Кейинги йилларда моддий ва маънавий ҳаётдаги янгиланишда, демократия ва ошкоралик борасида дадил қадамлар қўйилмоқда. Бу ҳол партия қарорларида, давлат арбобларининг фан ва маданият намояндалари билан мулоқотларида, хусусан, ўтмишда рўй берган салбий ҳодисаларни бартараф этиш учун кўрилаётган чора-тадбирларда, тарихга, динга, миллий маданият ва миллий тилларга муносабатда, кишиларимиз қалбида ишонч ва ташаббускорлик руҳининг тобора теран илдиз ютаётганида кўринмоқда. Кўпмиллатли мамлакатимиз халқлари ўз маданияти ва тарихига, айниқса, шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларида бир қадар бузиб талқин қилинган тарихларга янгича кўз билан қарамоқдалар. Худди шу маънода, мен ҳам баъзи мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Тарих ва маданиятимизнинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Биз яшаб турган бу юрт инқилобгача Туркистон дейилган, араблар истилоси давридан бошлаб Мовароуннаҳр аталган. Бундан уч минг йиллар аввалроқ эса, Олтой ва Олтин тоғ, Тангри тоғ (ҳозирги Тиёншон) ерларида, Ғоби саҳросидан Қипчоқ даштларию Хоразм ва Турон чегараларигача ястанган улкан тупроқда энг қадимий аждодларимиз яшаган. Ўша замонларда уларнинг Оқ хунлар, Кўк турклар, Хунлар давлатлари барпо бўлган, аждодларимизнинг динлари ва илк маданиятлари шаклланганки, бу ҳақда бутун дунё тарихи саҳифаларида, хусусан, энг қадимий Чин манбаларида ёзилган. Адабиётимиз тарихи ҳам, назаримда, бутун туркий халқлар адабиёти тарихи каби, эски Ўғуз достонлари, Мате қаҳрамонликлари тўғрисидаги афсоналаргача бориб етадики, бу—икки-икки ярим минг йилликларнинг нари-берисидаги тарихдир, буни биз ҳали тадқиқ қилганимизча йўқ.
Умуман, халқимиз ва маданиятимиз тарихи суст ўрганилмоқда. Бундай сусткашлик бизни орқага тортмоқда, бугунги табиатдаги, иқтисоддаги, маънавият ва маданиятдаги йўқотишлар шу иллат оқибатидир. Унинг туб илдизи эса миллатлар ҳуқуқи поймол қилинган сталинизм даврида озиқланиб, ҳамон кишиларимиз руҳига заққум дарахти каби кўлка ташлаб турибди.
Неча йиллар мобайнида ўзбек тарихчисининг, зиёлисининг овозсизлиги, репрессиялар замонида ортган қўрқувнинг мудом ингроғи ва ваҳмлари боис тилсиз бўлиб қийналгани, ҳақиқий тарихий асарлар ўзбек тилида деярли босилмагани, нашрга тайёрланганлари эътиборсиз ётгани, баъзи босилганлари ҳам тарқатилмагани, баъзан тарқатилганлари йиғиб олингани, қолаверса, инқилобга хизмат қилган Сўфизода, Ибрат, Иброҳим Даврон, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпонларнинг асарлари ҳамон тўлиқ босилмай ётгани, мактабларимизда, олий ўқув юртларида тарихий фанларни ўқитиш ниҳоятда қониқарсиз экани, туркий халқлар тарихига ҳамон европацентристик назар билан қараш, ҳамон «пантуркизм» тамғаси кўзи билан боқиш ва тарихни сохталаштириш, ҳақоратлаш давом этаётгани одамни афсуслантиради.
Бугунги кунда матбуотнинг, зиёлининг вазифасини, халқнинг ташаббускорлигини ошириш, уни турмушдаги мавжуд маиший ва маънавий ғовларни босиб ўтишга, бор қудратини намоён қилишга чорлашдан, инқилобий қайта қуриш муваффақиятини таъминлашдан иборат. Шу маънода В. И. Лениннинг «Фалсафа дафтарлари»даги қуйидаги гаплар ибратлидир: «Ҳар бир жангда шундай пайт бўладики, энг ботир солдатлар ғоят зўр берганларидан кейин қочиш истагини ҳис қиладилар, бу ваҳима ўз мардлигига ишонч йўқлигидан келиб чиқади; уларга бу ишончни қайтармоқ (таъкид бизники—Т. Қ.) учун арзимаган бир воқеа, қандайдир бир баҳона кифоядир; уларни вужудга келтириб туриш юксак санъатдир».
