Мирзаали Муҳаммаджонов. Ер, пахта, тақдир (1989)

Кейинги 25—30 йил мобайнида Ўрта Осиёнинг ҳамма жойларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам сув ва ердан фойдаланишда пала-партишликлар содир бўлди. Бунинг оқибатида республиканинг табиий-иқтисодий ҳолатига путур етди. Ўрта Осиё шароитида ўта танқис бўлиб турган сув ва ҳавонинг саноат чиқиндилари билан ифлосланиб бораётганлиги аҳоли саломатлигига ҳам зиён етказмай қолмади, тупроқ унумдорлиги ва қишлоқ хўжаликларининг маҳсулдорлиги сезиларли даражада камайиб кетди. Келтирилган иқтисодий зарар миллиард-миллиард сўмларни ташкил этади, ижтимоий ва маънавий зарарнинг-ку ҳисоби йўқ.

Ўрта Осиёдаги барча иттифоқдош республикалар сингари Ўзбекистон ҳам ниҳоятда қулай табиий иқлим шароитларига, юксак самарадорлик имкониятларига, айниқса, меҳнат ресурсларига эга. Сўнгги ўн беш йил мобайнида ишлаб чиқариш фондлари 3,9, энергетика қуввати 2,1, шу жумладан тракторларнинг умумий қувватлари 8,2, минерал ўғитлар таъминоти 1,7 баравар ўсди. Суғориладиган майдонлар эса, кейинги икки беш йиллик оралиғида 900 минг гектаргача кенгайиб кетди.

Қишлоқ хўжалигидаги ишлар замонавий фан ютуқларига таянган ҳолда олиб борилса, ҳар гектар пахта хомашёси — 45—50 центнер, беда пичани — 250—270, силосбоп маккажўхори — 700—800, маккажўхори дони — 80—100, сабзавот ва полиз экинлари — 600—800, узум — 250—280 центнер, кузги бошоқли экинлар ва маккажўхори такроран экилганида эса, суғориладиган ҳар бир гектар ердан 130— 140 центнердан дон ҳосили етиштириш мумкин. Чорвачилик маҳсулотларидан эса, суғориладиган 100 гектар ер ҳисобига 130—140 центнердан гўшт, 800—850 центнердан сут етиштириш имкониятлари мавжуд.

Буларнинг барчаси Ўрта Осиёда суғориладиган ер майдонлари қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги ва чорвачилик маҳсулдорлиги имкониятлари беқиёс ва чексиз эканлигидан далолат беради. Юқорида баён қилинган кузатишлар шу нарсани кўрсатадики, Ўзбекистон 20—30 миллион кишинигина эмас, балки ундан бир неча баравар кўп аҳолини бемалол тўйдириб-кийдириши, бундан ташқари, умумиттифоқ фондига ҳам самарали ҳисса қўшиши мумкин.

Бироқ ана шу имкониятлардан фойдаланиш ниҳоят даражада қониқарсиз. Республикада қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар самарасиз, бу ерда ғўза ҳукмронлигига, ўйламай-нетмай ерларни кенгайтиришга хуруж қўйилган, меҳнат унумдорлиги ҳамда аҳоли жон бошига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини етказиш бўйича даромад ва истеъмол даражаси йилдан йилга пасайиб бормоқда ёхуд бир жойда депсиниб қолмоқда. Миллий даромад аҳоли жон бошига республикада атиги тўрт минг сўмни ташкил этади, ҳолбуки, мамлакат бўйича бу борадаги ўртача кўрсаткич саккиз минг сўмга тенг. Барча жиҳатлари устун бўлган ўлкамиз аҳолиси эса бутун мамлакат аҳолисига нисбатан гўшт, сут, сабзавот, мева, узум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 2—2,5 баравар кам истеъмол қилаяпти. Расмий маълумотларга кўра, республикамиз қишлоқ хўжалиги аҳолиси йилига киши бошига 8 килодан ёки РСФСР аҳолисига нисбатан 8 баравар кам гўшт истеъмол қилаяпти.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон колхозлари ва совхозлари пахта хомашёси ва беда пичанидан икки баравар, силосбоп маккажўхори ёки жўхоридан 4—5, уларнинг донидан 2,5, сабзавот ва полиз экинларидан 3—4, мевадан 5 баравар, узум, гўшт, сут етиштиришдан 4 баравар кам ҳосил етиштирмоқдалар. Ҳолбуки, бизнинг тупроқ-иқлим шароитимизда йилига уч марта сабзавот ҳосили етиштирса бўлади. Республика хўжаликларининг учдан бири зарарига ишлаяпти, 40 фоизининг рентабеллиги 15 фоиздан ошмайди. Кўплаб колхозчи ва совхоз ишчиларининг оилалари қашшоқликда яшамоқдалар. Қишлоқ хўжалигида банд бўлган ҳар киши бошига маҳсулот даражасида икки баравар, АҚШга қиёсан эса, ўн баравар кам маҳсулот ишлаб чиқарилаяпти.

