Инсон хилқатининг моҳияти ва унинг фаолияти ҳақида ўйлаганимизда, дафъатан А. П. Чеховнинг мана бу сўзлари хотирамизга келади:
— Одамга, аслида, икки метр жой бўлса бас, дейишади. Йўқ, икки метр жой мурдага кифоя. Инсонга эса бутун ер юзи керак.
Яна Чеховнинг қуйидаги сўзлари ибратли:
— Агарда ҳар бир киши, кўп эмас, ерга атиги биттадан ниҳол қадаб чиқса, бутун ер юзи боғбўстонга айланган бўлар эди.
Нақадар самимият билан айтилган истак! Бундай қараганда, оддий, жўн гапдай, лекин замирида қанчадан-қанча маъно бор. Энди шу гапни, масалан, таржимачилик ишимизга тадбиқ этиб кўрайлик. Агар жаҳон адабиётидан биттадан энг сара китобни ўгирсак, таржима китобларининг сони ва салмоғи беқиёс ошади.
Биз ҳаммавақт яхши таржима ҳақида гапирамиз. Лекин таржимани ким яратади? Таржимон. Таржимон эса тайёр ҳолда осмондан тушмайди. Бу ҳам шоир, носир ва драматург сингари, санъаткор, истеъдод соҳиби. Истеъдод эса илоҳийдир. Мактабда ўқитиб шоир «тайёрланмаганидай», мактабда ўқитиб таржимон ҳам чиқазиб бўлмайди. Жуда ҳам ўзига хос санъат. Инжиқ санъат.
Биз адибларимиз билан суҳбатлашганимизда, улар ўз таржимонларидан кўнгиллари унчалик тўлмаётганини айтишади. Албатта, ўзга халқ шоирини пухта-мукаммал таржималарда ўқишга не етсин. Лекин ҳаммавақт ҳам шундай бўлавермайди-да.
Шоир Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов ўз асарларининг бошқа тилларга чинакам воҳидона ва чинакам орифона таржима қилинмаётганидан нолишади. Эркин, олайлик, Сергей Есениннинг дилбар шеъриятини ўзбек тилига жуда нозик таржима қилди. Бироқ рус таржимонлари орасида Есениндай бир забардаст шоир Эркинни шундай маҳорат билан русчага ўгира олмади. Эсиз. Абдулла Қаҳҳор А. П. Чеховни ўзбек халқига танитди. Лекин рус таржимонлари орасида Чеховдай бир зукко адиб Абдулла Қаҳҳорни қиёмига етказиб таржима қилиб бермади. (Константин Симонов бундан мустасно. У «Синчалак»ни рус тилида жуда яйратиб юборган!)
Бундай олганда, ўзбек ёзувчиларининг асарлари русчага ва қардош халқлар тилларига ўгирилмаяпти, деб бўлмайди. Олайлик, Абдулла Ориповнинг ўша «Биринчи муҳаббатим» шеърини тўрт-беш киши русчага таржима қилган. А. Преловский, С. Иванов ва бошқалар. Булар жилла ёмон таржималар ҳам эмас. Хусусан, Сергей Ивановнинг таржимаси хийла мукаммал таржима. Бироқ шуниси борки, ҳар қандай мукаммал (адекват) таржима ҳам аслият (оригинал)нинг ўрнини юз фоиз босолмайди. Нима бўлгандаям аслият аслият-да!! Шу боис, менинг хоҳишим шундай бўлардики, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа ўзбек шоирлари гўзал шеърларни ёзаверсинлар, таржимонлар басма-басига уларни ўгираверишсин, лекин ҳеч қачон аслият уфқини забт этишолмасин!
…Аммо бизга яхши таржималар керак, албатта.
Агар мендан: «Бугунги кун таржималарининг асосий иллати нимада?» деб сўрасалар, мен: «Бу, аксарият, бадиий таржиманинг бадиий ижод соҳаси эканлигини унутиб қўйиш, бадиий асарга хос жамики хислат ва фазилатлар таржима асарига ҳам дахлдор эканлигини етарлича тушунмасликдан йўл қўйилаётган нуқсонларда ўз ифодасини топмоқда», — деб жавоб қилган бўлар эдим.
Сабаб?
Шунинг учунки, бизда истаган одам истаган нарсани тап тортмай таржима қила олади! «Бу нарсани таржима қилишга тишим ўтмайди мени!» — дейишга журъат этадиган бир мард деярли йўқ.
Биз жуда яхши «материалистлармиз». Ҳамма нарсани моддий борлиқдан, моддиюнчиликдан келтириб чиқарамиз. Айрим танқидчиларимиз шеъриятни салкам илғор дунёқараш, илғор таълимотни қофияга солишдан иборат бир иш, деб тушунади. Адабиётнинг синфийлиги ва фирқавийлигини бу зайлда, ўта ибтидоий бир тарзда, 60— 70 йил олдинги тасаввурлар андазасида талқин қилиш билан ҳозирги сўз санъати обидаларини ўқиб бўладими? Бундай ақидапарастлик, нақлбозлик исканжасида туриб, Чингиз Айтматов, Евгений Евтушенко, Расул Ҳамзатов, Нодар Думбадзе, Олжас Сулаймонов, Анор асарларини идрок этиш мумкинми?