Биз бугунда сталинпарастлик ва турғунлик йилларининг иллатлари, хусусан, тарихни бузиб талқин этиш ҳоллари ҳақида рўй-рост сўзлаяпмиз, тарих китобларини янгидан ёзиш зарурлигини таъкидлаяпмиз. Аммо халқимиз тарихига, инқилобдан аввалги тарихга, муайян шахсларга, сулолалар тарихига, ўтмиш ҳақидаги китобларга, тарих дарсликларига оид кўп муаммолар борки, улар тўғрисида матбуотда, минбарларда фикр юритиб, амалий бирор натижага эришиб бўлмас. Бу муаммоларга бағишланган умумзиёлилар съезди чақириш ва барча масалалар хусусида келишиб олиш зарур. Шундай муаммолардан бири — «инқилобгача ўзбек халқи саводсиз эди, аҳолининг атиги 2 фоизи ўқиш-ёзишни биларди», деган гапдир. Бу ёлғон неча ўн йиллардан бери такрорланди, авлодлар онгига сингдирилди. Бу гапда ҳақиқат йўқлигини, инқилобдан аввалги ҳисоб-китобларга — яъни, мустамлака Туркистонда аҳолининг ўшанча қисмигина рус имлосида ўқиш-ёзишни билиши хусусидаги далилга суяниб шундай дейилаётганини тарихчилар билмасмиди?
Аждодларимизнинг эрамиз аввалида ҳам, араблар босқини даврида ҳам ўз ёзуви, китоблари бўлгани, араб истилосидан сўнг халқимпз араб имлосини қабул қилгани ва минг йиллар давомида туркий, араб, форс тилларида ёзиб, китоблар яратиб, дунёга машҳур олиму шоирлар инъом этиб келаётганини тарихчилар билмасмиди?
Халқимизнинг инқилобдан аввалги саводи, маданияти даражасини қуйидаги далиллардан билиб олмоқ мумкиндир: Бундан икки юз йил аввал Самарқандда 150 минг аҳоли яшагани, 250 масжид, 40 мадраса (рус тилидаги манбада мадрасани «университет» дейилган) бўлгани, Бухорода эса 200 минг одам яшагани, 400 масжид, 30 мадраса бўлгани Петербургда чиққан «Отечественнне записки» журналининг 1821 йилги нашрида айтилган («История Узбекистана в источниках», Тошкент, 1988, 215-бет).
«Қомус ул-аълом» тўртинчи жилдининг 2984-саҳифасида ёзилишича, бундан юз йил аввал Тошкентда юз минг аҳоли яшаган. Шаҳар кўм-кўм бўлган, «узоқдан бир ўрмон каби кўринган», унда, руслар таъсис этган янги қисмдан ташқари, яъни Шайховандтохур, Сабзавор, Беш оғоч, Кўкча даҳаларидан иборат асосий Эски шаҳар ерларида 300 масжиди жоме, 18 мадраса, 60 мактаб, 30 карвонсарой, 6 ҳаммом, 1200 дўкон, 322 майдон, 13 минг хонадон бўлган.
«Ўзбекистон халқлари тарихи»да (рус тилида, Тошкент, 1974) таъкидланишича, асримиз бошларида Туркистонда мактаб ва мадрасалар сони ўсган: «Агар 1894 йили мактаб ва мадрасалар 6 минг 445 та бўлган бўлса, 1913 йилга келиб 7 минг 665 тага етди» (328-бет). Шу китобда яна бир маълумот бор: «1911 йили Ўзбекистонда (у пайтда «Ўзбекистон» деган ибора бўлмаган, бу китоб ёзганларнинг жузъий хатосидир — Т. Қ.) 105 рус-тузем мактаби бор эди…». «1887 йили рус-тузем мактабларида Туркистондаги ерли миллатларнинг 245 фарзандигина таълим оларди» (319-бет). Назаримда, халқимизнинг ана шу рус-тузем мактабларида ўқиган иаслинигина саводли деб, етти ярим мингдан ортиқ мадраса — «университет»ларда таълим олган асосий қисмини «саводсиз» деб ҳисобланган эски «тарих»ларда!