Академик Мирзаали Муҳаммаджонов

Айниқса, республикамизнинг асосий соҳаси бўлган пахтачилик аҳволи чинакамига жиддий ташвиш уйғотмоқда. Пахта ҳосилдорлиги паст. Республика 1988 йили кўп йиллардан буён биринчи марта пахта сотиш планини бажаришга муваффақ бўлди, ҳосилдорлик гектар бошига 26 центнерга етди, бу — аввалги йилдагига нисбатан 3 центнер ортиқ, 1980 йилга нисбатан эса 3,5 центнер камдир, давлат омборларига 5 миллион 360 минг тонна пахта хомашёси етказиб берилди.

Агросаноат комплексининг бошқа тармоқларида ҳеч қандай ўзгаришлар содир бўлмади. Озиқ-овқат Программасини бажариш ва аҳолини муҳим истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш масалалари ҳамон ташвишли даражада. Қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш миқдорининг ўсиши сўнгги икки йилда республика аҳолисининг табиий ўсиш суръатини зўр-базўр қопламоқда. Кўриниб туриптики, республика меҳнаткашларининг моддий аҳволи яхшиланаётгани йўқ.

Буларнинг барчаси республикамиз иқтисодий ва ижтимоий муносабатларда оғир аҳволда эканини, экологик жиҳатдан эса, Иттифоқда аянчли ўринлардан бирини эгаллаб турганлигини кўрсатади.

Табиий суратда, бундай аҳволдан чиқишнинг чора-тадбири борми, деган савол туғилади.

Ҳа, бор. Бунинг учун энг аввало республика қишлоқ хўжалигини илмий асосга кўчириш лозим. Колхозлар ва совхоларимиз, шу пайтгача бўлганидек, бир томонлама ривожлантирилмасдан, уларнинг ҳар томонлама равнақ топишини таъминламоқ керак. Қишлоқ хўжалик экинлари хилини қанча кўпайтирсак, ернинг табиий тузилишини асраб қолсак, уларнинг ҳосилдорлигига, ўсимлик дунёси ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг туб самарадорлигига эришган бўламиз. Хўжаликларнинг майдонларида бир хил экинни сурункали экаверишга зўр бериш жуда зарарлидир. Бундай ихтисослаштириш, эртами-кечми, тупроқни толиқтиради, кучини олади, турли зараркунандаларнинг пайдо бўлишига, юқумли касалликларнинг кенг тарқалишига, бегона ўтларнинг кўпайишига ва бошқа кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлади, пировардида эса, ихтисослаштирилган экиннинг ўзига қирон келади. Қишлоқ хўжалигида бир хил экин экишга хуруж қўйган кўплаб мамлакатларнинг аччиқ сабоқлари бизга ибрат бўлмоғи лозим. Энг кўнгилсиз ҳодисалардан бири айнан бизнинг шароитимизда рўй бераётганлигидан кўз юмолмаймиз. Юқумли вилт касаллиги, қишлоқ хўжалиги зараркунандалари, такрорий шўрланиш, ернинг ботқоққа айланиши, ҳосилдорлиқнинг камайиб кетиши йилдан-йилга кучаймоқда.

Шунинг учун ҳам деҳқончиликда ихтисослашиш меъёрида бўлиши керак. Ана шу муносабат билан соҳа структурасини тубдан қайта кўриб чиқиш, ҳар бир хўжаликда унинг мувозанатини сақлаш зарур. Бу — қишлоқ хўжалигини илмий асосда юксак маданият билан юритишнинг қонуний талабига айлантирилмоғи шарт. Ғўзани асосий экин сифатида мақсадга мувофиқ деб билишдан ташқари, чорвачилик, ипакчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик кенг суратда ривожлантирилмоғи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, маданий-маиший хизмат соҳаларига эътиборни кучайтириш лозим.

