Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадимги Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ва совет даврида ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган… Биз Туркистон тоғлари ва кенг чўлларида бирга яшаймиз. Болаликдан қадим тарих ва маданиятга эга ўзбек халқига ҳурмат руҳида тарбияланганмиз. Ўзбек халқи ўзининг гўзал миллий хусусиятлари билан ҳеч қандай шак-шубҳасиз барча тан олган шундай ҳурматга лойиқ.
Чингиз Айтматов
Афросиёб ҳақида Шарқ оламининг, хусусан Эрон ва Туроннинг деярли ҳамма алломалари, адибу тарихчилари муайян тарзда маълумот бериб ўтганлар. Улардан баъзилари Афросиёбни золим подшо деб таърифлашса, (масалан, Беруний, Кошғарий, Наршахий, Табарий, Фирдавсий, Рашидиддин, Навоий ва бошқалар), баъзилари уни Туроннинг улуғ таянчи, дунёнинг машҳур ҳукмдорларидан бири сифатида тасвирлайдилар.
Мисолларга мурожаат қилайлик:
Машҳур «Қутадғу билиг» китобининг муаллифи Юсуф Хос Ҳожиб Афросиёб ҳақида:
Бу турк беклариндан, оти белгулик, Тўнға Алп эрди, қути белгулик. Тожиклар айур они Афросиёб. Бу Афросиёб олди элларни талоб, —деб ёзади.
«Ғиёс-ул-луғот»нинг муаллифи ҳам Афросиёбни Туроннинг улуғ шоҳи, ғоят шижоаткор ва баҳодир киши бўлган, деб холисона баҳо беради. (Қаранг: Ғиёс-ул-луғот. 1-жилд. Душанбе, 1987, 76-бет.)
Алишер Навоий эса «Хамса» асарида Афросиёб ҳақида қуйидагича хабар беради:
Яна шоҳлик қилди Афросиёб, Вале қилди Эронни зулму хароб. Замонида гар эрди обод кам, Ани қўймади чархи обод ҳам.Ҳазрат авлиёлар ва ҳукамолар тарихига бағишланган махсус «Тарихи мулуки Ажам» асарида ҳам Афросиёбнинг жанглари, Эрон халқига қилган зулмлари ҳамда куёви Сиёвуш ҳақида анчагина маълумотлар бериб ўтган. Лекин маълумотларнинг баъзилари афсонага йўғрилгани сезилиб туради. Дарҳақиқат, Алишер Навоийнинг ўзи ҳам Афросиёб тарихини ёзишда, асосан Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидаги маълумотлардан фойдаланганини айтади.
«…Ва замонидин олтмиш йил ўткондин сўнгра Тур ўғли Афросиёб сипоҳ тортиб анинг (подшоҳ Манучеҳрнинг — X. Д.) устига юруди. Ул Табаристон сори тортиб, урушмади. Аму суйидин норини анга мусаллам тутиб, яраш бўлиб, Афросиёб қайтди».
«Афросиёб… Эрон мулкини андоқ буздики, оз ерда маъмурлуқ қолди, йиғочларни кести ва иморатни йиқти ва коризлар била булоғларни кўмди». Яна «…Ва ўн икки йил Эрон мулкида туруб, бузурглик қилди». (Алишер Навоий. Асарлар 14-жилд, 190—191-бетлар.)
Алишер Навоий Афросиёбнинг фаолиятини қуйидагича якунлайди:
Чу Афросиёб ўлди олам шаҳи, Эмас эрди иш сирининг огаҳи. Жаҳон мулкин ўз мулки қилди гумон, Ани ҳам чиқарди ародин жаҳон.«…Рустам Сиёвуш қонини тилади. Туронга черик тортиб, ниҳоятсиз қатл қилди. Ва Афросиёб андин қочди ва Рустам Афросиёб Эронни бузғондек Туронни бузуб, ёндириб келди». Яна: «…Кайхисрав ўзи азим черик тортиб юруди. Афросиёб туруш бермади, дағи юз қайтарди… Неча қатлаким туруб урушти, фатҳ ва зафар Кайхисравга эрди. Хоразмда урушиб, Шайданиким, Афросиёбнинг ўғли, ўлтурди». (Ўша асар, 195-бет).