Тошкентда 1912 йили А. И. Добросмисловнинг «Ташкент в прошлом и в настояшем» китоби чиққан. Унда ҳам халқимизнинг ўтмиш хаёти тарихи, маданиятига оид бир мунча ҳақиқатлар бор. Жумладан, китобхонлик ўтмишда ҳам халқимизнинг фазилати бўлганини шу асардаги қуйидаги сўзлар исботлайди: Асримиз бошида Тошкентнинг руслар яшайдиган қисмида асосан учта катта китоб магазини бўлгани ва йиллик даромад юз минг сўмни ташкил этгани, Эски шаҳарда эса, ўттиз бешта китоб дўкони, китоб расталари борлиги, шарқ тилларида китоблар сотилгани, йиллик даромад уч юз минг сўмни ташкил қилгани қайд этилган (284-бет). Бас, шундай экан, бу халқни «саводсиз эди» дейиш ўринлими?
Бу каби саволлар етмиш йилдан бери ҳар бир виждонли инсоннинг дилида, гоҳо эса, икки-уч дилдош, маслакдош дўстлар тилида такрорланарди, холос; аммо ҳеч ким матбуотда ёки минбарларда бу саволга жавоб бермасди. Сохта тарихлардан таълим олган ночор тарих муаллимлари эса авлодларга ёлғонлар дарсини ўргатардилар. Оқибатда, юртимизда халқимиз тарихини бузиб талқин қилиш расм бўлди, насллар онгида «биз маданиятсиз, қолоқ бир аждодларнинг авлодимиз», деган нотўғри бир тасаввур туғилди.
Қаранг, Владимир Ильичнинг «Социалистик революция ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи» деган асарида шундай ҳақиқат бор: «Россияда — аҳолининг 57 проценти; яъни 100 миллиондан ортиқроғи эзилган миллатга мансуб бўлган, бу миллатлар кўпроқ чекка ўлкаларда яшаган, бу миллатларнинг бир қисми великоруслардан кўра маданийроқ бўлган, сиёсий тузуми, айниқса, варварлик ва ўрта асрчилик характерига эга бўлган Россияда… — чоризм томонидан эзилган миллатларнинг Россиядан эркинлик билан ажралиб чиқиш ҳуқуқини таниш социал-демократлар учун… зарурдир» («В. И. Ленин Ўрта Осиё ва Қозоғистон тўғрисида». Тошкент, 1965, 232-бет).
Афсуски, бугунда ҳам тарихни эскича талқин қилувчилар истаганча топилади. Чунки қайта қуришга биз энди киришмоқчимиз (тарих ва маданият бобида), шу боис ҳам узоқ ва яқин тарих хусусидаги баҳсли гаплар тез-тез кўзга чалинмоқда.
Битта мисол: Ўтган йили тарихчи олим Г. Ҳидоятовнинг «Улуғ мураббий» («Великий воспитатель». «Правда Востока» газетаси, 1988 йил, 11 ноябрь) мақоласи босилди, унда муаллиф тарихнинг аҳамияти хусусида тўғри фикрлар билдиргани ҳолда, баъзи асоссиз гапларни ҳам айтганки, бу зиёлилар орасида ҳақли эътирозлар туғдирди. Биз профессорнинг тарихий шахслар ҳақида хусусий фикрини билдиришга ҳақи йўқ, деган фикрдан йироқмиз. Биз ҳар қандай фикрнинг асосли бўлиши тарафдоримиз, холос.