Республикамизда ғўза ва шоли экинларининг ҳукмрон мавқега эгалиги хўжаликларни айнитди, жамоат ва шахсий чорвачилик равнақига тўсқинлик қилиб қолди. Натижада суғориладиган 100 гектар ер майдонига 41 бош қорамол, шу жумладан 11 та сигир тўғри келади, холос. Хўжаликларнинг 37 фоизида сигир, 50 фоизида қўй зоти йўқ. Умуман олганда, республикамизда аҳоли жон бошига 20,7 килограмм гўшт, 132 литр сут тайёрланади, бу борада мамлакатдаги ўртача рақам муқобил равишда 64 ва 341 ни ташкил этади.

Бир сўз билан айтганда, тўла хўжалик ҳисобига ва ўз-ўзини маблағ билан таъминлашга ўтиш шароитида ишлаб чиқаришни бошқарадиган бош ўзак бозор ва маҳсулот коньюктурасидир. Бу — ҳар қандай йўл билан маҳсулот ишлаб чиқариш «принципи»ни инкор этади ва маълум экин ҳукмронлигига чек қўяди. Бу, ўз навбатида, экин майдонлари структурасини тубдан ўзгартиришни тақозо этади. Ҳамма соҳалар бўйича равнақ топаётган айрим илғор хўжаликлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, пахтачилик хўжаликларида ғўза экинларига эллик фоиз ер ажратишнинг ўзи кифоядир. Ана шу асосда, биз, беда ва бошқа озуқа экинларига 30—35, уруғли дон экинларига (маккажўхори, шоли…)га 6 фоиз, сабзавот, полиз, боғ ва узум учун 8 фоиз ўрмон иҳоталари ва тутзорлар учун 6 фоиз ер ажратиш маъқул, деб ҳисоблаймиз. Бу структурани табақалаштирилган ҳолда амалга ошириш зарур. Масалан, тупроқнинг мелиоратив ҳолати кўнгилдагидай бўлмаган хўжаликларда умумий ернинг 40—45 фоизини, шўрланмаган ҳосилдор ерларда эса 55—60 фоизини пахта учун ажратиш мумкин.

* * *

Ғўзадан холи бўлган майдонларда бутунлай алмашлаб экишни жорий этиш ва ернинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш лозим. Шунда биз республика аҳолисини чорва маҳсулотларининг асосий турлари ва мева-сабзавот билан асосан таъминлаймиз. Бундан кейинги пахтачилик ривожи фақат ҳосилдорликни ўстириш ҳисобига бўлмоғи керак. Илмий жиҳатдан асосланган алмашлаб экиш ва ерга ишлов беришнинг интенсив технологиясини жорий этиш билан деҳқончиликнинг янги системасини ўзлаштириш туфайли, шунингдек, бўшаган моддий-техника ресурсларининг бир қисмини бошқа соҳаларга жалб этиш ҳамда ижара пудратига ўтиш туфайли 1,4—1,5 миллион гектар суғориладиган майдонларда пахта ҳосилдорлигини ўртача гектар бошига 35 центнерга етказиш ёки 1995—97 йилларда 5,2—5,3 миллион тонна пахта етиштириш имконияти юзага чиқади.

Умумиттифоқ меҳнат тақсимотида ва республикамизнинг иқлим шароитларига кўра, пахта етиштириш бизнинг бурчимиз эканлигини яхши англамоғимиз керак. Пахтачилик авлод-аждодларимизнинг бизга қолдирган мероси бўлиб, деҳқонларимизнинг меҳр қўйган соҳаси ва ҳунаридир. Пахта ишлаб чиқаришни ўстира бориш ва мамлакатни мазкур хомашё билан таъминлаш — республика экономикасининг асосий манбаидир. Ҳамонки, биз пахта етиштириш билан машғул эканмиз, республикамиз аҳолисининг дон маҳсулотларига ва қисман чорва маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи иттифоқ фонди ҳисобидан таъминланмоғи керак.