Кўринадики, улуғ адибимиз Афросиёбни унчалик хайрихоҳлик билан тасвирламаган. Балки у Афросиёб ҳақида ўзи билган ҳақиқатни айтишни эп кўргандир. Эҳтимол, Афросиёбга нисбатан бундай тушунчанинг шаклланишида, Навоийнинг ёшликда униб-ўсган муҳити ва Афросиёбдан кўпроқ жабр топган Эрон (форс) халқи адиблари ёзган асарларнинг таъсири бўлгандир?!
Дарҳақиқат, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» (1069—1072 й.) асарида хабар берилганидек, Афросиёб аслида Турон ҳокими бўлишига қарамасдан, у Эрон мамлакатини ҳам босиб олган ва жуда кўп вақтини жангу жадалларда ўтказган.
«Девону луғотит турк» асарида ўқиймиз: «Туркларнинг улуғ хони Афросиёбни Тўнга Алп Эр деб атар эдилар. Йўлбарс каби кучли, баҳодир одам демакдир» (3-жилд, 379-бет). Шунингдек, Тўнга сўзининг «метиндек қаттиқ, қўпориб бўлмас даражада мустаҳкам» деган маънолари ҳам мавжуд эканлиги «Девон»нинг бошқа жойларида узуқ-юлуқ бўлса-да, айтиб ўтилган.
Яна: «Кенд — шаҳар. Бундан олиниб Кошғарни Ордукент — хон турадиган шаҳар, марказ маъносида қўлланади. Чунки бу шаҳарнинг ҳавоси яхши бўлгани учун Афросиёб шу ерда турар эди» (3-жилд, 329-бет).
Бу қомусий асарда Афросиёбнинг фарзандлари ва у қурган шаҳарлар ҳақида ҳам ҳар жойда турли хил маълумотлар бериб ўтилган:
«Каз — Афросиёб қизининг номи. Қазвин шаҳрини шу қўрғондир. Бу сўзнинг асли (маъноси) қаз ўйини — ғоз ўйнайдиган жой демакдир. Чунки у шу ерда турар ва шу ерда ўйнар эди. Шунинг учун баъзи турклар Қазвинни турк шаҳарларидан ҳисоблаганлар. Шунингдек, Қум шаҳри ҳам чегара ҳисобланади. Чунки қум туркча сўздир. Афросиёбнинг қизи бу ерда ов қилар ва ўйнар эди. Баъзилар турк шаҳарлари чегараси Марваш — Шоҳижондан бошланишини сўзлайдилар. Чунки Қазнинг отаси Тўнға Алп Эр — Афросиёбдир. У Таҳмурасдан уч юз йил кейин Марвни бино қилгандир» (3-жилд, 163-бет).
Улкан тарихчи академик В. В. Бартольднинг Ҳамза Исфаҳоний гувоҳлигига асосланиб қайд қилишига кўра, Марв шаҳрида Афросиёб томонидан қурилган бинонинг қолдиқлари бўлган. (Қаранг: В. В. Бартольд. Сочинения, том 4, М., 1971, стр. 178.)
Девонда яна: «Барсған — Афросиёб ўғлининг номи. Барсған шаҳарини бино қилган шудир. Маҳмуднинг отаси шу шаҳардандир» (3-жилд, 424-бет) дейилади.
Эътибор берган бўлсангиз, Афросиёбнинг асл номи (Алп Эр Тўнга) каби фарзандларининг исмлари ҳам туркча маъно ташийди. Масалан: Қаз — «ғоз»ни англатса, Барсған — Барсхон (Йўлбарсхон) деган маъноларни ифодалайди. Шунингдек, мазкур асарда Афросиёбнинг Барман деган яна бир ўғли борлиги ҳақида маълумот берилган: «Барман — киши исми (Афросиёбнинг ўғли)» (3-жилд, 424-бет). Бизнингча, Барман сўзининг луғавий маъноси «мавжудман», «ҳаётман» (борман) демакдир.
