — Бу йил бултургига нисбатан бир юз ўн бир тонна кўп пахта етиштириш режалаштирилди. Демак, алмашлаб экишни тўғри йўлга қўйиш қийинлашади. Чунки ҳосилдорликка ишониб, пахта ерларини қисқартириш хавфли. Ҳосил чўғи кўп жиҳатдан об-ҳавонинг қандай келишига, алмашлаб экилган ер тарикибига боғлиқ. Бу борада пудрат ва нжара усуллари ҳам катта аҳамиятга эга. Бизнинг ўтган йилги ютуқларимизда ана шу омиллар таянч бўлди. Пахтачиликдан икки миллион олти юз минг сўм, жаъми уч ярим миллион сўм даромад қилдик. Шу туфайли қишлоқларда учта ҳаммом, фельдшерлик-акушерлик пункти, иссиқхона, ўнинчи бригадада ёзги кинотеатр бунёд этдик. Эндиликда спорт зали, болалар боғчалари қад кўтаряпти. Аммо булар ҳали эҳтиёжларимизни қондиролмайди. Уй-жойга ариза берганларнинг ўзи 240 дан ошиқ. Уларнинг талабини қондириш учун қўшимча ер керак. Пахта майдонларини қисқартирсаккина, иморатларга, мева-сабзавотларга имконлар очилади. Аммо…

Раис сўзини давом эттиришга қийналди. Шусиз ҳам унинг нима демоқчи эканлиги менга аён эди. Қайта қуриш, ошкоралик ва демократия туфайли ҳаётда кўп нарсаларга муносабат кескин ўзгарди. Шунингдек, оила пудрати, ижарачилик туфайли ерга эътибор кучайди. Бироқ буйруқбозлик, деҳқончиликни юқоридан режалаштириш, пастдагиларнинг хоҳиш-иродасини ҳисобга олмаслик ҳамон ўз кучида қолмоқда. Бошқаришнинг бундай усуллари, шубҳасиз, эркин парвозга, эрк қанотларининг дадил силкинишига халал беради, ҳисобсиз имкониятлар йўлига ғов солади. Эски қарашлар ва ҳар қандай ғовлар тўла синдирилса, деҳқонга кўпроқ эрк берилса, жумбоқлар бирин-сирин ечилади, ҳаёт изга тушади…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 27 июнь