Суғориладиган пахта майдонларини ва пахта сотиш планини қисқартириш хоҳиш-иродамиз ифодаси эмас, балки ҳаётий заруратдир, зеро ғўза экини ҳукмронлиги республика хўжаликлари учун фожиавий бўлиб, иқтисодий ва экологик жиҳатдан оғир оқибатларга олиб келади. Буни ҳамма, жумладан СССР Давлат плани ва Давлат агросаноати ҳам яхши англайди. Лекин бу катта мавқега эга бўлган ташкилотлар республикага ўз иродасини ўтказиш, зарарли одатга айланган «ўта марказлаштириш» истагидан воз кечишга ўргана олмаётирлар. Бу йил ҳам пахта сотиш юксак планлари белгиланди, демак, ғўза экини ҳукмронлиги яна аввалгидай сақланиб қолаверади. Ҳамма кулфат шундаки, бу борада қанчалар кўп гапирмайлик, амалда ҳеч қандай иш қилинмаётир. Республикамиз раҳбарлари, энг аввало ЎзССР Министрлар Совети марказ иродасига маҳкам боғланиб қолганлар. Ахир КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг Оролни асраб қолиш ҳақида 1988 йилнинг 20 сентябрида қабул қилган қарорини бажаришимиз керак-ку.

Мазкур қарорда, жумладан, қуйидаги вазифалар олға сурилган эди:

«Орол денгизи ҳавзасида қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини тармоқлар ривожини мақбул йўлга солишни, ҳадеб пахта ва шоли етиштираверишни тугатишни, тупроқ ҳолати ёмонлашувини бартараф этишни, чорвачиликни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам озуқа базасини яратишни кўзда тутувчи қатъий илмий асосга ўтказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда ўн учинчи беш йилликда қишлоқ ҳўжалигини юритишнинг тупроқни муҳофаза қиладиган ва ресурсларни тежайдиган зона системалари ишлаб чиқарилсин ва жорий этилсин».

Кўриниб туриптики, қарорда ҳамма нарса аниқ-равшан баён этилган. Пахта майдонларини ва пахта сотиш планини қисқартирмасдан туриб, ғўза экини ҳукмронлигига чек қўйиш мушкул. Истиқболда пахтачилик тармоғини самарали ривожлантириш учун ҳам ана шу вазифани амалга ошириш лозим. Эндиликда иттифоқдош республикалар планлар ва бошқа масалаларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этишлари керак, деб айтди ўртоқ М. С. Горбачев.

Ҳозирги пайтда республика 4,1 миллион гектар экин майдонларига эга бўлиб, шундан 3,4 миллион гектари суғориладиган ерлардир. Бундан бир миллион гектарга яқин майдон кам ҳосилли, 600—700 минг гектари эса, шағалли, заранг, тик адирлар, ўта шўрланган ва қум аралаш ерлардир. Турғунлик йилларида қандай қилиб бўлмасин шон-шарафга эришиш мақсадида бу ерларга пахта экилаверди ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Мазкур майдонлар гектарига 5—10 центнердан, нари борса, 18— 20 центнердан пахта беради. Бундан ташқари, бу ерлар жуда катта сув миқдорини ва сарф-харажатларни тақозо этади ва хўжаликларга фақат зиён келтиради, холос. Мазкур ерларда бундан буён ҳам ғўза экишни давом эттиравериш — республикани ҳолдан тойдиришга, Озиқ-овқат Программасини бажариш вазифаларини тўла барбод қилишга ва Оролнинг қисматини янада оғирлаштиришга олиб келади.

Айтганларимизни кўплаб мисоллар билан асослаб беришимиз мумкин. Масалан, Фарғона область, Боғдод район, «Большевик» колхозининг 2-бригадаси шағалли ерларда деҳқончилик қилиб, энг қулай келган йилда 51 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 11 центнердан пахта ҳосили етиштирди, ҳолбуки, белгиланган план 21 центнер эди. Қадимдан суғорилиб келинган ерларда деҳқончилик қилаётган бригада эса гектаридан 30,7 центнердан ҳосил етиштирди. Агар шағалли ер 12 марта суғорилган, 10 марта культивация қилинган бўлса, одатий ерда бу — муқобил равишда, 6 ва 5 мартани ташкил этади. Бир центнер пахта хомашёсининг таннархи шағалли жойларда план бўйича 48 сўм бўлишига қарамасдан 83 сўмга тушди.

Қува районидаги собиқ Жданов номли колхоз раиси ўртоқ Юсуповнинг айтишича, деҳқончилик қилинадиган 2 минг 36 гектар ернинг 470 гектари шағалли, 320 гектари эса, соф қумлик аралаш майдонлардан иборат бўлиб, асосан пахта етиштирилади, ҳосилдорлик ниҳоятда паст, пахта таннархи жуда юқори, 15 мартагача суғоришга тўғри келади, ҳар бир суғоришда 1200—1300 кубометр сув сарфланади, 15—16 марта культивация қилинади, ҳолбуки, шу жойларда боғлар ва узумзорлар барпо қилинганида эди, бутун ёз давомида 1—2 марта суғоришнинг ўзи кифоя эди.