Улуғ аллома ўз битикларида Афросиёб ва унинг болалари томонидан қурилган ва обод этилган шаҳарлар ҳақида ҳам махсус тўхтаб ўтади, бирма-бир маълумотлар беради. Бу жиҳатдан унинг, айниқса, Самарқанд ҳақида берган маълумоти алоҳида аҳамиятга моликдир:
«Кенд — ўғизлар ва улар билан яқин турувчилар тилида қишлоқ. Кўпчилик турклар наздида вилоятдир. Шунинг учун Фарғонани Ўзкент — ўз шаҳримиз дейдилар. Самарқандни катталиги учун Семизкент — семиз шаҳар дейдилар. Буни форслар Самарқанд тарзида қўллайдилар» (1-жилд, 330-бет).
Яна бир жойда: «Самарқанд энг эски шаҳардир… Унинг асл номи Семизканд — катта шаҳар демакдир» (1-жилд, 499-бет), деб ёзади.
Самарқанднинг турклар ва кўпчилик аҳоли томонидан «Семизкенд» деб аталганини XV асрда Темур саройига келган испан элчиси ва саёҳатчиси Клавихо ҳам тасдиқлаган. Демак, Самарқанднинг Семизкенд деб аталиши узоқ муддат давом этган. Эндиликда, бадиий адабиётда, хусусан шеъриятда, ўрни келганда, услубий бунёдкорликни, ранг-барангликни ошириш учун «Самарқанд» билан бир қаторда «Семизкент» сўзини ҳам қўлласа бўлади, чунки бу сўзларнинг ўлчови бир-бирига мутаносибдир.
Самарқанд шаҳрининг номи ўша вақтларда ҳам туркча (ўзбекча) — Семизкент, ҳам форсча (тожикча) — Самарқанд тарзида қўлланганлиги бу қадимий азим шаҳарда азал-азалдан ўзбек ва тожиклар бирга яшаб, биргаликда иноқ ҳаёт кечирганлигидан далолат беради. Дарҳақиқат, ўзбек ва тожик халқларининг бошқа шаҳарларда, ўша қадим даврларда ҳам ёнма-ён аҳил яшаб келиши “Девони луғотит турк”нинг бошқа ўринларида бир неча марта таъкидланган. Масалан, асарнинг биринчи жилдида Боласоғун шаҳрига муаллиф қуйидагича таъриф беради: «Боласоғун энг катта шаҳарлардан бири эди. Халқи ҳам туркий, ҳам сўғдча сўзлашур эди. Эски номлари қуз урду ва қуз улус. Бухоро, Самарқанддан кўчиб борган сўғдоқлар Боласоғунда жойлашиб қолган ва турклашиб кетган эдилар» (486-бет).
Шунингдек, Маҳмуд Кошғарий мазкур асарида киши номларидаги «Тегин» (текин) унсури кимларнинг номига нисбатан қўлланиши ва қай тариқа юзага чиққани хусусида ҳам қизиқ маълумотлар беради. Масалан, Тегин (текин) сўзи ўша давр удумларига кўра шаҳзодаларнинг номига нисбат бериб, қўшиб айтилган. «Тегин — аслида бу сўз қул демакдир. Алп Тегин — баҳодир қул… сўнг бу исм Афросиёб болаларига ҳам қўллана бошлади. Афросиёбнинг болалари бирор иш, воқеа, хабарни айтганда ёки ёзганда оталарига ҳурмат юзасидан ўзларини камситиб, «қулингиз фалон қилди» деб, «қулингиз» ўрнида «тегин» сўзини ишлатар эдилар. Сўнг бу сўз уларга от бўлиб қолди. Бошқа қуллардан ажратиш учун бу сўзнинг ёнига яна бир нарса қўшиб ишлатилади». (1-жилд, 391—392-бетлар.)
Кошғарий билан Наршахийнинг Афросиёб ҳақида берган маълумотлари бир-бирини тўлдиради ва яхлит фикрга келишга имкон беради.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий ўзининг машҳур «Бухоро тарихи» асарида (943— 944-йилларда ёзилган) қайд этишича, Афросиёб Ромтин (Ромитон) қишлоғини қурган экан. «…Бу катта бир куҳандизга эга ва мустаҳкам бир қишлоқ бўлиб, Бухородан қадимийроқдир. Баъзи китобларда бу қишлоқни Бухоро деб атаганлар. Бу қишлоқ қадим вақтларда подшоҳларнинг турар жойлари бўлган, (кейинроқ эса) Бухоро шаҳри бино бўлгандан кейин, подшоҳлар қиш фаслидагина бу қишлоқда турадиган бўлганлар. (Бу ерлар) ислом давлатига ўтганда ҳам шундай бўлиб турган. Марҳум Абу Муслим Бухорога келганида шу қишлоқда турган. Бу қишлоқни Афросиёб бино қилган. (Барча таъкидлар бизники — X. Д.) Афросиёб ҳар вақт вилоятга келганида шу қишлоқдан бошқа жойда турмаган». («Бухоро тарихи», Тошкент, 1966, 23-бет.)