«Тарихдан на Темурни, на Бобурни, на Хўжа Аҳрорни, на Жалолиддинни ўчириб ташлаш мумкин, — деб ёзади Г. Ҳидоятов. — Бу ерда муҳими шуки, улар фаолиятларини баҳолашдаги аниқ мезонларни шакллантириш ва уларнинг тарихдаги ўрни масаласига маънавий муносабатларимизни аниқлаштириш лозим», деган сўзлардан сўнг мақола муаллифи газетхонларни бир сохта «хавф»дан огоҳ этаркан, «тамерланомания», «бабуромания» ва ҳоказоларга қарши муросасиз, оғишмай курашмоғимиз керак, дея таъкидлайди. Ва бу «мания»лар билан «хасталанган» икки зиёлининг асарларини шу йўналишда бузиб талқин қилади. «Бугунги кундаги энг катта хавф, афтидан, дилетантизмда, бир қанча кишиларнинг тарихий масалалар борасида ёзган юзаки асарларида кўринмоқда, — деб ёзади Г. Ҳидоятов. — Улар тажрибасиз, ғўр ўқувчиларни фақат чалғитадиган мақолаларини эълон қилишга журъат этмоқдалар. Бунга «Гулистон» журналининг 1987 йилги 10, 12-сонларида босилган Бобур ҳақидаги мақола мисол бўла олади. Унда бобурийларнинг барча аждоду авлоди тўғрисида муфассал маълумот берилади, унинг хотинлари, болалари, набиралари, опа-сингиллари, ака-укалари, маълуму номаълум барча насллари санаб ўтиладики, буларнинг бари «Бобурнома»дан олингандир. Аммо Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятига синфий нуқтаи назардан баҳо берилмайди, шунинг учун мақола енгил-елпи ва юзаки бўлиб қолган».
Назаримда, Бобур ва бобурийлар шажарасини муфассал баён қилган мақола — фақат маърифий аҳамиятга молик, унда ҳеч бир «хафв» ҳам, «мания» ҳам йўқ. Мақола муаллифи асарда «Бобурнома»га суянганини Г. Ҳидоятовнинг ўзи ҳам таъкидлаяпти, қолаверса, «бабуромания»да айбланаётган муаллиф Н. А. Муҳиддинов бутун умри ва фаолияти билан халқимизга, партиямизга сидқидилдан хизмат қилган асл, дили пок инсонки, у кишининг тўғри сўзига эгри қараш мақбул иш эмас. Зотан, тарихий шахсларнинг ҳақиқий шажарасини билмаслик илмда ҳам, кундалик муносабатларда ҳам кўп ташвишлар туғдиради.
Г. Ҳидоятов Амир Темур ва шоир Кантемирнинг шажараси ҳақида ҳаққоний маълумотга эга бўлганида, балки бу икки шахс тарихини қориштириб юбормаган, чалкаш гапларни айтмаган бўлар эди. «Азим Суюннинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилган «Антиох Дмитриевич Кантемир билан танишув» шеърида ҳам дилетантизм устунлиги баралла кўриниб турибди. Мана унинг бир шеъри:
Тарих қатларида бобонгиз исми
Кантемир битилган… демак, Хон Темир,
«Ажнабий» атади Сизни рус насли,
Тўғри! Аждодингиз Темурланг эрур!
Бундай даъвода заррача ҳақиқат йўқ, — деб давом этади Ҳидоятов. — Бу тарих борасидаги мутлақо юзаки тасаввурлар натижасидир. Биринчидан, шуни ойдинлаштириш лозим: Темурнинг ўзбекларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган…»
Мақола муаллифининг даъволарини вақтинча шу ўринда тўхтатиб, ҳар бирига алоҳида жавоб бермоқчиман. Демак, Азим Суюн шеъридаги «тамерланомания», профессор айтмоқчи, Кантемирнинг Темурга алоқаси йўқлиги хусусида.
Мана, қўлимда ўтган аср охирида нашр этилган китоб: «Сочинения В. Г. Белинского. В четырех томах. Том четвертый. 1844—1849. С, Петербург, 1896». Бу китобнинг 172-бетида улуғ адабиётшунос олим В. Г. Белинскийнинг «Князь Антиох Дмитриевич Кантемир» сарлавҳали мақоласи бор. Ундан айрим парчалар келтираман: «Рус адабиётини Ломоносовдан бошлайдилар — бу айни ҳақиқат. …рус адабиёти тарихини эса Кантемирдан бошланади, дейишадики, бу ҳам ҳақиқатдир» (172-бет). Белинский давом этади: «рус тилида эски бир китоб борки, уни 1783 йили Новиков нашр этган, номи — «Молдавиялик жаноб князь Константин Кантемирнинг ҳаёти ва аъмоллари тарихи Санкт-Петербург Фанлар академиясининг марҳум профессори Беер тарафиндан ёзилмиш, русия тилига таржима, князь Кантемирлар хонадони шажараси ҳақидаги изоҳлар билан» деб аталади».