Мазкур районнинг Муса Шербўтаев раислик қилаётган «Коммунизм» колхозида ҳам аҳвол шундай.

Фарғона областида ҳаммаси бўлиб 312 минг гектар майдонда деҳқончилик қилинади, бунинг 54 минг гектари шағалли ва тошлоқ, 53,3 минг гектари қумоқ ва қум аралаш, 40 минг гектари адирлардан иборат.

Аҳоли жон бошига энг кам ер майдони тўғри келадиган Андижон областида ғўза экини ҳукмронлиги яққол кўзга ташланиб туришига қарамай адирлардан, шағалли ерлардан, барханлардан пахта учун ўн минглаб гектар майдон ўзлаштирилди. 28 минг гектар майдоннинг пахта ҳосилдорлиги гектар бошига асосан 12—20 центнердан иборат. Бу ерлардаги бир центнер пахтанинг таннархи гектарига 120(!) сўмни ташкил этди, сув сарфи эса уч мартадан зиёд. Адирларни такрор-такрор суғориш оқибатида қадимдан суғориб келинаётган майдонларда ботқоқланиш, шўрланиш ҳоллари юз берди.

Наманган областида эса, адирлар, шағалли майдонлар 54 минг гектарга яқин майдонни ташкил этади.

Сирдарё областининг Меҳнатобод районида ўта заранглашган 20,3 минг гектар майдонга чигит қадалади. Совхозлар янги ташкил топган 1976 йилда ҳосилдорлик гектар бошига 7,2 центнерни ташкил этган бўлса, 1987 йилга келиб атиги 11 центнерга, ўтган йили эса 13 центнерга кўтарилди. Фақат еттита совхознинг ўзигина 1981—1986 йилларда пахтачиликдан давлатга 75 миллион сўм зарар келтирди, бир центнер пахта хомашёсининг таннархи район совхозларида 159 сўм 79(!) тийинга етди. Ялпи пахта ҳосили етиштириш учун ҳар қандай ноқулай ер шароитларига қарамасдан, давлатга қанчалар зиён келтираётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бундай заранг ер майдонлари, Марказий Фарғонада ҳам, Зарафшон воҳасида ҳам анчагина.

У ёки бу сабабларга кўра, асосан тупроқ ва иқлим шароитларининг ноқулайлиги Зомин, Янгиер, Муборак, Усмон Юсупов, Қўнғирот, Чимбой, Когон ва бошқа районларда қатор йиллардан буён жуда кам (гектарига 8—20 центнердан) пахта ҳосили етиштирилмоқда. Иқтисодий жиҳатдан фойдали экинларни эмас, балки ерларни ғўза экини ҳукмига боғлаб қўйиш республикани молиявий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўйди.

Ўзбекистон ССР Агросаноат Давлат комитети ер тузилиши бошқармасининг 1987 йил 1 январгача бўлган маълумотларига кўра, республикада 321,5 минг гектар ерда; жумладан 238 минг гектар ўта шўрланган ерларда, капитал таъмирлаш ва мелиорация ишларини амалга оширмасдан туриб, ҳеч қандай қишлоқ хўжалиги экинлари экиб бўлмайди.

Юқорида келтирилган далиллар ғўзага ажратилган экин майдонларини камида 600 минг гектарга қисқартириш ва бу чора-тадбир билан қишлоқ хўжалигида юзага келган оғир аҳволни соғломлаштириш мумкин ва лозим, деган фикримизни тасдиқлаш учун асос бўлади.

Қишлоқ хўжалнгида ғўза экинларини қисқартириш билан боғлиқ тармоқ структурасини қайта кўриб чиқиш, яъни ғўза ҳукмронлигига чек қўйиш умумий даромаднинг камайишига олиб келмайдими?

Йўқ, албатта. «Савай» совхозининг мутахассислари мураккаб оғир аҳвол юзага келгани муносабати билан тармоқ структураси ва суғориладиган майдонлар структурасини қайтадан кўриб чиқиб, алмашлаб экишда пахта ҳиссасини 40 фоизга келтирдилар, бу — хўжаликнинг умумий даромади беш йил ичида 13 миллиондан 21,5 миллион сўмга кўтарилади демак.