Сал ўтиб, муаллиф Афросиёб ва унинг куёви Сиёвуш ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Сиёвуш ибн Кайковус ўз отасидан қочиб Жайҳун дарёсидан ўтиб, Афросиёбнинг олдига келди. Афросиёб уни яхши қабул этди ва ўз қизини унга хотинликка бериб, айтишларича, барча мулкини ҳам унга топширди» (28-бет).
Баъзи ривоятларга қараганда, Афросиёб билан Сиёвушнинг аввалдан бориш-келиши бўлган. Шу боисдан ҳам ўгай онасининг дастидан отаси билан ораси бузилганда Бухорога қочиб келган Сиёвушни Афросиёб ўзининг одамидай қабул қилади ва қизини унга хотинликка берибгина қолмасдан, Бухородаги барча мол-мулкини унга тортиқ этади.
Лекин душманлар Афросиёб билан Сиёвуш ўртасига нифоқ солади. Сиёвушни ғаразгўйликда айблаб, Афросиёбнинг кўнглида унга нисбатан чуқур шубҳа аломатларини уйғотади. Худди шу лавҳалар Навоийнинг «Тарихи мулуки Ажам» асарида кенгроқ ёритилган. Афросиёбнинг Сиёвушга Туркистон вилоятини берганлиги айтилган ва уларнинг орасини бузган шахсларнинг ҳам номлари келтирилган. Натижада «Афросиёб уни (Сиёвушни — X. Д) ўлдирди ҳамда ана шу ҳисорда шарқий дарвозадан кираверишингда «Дарвозайи ғуриён» деб аталган сомонфурушлар дарвозасининг ичкарисига дафн этдилар. Шу сабабли Бухоро оташпарастлари ўша жойни азиз тутадилар ва унга атаб ҳар бир эркак киши ҳар йили наврўз куни қуёш чиқишидан олдин ўша жойда биттадан хўроз сўяди. Бухоро аҳолисининг Сиёвушнинг ўлдирилишига бағишлаб айтган марсиялари бўлиб, у барча вилоятларга машҳурдир. Куйчилар унга мослаб куй тузганлар ва қўшиқ қилиб айтадилар. Қўшиқчилар уни «оташпарастлар йиғиси» дейдилар. Бу гаплар бўлганига ҳозир уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтди» (28-бет).
Яна бир хил ривоятларга кўра, шундан кейин Эрон шоҳи Кайковус Сиёвушнинг ўғли Кайхусравни ўз ихтиёрига олиб келтиради ва уни ёшлигидан бошлаб Афросиёбга қарши адоват руҳида тарбиялайди. Наршахий шу воқеанинг якун қисмини қуйидагича қисқача баён этади: «Сиёвушнинг Кайхусрав номли ўғли бўлиб, у отасининг қонини талаб қилиб кўп лашкар билан бу вилоятга келганида Афросиёб шу Ромтин қишлоғини ҳисор қилиб турган. Кайхусрав ўз лашкари билан икки йил шу ҳисор атрофини ўраб турди ва унинг рўбарўсига бир қишлоқ бино қилиб, у қишлоқни Ромуш деб атади. Уни яхшилигидан Ромуш деганлар. Бу қишлоқ ҳозиргача ободондир. Кайхусрав Ромуш қишлоғида оташпарастлар ибодатхонасини қурди; оташпарастларнинг айтишларича, бу ибодатхона Бухородаги оташпарастлар ибодатхоналарининг энг қадимийсидир. Кайхусрав икки йилдан кейин Афросиёбни тутиб ўлдирди. Афросиёбнинг гўри Бухорода Маъбад дарвозасида раҳматли Хожа Имом Абу Ҳафс Кабир тепалигига туташган катта тепалик устидадир. Бухоро аҳолиси Сиёвушнинг ўлдирилиши тўғрисида ажойиб ашулалар тўқиганлар: куйчилар бу қўшиқларни «Кини Сиёвуш» — «Сиёвуш жанги» деб атайдилар. Муҳаммад Ибн Жаъфар (ан-Наршахий) ўша вақтдан буён уч минг йил ўтган (дейди). Яна худо билимдонроқдир» (23—24-бетлар).