В. Г. Белинский мақоласида: «Кантемирлар ўз насл-насабларини қрим татарлари билан боғлайдилар», дейди ва бунинг ҳеч қанақа таҳқирли жиҳати йўқлигини, татарларнинг шон-шавкатлари шубҳасизлигини таъкидлайди (173-бет). Сўнгра қуйидаги далилларни келтиради: «Кантемирларнинг келиб чиқиши тўппа-тўғри Темурлангга боғланади… Аммо ҳажвчи Кантемирнинг шажараси Темурлангга боғланадими, Одам Отагами — рус-адабиёти учун барибир. Унинг молдавиялик жаноб Дмитрий Кантемирнинг ўғли эканини, бу жаноб буюк Пётрнинг замонидан, хусусан, Прутда сулҳ билан тугалланган рус-турк уруши тарихидан маълуму машҳур эканини билиш рус адабиёти учун кифоядир. Князь Дмитрий аллома одам эди: У тарих илми билан астойдил шуғулланган; «фалсафа ва риёзиётда ҳам пешқадам бўлган; меъмория илмларини яхши билган», Берлин академиясининг аъзоси бўлган; турк, форс, юнон, лотин, италян, рус, молдаван тилларида эркин сўзлашарди, француз тилини расо эгаллаган эди. Ундан лотин, юнон, молдаван ва рус тилларида бир неча мерос асарлар қолган. У ёзган «Муҳаммад қонунлари» китоби Буюк Пётрнинг буйруғига биноан 1722 йили чоп этилган. Филҳақиқат, бундайин отанинг болалари ҳам билимдон ва олим инсонлар бўлиб етишган.
Антиох князь Дмитрийнинг тўртинчи ўғли бўлиб, 1708 йилнинг 10 сентябрида Константинополда (яъни Туркиянинг Истанбул шаҳрида — Т. Қ.) туғилган» (174-бет).
Азим Суюннинг профессор Г. Ҳидоятов «тамерланомания»да айблаётган шеъри ана шу ҳақиқатларга — рус тилида босилган китобга, аниқ тарихий далилга суяниб ёзилган.
Энди муҳтарам профессорнинг «Темурнинг ўзбекларга ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган. Унинг қавми — барлослар қавми — ҳар доим Забайкальеда яшаган ва улар мўғуллардан келиб чиққан. Барлослар Чингизхоннинг Ўрта Осиёга юриши даврида, унинг қўшинига қўшилиб-келган ва Қашқадарёда ўрнашиб, аста-секин туркийлашганлар…» деган сўзларига келсак; биринчидан, бу гаплар илмий асоссизлигидан ташқари, ниҳоятда ғалати иборалар билан ёзилгандир; олим фикр юритаётган тарихда, Темур ва Чингизхон даврларида «Ўрта Осиё», «Забайкалье», «Қашқадарё» каби жўғрофий атамалар бўлмаган. Шаклан норасо бу гаплар мазмунан ҳам ҳақиқатга зиддир. Г. Ҳидоятовнинг бу гапи аслида, ўтган йили Марказий телевидениенинг «Позиция» кўрсатувидаги Г. Боровик ва А. Михайловнинг суҳбатида дилетантларча тилга олинган «Самарқанд ва Бухородаги осори атиқаларнинг ўзбек халқига ҳеч дахли йўқ», деган «кашфиёти»га ҳамоҳанг. Шу ўринда бир қиёс жоиз: фараз қилингки, қай бир калтабин ёзувчи ёки тарихчи матбуотда «Пётрнинг ва у асос солган Петербургнинг русларга ҳеч қандай алоқаси йўқ», деган асоссиз фикрни айтса, шубҳасиз, бутун рус халқига, тарихга тош отган ҳисобланарди. Самарқанду Бухородаги маданиятнинг, Темурнинг ўзбек халқига алоқаси йўқ деган гап ҳам халқ дилида шундай эътироз туғдирди.