Ҳа, биз жуда чапдаст моддиюнчилармиз. Бироқ шеърият — моддий ашё эмас, балки руҳий ғизо жумласига киради. Уни, шеърий нафосатни кўкрак билан эмас, қалб билан «қабул қилинади».
Бадиий ижод ижодкорнинг руҳий ҳолати билан чамбарчас боғлиқ. Ижодкорнинг руҳий ҳолати эса турғун эмас, ўзгариб турувчи ҳолат. Турғунлик ижодкорнинг инқирозга учраганидан дарак беради. Бинобарин, турғунлик ҳолати, илғор дунёқараш билан омухталанган ҳолда, қанчалик юқори поғонада воқе бўлмасин, бу ижодкорнинг қотиб қолгани, инқирозга юзтубан кетганини кўрсатади. Ёки аксинча, ижодкор ўзининг тетик, барҳаёт руҳий ҳолатини сақлаб қолгани ҳолда, атроф-муҳитнинг ўзи турғунликка гирифтор бўлган экан, бу адабнинг эмас, балки уни ўраб турган ўша муҳитнинг юзтубан кетганлигидан далолатдир.
«Ёш руҳияти», деймиз. Бу нима? Турли ёшда киши турлича руҳий ҳолатда бўлади. Бу эса унинг ижодига муқаррар таъсир қилади.
Алишер Навоий бутун умри давомида ёзган шеърларини бошқа бирон белги-аломат асосида эмас, балки умр фаслларига кўра жамлаганини биламиз: «Хазойинул маъоний», ёки «Чор девон»га — ёшлик, йигитлик, ўрта ёшлик ва кексаликда ёзилган шеърий асарларини жамлаган. Чунончи:
— туфулият (ёшлик) — 7—8 дан 20 ёшгача бўлган давр;
— шабоб (йигитлик) — 20—35 ёшгача бўлган давр;
— куҳулат (ўрта ёшлик) — 35—45 ёшгача бўлган давр;
— кексалик — 45—60 ёшгача бўлган давр.
Умр фаслларига кўра руҳий ҳолатнинг ўзгариши ва бу табиий кайфиятнинг бадиий ижодга таъсири таржима санъатига ҳам дахлдор. Чунончи, муаллиф 25 ёшда ёзган асарни 60 ёшлик кекса мутаржимнинг, ёки аксинча, муаллиф 60 ёшда ёзган асарни 25 яшар мутаржимнинг тушуниши, ҳазм қилиши ва ўгириши қийин. Ва бу табиий ҳол. Муаллиф-мутаржим муносабатида бундай ёш тафовутидан ташқари, улар яшаган давр орасида ҳам катта фарқ бўлса-чи? Айтайлик, бу фарқ минг йиллар сарҳадига бориб тақалса, бундай ҳолда давр ва умр тафовути бадиий ижодда жуда жиддий табиий тўсиқни юзага келтириши турган гап.
Бир вақтлар Абдулҳамид Чўлпон юксак шоирона кайфиятлар билан юрган кезларида А. С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романини аруз вазнида таржима қилмоқчи бўлган. Тасаввур қилинг: Пушкин — арузда! Қанийди энди, бу жуда ажойиб иш бўлар эди-ку! (Дарвоқе, асримиз бошларида «Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак» асари, чиндан ҳам, маснавийда ўгирилганди). Кейинчалик, Чўлпонга ўша орзусини эслатганларида, бу таклифни энди у рад этган. Нега? «Менинг ҳозирги кайфиятим «Евгений Онегин»ни аруз тугул, росмана таржима қилишга ҳам чоғ эмас», деган. Адабиётдан узоқ, бадният шахслар шоирни тушунармиди?! Войдод, мусулмонлар, Чўлпон Пушкинни таржима қилишни истамаяпти! — деб айюҳаннос солишган. Аслида эса, айни ўринда ўзбек шоири минг чандон ҳақ эди. Чунки шеър қориндан эмас, қалбдан отилиб чиқадиган лахча чўғ эканлигини бошқалар қаёқдан билсин!
Юлдузи юлдузига тўғри келган соҳибқирон шоирларгина бир-бирларини таржима қилсин. Ҳолбуки, бизда кўпинча юлдузи юлдузига тўғри келиш-келмаслигидан кўра, таржимага тўланадиган қалам ҳақи миқдорининг тўғри келиш-келмаслиги назарда тутилади ва бунинг натижасида ўзбекчага ўгирилган ҳар учта китобдан иккитасини аслиятга муқобил, мукаммал (адекват) таржима деб бўлмайди.