Юқорида айтилганидек, Кошғарий ҳамда Наршахийнинг Афросиёб ҳақида берган маълумотлари бир-бирини тўлдирмоқда. Масалан, Наршахий Сиёвуш ва Афросиёбнинг ўлимлари тафсилотларини, уларнинг жасадлари қаерга кўмилганини аниқ кўрсатади. Лекин Афросиёбнинг фожиали ўлимидан кейинги халқ йиғисини бермайди.
Кошғарий асарида бу ўринлар бўлмаса-да, аммо Афросиёб ўлимидан кейин халқнинг қаттиқ қайғуга, ташвишга тушганлиги, марсиялар айтиб узоқ вақт йиғлаганлиги хусусида бир талай ишончли маълумотлар келтирган:
Алп Эр Тўнга ўлдиму, Эсиз ажун қолдиму, Ўзлак ўчин олдиму, Эмди юраи йиртилур(1-жилд, 77-бет).
Яна:
Улушиб эран бўрлаю, Ииртиб ёқа урлаю, Сиқриб уни юрлаю, Сиғтаб кўзи уртилур.Мазмуни:
Афросиёб ўлгач, одамлар бўрилардай увлашдилар, ёқа йиртиб уввос солдилар, (чолғувчилар) ўз асбобларидай ингичка овоз билан чинқиришдилар, қаттиқ йиғидан кўзлари йиртилди (кўз ёшлари тинимсиз тўкилди).
Демак, Афросиёб тарихий шахс! Туроннинг машҳур ҳукмдори ва ўзининг узоқ подшоҳлик сулоласига эга бўлган зот. У деярли барча туркий қавмларнинг энг қадимги буюк аждодларидан биридир. Дарвоқе, унинг сулоласи яқин вақтларга қадар Самарқандда ва Басра (Ироқ)да давом этиб келганлиги ҳақида машҳур тарихчи Рашидиддин ва шарқшунос В. В. Бартольд ўз асарларида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирганлар. Масалан, Рашидиддин ўзининг «Жоме-ат-таворих» асарида «Хоразмшоҳ ҳар томондан қўшин тўплади ва уни Мовароуннаҳр мамлакатини босиб олиш мақсадида Бухорога бошлаб, у атрофдаги ҳокимларга, хусусан Самарқанднинг собиқ ҳокими, Афросиёб авлодларидан бўлган султон Усмонга хушхабар юбориб, уларнинг ҳаммасини ўзининг яхши ваъдалари билан умидвор қилди», деб ёзади. (Қаранг: Рашид ад-дин. Сборник летописей. Т.1, кн. 2, М.—Л., 1952, 191-бет.)
Ушбу парчадан кўриниб турибдики, Афросиёбнинг авлодлари хоразмшоҳлар даврида ҳам Самарқандда яшаган экан. Академик В. В. Бартольд эса ўз асарларидан бирида Афросиёб авлодлари XV асрга қадар Басрада яшагани, у ерларда ҳоким бўлганликлари тўғрисида далиллар келтиради. (Қаранг, В. В. Бартольд. Сочинения, том VII, Москва, 1971, 147-бет.)
Демак, тарихчилар, археологлар, жамоатчилик вакиллари, филологлар, қаламкашлар ва бошқа соҳа ходимлари ҳамжиҳат ҳаракат қилсалар, қунт билан ўргансалар Афросиёб авлодларининг шажарасини тиклашлари мумкин.
Шу кунга қадар афсонавий сиймо деб юритилган Афросиёбнинг тарихий шахс эканлигини юқорида келтирилган далиллар бемалол исботлай олади, деб ўйлаймиз. (Биз ўз мақоламизда, асосан бадиий-афсонавий либосга ўралган Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сидаги маълумотларга атай тўхтамадик. Афросиёб ҳақида ўрганилмаган бошқа тарихий манбалар ҳам, шубҳасиз, бор!)