«Барлос — ўзбек қабилаларидан бири. Амир Темур шу уруғга мансуб», дейилади «Ўзбек совет энциклопедияси»да (2-жилд, 76-бет). «Темур йирик феодал давлат арбоби, саркарда. Отаси Тароғой барлос қабиласи зодагонларидан» (11-жилд, 39-бет) дейилади яна шу қомусда. Наҳотки, ўзбек тарихчиси Г. Ҳидоятовнинг кўзи «Ўзбек совет энциклопедияси»даги шу сўзларга тушмаган бўлса? Шайх Сулаймон Бухорийнинг «Луғати чиғатойи ва турки усмоний» қомусида «барлос» сўзига шундай шарҳ берилган: «ўзбек қавмдаридан бирининг исмидир; жанговар, сипоҳдор, солор» (1-жилд, 74-бет; ҳижрий 1298. Истанбул нашри).
1893 йили Тошкентда, Ғулом Ҳасан Орифжон ўғли матбаасида босилган «Шажари барлосия» (асар форсча ёзилган, муаллифи Хўжандий) китобида барлослардан бўлмиш Темур ва унинг аждоду авлоди ҳақида ишончли маълумот келтирилади, жумладан, сўнгги темурийзодадан бошлаб, Темурнинг ота-боболари хусусида шу сўзлар битилган: «Аврангзеб оламгир шоҳ ибн Шаҳобиддин Шоҳжаҳон ибн Нуриддин Жаҳонгир шоҳ ибн Акбар подшоҳ ибн Умаршайх Мирзо ибн Султон Абусаид Мирзо ибн Амироншоҳ Кўрагон ибн соҳибқирон ва қутбиддин вад-дунё Амир Темур Кўрагон ибн Амир Тарағоний ибн Амир Туркал Барлос ибн Энгиз Баҳодир ибн Абчал Нўён ибн Амир Қорачар Барлос…» (281-бет). Шу китобда яна Темурнинг отаси Амир Тарағайни Боёнқулихон жуда кўп лашкар билан Хитой мулкига юборгани, Темурни бу вақтда Амир Чокуй Барлос тарбия қилгани ҳақида, Темурнинг буваси (онасининг отаси) ҳам фозил киши бўлгани, машҳур «Шарҳи виқоя» китобининг муаллифи экани ҳам қайд этилган.
«Темурнома» (1920 йили Тошкентда босилган, эски ўзбек имлосида) китобида таъкидланишича, Амир Темурнинг отаси Тарағай Баҳодир Амир Қорачар наслидандир. Амир Қорачар Чиғатойхоннинг вазири бўлган, Чиғатой Кошғарни пойтахт қилгач, Амир Қорачарга Мовароуннаҳр ҳокимлигини берган. Айни шу Амир Қорачарни «Чингизхоннинг амакиваччаси» дейилган форсийдаги тарихлардан европа тилларига ўгирилган хабарлар, назаримда, баъзи кишиларни чалғитиб келган. «Темурнинг насл-насаби мўғулларга тақалади» деган дабдабали тушунчани туғдирган.
Атоқли тарихчи Аҳмад Рафиқнинг олти жилдли «Буюк тарихи умумий» асарининг 4-жилдида (Истанбулда ҳижрийнинг 1327 санасида босилган) «Темурланг императорлиги» деган қисм бор. Унда, жумладан, шундай ёзилган: 1260—1360 йиллар мобайнида, яъни юз йил ичида Сибириё ва Туркистон ерларида таркиб топган Чиғатой ҳукуматида 25 ҳукмдор ўтди, аммо бирорта тарихий сиймо етишиб чиқмади: Бу даврда арлот, барлос, жалойир ва ойбарди каби тўрт қавмнцнг нуфузи кучайди. Сўнгра китобда Темурнинг Шаҳрисабзда туғилгани, отаси Амир Тарағай барлослар хонадонига мансублиги, «Тарағай» сўзи эскича туркча тарла қуши номи билан боғлиқлиги, шунингдек, жалойир қавми асли мўғулларга тақалаши, барлослар асл туркий уруғ экани таъкидланади (324—-325-бетлар).
Олти жилдли «Қомус ул-аълом»нинг Амир Темур ва темурийлар даврига оид саҳифаларидан ҳам биз профессор Г. Ҳидоятов сўзларини тасдиқловчи бирор сўз учратмадик (масалан, 3-жилднинг 1727-бетидаги «Темурланг» мақоласига ёки 4-жилднинг 2848-саҳифасидаги мақолага қаранг — Т. Қ.).