Бизнинг ҳисоб-китобларимизга қараганда эса, қисқартирилган экин майдонларига асосан сув сарфи кам талаб қиладиган экинлар экиш эвазига 4 миллиард кубометр сув иқтисод қилиб қолинади. Ана шундай майдонларда ўрик, узум, анор каби меваларнинг сифат жиҳатидан янги навларини кўпайтириш, маълум шароитларда эса, қовун ўстириш зарур. Саноат негизида уларни қуритиш, қайта ишлаш ва қадоқлашни ташкил этиш орқали республикамиз жаҳон бозорида бемалол рақобатга киришиши ва етарли миқдорда валюта даромадини таъминлаши мумкин. Бунинг учун суғориладиган ерларда алмашлаб экиш жараёнини тубдан қайта кўриб чиқмоқ лозим.

Бизнинг фикримизча, пахтачилик хўжаликларида янгича алмашлаб экишни жорий этиш учун бир йил давомида мелиоратив ҳолати яхшиланган ёхуд озуқа экинлари билан банд бўлган майдонларда уч йил давомида беда пичани етиштирилиши, 2—3 йил пахта экилиши, сўнгра бу ерлар ғалла ёки дуккакли ғалла экинлари билан банд бўлиб, кейин яна 2—3 йил давомида чигит қадалиши керак. Хўжаликнинг табиий шароитларига қараб, у ёки бу хил экинлар ҳиссасини қамраб олган бошқача схемалар қўлланилиши мумкин. Алмашлаб экиш, схемалар ва экин турларини мақсадга мувофиқ танлаш масалалари ниҳоятда муҳимдир. Шунинг учун ҳам яқин муддат ичида республикамизда махсус агрономия мутахассислари кенгаши ўтказиш, бу масалаларни батафсил муҳокама қилиш ва хўжаликлар учун муқобил тавсияларни ишлаб чиқариш зарурдек туюлади. Агрономиянинг муҳим масалалари муҳокамасига бағишланган кенгашлар 60-йилларга қадар мунтазам ўтказилиб турилар эди, афсуски, бу тажриба кейинчалик батамом унутиб юборилди.

Пахтачилик хўжаликларидаги майдонларнинг тахминан ярми юқумли вилт касаллиги ва бошқа касалликлар билан зарарланган, қолган ярми эса, шўрланиш, ҳаддан зиёд заҳарли кимёвий дориларни қўллаш туфайли ҳолдан тойган. Ҳозирча илм-фан ана шу иллатларга қарши курашнинг қатъий методларини ишлаб чиқа олганича йўқ. Бироқ, тупроқни ана шу балолардан батамом халос этишга қодир бўлган, синовдан ўтган халқ усули мавжуд. Бу — шоли экинидир. Гап шундаки, вилт ва бошқа зараркунандаларни қўзғатувчилар кислород билан озиқланадилар ва кўпаядилар, далалар узоқ муддат шолизор каби сув билан бостириб қўйилганида эса, бошқача жараёнлар содир бўлади, яъни тупроқда кислородсиз яшай оладиган микроорганизмлар вужудга келади ва кўпаяди. Ана шу микроорганизмлар барча зарарли ҳашоратларни жумладан вилт қўзғатувчиларини ҳам батамом ўлдиради. Бундан ташқари, бир йил, кўпи билан икки йил давомида шоли ҳосили етиштирилиши натижасида тупроқ шўри тўла-тўкис ювилади, ҳатто пестицидларнинг юқидан ҳам халос бўлинади. Шунинг учун ҳам шоли — мелиоратив жиҳатдан самараси юксак, тозаловчи ва касалликлардан фориғ этувчи экиндир. Бизнинг шароитимизда тупроқ шўрланиши ва вилт билан касалланишига қарши самаралироқ кураш учун бундан зўрроқ экин ва бундан фойдалироқ усул йўқ.

Бизнинг деҳқонларимиз қадим-қадимдан шолининг ана шу афзалликларидан устакорлик билан фойдаланиб келган эдилар, афсуски, халқ яратган усулни биз аллақачонлар унутиб юбордик. Ўрта Чирчиқ районидаги Охунбобоев номли колхоз раиси Миразиз Рўзиматов хозирги пайтда ана шу тажрибадан кенг фойдаланиб, 130 гектар ерга шоли экди ва ҳар гектар ердан 75—80 центнердан ҳосил олмоқда. Сўнгги пайтларда Хоразм областида шоликорликка ихтисослашган хўжаликлар майдонининг бир қисмига пахта экилди ва бу яхши натижалар берди.