Афросиёб тарихи аввало тарихчиларимизни қизиқтириши лозим эди. Афсуски, улар ҳамон жим. Нега?
Бизнингча, буни қуйидаги сабаблар билан изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, Эрон шоирлари ва тарихчилари асарларида Афросиёбнинг атай афсонавий сиймода акс эттирилиши баъзи бир Европа ва рус тарихчилари нуқтаи назарларига таъсир қилган (ёки бошқачароқ айтганда, уларнинг айримларига жуда қўл келган). Яна шунинг учун ҳам, Ўрта Осиё ва Шарқ тарихининг билимдони академик В. В. Бартольд ўзининг дастлабки мақолаларида Афросиёбни Туроннинг афсонавий шоҳи деб атаган эди. Бу фикр кўпгина тарихчилар учун ўтиб бўлмас чегарага ёки Турон тарихига баҳо бериш мезонига айланиб қолди.
Афсона масаласига келганда шуни айтиш керакки, Шарқ адабиётида тарихий шахслар сиймосини афсонавий тусда ёритиш етакчи мезонлардан бири бўлган. Масалан, пайғамбар Муҳаммад алайҳис-салом, ҳазрати Али ҳақида, Хожа Аҳмад Яссавию Амир Темур… ҳақида қанчадан-қанча афсона-ривоятлар мавжуд. Уларга суяниб биз бу буюк зотларни тарих саҳифаларидан чиқариб ташлашимиз керакми?! Аксинча, афсоналар тагида маълум ҳақиқатлар бўлади ва уни биз теран англаб олмоғимиз керак. Шарқ тарихининг, адабиётининг ана шу хусусиятини, мантиқини В. В. Бартольд кейинчалик тушуниб етиб, Афросиёбнинг тарихий шахс эканини билвосита (унинг авлодлари орқали) бўлса-да, тан олган эди.
Биз ўзбек халқи тарихини, Самарқанд шаҳрининг неча ёшга кирганини аниқлашда ҳам, даставвал Афросиёб тарихидан бошлаб ўрганишимиз керак эмасми?! Лекин илмий жамоатчилик бу ишга киришган эмас. Балки уларнинг тил тишлаб туришига профессор И. И. Умняковнинг Самарқанднинг ёшини белгилашдаги мезони халақит бераётгандир?! Афсуски, академик С. П. Толстов бу чизиқни Сиёвушга боғлаб аллақачон узайтирган эди. (Қаранг: С. П. Толстов. Қадимги Хоразм маданиятини излаб. Тошкент, 1964.)
Таниқли туркшунос олим Л. Н. Гумилев эса бу фикрни Афросиёб масаласида маълум даражада давом эттирган дейишимиз мумкин. (Қаранг: Л. Н. Гумилев. Древние тюрки. Москва. Наука. 1967.)
Ана шундай далил-исботлар бўлишига қарамасдан, айрим тарихчиларимиз Афросиёб номини гўё топоним (жой номи) сифатида — «атрофи сиёб» деган сўзлардан келиб чиққан, деб тушунтириб келмоқдалар. (Қаранг: А. Муҳаммаджонов. «Чоч ва Шош — қадимий Тошкент. «Тошкент оқшоми». 18-март, 1983 йил.)
Яна бир бор қайта айтишга тўғри келади: Афросиёб жой номига мутлақо боғлиқ эмас, балки антропоним, яъни киши номини англатади. Чунки унинг асл номи — Алп-Эр-Тўнга. Афросиёб эса унга форслар томонидан берилган номдир. Бу масала тарих фанлари номзоди Т. Қодированинг «Шарқ юлдузи» ойномасининг 1984 йил 1-сонида босилган «Сўз тагида сўз бор» мақоласида ҳам кенг ёритилган эди.