Туркий қавмлар тарихига бағишланган яна бир машҳур асар — Абдулғози Баҳодирхоннинг «Тарихи шажараи турк» (1891 йилги Қозон нашри, Абдуаълом Файзхон тайёрлаган) китобини варақларканмиз, ундаги «Мўғул ва бошқа турк уруғларининг зикри» (23—40-бетлар) ёки Чингизхон тарихи ва унинг шажараси тарихига бағишланган саҳифаларида (41—96-бетлар) ҳам, Г. Ҳидоятов айтганидек, «Темурнинг мўғул бўлгани, барлосларнинг мўғуллардан келиб чиққани» хусусидаги бирор далилга дуч келмадик.
Кўриниб турибдики, жамоатчиликнинг эътирози ҳақлидир: Тарихчи олимимиз Г. Ҳидоятовнинг «тамерланомания», «бабуромания»да ўз замондошларини айблаши асоссиз, унинг Н. А. Муҳиддинов мақоласи, шоир А. Суюн шеърлари хусусидаги фикрлари, Темур ва унинг даври, ўзбек халқининг ўтмиш маданияти ва тарихи ҳақидаги тасаввурлари мутлақо нотўғри. Назаримда, бу ўқувчига аён бўлди.
«Ўрта Осиёда азалдан шоирларни қадрлайдилар, — яеб ёзади яна Г. Ҳидоятов, — чунки улар илғор ғоялар тарғиботчиси, инсонпарвар ва донишманд бўлганлар, юксак ахлоқни, халқлар дўстлигини тараннум этганлар. Шунинг учун ҳам, биз бугун ёзувчи ва шоирларимиз ижодига алоҳида масъулият билан ёндашишга ҳақлимиз. Аммо ўз тарихини билмаган шоир… нени ҳам ўргатиши мумкин?.. Дарвоқе, бу кўпгина ёзувчи ва шоирларимизнинг айбигина эмас, балки, кулфати ҳамдир».
Тарихчи ёзувчи ва шоирларни шундайин айблаганидан, айниқса, асоссиз айблаганидан нима наф кўрамиз? Наҳотки, шу билан тарихда бирор ўзгариш содир бўлса?.. Бу мақоладаги нотўғри гаплар республикамизда яшаёттан рус тилида газета ўқийдиган миллионлаб қардош халқларда ўзбек зиёлилари, шоирлари ва ёзувчилари ҳақида нотўғри фикр туғдирмайдими, улар «тамерланомания», «бобуромания» каби «муҳим хавфлар»дан чўчиб, ўзбек халқи тўғрисида нотўғри тасаввурларга бормайдиларми? Шулар борасида ўйларканман, муҳтарам профессоримиз тарих ҳақида яхши гаплар айтаман дея азбаройи баъзи нотўғри тушунчалари боис газетхонларда нақадар ачинарли бир кайфият туғдирганига амин бўлдим. Албатта, биз Темур ёхуд Бобурни кўр-кўрона байроқ қилмоқчи эмасмиз. Бунинг ҳеч кимга кераги йўқ. Фақат фактларни бузмаслик, улардан кўз юммаслик керак.
1988 йилнинг бошида Москвада СССР ФА, СССР Ёзувчилар союзи, КПСС МК қошидаги Ижтимоий фанлар академияси биргаликда тарих фанлари ва адабиётнинг муҳим масалаларига бағишланган конференция ўтказди. Унда бир нотиқ: «Инсонни кимё, кибернетика билан тарбиялаб бўлмайди, уни тарих, адабиёт, она тили тарбиялайди», деди.
Ўзбекистон ССР ФА, Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзи, барча ижодий уюшмалар биргаликда айни шундай — тарихимиз, адабиётимиз, она тилимизнинг муҳим масалаларига бағишланган кенгаш чақирсалар, балки Қайта қуришдаги амалий ишлар жўнашиб кетар. Биз нашр этилишини орзу қилган асарлар, балки, ўша кенгашда келишиб олинар, комиссиялар тузилар, нашриётларга топширилар, назорат ўрнатилар. Акс ҳолда, бундан кейин ҳам таклифбоз бўлиб қолаверамиз турғунлик йилларида шаклланган одатимиздан қутулолмай, лоқайдларча кун ўткарамиз — аммо бу мумкин эмас!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил 10 февраль.