Республикамиз шароитида шолизорлардан фақат озуқа экинлари етиштириш учунгина эмас, ерларнинг мелиоратив ва санитария ҳолатини яхшилаш йўлида фойдаланиш зарур.

Ҳозирги пайтда республикамизда асосан Қорақалпоғистон АССР ва Хоразм областининг ихтисослашган хўжаликларида 170 минг гектар майдонга шоли экилади. Фақат уруғчиликка мўлжалланган хўжаликларнигина қолдириб, шоличиликка ихтисослашган хўжаликларни тугатиш масаласи кун тартибида кўндаланг турибди. Шоли экинларини пахтачилик ва сабзавотчилик хўжаликларида жойлаштириш мақсадга мувофиқдир. Шолизорларнинг ёппасига касалликка чалиниши ва ихтисослашган хўжаликларда йилдан-йилга ҳосилдорлик камайиб боришини бартараф этиш учун юқорида биз айтган йўл энг қулайи эканини кўрсатмоқда.

Албатта, шолизорларни ариқ-зовур тармоғи яхши ишлайдиган хўжаликлардагина барпо этиш лозим.

Пахтачиликка ихтисослашган хўжаликларда шолизорлар барпо этиш суғориш учун қўшимча сув талаб қилмайди, қисқаси, бу — ҳамма жиҳатдан қулайдир.

Ердан фойдаланишда пудрат системаси тобора кенгроқ ёйилмоқда, шу муносабат билан алмашлаб экишни ташкил этиш ва ўзлаштириш шаклла.ри ҳам ўзгариб бормоқда. Эндиликда ерларни ижарага бериш ва оилавий пудратлар ташкил этилиши муносабати билан ижарачилар ва оилавий пудратчилар асосида экиндан ташқари алмашлаб экишни жорий этиб, бошқа экинлардан ҳам фойдаланишлари мумкин ва шарт. Бу — чорва молларига эга бўлиш, сабзавот-полиз экинлари ишлаб чиқариш учун ҳам зарурдир.

Шу билан бирга ердан фойдаланишнинг пудрат системаси замирида битта хавф мавжуд, у ҳам бўлса, айрим ижарачилар иложи борича кўпроқ фойда олишга хуруж қилиб, ернинг бор шарбатини тортиб олишлари ва ҳосилдорликка зарар етказишлари мумкин.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, алмашлаб экишни тезроқ жорий этиш ва ўзлаштириш йўлида Ўзбекистон ССР Олий Совети ва республика ҳукумати қарорлар қабул қилган ва бунга жавобгарлик белгиланган эди. Бу қарорлар рамзий бўлиб, йўл қўйилган камчиликлар учун ҳеч ким ҳеч қачон жазо олгани йўқ. Ундай ҳолатга йўл қўйилмаслиги керак.

Алмашлаб экишни ўзлаштириш ва тупроқ ҳосилдорлигини кўтаришнинг анчагина самарали усуллари мавжуд. Бу борада айрим социалистик ва капиталистик мамлакатларнинг тажрибаси ибратли. Масалан, Австралия парламенти ер ресурслари ва тупроқни муҳофаза қилиш ҳақида қарор қабул қилган бўлиб, унга биноан бутун мамлакат бўйлаб фермерлар ва ҳукумат вакилларидан иборат район маслаҳат комитетлари тузилган. Мазкур комитетлар зиммасига тупроқ бузилишининг олдини олиш учун унинг ҳолатини ўрганиш ва тадбирлар ишлаб чиқиш вазифалари юкланган. Ўз фаолияти билан ернинг табиий ҳолатига зарар етказаётган фермерлар йўл қўйган камчиликларни йўқотиш учун тавсияномалар билан бирга огоҳлантириладилар. Езма равишда берилган ана шу огоҳлантиришга бўйсунмаганларга икки минг доллар маблағ ҳажмида жарима солинади. Бизга мос тушадиган ана шу йўсиндаги қандайдир қонун қабул қилиниши ҳақида ўйлаб кўриш керак.

Алмашлаб экишни ўзлаштириш ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича етилиб қолган бу ва бошқа масалаларни республикамиз меҳнат аҳлининг моддий ва маънавий манфаатларига биноан ҳал этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан биридир.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 4-сон