Иккинчидан, тарихчиларимиз энг қадимий шаҳримиз — Самарқанднинг тарихи 2500 йилга бориб тақалади, демак бошқа шаҳарлар ёши ундан ошмаслиги керак дегандек, Бухоро, Тошкент, Хиванинг тарихини ҳам икки минг ёки 2200 йил атрофида белгилашга уриниб келмоқдалар. (Ҳақиқатнинг тўла акс этиши учун шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, академик А. Асқаров 1990 йилнинг июнь ойида, радио орқали берилган бир суҳбатида, сўнгги вақтда очилган баъзи қатламлар шаҳар тарихининг 2600 йилга етиши тўғрисида хулоса чиқаришга имкон бермоқда, деб айтди.) Эҳтимол, археологлар ҳали Самарқанднинг энг қадимги қатламини, ундаги керакли нуқтани топа олмаётгандир. Лекин бизнинг (туронликларнинг) тарихимиз ғаразгўй тарихчилар изоҳлаганидек, сўғд давридан айтарлик даражада нарига ўта олмаяпти.
Учинчидан, афсусланарли жойи шундаки, етакчи тарихчиларимизнинг баъзи бирлари ўзбек халқининг келиб чиқишини, унинг ўзагини форсча ёки икки тилда сўзлашувчи бир гуруҳга олиб бориб тақаяптилар. Ҳатто шажара дарахтимизнинг асосий танасини форсийлар ташкил этади, деб уқтиришга ҳаракат қилмоқдалар. (Қаранг: А. Асқаров. «Ўзбеклар қандай келиб чиққан?» «Фан ва турмуш», № 3, 1985 й.) Бундай ғояни илгари ўртага ташлаган бўлсалар-да, лекин ошкора айтишга на европалик ғаразгўй олимлар, на форс тарихчилари журъат этган эдилар.
Ҳамма халқнинг ўзагини ўша халқларнинг туб вакиллари ташкил этса-ю, ўзбек халқининг ўзагини икки тилда гаплашувчи чала форсийлар, чала туркийлар ташкил этса, бу қайси мантиққа тўғри келади?!
Ўзбек халқи ва ўзбек миллати таркибида ҳам, тожик миллати таркибида ҳам икки тилда сўзлашувчи (форсий-туркий) кишилар анча бор. Лекин улар бу халқлардан ҳар бирининг ўзагини эмас, қўшимча қатламини ташкил этади, деб айтиш адолатлироқ бўлади. Бизнингча, биргина тарихчиларнинг эмас, ҳаммамизнинг ҳам Афросиёб — Алп-Эр-Тўнга тарихини ўрганиб, уни халққа етказишда ўзимизга яраша камчилигимиз бор. Ҳолбуки, ўқувчилар бундай пайтда олимларнинг сўзига кўпроқ қулоқ солади. Шу билан бирга, адибларимиз ҳам Афросиёб тарихини ўрганишда ўзларини четга олмасликлари даркор. Чунки Афросиёб тарихи — Туроннинг тарихи, туркий халқларнинг (халқимизнинг) тарихи демакдир!
Афросиёб тарихини тўғри ўрганиш ва ёритиш Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларнинг ёшини аниқлашга, халқимиз тарихини адолатли ўрганишга имкон беради, муҳим мезон бўлиб хизмат қилади. Афросиёбнинг тарихий шахс эканини эътироф этиш ўзбек халқининг азал-азалдан марказлашган Турон давлатида (ҳозирги Ўрта Осиёда) яшаб келганлигини, бой қадимий тарих ва маданиятга эга эканлигини яна бир марта исботлашга имкон беради. Шунинг баробарида, баъзи бир миллий низолар келиб чиқмаслигига замин яратади.
Шундай экан, ҳадемай биз туркистонликлар иноқлашиб, бошқа қардош халқлар билан бирлашиб, аҳли дунё кўз ўнгида қадимий Турон давлатнинг ташкил топганига 4050 йил тўлганлигини (Наршахий «Бухоро тарихи»да Афросиёб 3 минг йил олдин яшаганини айтган эди. Ана шу рақамга асар (944 й.) ёзилгандан кейинги ўтган давр — 1047 йилни қўшсак, 4047 йиллиги ойдинлашади) тантанали равишда, аҳиллик билан нишонлашимиз лозим. Ана шунда Самарқанд — Семизкентимизнинг куйиб кетган ярим умрини бемалол тиклашимиз мумкин.
Худойберди Дониёров,
филология фанлари доктори, профессор
“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 7-сон.